Савоб — умр зарварақларини безайди

Хоразмлик уч оғайни, уч забардаст журналист ҳақида

Қаламкашлар орасида фикр-қарашлари бир-бирига ўхшаш, ҳар доим ҳамжиҳатликда фидойилик намуналарини намойиш қилиб юрадиган жўмард инсонларнинг борлиги бизни қувонтиради, албатта. Хоразмлик журналистлар Шержон Машарипов, Рўзимбой Ҳасан ва Эрпўлат Бахт ана шундайлар сирасига кирадиган ижодкорлар эканини кўпчилик яхши билади. Уларнинг ҳамиша эзгу ишларга бош бўлиб, ташаббускорликни қўлдан бой бермай юришлари барчанинг ҳавасини келтиради. Улар ўз меҳнат фаолиятида ҳам, жамоатчилик ишларида ҳам бошқаларга ўрнак бўлиб келишмоқда.

Кўп йиллардан бери матбуотда ишлаб, “Хива тонги” газетасини мунтазам нашр қилдириб келаётган Шержон Машариповнинг тиришқоқлигига қойил қолмай иложимиз йўқ. У 2005 йилда вилоят матбуотида биринчилардан бўлиб грант лойиҳаси асосида таҳририят моддий-техникасини мустаҳкамлашга киришган ҳамкасбимиз саналади. Ўша даврларда Хоразмдаги катта-катта газета таҳририятларининг аксариятида моддий аҳвол мақтанадиган даражада эмас эди. Кўпчилигида фақат биттагина компьютер бўлиб, улар ҳам қайсидир идора ва ташкилотларнинг ҳисобдан чиқарилган эски жиҳози саналарди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди грант лойиҳалари учун танлов эълон қилганида Шержон оға енг шимариб ишга киришди. Бир неча лойиҳаларни пишиқ ва пухта ишлаб чиққач, уларни ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилди. Унинг ғамхўр ва меҳрибонлигини қарангки, у фақатгина ўз таҳририятигагина қайғуриб қолмасдан, шогирдлари ва ҳамкасбларини ҳам пишиққина лойиҳалар ишлашга ундади. Ўшанда “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири вазифасида ишлаётган Эрпўлат Бахт ҳам Шержон оғадан оқ фотиҳа олгач, катта лойиҳалар ёзишга киришиб кетди. Натижада Хоразм матбуоти тарихида дастлаб икки нашр: “Хива тонги” ва “Хоразм ёшлари” газеталари грант соҳиби бўлиб, янги компьютер жамланмаси, рақамли фотоаппарат, диктофон билан тақдирланди.

Бугунги кунда баъзи бир туман газеталари чиқмай қолаётган бўлса ҳам, “Шуҳрат” медали соҳиби Шержон Машарипов “Хива тонги” газетасини мунтазам чоп қилдириб келмоқда. Шунингдек, у ҳар йили янги бир китобни ўз ўқувчиларига туҳфа қилади, ўнлаб ёш қаламкашларнинг китобларига муҳаррирлик қилади. У Огаҳий номидаги ижод мактаби ҳамда бошқа ўқув-тарбия муассасаларига бориб, иқтидорли ёшларни излаб топиш, улар билан алоҳида машғулотлар олиб боришдан асло эринмайди.

Шержон Машарипов, Рўзимбой Ҳасан ва Эрпўлат Бахт бугунги Хоразм ижодий муҳитининг “кузири”га айланган, десак, асло янглишмаймиз. Улар пойтахт матбуотида мунтазам равишда бир-биридан мазмунли мақолалар эълон қилдириб келмоқда. Бир-биридан қизиқарли китоблари эса қўлма-қўл бўлиб ўқиляпти. Уларнинг бир-бирига ўхшаш жиҳатлари фақатгина ана шулардан иборат эмас. Уларнинг дўст-ёр ва ижод аҳлининг тўй-маъракаларида қамишдан бел боғлаб, бош-қош бўлиб туришини айтмасаям бўлади. Айниқса, бошига мусибат тушган яқинлари хонадонида югуриб-елиб хизмат қилиб юрганини кўриш мумкин. Воҳанинг устоз ижодкорларини сўнгги манзилга поклаб, кафанлаб қабрга қўйган Рўзимбой Ҳасан ва Эрпўлат Бахтларни кўпчилик алқаб дуо қилиб юради.

Эрпўлат Бахт бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:

“…2022 йилнинг декабри. Ҳали қиш чилласи кирмасданоқ қаҳратон совуқ қақшатаман дерди. Таниқли ижодкор дўстларимиздан бири бақо оламига қайтиш қилганини эшитиб, юрагимиз ҳам тўнгиб кетгандек бўлди. Жанозага бормасак бўлмайди. Бироқ ҳеч қаерда газ ва бензин йўқ, такси дегани анқонинг уруғига айланиб қолган. Ниҳоят бир қудамиз қора кунига асраб қўйган 10 литр бензини борлигини айтиб қолгач, жонимизга ора кирди. Рўзимбой ака билан олис туманга — таъзияга жўнадик.

