Уйғоқ кўнгил изҳорлари

“Мафтунингман” фильмида самолётда икки киши суҳбатлашиб кетмоқда.

Биттаси иллюминатордан қараб сўрайди:

— Қаер экан?

— Билмадим, таниш жойлар.

— Бекобод-ку. Ўз юртингизни билиш керак, ука.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари, Мустақилликнинг 10 йиллиги ва 20 йиллиги кўкрак нишонлари соҳибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминованинг “Бу кунларни шеър қил, шоирим” китоби кенг жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Китобдан шоиранинг публицистик мақолалари, эсселари ва бугунги кун нафаси уфуриб турган ўтли шеърлари жой олган. Бу публицистик китобда Жиззахнинг ­“Манас”идан Қорақалпоғистоннинг Мӯйноғи, Бӯзатови, Шуманайигача, Хўқанди латифдаги ҳунармандчилик фестивали, атлас фестивали, Хоразмдаги қовун сайлигача, Тупроққалъанинг энг чекка маҳалласи “Саримой”даги китоб карвони жозибасигача, Қашқадарёнинг баланд тоғ қишлоғи Ғилонгача, қачонлардир “Борса келмас” деб ном олган саҳро-ю чўллар, пойтахтдан 1200 км ғарбда жойлашиб, ҳозирда ёпилиб кетган Жаслиқдан ҳам олисроқдаги “Каракалпакия” деб номланган узоқ манзилларгача, шунингдек, ҳозирги янгиликлар, жаннатнинг бир бўлагидек таассурот қолдирган ҳарбий шаҳарчадаги мактаб ўқувчиларининг билимдонлигигача тасвирланган.

Зулфия Мўминова шу йилнинг июнь ойида бир гуруҳ ижодкорлар билан Бекобод туманига китоб байрамига борди. Бир кунда 6 та мактабга 600 дона китоб совға қилинди. Бекобод тумани ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов Зулфия Мўминова билан суҳбатда “Опа, анчадан буён янги китоб чоп эттирмаяпсиз?” — деб сўрайди.

Зулфия опа сукут сақлайди. Опанинг сукутидан сўнг ҳоким: “Сиз Юртбошимиз бошлаган ортга қайтмас ислоҳотлар ҳақида: “Бу кунларни шеър қил, шоирим”, деб ёзасиз-у, китоб чоп этилмай қолармиди?” дея ширин лутф қиладилар. Шу бир оғиз ширин сӯздан икки ой ўтиб, ушбу китоб дунё юзини кӯрди. Китобдан Бекобод ҳақида учта мақола ўрин олган. Зайнилобиддин ака янги китоб билан табриклар экан: “Биринчи тақдимотни, албатта, Бекободда ӯтказамиз”, деб айтган эди. Ваъдага вафо қилинди. Илк тақдимот Бекобод туманида ўтказилди. Таниқли олимлар, ёзувчи-шоирлар, санъаткорлар иштирок этган тадбир жуда зўр ўтди. Туман ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов тадбирни очиб, меҳмонларни бирма-бир таништирар экан, Зулфия Мўминова ҳақида илиқ фикрларни айтди. Китобга киритилган мақола, эсселарда акс этган дилномалар шунчаки туйғулар эмас, балки ижодкорни руҳлантирган воқеа-ҳодисаларнинг чуқур таҳлили ва илҳоми ифодаси эканлигини, китобдан жой олган ўнлаб мақолаларнинг учтаси бевосита Бекобод туманидаги истиқлол одимларига бағишланганидан фахрланишини билдирди.

Тақдимотда сўзга чиққан олим Абдурашид ҳожи Ҳасанов Зулфия Мўминованинг публицистик мақолаларини бошидан то китобнинг сўнгги саҳифаларигача бош кўтармай ўқиб чиққани, китобнинг ўзигина эмас, унга ёзилган сўзбоши-тақризгача жуда ўқишли, фактларга бой эканини таъкидлади. Олим ва шоир Тўлқин Эшбек китобга киритилган мақолаларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг турли вилоятларига биргаликда сафар қилган пайтлари ёзилиб, ­дунёга келганига гувоҳ бўлгани учун уларни “Йўлчибой” деб атаса ҳам бўлаверишини таъкидлади.

