Тинчлик учун жонин тикканлар

Тинчлик ва соғлиқ энг улуғ неъматлардан бири эканлигини яхши биламиз. Ҳар бир ўзбек хонадонида кексаларнинг, ёши улуғларимизнинг  юртга тинчлик, элга омонлик сўраб дуо қилишлари қадриятга айланган. Бу бежиз эмас. Чунки юрт тинч бўлмаса, эл осойишта бўлмаса, бари бекор. Минг-минг йиллик қадриятга айланган ушбу ҳаёт мезони ҳикмат эканлиги бугун дунёга боққан ҳар бир киши учун аён ҳақиқатдир. Ахир ер юзининг қанчадан-қанча юртларида ана шу улуғ неъмат йўқ. Тинчлик йўқ. Одамларнинг тинч-хотиржам яшаши энг катта орзуга айланган. Шу боисдан ҳам биз ана шундай осойишталикни, хотиржам ҳаётни қадрлайдиган, қадрига етадиган халқмиз.

Бироқ… Тинчлик ва осойишталик ўз-ўзидан бўлмайди. Бугун эл осойишталигини сақлаш, одамларнинг хотиржам ҳаётини таъминлаш йўлида кечаю кундуз хизмат қилаётган инсонлар меҳнатининг масъулият ва машаққатини барча ҳам бирдек тушуниб, уларга кўмак бермаган тақдирда ҳам, ҳеч бўлмаганда, холис назар билан баҳо бера оляптими?

Биргина мушоҳада: ҳеч кузатганмисиз, агар бирор жойда уч-тўрт одамнинг астойдил тортишиб тургани ёки росмана жанжаллашаётганига шоҳид бўлган кўпгина юртдошларимиз уларнинг ёнига бориб, ажрата оладими? Тан олиб айтганда, бундай вазиятда кўпчилик учун энг маъқули томошабинлик ёки кўриб кўрмасликка олиш, шундай эмасми?

Албатта, бундай вазиятларда ўз тинчини ўйламайдиган, ҳар қандай низоли ҳолатларда юртдошларини тинчлантиришга уринадиганлар ва шу йўлда ҳатто баъзан жабр кўрадиганлар ҳам ички ишлар ходимлари ҳисобланади.

Тўғри, бу ички ишлар ходимларининг вазифаси, бурчи деймиз. Аммо шу жараёнда ҳам тортишувни бартараф этиб, айбдорларни тегишли жазога тортаётган ички ишлар ходимларига ёрдам бериш ўрнига, уларнинг юриш-туриши, гап-сўзию ҳаракатидан айб қидиришга уринадиганлар истаганча топилади.

Шундай тоифадагилар атрофда туриб ўз хизмат вазифасини бажараётган ходимларга турли луқмалар ташлаб, ақл ўргатадилар, уларнинг ўз хизмат вазифаларини бажаришига  халал беришга уринадиганлар ҳам йўқ эмас. Айримлар эса уяли телефонлари орқали бундай вазиятларни тасвирга олиб, қандайдир шов-шувли воқеа яратишга ҳаракат қилишади.

“Ахир ҳозиргина ўша жанжаллашаётганларни ажратишга ҳеч ким ботинолмаётган эди. Бу ички ишлар ходимлари қонуний ҳаракат қилмоқда, барака топсин. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузган кимсалар айбига яраша жавобини берса, ақли кирар”, деган фикр негадир хаёлларидан ўтмайди.

Ҳа, чунки биз томошаталаб бўлиб қолдик, бундай ҳолатларнинг моҳияти ва оқибатини эса кейин ўйлаймиз кўпинча.

Ўйлаб кўринг, бугун ёзнинг жазирамасида кафтдек соя бўлмаган чорраҳада туриб, қуёш тиғида тик оёқда соатлаб хизмат олиб бораётган йўл-патруль хизмати ходими ўрнига ҳеч ўзингизни қўйиб кўрганмисиз? Агар шу ходим бир зум ўз хизмат жойида бўлмаса, ҳайдовчилар ҳатто бир-бирининг устига қараб машина ҳайдашгача боришининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Чунки ҳамма шошади, кўпчилик фақат ўзинигина ўйлайди, фақатгина ўзининг мушкули осон битса бас…

Афсуски, ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, кўп ҳолларда фуқаролар ички ишлар ходимларининг қонуний талабини бажармаслик ҳолатлари муҳокама қилинар экан, қоидабузар эмас, асосан, ана ўша ходимга тош ота бошлашади. Қилдан қийиқ ахтариб, унинг айбини топишга ҳаракат қиладилар. Бу “ғийбатхона”нинг фикрлар оқими охир-оқибат қонунсизлик тарғиботига, давлат органлари ходимининг талабига бўйсунмасликка қаратилади. Хўш, бундай кайфиятни шакллантириш ва оммага сиздиришдан ким манфаатдор?