Борсак, одамлар қатма-қат пўстинларга ўраниб, эшик олдида қунишиб ўтирибди. Биз ҳам бўш курсиларнинг бирига чўкдик.

— Ичкарига кириб, видолашиб чиқсак бўлармиди?! — дейди устоз бироз фурсат ўтгач.

…Биз ичкарига кирганимизда, ижодкор дўстимизни эндигина “сувга олишаётган” экан. Марҳумнинг ўғли ювишга чоғланиб турибди. Бироқ қоп-қора соқоли кўксига тушган маҳалла мулласи ўликни ювиш тартибини яхши билмас экан. Бу унинг довдираб турганидан шундоқ билиниб турарди. Шўринг қурғур гоҳ у дейди, гоҳ бу. Бечора ўғил ҳам ишни нимадан бошлашни билолмай гаранг.

Рўзимбой устоз шитоб билан менга: “Танқа (обдаста)ни ол!” — деди-ю ўзи дўстимизнинг жасадини ювиб, охират манзилига поклаб юборишга киришиб кетди. Кафанлаш, тобутни олиб чиқиш, қабрга элтиш ва юзини қиблага буриб қўйишгача устоз бош-қош бўлиб кўрсатма бериб турди.

— Яна эллик йилдан сўнг одамлар ўликларни ювиб-ювмай чала-чулпа кафанлаб кўмиб юборишаверса керак, чунки ёшларнинг аксарияти четда пул топиш билан овора, охират ишини ўрганаман дейдиганлар, афсуски, камайиб бормоқда, — деди устоз манглайидан тер потраб. Қаҳратон совуқда устознинг пешонасини терлатган нарса иймон ва диёнатнинг таназзулга қараб бораётгани бўлган бўлса, не ажаб?!

Орадан бир ой ўтиб, элга машҳур бир шоир отахон ҳам бандаликни бажо келтирди. У яшайдиган шаҳарда одамлар ўликни ғассолга ювдиришар экан. Шундоқ бўлса-да, Рўзимбой ака билан узун-қисқа бўлиб ичкарига кирдик. Ғассол 30 ёшлар чамасидаги йигит. Қоқиним-суқуним билан бу корни тутгани шундоқ кўриниб турарди. Ишни нимадан бошлашни ҳам билолмай гаранг. Яна Рўзимбой Ҳасан енг шимаради…

Элга ҳурматли ижодкор ҳалолли-бинойили қилиб сўнгги манзилига кузатилади…

Рўзимбой Ҳасан ҳақида Дўрмон ижод боғида ҳар хил ҳангомалар ҳам юради. Уларнинг бирида унинг оға-дўсти вафот этгач, охират манзилига қўймоқчи бўлганида, қабрга қамалиб қолгани латифа қилинади. Бу ҳазиломуз гаплар, аслида. Бироқ унинг охират ишига жидду жаҳдли экани айни ҳақиқат.

Дарҳақиқат, инсон яхши ижодкор, иқтидорли қаламкаш бўлиб элга танилиши мумкин, аммо мардлик, жўмардлик ҳамманинг қўлидан келаверадиган иш эмас. Рўзимбой Ҳасан ана шундай жўмардлик рутбасидаги журналист, адиб”, деб ёзади Эрпўлат Бахт ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.

Аслида, бундай чин инсонийлик фазилатлари ҳар учала журналистнинг феноменига айланиб улгурган, десак, асло хато қилмаган бўламиз.

Яқинда ижтимоий тармоқларда Хивадаги элдошларимиздан бири ўзининг эски қадимий нақшинкор эшигини қайсидир музейга сотиши ҳақида хабар тарқалган эди. Ҳадеганда қўш табақали бу ноёб эшикни сотиб оламан деган музей ташкилоти ҳам чиқа қолмади. Ана шундай пайтда Рўзимбой Ҳасан ва Эрпўлат Бахт бу қадимий эшикни Тошкентдаги Абдулла Қодирий уй-музейига топшириш фикрини ўртага ташладилар. Кўпчилик бу фикрни қўллаб-қувватлади, бироқ “Хивадаги эшикнинг Абдулла Қодирийга нима алоқаси бор?” дея қайта-қайта савол ёғдирганлар ҳам топила қолди. Гарчи шундай бўлса-да, устоз-шогирд Рўзимбой оға ва Эрпўлат нақшинкор эшик эгасини рози қиладиган даражада пул топишди. Галдаги иш эса анча оғир ва масъулиятли бўлиб, ноёб антиквар жиҳозни бирон-бир жиддий зарар етказмасдан бус-бутун ҳолда мамлакатимиз пойтахтига етказишдан иборат эди. Кўп ўтмай, бу муаммонинг ҳам осонгина ечими топила қолди. Кутилмаганда Шержон оға: “Буюк адиб Абдулла Қодирий руҳи поки олдида ҳамиша қарздормиз. Эшикни уй-музейга етказишни мен ўзим зиммамга оламан”, деб қолди.

