Халқ меҳрини қозонган сухандон

Ўрта авлод вакилларига яхши таниш бўлган Дилором Умарова Ўзбекистон телевидениеси тарихида муҳим из қолдирган сухандонлардан бири. “Ойнаи жаҳон” орқали томошабинни экранга мафтун этиб қўйган, ўзини тутиши, овозининг тиниқлиги, талаффузнинг аниқлиги, кийинишидан тортиб, соч турмагига қадар эътиборингизни тортадиган мафтункор аёл Дилором Умарова эди.
Фарғона вилоятининг Бағдод туманида зиёли оилада дунёга келган қаҳрамонимизнинг дадаси туман автокорхонаси раҳбари Қўчқорали Умаров, онаси мактабда рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Ойнисахон Умарованинг фарзандлари орасида қизи Дилоромни ҳеч кимникига ўхшамаган тақдир кутаётганди. У адабиётга меҳр қўйган, шеър ўқишни ёқтирарди. Муомалада маданиятли, ўзига оро бериши ҳам бошқача эди.
Дилором Тошкент маданий-оқартув техникумининг режиссёрлик бўлимига ўқишга киради. Ўқув даргоҳида Ўзбекистон телевидениесининг режиссёри Саъдулла Анорқулов ва машҳур драматург Ҳайитмат Расулдан сценарий ёзиш ва режиссёрлик маҳоратидан сабоқ оларкан, улар сабаб телевидениенинг адабий кўрсатувлар таҳририяти томонидан тайёрланадиган “Шеърият бўстони” кўрсатувига жонли эфирда шеър ўқиш учун таклиф этилади.
“Талабалик йилларимнинг илк даври мен учун оғир жудолик билан бошланди, — деб эслади у. — Хасталик туфайли дадажоним вафот этдилар. Биз фарзандларининг ютуғимизга севиниб, ўқишимиз, билим олишимиз учун неки имкон бор бўлса яратиб, қўллаб-қувватлардилар. Ҳар биримизнинг орзу-мақсадларимиз, келажак режаларимиз билан қизиқар, уларнинг рўёби учун биринчи қадамни улар ташларди. Сира тўхтаб қолмаслигимизни, ортида доим куч-қувват бўлиб ўзлари туришини таъкидлардилар. Шундай суянч тоғимдан айрилиш мен учун катта йўқотиш бўлди”.
Мактабда рус тилида таҳсил олган Дилором билим юртида режиссёрлик курсини ўзбек тилида ўқиди. Ўқув юрти раҳбари: “Қизим, хавотир олманг, сизга енгиллик яратамиз, биринчи йил рус тилида жавоб берасиз. Иккинчи ва учинчи босқичда эса ўзбек тилида”, — дея унга имкон беришди. Маърузаларни ўзбек тилида тинглаб, рус тилида жавоб берар, бу эса икки тилни ҳам мукаммал ўрганишига ёрдам берарди.
Ўқиш даврида тадбирларда саҳнада бошловчи бўлган Дилоромга кўплар ҳавас қиларди. Бир гал талабалар томонидан тайёрланган адабий композицияни кўришга Ўзбекистон телевидениеси адабий-драматик таҳририяти режиссёри Наби Раззоқов ва журналист Марат Асадуллаевлар келишади. Адабий композиция намойишидан сўнг улар тадбир бошловчисига Ўзбекистон телевидениесида сухандонлар танлови ўтказилаётгани, унда ўзини синаб кўриши мумкинлигини айтиб, уни танловга таклиф қилишади.
Дилором Умарова танловдан муваффақиятли ўтиб, Ўзбекистон телевидениесига ишга қабул қилингач, ушбу хушхабарни илк бор онажонига етказди. Онаси фарзанди аржумандини узоқ дуо қилди. Аммо севинч узоққа бормади. Оғир дардга чалинган Ойниса опа қизини эфирда уч ойгина кўрди. Онасининг вафотидан қаттиқ қайғуда қолгач, унга устози Ўктам Жобиров отасидек меҳр кўрсатди. Ёлғиз қолиб, тушкунликка тушмасин, деб, уни ҳар куни эфирга қўярди. Уни оғир кунларида иш билан банд қилиб, қайғуни унутишга ёрдам берганди.