Агар ходим хатти-ҳаракатларида хатога йўл қўйса, жазоланиши табиий. Лекин аксарият ҳолларда қоидабузар ёки жамиятда юриш-туриш тартибларини қасддан бузаётганларнинг ёнини олиб, ички ишлар ходимлари ҳаракатини ёппасига қоралаш тўғримикан? Улар ҳам шу юртнинг боласи, шу элнинг фарзанди-ку. Бугун қуёш тиғида қорайган шу инсонлар ҳам кимнингдир ўғли, кимнингдир ёри, кимнингдир отаси. Бошқалардан биргина фарқи, улар тинчлик учун, тартиб учун хизмат қилишга бел боғлаган ватанпарварлар, холос. Ана шулар ҳақида ҳамма ҳам холис, виждон билан ўйлаб кўряптими?

…Жорий йилнинг 1 июль куни Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев хизмат вазифасини бажариш вақтида мардларча ҳалок бўлди. Президентимиз Фармони билан марҳум А.Абдувалиев “Жасорат” медали билан тақдирланди.

Бу ходим нега бевақт ҳалок бўлди? Бева онанинг ёлғиз ўғли, уч гўдакнинг отаси бўлган Абдурасул Абдувалиевнинг ҳаётда ким ўрнини босади энди? У ўлимдан қўрққанида ёки пичоқ кўтарган жиноятчига ташланмаганида, юқорида айтганимиздек, томошабин бўлиб турганида ёки воқеа жойига кечикиб борганида ҳам тирик қолиши мумкин эди-ку…

Лекин бир ҳақиқат аниқки, ўша кезда ички ишлар ходимининг фикру хаёлида фақат тезроқ жанжални бартараф этиш ва одамлар ҳаётини сақлаш мақсади бўлгани боис ҳам у бошқалар ҳаётини асраб қолиш эвазига ўзини қурбон қилди.

Ижтимоий тармоқларда уни сўнгги йўлга кузатиш маросими, хизмат фаолияти давомида олинган тасвирлар намойиш этилди. Тўғриси, виждонли, меҳрли инсон борки, кўзига ёш олди, марҳумнинг ҳақига дуо қилди. Оғзига кучи етмаган айрим инсонлар эса шу жараёнда ҳам “букрини гўр тузатар” деганларидек, ижтимоий тармоқларда ўзининг “йирингли фикр”ларини баён этишдан, ушбу фожиали воқеадан ҳам кир ахтаришдан тийилмади. Ҳатто марҳумнинг хотираси ҳаққи-ҳурмати учун лоақал сукут сақлашга ўзида куч топишмади. Шундай пайтларда бундай тор фикрли, саводсиз ва имони суст кимсалар ҳам инсонмикан, дегинг келади!..

Тан олиб айтиш жоизки, янги Ўзбекистон даврида ИИВ тизимларида ўтказилган самарали ислоҳотлар сабаб сўнгги йилларда ички ишлар органлари ходимлари халққа янада яқинлашди. Маҳаллаларда хизмат қилаётган профилактика инспекторларининг кундалик фаолиятидан аксар фуқароларимизнинг миннатдор эканликлари ҳам бор гап. Ҳудудларда хизмат қилаётган ходимларнинг ҳар бир хонадонга кириб боргани, одамларнинг энг ишончли ҳуқуқий ҳимоячисига айланганини аҳолининг ўзи эътироф этмоқда.

Биринчи ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган вазиятларда ҳам фуқароларимиз энг аввало ички ишлар ходимларига мурожаат қилишга одатланган. Бундай ҳолатларда эса ходимлар ҳамиша ёрдамга ошиқадилар.

Бухоро вилояти, Вобкент туманининг “Тераклик” маҳалласида фаолият олиб борувчи лейтенант Музаффар Музаффаров ички ишлар органи ходими хизмат кийимини кийганига эндигина 2 йилга яқин вақт бўлган. У одатдаги иш кунларининг бирида режа асосида маҳалла ҳудудида юрган вақтида 5 ёшли болакайнинг соғлиғи ёмонлашиб, тили орқага кетиб қолганини айтиб ёрдам сўрашади. Қишлоқ жойда “Тез ёрдам” етиб келгунича Музаффар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича олган билимлари асосида болакайга ёрдам бериб, ўзига келтиради ва ҳаётини сақлаб қолади.

Қашқадарё вилояти, Қарши тумани ИИБ профилактика инспектори, капитан Шербек Тўрақуловга маҳалладагилар бир аёлнинг Қарши бош каналига ўзини ташламоқчи бўлиб тургани ҳақида хабар беришади. Инспектор воқеа жойига етиб борганида, Бойғунди маҳалласида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро М.А. ўзини сувга ташлашга улгурган эди. Капитан Ш.Тўрақулов иккиланмасдан ўзини сувга отади ва фуқарони қутқариб қолади.

Самарқанд вилояти, Нуробод тумани ИИБ навбатчилик қисмига туманнинг “Дўстлик” маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. соғлиғи ёмонлашиб, ўзининг яшаш уйида кўзи ёригани, чақалоқ ҳожатхонага тушиб кетгани хабар қилинади. Мазкур хабар асосида воқеа жойига лейтенант Сардор Сафаров ва Беҳзод Абдураҳмонов зудлик билан етиб боришади.