Ўшанда Рўзимбой Ҳасан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил билан ҳаммуаллифликда ёзган “Генерал Жўрабек: давр ва қисмат” китобининг тақдимотини ўтказиб, “Тошкент-Урганч” йўналишидаги поезддан эндигина тушаётган ҳам эди. Тиниб-тинчимас шогирди Эрпўлат устозини қўярда-қўймай Хивага олиб кетди. Улар яшайдиган қишлоқ билан Хива ораси нақ 70 километр. Рўзимбой оға уйидан янгамиз яқиндагина қавиган яп-янги кўрпачани қўлтиқлаб чиққанди, йўл-йўлакай саноат моллари дўконидан тебраниш ва силкинишдан ҳимоялайдиган махсус ўрамалар сотиб олишни ҳам эсдан чиқармадилар.

Хива остонасида уларни Шержон оға кутиб олганида, атрофга аллақачон шом чўккан эди. Оғанинг мезбон сифатида Хивача шивитоши ва юмуртабаракка таклиф қилишларига ҳам кўнмасдан эшик эгаси — Дилшодбекникига қараб йўл олдилар.

Дилшодбекнинг икки қаватли яп-янги уйида Хоразмнинг темир дарахти — қорамондан бир неча аср муқаддам ясалган нақшинкор эшик қўр тўкиб турарди. Рўзимбой оға икки табақа ўртасига қўлтиғидаги кўрпачани ёйди, чунки олис йўлда турли тебраниш ва силкинишларда нақшлар бир-бирига ишқаланиб шикаст етиши мумкин. Оғанинг топқирлигига, фаҳм-фаросатига қойил қолмай илож йўқ.

Икки қават махсус ўрамаларга ўралган эшик Шержон оғанинг иниларидан бирининг машинасида Тошкентга қараб йўл олганида, Абдулла Қодирий муҳиблари енгил нафас олгандек бўлишди.

Бугунги кунда бундан салкам уч аср муқаддам Хивада ишланган ноёб эшик Тошкентдаги Абдулла Қодирий уй-музейини безаб турибди. Пеш­айвонда эса Рўзимбой Ҳасаннинг завжаси қавиган кўрпача.

Дарҳақиқат, савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиши керак дея кўп айтилади. Аммо кимдир эзгу ишга бош-қош бўлганда уни дарҳол қўллаб-қувватлаш ўрнига қаршилик қилгувчилар, олдига тўғоноқ бўладиганлар ҳам талайгина. Таассуф!

Уч оғайни фидойилар амалга оширган бу савоб ишни кўп ёзғирганлар ҳам топила қолди. Улар: “Хивадаги эшикнинг Абдулла Қодирий уй-музейига нима алоқаси бор экан?” деб бир гапни такрорлаб эзмаланишди. Аслида, уй-музейни фақатгина адиб яшаган давр экспонатлари билан тўлдириш — ўта зерикарли ва бу томоша қилувчиларда чуқур таассуротлар уйғотмаслиги мумкин. Агар у турли даврларга тааллуқли буюм ва жиҳозлар билан тўлдирилса, янада яхши эмасми?! Хивада ясалган антиквар эшик Абдулла Қодирий асарлари яшаган давр муҳитини акс эттириб туриши шубҳасиз. Ахир жаҳоннинг қанчадан-қанча обрўли музейларида Амир Темур ва темурийлар даврига оид экспонатлар қўр тўкиб турибди-ку. “Хўш, Лондон ва Париждаги музейларга уларнинг нечоғлиқ алоқаси бор?” дея савол қотишнинг ўзи ўта кулгили эмасми?!

Хуллас, Хоразмнинг уч оғайни жўмард ижодкорлари ҳар доим бошқаларга ибрат намунаси, ўрнак бўлиб келишмоқда. Уларнинг ўз умр зарварақларини ана шундай савоб ишлар билан тўлдириб боришади. Биз эса ундан бир шингилинигина сизга ҳикоя қилолдик, холос.

— “Келажак замон учун ҳозирланайлик! Ўтган замон учун эмас!” — дейди Беҳбудий ҳазратлари. Мени ҳамиша газеталарнинг келгуси тақдири ўйлантиради. Ахир аллома айтганидек, жамиятнинг малоҳатини ҳам, қабоҳатини ҳам бирдек ёритадиган майдон — бу матбуот-ку! Ахир дунё ойнасиз зулмат-ку! — дея куюнчаклик билан гурунг қилади Шержон Машарипов.

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимиз Фармони билан Рўзимбой Ҳасан давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Истеъдодли журналист Эрпўлат Бахт эса “Олтин қалам” мукофоти соҳиби бўлди. Шержон Машариповнинг ижодий муваффақиятлари ҳам доимо эътироф этиб келинмоқда. Энг муҳими, учала сўз усталари ҳам бугун матбуотимиз фидойиларидир.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + one =