Мозийни уйғотган олим

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек ШАМСУТДИНОВ ҳақида сўз

1990 йил охирлаб борарди. Собиқ шўролар иттифоқига аъзо республикаларда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам мустақиллик ҳақида гап-сўзлар чиқиб қолганди. Виждони уйғоқ, халқпарвар олимлар эса тарих фани қай тарзда ўқитилиши лозимлиги устида таклиф-мулоҳазаларини матбуотда кўтариб чиқиш иддаолари билан таҳририятимизга мақола олиб келарди.

“Совет Ўзбекистони” газетаси таҳририятида масъул котиб ўринбосари бўлиб ишлардим. Рустам Шамсутдинов фан ва маданият бўлими бошлиғи, раҳматли Мирзакарим Пирматов олдига тез-тез келиб турарди. 1991 йил 8 январда унинг “Ҳар биримиз учун муқаддас” номли мақоласи “Совет Ўзбекистони”да эълон қилинган кунлари катта шов-шув бўлиб кетди. Мақолада Ўзбекистон тарихи янгича талқин, янгича ёндашув ва янгича баҳоланишни кутяпти, ҳар бир олий билимгоҳда жумҳуриятимиз тарихига оид кафедра бўлсин, “Ўзбекистон халқлари тарихи” ўқув қўлланмаси тезроқ ёзилиши керак, деган масала кўтариб чиқилган эди. Бу мақола рамзий маънода бомба портлаши бўлганди.

Одамийлик фазилатлари билан элимиз назарига тушган олим, иқтисод фанлари доктори, профессор Одил ака Олимжоновнинг таклифи билан андижонлик забардаст олим Рустам ака Шамсутдинов ҳузурига йўл олганимда, юқоридаги воқеа ёдимга тушди.

Йил сайин камайиб бораётган бўлса-да, хайриятки, умрини газетасиз, китобсиз тасаввур қила олмайдиган, касб-кори турли хил бўлса ҳам, мақолалар ёзадиган маърифатли инсонлар бор. Одил ака ҳам шундай хислат эгаларидан бири. Ундан Рустам Шамсутдиновнинг тарих ҳақиқатларини тиклаш йўлидаги хизматлари ҳақида эшитиб, тўғриси, шундай беназир олим ҳақида ёзишга ошиқдим…

Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига кираверишдаги катта паннода андижонлик қатағон қурбонларининг суратларига бирма-бир қарайман. Эҳҳе, Туркистон, миллат, тил, адабиёт тақдири учун курашиб, уч мингдан ортиғи аянчли “қисмат” топган қатағон қурбонлари суратларига тикилиб, қаттиқ таъсирландим.

Рўпарадаги гулзорни суғораётган, ёши етмишлар чамасидаги оқсоқолдан музей қачон очилишини сўрадим.

— Музей ходимлари келишган бўлса керак, кириш орқа томондан-да, — деди у. — Кимни излаб келдингиз?

Рустам ака Шамсутдинов номини эшитиши билан юзи ёришиб кетди. У университет ободонлаштириш бўлимида узоқ йиллар бошлиқ бўлиб ишлаб, пенсияга чиқса-да, боғбонликни давом эттираётган экан. Газета журналисти эканимни билиб, домла Шамсутдинов ҳақида гапириб кетди.

— Рустам ака камбағалпарвар инсон, — деди у. — Кўпинча боғбонлар, қоровуллар ишлаб турган пайтимизда, “бугун неча кишисизлар?” дейди-да, шунга қараб қўлимизга пул беради. “Ош дамлаб енглар”, дейди. Жуда қўли очиқ, мард инсон.

Бинони айланиб ўтгунимизча боғбондан Рустам ака ҳақида анча илиқ гапларни эшитдим. Яхшиликнинг ортидан яхши гап келади-да!

У келишилган вақтда музейга етиб келди. Ходимлари худди отасини кутиб олган фарзандлардек домлани қарши олишди. Қадди-қомати, ҳаракат-ғайратидаги сокинлик нуроний жисмига ярашиб турибди.

“Ёшингизга етиб юрайлик, домла, умрингиз янаям узоқ бўлсин!” деб кўнглимдан ўтганини билдириб қўйдим.

Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи залларидан оралаб директорнинг хизмат хонасига кирдик.

— Шевангиз бизларникига яқин экан, қаерда туғилгансиз? — деб сўради Рустам ака.

— Ўшнинг Аравониданман.