“Шоира жонажон Ватанимиз, фаровон ҳаётимиз, бугунги осойишта кунларимизни улуғлаш орқали инсонларда яратувчанлик, гўзаллик ва муҳаббатга интилиш, буюк ишлар қила олишга ишонч ҳиссини пайдо қилади. Муаллифнинг сатрлари мазмунида бир дам бўлса-да, тушкунлик кайфиятини сезмайсиз. Аксинча, ҳар қандай ҳолатни у сабоқ, ҳаётий бир мактаб нишонаси деб қабул қилади ва ўқувчига ҳам шундай тарзда етказиб беришга интилади. Айни пайтда мақолаларда аждодлар, ён-атрофдагилар, юртдош, қишлоқдош, синфдош, қариндош-уруғ, дўст-биродар, қўни-қўшнидан тортиб, умуман, инсон деган табаррук бир мартабага мансуб зот борки, унга ҳурмат, эътибор, меҳр, саховат назари билан қараш эзгуликка томон йўл очиши ҳақидаги фалсафа сингдирилганлиги сезилиб туради”, деди Тўлқин Эшбек.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қобилбек Каримбеков, шоира Фароғат Худойқулова китоб ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар. Истеъдодли хонанда Сардор Бекмуродов Зулфия Мўминова шеъри асосида яратилган “Болага китоб беринг” қўшиғини ижро этди.

Тақдимотда сўзга чиққан шоир Оллоёр Бегалиев “Зулфия Мўминова ёшлигида юлдуз эди, энди шеъриятимизнинг тўлин оймомосига айланди”, деди ва шеър ўқиди:

 

“Шуъла”нинг юлдузи эди,

бугун шеърият ойидир.

Зулфия қайга бормасин,

ардоқли бўлган жойидир.

Савлатли жуссада пинҳон

жамалак соч қизалоқ бор,

Ижодига обиҳаёт тутган

Нарпайнинг сойидир.

 

Элимизнинг суюкли шоираси Зулфия Мўминова 1959 йили Нарпай туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини 1985 йилда тамомлагач, қатор йиллар “Саодат” журналида, “Спорт” газетасида, Сергели тумани ҳокимлигида, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг “Таълим муаммолари” журналида турли лавозимларда ишлаган. Айни пайтда “Нуроний” газетасида меҳнат қилмоқда.

Шоиранинг дастлабки шеърий тўплами 1988 йилда “Ватан ташлаб кетмайди” номи билан нашр этилган. Шундан кейин “Бешикларни асрагин, дунё”, “Самога сочилган юлдузлар”, “Истиқлол — олтин гулим”, “Ёнаётган аёл”, “Қудратли юртимга”, “Азизим, бахтиёрман”, “Биринчи ўқитувчим”, “Никоҳ шартномаси”, “Аёлга бахт беринг”, “Бир кун дарс қолдирган бир умр пушаймондир” каби китоблари ўқувчилар қалбидан жой олган.

“Бу кунларни шеър қил, шоирим” (публицистик мақолалар, эсселар, шеърлар) тўплами шоиранинг навбатдаги ижодий туҳфаси. Бу салмоқли китоб чоп этилишида адабий маслаҳатчи ва нашр ҳомийси бўлган забардаст публицист, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматовга миннатдорчилик изҳор этсак арзийди.

Тўпламга сўзбоши ёзган филология фанлари доктори Шоҳсанам Давронованинг “Уйғоқ кўнгил изҳорлари” сарлавҳали мақоласида алоҳида қайд этилганидек, ижодкор жамиятнинг нигоҳи ўткир, қалби қайноқ, руҳи уйғоқ вакилидир. У шеърий, насрий ёки драматик асарлар ёзар экан, инсониятнинг ўтмиши, бугунини таҳлил ва талқин этади ва ҳаттоки келажаги тўғрисида ҳам башоратлар қилади. Шу билан бирга кишиларни адабиёт деб аталган ўткир восита орқали тарбиялаш имконини қўлга киритади.

Сўзимиз аввалида севимли кинофильмимизда айтилган икки оғиз сўзни бежиз келтирмадик. Юртимиз мадҳ этилган, дилдан битилган бундай китобларни замондошларимиз албатта билиши, ўқиши керак.

Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × one =