Дилоромхоннинг телевидениедаги биринчи устози Ўктам Жобиров эди. Гуруҳ раҳбари бўлган бу инсон ўша даврда ишга келган ёшларнинг барчасига устоз бўлган. Устозлар эфир масъулияти, матн ўқиш, кўрсатувларни олиб бориш, камтарликни, одамийликни ҳам ўргатганлар. Яна улар кўп китоб ўқишни маслаҳат берар, муомалада эҳтиёткор ва ҳушёр бўлишни тайинлардилар. Бу борада ўзлари доим намуна бўлишарди. Камтаринлик — устозлар мактабининг асосий талаби эди.
“Мен телевидениега ишга келганимда ўн бешинчи сухандон эдим, — дея ўша йилларни хотирлади қаҳрамонимиз. — У пайтлар дикторларга талаб жудаям юқори бўлган. Устозларимизнинг кийинишлари, ўзларини тутишлари, эфир маданияти ва этикасини андоза қилиб олардим. Шу тариқа йиллар ўтиб, ўз имижимга эга бўлдим. Эфирга киядиган либосларимни ўзим тикардим. Ҳар бир кўрсатув мазмунидан келиб чиқиб, либос танлардим. “Ахборот” дастурига костюм, саҳнага узун этакли кўйлаклар. Имиж — касбимизда муҳим. Уни шакллантириш ҳар бир бошловчининг ўзига ҳавола, муҳими, эфир талабларига мос бўлиши керак.
Касбимизнинг қийин жиҳати — бу нафақат экранда, балки кўча-кўйда, маҳаллада томошабинларимиз назарида бўлишдир. Оилада биз она, аёл, оддий уй бекаси эдик.
Зуҳриддин Дилором Умаровани телеэкран орқали ёқтириб қолади. Совчиликка борган бўлғуси қайнона ҳамкасбларидан илиқ фикр эшитади. Икки ёшнинг толеи қўшилиб, тўй ҳам ўтади. Ўзига оро бериб юрган қиз келинлик вазифаларини ҳам бинойидек уддалади. Дилором бичиш-тикишнинг ҳадисини олган. Уй-рўзғор юмушларига саранжом-саришта. Бўш вақтларида эса китоб мутолааси билан машғул бўларди.
Қизлари Севарахон ва Элнорахонлар илм йўлидан кетдилар. Бугун ҳар иккиси ҳам бир этак болаларнинг оналари бўлиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Афсуски, бу кунларни кўриш дадаларига насиб этмади.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси, олий тоифали сухандон Дилором Умарова “Ахборот” дастури, байрам концертлари, кўнгилочар кўрсатувлар, турли давлат тадбирларида сухандонлик қилди. 2009 йилда “Энг яхши диктор” эътирофига сазовор бўлди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари гильдияси аъзоси.
“Мультипанорама”, “Оналар мактаби”, “Қизлар гулдастаси”, “Нафосат”, “Камолот сирлари”, “Якшанба оқшомида” сингари кўрсатувларга бошловчилик қилган Дилором Умарова ўзининг меҳнати, изланишлари билан муваффақиятларга эришди. Ширали овози, очиқ чеҳраси ҳаммага ёқади. “Олтин фонд”га киритилган кўрсатувлар, “Ўзкинохроника”, “Ўзбектелефильм”даги унинг овози ёзилган ўнлаб кинофильмлар унинг ижодий жараён ва изланишлари мевасидир.
Ўз даврининг юлдузи бўлган, бугун устозлик мақомидаги дилбар аёл Дилором Умарова яна узоқ йиллар ҳаётларимиз зарварақларига нур сочиб турсин деймиз.
Феруза ОРИПОВА,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.