— Ҳабиб Абдуллаевнинг юртиданмисиз?

— Ҳа.

— Ҳабиб Муҳаммедович билан Москвада аспирантурада ўқиганимда танишганман. Биринчи кўришганимиздаёқ назарига тушиб қолдим. У ўзбекистонлик аспирантларга, докторантларга чексиз меҳрибон эди. Бизларга пул берарди, иссиқ овқатлар ташкил қиларди. Айтишларича, унинг ташаббуси билан Ўзбекистондан борган олимлар учун ётоқхона ҳам қуриб берилган экан. Шахсларсиз тарих бўлмайди. Академик Ҳабиб Абдуллаев тарихий шахс бўлган.

Аравоннинг ҳавоси мусаффо, анжир, анорлари бошқача ширали бўлади-да, — дейди у.

— Тоза ҳавосига кўз тегди, Аравон тоғлари ҳам ем бўлаётир, тоғ этагида цемент заводлари қурилган, — дейман.

— Аравонга қўшни Булоқбошининг Ширмонбулоғида ҳам цемент заводлар кўпайиб кетди. Замона зайли шу экан. Тоғлар емирилаётир, экология бузилаётир, шиддат билан баланд-баланд бинолар қуриш давом этаётир.

Рустам аканинг эслашича, Ўш архивида ишлаган пайти — 1961 йили вилоятдаги ўзбек тилида чиқадиган “Ленин йўли” газетасида унинг биринчи мақоласи босилган экан.

— Мактабда ўқиб юрган чоғларимда “Ленин йўли” газетасида менинг ҳам йигирмадан ортиқ мақола ва хабарларим чиққан эди, — деб домлага мақтаниб қўйдим.

Рустам ака кўнгли очиқ, самимий суҳбатдош экан. Бир зумда гапимиз гапимизга қовушиб, қадрдонлардек бўлиб қолдик.

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейига “музейлар музейи” деб таъриф берилгани бежиз эмас экан. Домла билан шу қутлуғ даргоҳ залларини оҳиста айланамиз. Бу музейни қатағон тегирмони гирдобига ғарқ бўлган андижонлик уч мингдан ортиқ мазлумлар учун қурилган қасрга ўхшатдим. Ўтган кунлардаги Андижонни яхшироқ билмоқчи бўлганлар, албатта, музейга бир келсин, кўрсин, тафаккур қилсин. Умрини, кўз нурини илмга бахшида этган, сир-синоатлари темир пардалар ортига яширинган аянчли тақдир эгалари руҳларини шод этишдек савоб ишни қойил қилиб уддалаган, пировардида музей бунёд этган улуғ олимга таъзим қилсин!

— Қатағон қурбонлари ҳақида маълумот йиғишга анча йиллик умрингизни бағишлабсиз, катта маблағ сарфлабсиз. Бу қадар жонфидоликнинг сабаби нима? — дея домлага юзландим.

— Раҳматли Темурбек катта дадамнинг укаси Абдужаббор қори Асқаровни диний уламо бўлгани учун 1937 йили НКВД жаллодлари олиб кетишади, — дея домла ғамгин ҳикоясини бошлади. — Катта дадам укасининг изини қидириб Москвагача борган экан. Қанчалик уринмасин, ҳеч қанақа маълумот топа олмайди. Мен ҳам Ўзбекистон махсус идоралари ва Россия Федерациясининг турли ўлкаларидаги федерал хавфсизлик хизматлари архивларига кириб қидирдим. Абдужаббор қори Асқаров ҳақида бирор-бир ҳужжат топмадим.

Қатағон йилларида қанча тақдирлар шундай мавҳумликка кўмилиб кетгани ҳақида ўйлашнинг ўзи жуда оғир.

Музейни ташкил этишдаги домланинг машаққатлари ҳақида батафсил ёзсам, газета саҳифалари тўлиб кетади. Шу ёшда ҳам теран фикрлайдиган, қувваи ҳофизаси кучли, тарих фанининг билимдон олими ҳузурида ўзимни жудаям ожиз сездим. Рустам аканинг ҳикояларини тинглаб, тарихни билганимдан билмаганим минг чандон кўп эканлигига амин бўлдим.

Домланинг атрофида бир-биридан маданиятли, юз-кўзларидан ҳам устозига меҳру муҳаббати балқиб турган шогирдларини кузатиб, ҳавас қилдим. Ҳақиқий олим бўлиш бахт экан, саодат экан.