Сардор ўрага тушиб, болани олишга, Беҳзод уни оёғидан ушлаб туришга келишишади. Онага эса тиббий ёрдам кўрсатилади. Орадан кўп ўтмай, икки ички ишлар ходими чақалоқни ҳожатхонадан чиқариб олишга муваффақ бўладилар. Лейтенант Сардор Сафаров ўғил чақалоқни шифокорлар қўлига топширади. Тан олиб айтганда, мурғак гўдакнинг яқинлари ҳам журъат қилмаган ишни шу ёш ички ишлар ходимлари уддалашди. Кейинчалик болага унинг халоскорининг исмини қўйишди, ҳозир кичкина Сардор соғлом ҳолда улғаймоқда.

Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри Амир Темур маҳалласидаги 9-уйнинг 25-хонадонида юз берган ёнғин ҳолати бўйича маҳалла аҳли ёрдамга шошади. Одамлар ичкарида болалар борлигини, уларни олиб чиқиш зарурлигини айтишар, лекин ҳеч ким бунга ботинолмасди. Ушбу ҳудудда бўлган Ширин шаҳар ИИБ ходими, катта лейтенант Анварбек Наркулов зудлик билан тезкор қарор қабул қилиб, ўзини ичкарига уради ва 3 нафар вояга етмаганлар: 2019 йилда туғилган Ж.Жамшидова, 2020 йилда туғилган М.Жамшидова ва 2022 йилда туғилган И.Жамшидоваларни ёнғин содир бўлаётган хонадон ичидан қутқариб олиб чиқади. Шу тариқа болакайларнинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Яна бир мисол. Яқинда ижтимоий тармоқларда тарқаган воқеани кўпчилик кузатган бўлса керак. Бу ҳолат Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги Янги қадам қишлоғида содир бўлган. Ушбу ҳудудда хизмат олиб борувчи Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати йўл-патруль хизмати батальони йўл-патруль хизмати инспектори, сафдор Азимжон Халифаев қишлоқда жойлашган дўконга сув олиш мақсадида тўхтаган вақтида шу ерда турган “Нексия” автомашинаси ўнг томон олд ойнаси ёпилиши натижасида салонда бўлган ёш боланинг бўйин қисмидан қисиб қолганини кўради. У дарҳол автомашина ойнасини синдириб, болани қутқаради. Ўз вақтида қилинган тезкор ва тўғри ҳаракат сабаб, болага жиддий зиён етмади. Савдо дўкони камерасига тушиб қолган ушбу жараён кейинчалик интернетда тарқалди.

Худди шундай. Ички ишлар ходимларининг кундалик фаолияти давомида кутилмаган вазиятлар кўп учрайди. Ходимлар бундай яхшиликларни нимадир умидида ёки кимдандир эътироф, мақтов эшитиш учун эмас, балки ўз вазифаси, шарафли бурчи сифатида адо этадилар.

Бир сўз билан айтганда, бу жараёнлар бугун ички ишлар органларининг халқпарвар ва халққа хайрихоҳ идора сифатида шаклланиб бораётганидан далолат, албатта.

Юқоридаги воқеаларни ҳаргиз мақтов учун эмас, таъбир жоиз бўлса, ён-атрофимиздаги бугунги кун қаҳрамонларининг жасоратидан бошқалар, айниқса, ёшлар ибрат олиши учун айтиб ўтдик.

Тўғри, ҳар қандай соҳада бўлганидек, ИИВ тизимларида ҳам муаммолар, йўл қўйилаётган айрим камчиликларни йўқ деб бўлмайди. Хатога, камчиликка йўл қўяётганларга эса белгиланган тартибда қонуний чоралар кўрилаётгани ҳам бор гап. Аммо саноқли хато ва камчиликлар ёки кимларнингдир айбли хатти-ҳаракати учун барча соҳа вакилларини, фидойиларини ёмонотлиққа чиқариш ҳам инсофдан бўлмаса керак. Ахир билиб-билмай бошқаларга лой отиш, айб ахтариш, қоралаш энг осон юмуш. Зарур кезда масъулиятни зиммасига олиб, жонини хатарга қўйиб, кимнингдир ҳаёти учун курашишга эса ҳамманиям иродаси етмайди.

Бошқалар учун жонини хатарга қўйиш, халоскор бўлиш, аслида, йигит киши учун шараф ҳисобланади. Бу нарса касб ёки соҳага боғлиқ бўлмаган, илдизи иймон ва виждонга туташ асл фидойиликдир.

Истагимиз, юртдошларимиз орасида томошабинлар эмас, қалб кўзи очиқ бўлган фидойи инсонлар, чинакам ватанпарвар ва элпарварлар кўпаяверсин.

Хуршидбек РЎЗИЕВ,

Ички ишлар вазирининг

маслаҳатчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =