Ватанга армуғон гулдаста

mockups-design.com

Ғайрат Мажиднинг шеърлари ўтган асрнинг охирларида, янги асрнинг бошларида матбуотда нашр этила бошлаган.

Шоирнинг “Гул санам” номли илк шеърлар тўплами 1997 йили Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган бўлса, сўнгра “Ҳеч кимга ўхшамайсан”, “Сени соғинаман”, “Кўксимдаги юлдузлар”, “Ишққа борар йўл”, “Боболарим юрти”, “Оққушларга айланар юрак”, “Мумкин эмас сенинг йиғлашинг”, “Беш дарс” каби шеърий тўпламлари кетма-кет ўқувчилар қўлига етиб борди. Унинг яқин йилларда босмадан чиққан болаларга бағишланган “Айиқчанинг туши” номли шеърлар тўплами, Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ижод мактаблари ҳақидаги “Бунда булбул китоб ўқийди…” номли рисоласи ҳамда “Йўлдаман, нурли йўлда” номли бадиий-публицистик мақолалар тўплами ижодкор истеъдодининг янги, хилма-хил қирраларини намоён этади.

Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этаётган замондошларимизнинг орзу-умидлари, эзгу мақсадлари, ички дунёсини тасвирлаш шоирнинг ижодий дастури ва фаолиятига айланганидан гувоҳлик беради юқорида номлари таъкидланган китоблардаги шеър, достон ва мақолалар. Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий ҳаётига дахлдорлик туйғуси ва шоирнинг фуқаролик позицияси ярқ этиб кўзга ташланади.

Шоир навбатдаги янги китоби номини “Оппоқ табассум” деб қўйибди. У нафақат китобдаги шеърларнинг рангини, балки унда изҳор этилган туйғулар, тасвирланган манзаралар, ҳис этилган сезгилар, талаффуз қилинган товушларнинг рангларини ҳам оппоқ рангда тасаввур қилади ва китобхонга тақдим этади. “Табассумнинг ҳам ранги бўладими?” дея ажабланиши мумкин шеъриятни жўн тушунгувчи баъзи ўқувчилар. Нафақат табассумнинг, бу дунёю у дунёдаги ҳамма нарсанинг ранги бўлади. Фақат уни кўриш, сезиш ва ҳис этиш керак. Халқимизда “Оқ фотиҳа”, “Оқ ювиб, оқ тараган”, “Оқ йўл”, “Оқ кўнгил”, “Оқ олтин”, “Оқ сув”, “Оқ тоғ” каби атамалар бор. Буларнинг ҳар бирининг тагида теран мазмун мужассам. Албатта, оқ ранг салбий мазмунда қўлланилган сўзлар ҳам бор: “Сочим оқариб кетди” (“азоб чекдим” маъносида), “Отаси фарзандини оқ қилди” (“қарғади”, “воз кечди” маъносида), “Оқ кийди” (“мотам тутди” маъносида) каби.

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Графика” шеърида оқ ва қора рангларнинг турфа хил маънолари товланиши ниҳоятда нозик ифодаланган. Бу бус-бутун тадқиқот мавзуси.

Умуман, шеъриятда ранглар поэтикаси алоҳида ҳодиса.

Ғайрат Мажиднинг “Оқ табассум”идаги “оқ” эзгу, ёруғ, бахтли, саодатли, хайрли каби турфа маъноларни беради.

 

Юлдузлар жимирлаб кезади оқшом,

Сирли коинотнинг дала-даштида.

Бир туғро сингари ойнинг нурафшон —

Оппоқ табассум бор сайру гаштида.

 

Юлдузлар, самовий сайёралар, қуёш ва ой тимсоллари ҳар қайси шоир ижодида ўзига хос маъно-мазмун касб этади. Ғайрат Мажид тасаввурига кўра, юлдуз тўла оқшом осмону фалакларни сайр этиш нақадар гаштли. Хаёл сайри, тасаввур сайри бу. Ана шунда гўзаллик ва нафосат бор, гўё одам хаёли эмас, ўзи росманасига самода парвоз қилаётгандек бўлади. Бўлмаган нарсаларни бўлдириш бу — шеъриятнинг, сўз санъатининг кучи. Ой таратаётган нурли шуълалар оппоқ табассум дея тасаввур қилинмоқда. Шоир ушбу образ моҳиятини кенгайтириб, бутун шеърлар тўпламининг номини “Оппоқ табассум” дея атаган.