— Мен устозимдан энг аввало илмга садоқат, аниқ далилларга асосланган фикрлаш ва мунтазам изланишда бўлиш каби юксак фазилатларни ўргандим, — дейди тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Азизбек Маҳкамов. — У кишининг ҳар бир илмий ишларга ёндашуви, танқидий фикрлаш услуби ва талабчанлиги менга катта ибрат бўлди. Шунингдек, устозимдан илмга ҳалол хизмат қилиш, плагиатдан йироқ бўлиш ва ўз фикрини мустақил баён эта олишни ҳам ўргандим.

Илмий фаолияти давомида Рустамбек Шамсутдинов 3 нафар фан докторига, 16 нафар фан номзодига раҳбарлик қилгани, ҳозир яна ўнга яқин ёш тадқиқотчилар устози изидан бораётгани ҳам унинг олимлик салоҳияти қанчалик юқорилигидан дарак бериб турибди.

— Илм билан, фан билан тирикман, — дейди у. — Илмли устозларнинг назарини топган омадли олимларданман. Ҳаётим китоб ва газета билан завқли. Ҳар куни олти-етти қоғоз ёзмасам бўлмайди.

— “Жадид” газетасининг деярли ҳар сонида қатағон қурбонлари ҳақидаги мақолаларингиз босилиб турибди, — дейман домлага. — Шу мавзудаги газеталарда босилган мақолаларингизни музейга ҳам қўйибсиз. Энди бир таклифим бор. Сиздек ноёб иқтидорли фарзандни тарбия қилган ота-онанинг қабрини зиёрат қилмоқчиман.

— Дилимдаги туйғуни суғуриб оляпсиз, қалбимга ўт ёқдингиз!

Домланинг дил сўзи мени ҳам таъсирлантириб юборди…

“Эйвой ота” қабристони. Домланинг отаси Темурбек ўғли Шамсиддин, онаси Раҳимберди қизи Ҳуртожихон қабрлари ёнма-ён экан. Ўтганлар руҳига тиловат бағишладик.

— Кўрган-билганнинг фарзанди бўлиб дунёга келиш ҳам бахт, — дейди у. — Раҳматли отамдан, онамдан олган ҳаёт сабоқларим мени одам қилди, мени олим қилди. Отангга қилсанг, болангдан қайтар экан. Фарзандларим, ўғилларим мени ҳам, онаси раҳматли Фотимахонимни ҳам ҳеч қачон, ҳеч нарсага муҳтож қилмадилар. Дунёнинг беш қитъасини кўрдик. Илмим мени олимлар даврасида азиз қилган бўлса, ўғилларим мени одамлар даврасида азиз қилди. Туну кун улар ҳаққига дуодаман.

Саксон олти ёшида чет элда ишлаб чиқарилган замонавий электромобилни бошқарган домлага, илоҳо, кўз тегмасин. Шаҳар кўчаларини оралаб аҳли аёли дафн этилган қабристонга бордик. Фотимахон ҳожи она қабри устида алвон гуллар очилибди. Ҳаво ҳарорати қирқ даражадан ортиқ бўлса-да, қабр ёнида майин шабада эсиб турибди. Ўн бир марта “Ихлос” сурасини ўқиб, қабристонда ётганлар, хусусан, Фотима онамиз ҳаққига бағишладик.

— Аёлимнинг жанозасини шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўқиган эди. Шайх ҳазратлари оиламизнинг дўсти эди. Азим Тошкентдан келиб, азиз инсонларим қабрини зиёрат қилганингиз учун раҳмат, — дейди у хурсанд бўлиб.

Ўзим ҳам руҳан енгил тортдим…

— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев туфайли биз каби олимларга муносиб шарт-шароитлар яратилди, — дейди у. — Ҳар сафар Янги йил байрами арафасида Президентимиздан табрик хати олганимда, бошим осмонга етади. Қайта-қайта дуо қиламан.

Рустам Шамсутдинов билан икки кунлик суҳбатлар асносида олган таассуротларимдан бир шингил баён қилдим, холос.

Ўзбекистонда Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдиновнинг “Ўнгимдаги хотираларим” рисоласида унинг ибратли умр йўллари батафсил баён этилган. Ўқинг, бир дунё ҳикмат оласиз.

Машойихлар олимларни кўкдаги юлдузларга қиёслашади. Мен эса Рустам Шамсутдиновни порлаб турган йўлчи юлдузлардан бирига ўхшатдим.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen + one =