Бир бурда нон

Тошкент шаҳрида бир кеча-кундузда 3,5 тонна нон бўлаклари чиқитга ташланади.

(Интернет хабаридан)

Тандирдан эндигина нон узиб олган онамнинг юзи,  ёноқлари ол бўларди. Пешонаси маржон-маржон терлаганда чеҳрасида гўё нур жилваланарди. Ҳовлини эса нон ҳиди эгаллайди. Нон иси… Оламдаги энг хушбўй ҳид, қимматбаҳо фаранг атири ҳам бу исни такрор этолмайди, таратолмайди.

* * *

Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Узоқ Шарқдаги гадойтопмас жойдаги ҳарбий қисмда хизматда эдим. Бир куни ротамиз ошхонада наряд ўтаётган эди, столни нон бўлаги билан артаётган аскар кекса зобит томонидан жазоланди. Ўша зобит, аслида, меҳрибон, тушунадиган бошлиқ эди.

— Бу нима, биласанми, нонкўр? — деди зобит нон бурдасини аскарнинг кўзига яқин олиб бориб.

— Нон, — деди аскар.

— Мана шу бир бурда нон бўлганида онам бечора очликдан қамалда ўлмаган бўларди…

* * *

— Тиллонинг кўчада ётганини кўрганмисиз? — сўради ўқувчиларидан Эшниёз муаллим.

— Йўқ, — дейишди болалар.

— Мен кўрдим, сизлар ҳам кўргансиз, фақат эътибор қилмагансиз.

Болалар типирчилаб қолишди: “Топган бўлсангиз, кўрсатинг”, — дейишди. Муаллим чўнтагидан бир бурда нонни чиқарди.

Болалар кулиб юборишди.

— Устоз, биз тиллони кўрамиз десак, сиз нонни кўрсатасиз, ҳазилми бу? — деди Исмат фермернинг ўғли.

— Тиллоси йўқ одам, ҳар қалай, яшаса бўлади, аммо нонсиз яшаб бўлмайди, — деди муаллим. — Нон — олтиндан қиммат!

Синфхонага жимлик чўкди.

* * *

— Энг қудратли давлат бошлиқлари ҳам ғалла ҳақида бош қотиради, — дейди кекса муаллим Мейли Маматов. — Нон туфайли қадимда қавмлар, элатлар ўртасида урушлар бўлган. Нон боис яраш битимлари имзоланган. Эндигина тили чиқаётган гўдакнинг илк айтар сўзи эса она, “нанна” бўлади.

Халқимизнинг нон синдириш, нон тишлатиш, нон билан кутиб олиш каби одатлари асрлар оша яшаб келаётир.

* * *

— Буғдой, тегирмон, тандир, нон — инсоният тарихидаги энг буюк кашфиётлардир, — дейди Эшниёз муаллим ўқувчиларга.

* * *

Унсин момо тандир четида турган куйган нонни кўриб, келинидан ранжиди:

— Болам, озгина шошмаганингда, нонинг пушт ташламасди, куймасди.

Келин ерга қаради. Кўп ўтмай, шовқин-сурон кўтариб мактабдан келишган набиралари Унсин момонинг атрофини ўраб олишди.

— Болам, бояги менга атаб ёпган нонингни олиб кел-чи, — деди келинига қараб.

Келин иккита куйган нонни уялиб дастурхон четига қўйди. Момо “бисмилло” деб нонни синдирди ва аввал куйган бўлагини оғзига солди.

— Бай-бай, мунча ширин бўлмаса, онам раҳматли куйган нонни еган қўшиқчи бўлади дер эди, тўғри айтган экан, — деди.

Набиралар момосининг гапига ҳайрон бўлишди, сўнгра талашиб-тортишиб нонни бир зумда еб қўйишди.

— Момо, энди биз ҳам қўшиқчи бўламизми? — сўради кенжа набираси.

— Ҳа, баринг ашулачи бўласизлар, эналаринг ҳам, — деди Унсин момо кулиб.

* * *

Дунёда неъматлар кўп, лекин ҳеч қайсиси нон билан тенглашолмайди. Нон шунчалар азиз!

Аждодларимиз нонни ўпиб, Ватанни ҳимоя қилишга, ёвдан қасос олишга онт ичишган. Момоларимиз ғанимларни “нон урсин” деб қарғаган.

Тошпўлат махсум эса ҳовлини бошига кўтариб ўйнаётган набираларига “Ҳа, уйинг буғдойга тўлгурлар” деб ўдағайлайди.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − thirteen =