Бир қарашда, ушбу шеърлар осмонда сутдек шуъла сочиб, сайр этиб юрган ойли оқшомларда битилган, тунлари бедор ёзилган шеърлардир, демоқчидек. Яна бир қарасанг, бу шеърлар гўё осмондан инган, демоқчидек. Яна бир қарасанг, булар юрагимнинг ой нурларидек беғубор ва ўтли туйғуларидир, деяётгандек. Ўйласангиз, тасаввур бойийверади, хаёл осмони тобора кенгаяверади. Энг муҳими, “Ойнинг оппоқ табассуми”, “Оппоқ табассум” деган иборалар нозик ва кўнгилни нурлантирувчи шеъриятдир.

Шоир шеърларида бошқа рангларга ҳам поэтик мазмун юклатилган. Масалан, қора.

 

Чўғ ковлаб қорадир косовнинг ранги,

Дилларда қолмасин адоват занги…

 

Ўзбек дидактик шеърияти оҳангларида ёзилган бу шеър образлари билан ўзига хос. Косовнинг қилмиши ёмонлик — адоват оловини ёқиш, дов-жанжал қўзғаш… Урғу косовга эмас, кўнгли косовдек қора одамларнинг мунофиқ ва ғаразли қилмишларига қаратилган. Қора ва занг сингари сифатлар, ранглар мазмунни ёрқинлаштиради.

 

Қора ўйлар тарк этди қалбим,

Кетказгани каби кирни сув.

 

Қора бу ўринда ёмон, шубҳа-гумон, дардли-ташвишли деган маъноларни ифодаламоқда. Кирни сув ювгани каби оқ ниятлар, беғубор ҳислар кўнгилни қора ўйлардан, кирдан тозалайди, демоқчи шоир.

Шеърларда яшил ранг поэтикаси муваффақиятли очилган.

 

Кун келар, азамат тоғлар ҳам қулар,

Яшил-яшил боғлар сарғаяр, сўлар.

 

Ушбу сатрларда хабар бериш, огоҳлантириш оҳанги устувор. Тоғларнинг қулаши, боғларнинг сарғайиб хазон бўлиши умрнинг, ҳатто дунёнинг омонат эканидан дарак бермоқда. Шундай экан, фақат яхшилик қилиш, хайрли амаллар билан яшаш, инсонда бунёдкорлик — яратиш ҳисси ва эзгу фазилати устун бўлиши зарур деган хулосани таъкидламоқчи ижодкор.

Ватан озодлиги йўлида шаҳид кетган жадидлар умрини дарахтдан бевақт узилган яшил баргларга ўхшатади:

 

Дарахтдан узилган яшил баргларим,

Оҳ, жувонмардларим — жувонмаргларим.

Ҳаётим тўлаган ўлпонларимдир —

Фитрату Қодирий, Чўлпонларимдир.

 

Шоир бир шеърда зулмкор шўро замонини тасвирлашда қизил рангдан фойдаланган.

 

Тумшуғи қип-қизил,

Бу калхат — авбош,

Қонингни сўрмоқда жоним — ўзбегим.

Нечун золимларга отмайдилар тош…

 

Бу Чўлпон каби шоирларнинг дил фарёдидир. Ғайрат Мажид бу дардли нолани ўз юрагидан ўтказиб, шундай тасаввур қилган ва тасвирлаган. Одамларга оловдек илоҳий неъматни Олимп тоғидан ерга тушириб, келтириб бергани учун илоҳлар Прометейни баланд қояларга занжирбанд қилиб қўйиб, жазолайди. Қузғунлар қонли тумшуқлари билан занжирбанд Прометейнинг жигарини чўқийди… Прометей адо бўлади. Тундан тонггача унинг вужудида янги жигар ўсиб чиқади. Эртасига қузғунлар учиб келиб, унинг жигарини чўқишда давом этади. Ҳар куни шундай азоб давом этади.

Ғайрат Мажид тасвирлаган тумшуғи қип-қизил қон қузғунларнинг ҳам Прометейнинг жигарини чўқиётган қузғунлар билан зоти бир. Бу золим ва қонхўр замон, шафқатсиз ва қаттол жамият тимсоли.

Уруш фожиаси, умрларни қийратган фашизм балоси асоратларини ҳам хазон бўлган яшил баҳорларга ўхшатади шоир ва “яшил-яшил ҳаволар” деган янги образ билан зукко ва нозик таъбли ўқувчини завқлантиради.

 

Йўқ, урушга одамлар эмас,

Ғамли, ғамсиз наволар кетган.

Оталарнинг умрига қафас —

Яшил-яшил ҳаволар кетган.

 

Ижодкор дунёни қабул қилишида ўз қарашлари мавжуд бўлади. У бошқаларга ўхшамайди. Хўш, яшил ҳаво кетса, унинг ўрнига нима қолади? Оташда ёниб кул бўлган муҳит қолади. Вайронагарчилик, шаҳид кетган жонлар, аъзойи баданда қолган жароҳатлар, ногиронлик, етимлик… Урушнинг машъум асоратларига ишора қилади шоир.

Шоир дунёни яшартириш, унга орзу ва умид бағишлаш, бахтли келажак яратиш учун дунёга келади. Сўз нафақат кўнгилдаги туйғуларни янгилайди, балки оламни янгилайди. Қуйидаги шеърда ана шу фалсафа бадиий ифодаланган. Бу яшил ранг тасвири орқали берилган.

 

Қартайган дунёга,

Кекса дунёга,

Айтгим келаверар яшил-яшил сўз.

 

Яшил сўз — яшаётган, яшараётган, гуркираб ўсаётган, ҳеч қачон сўлмайдиган сўз. Бунда соғинч, армон, орзу, айни пайтда дард мужассам. Инсон оламдан ўтиши мумкин, лекин унинг яшил сўзи — яратган яхшилик боғи бу дунёда қолади. Куз тимсолида кўпинча умрнинг поёни назарда тутилади. Шеърда куз билан баҳор бир-бирига қарама-қарши тушунчаларни ифодалайди. Лекин хазон бўлиб сўлаётган кузнинг нимадир демоқчи бўлаётгани — бу фасл ҳам бир маҳаллар ям-яшил баҳор бўлганини айтмоқчилигига ишорадир.

 

Маним гул кўнглимга,

Баҳор кўнглимга,

Нимадир демоқчи бўлаяпти куз.

 

Кейинги сатрларда мутлақо янги образ ҳайратлантиради:

 

Сенга ишонаман, эртага менга

Яшил қўлларингни узатасан, куз.

 

Кузнинг яшил қўлларини узатиши — дарахт илдизлари ҳеч қачон сўлмас, яна-яна новдаларга, шохларга яшил япроқлар ўсиб чиқишига замин бўлишига фикр қаратилмоқда. Бу ўринда буюк аждодлар анъаналарини давом эттираётган ёш авлод назарда тутилган.

 

Ҳисларим шу қадар, ҳисларим яшил,

Меҳридил нигоҳим — кўзларим яшил.

Дунёни яшнатар сўзларим яшил…

 

Дунёни поэтик идрок этишда, юракдаги изҳорларни таъсирчан ва ёрқин ифодалашда феъл, олмош, от сўз туркумларидан ташқари сифат ниҳоятда самарали хусусиятга эга. Сатрларда сифат кўп бўлса, шеър юқори сифатли бўлади. Бу хусусият Ғайрат Мажид шеърларида ҳам ўз исботини топган.

Хуллас, “Оппоқ табассум”. Шоир улуғ аждодларга эҳтиром, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бадиий ифодаси, диёримизда рўй бераётган янгиланишлар, ота-она ва қишлоқ соғинчи, саёҳат дафтари каби мавзуларни завқу шавқ билан тараннум этган.

Оқ кўнгилли яхши инсоннинг табассуми оппоқ, беғубор бўлади. Шоир ана шу ният билан азиз китобхонларга янги шеърларини тақдим этмоқда.

Ушбу янги китоб Она Ватанимизнинг Мустақиллик байрамига муносиб туҳфа бўлишига ишонаман.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 18 =