Муқаддас поэтик анъана

ёхуд ўзбек шоири Йўлдош Эшбекнинг “Йиғлаётган қиз” ва

озар адиби Закулло Байрамнинг “Ўзга эшигида йиғлаган бола” асарларини ўқиб

Яшар ҚОСИМ,

Озарбайжон Миллий Илмлар академияси

Низомий Ганжавий номидаги Адабиёт институти

бош илмий ходими,

филология фанлари доктори, профессор.

Шахсияти ва шеъриятига мухлис бўлган икки шоирнинг машҳур шеърлари ҳақида нимадир ёзиш фикри онгимда бирдан пайдо бўлди. Зоҳиран бу шоирлар ва шеърларнинг “яқинлиги”га даъво қилиш ўзимга ҳам ғалати туюлди. Аммо бироз чуқурроқ ўйлаб кўрсам, туркий дунёнинг икки қутбида — Шимоли ва Жанубида, Озарбайжон ва қадимий Туркистонда бири 50 йил, иккинчиси 40 йилдан буён тинмай қалам тебратаётган икки биродар ва замондош ижодкорнинг туйғу ва тафаккурлари муштараклигида ҳеч қандай “ғайритабиийлик”, ғалати ҳолат йўқ. Аксинча, ўхшаш замон ва маконларнинг ҳассос шоирлар қалбида уйғотган ҳамоҳанг кечинмалар, қўша фиғонлар — эш оҳлар, эш қичқириқ ва ҳайқириқлардир!

“Йиғлаётган қиз” (1984) ва “Ўзга эшигида йиғлаган бола” (1988) шеърлари деярли бир даврда ёзилган. 70-80 йилларда қардош Ўзбекистонда ўзининг халқпарвар ва юртсевар нағмалари билан машҳур бўлган Йўлдош Эшбекнинг “Сенинг қўшиғинг”, “Алпомиш”, “Ватан”, “Қиз қўшиғи”, “Деҳқон қўшиғи”, “Ошиқ ривояти”, “Инсон” ва бошқа жанговар шеърлари қаторида “Йиғлаётган қиз” ҳам машҳур эди. Бу қўшиқнинг тингловчилари доираси жуда кенг эди. “Йиғлаётган қиз”ни нафис дидли шеърият ихлосмандлари ҳам, талабалару ёшлар, пахта далаларида тонгдан то кечгача меҳнат ва машаққат чекаётган оддий одамлар, фабрика ва завод ишчилари, ҳеч қачон уйидан, қишлоғидан ташқарига қадам қўймаган итоаткор ва мазлум аёллару қизлар, шунингдек, олимлар, зиёлилар, ёзувчилар, сиёсатчи ва давлат арбоблари ҳам юракдан севиб тинглар, қадрларди.

Бошдан-оёқ шоир бўлган, шоир сифатида туғилган ва ҳанузгача шоирлигига шубҳа бўлмаган Йўлдош Эшбекнинг чинакам изтироблари, ўз юрти ва бутун турк элига бўлган пок севгиси гўё Совет цензурасини ҳам сеҳрлаганди. “Йиғлаётган қиз”нинг қичқириқлари гўё адолатсизлик, тенгсизлик, жиноят ва қотилликлардан ҳолдан тойган айбдор ҳамда қўли қон жамиятни, кенг маънода дунёни “маънавий покланишга чорларди”:

 

Бу оғир боғ ичра оғир қадамлар

Ташлаб кетаётган оғиргина қиз,

Дунё кўзларингдан дунё аламлар

Томчилар, ҳар бири бир улкан юлдуз.

Томчилар кўзингдан норасидалик,

Сўзга айланмаган ёниш томчилар.

Бешафқат дийдорми оғир жудолик,

Йўқотиш томчилар, топиш томчилар.

 

“Йиғлаётган қиз” — шеърнинг бош қаҳрамони. Фақат шеър эмас, балки даврнинг ҳам бош қаҳрамони йиғлаётган қиздир. Зотан, таназзул сари шошаётган замоннинг ундан бошқа бегуноҳ бирорта қаҳрамони ҳам йўқ эди. У фақат ўз тақдирига эмас, балки элининг бошига тушган мусибатлар, миллий бахт ва бахтсизлик ҳақида ҳам қайғуриб йиғларди. “Йиғлаётган қиз”нинг кўз ёшларида барча опа-сингиллар, қизлар, оналар, бувилар, аждод момоларнинг — жароҳатланган ва ярадор миллий хотиранинг изтироблари ифодаланганди:

 

Йўқ, сени алдаган, биров алдаган,

У сени севгандир, йўқ, йўқ, севмаган.

Кўксингга чиройли ўқлар қадаган,

Бировлар алдаган, биров алдаган.

Томчилар кўксингдан келаётган куз,

Оғулар томчилар, гуллар томчилар.

Яқин хотиралар… идрок фаромуш,

Виждонингни ўйиб урар томчилар.

Шоир “Йиғлаётган қиз” фожиаларининг сабаблари ва бу дунё виждонини уйғотиш мумкин эмаслигини чуқур англаб етади. У мансуб бўлган жамиятнинг виждонсиз яшашга маҳкумлигини ва ўзининг ожизлигини ҳам тан олади. Бу дунё бир муштипар жонзотнинг бир томчи кўз ёшига ҳам арзимайди! Аммо бу ёвуз ва гуноҳкор дунё бегуноҳларнинг кўз ёшлари билан покланишни ёқтиради.

Неча минг йиллардан бери инсоният ўзи кашф этган идеал ва маънавий қадриятлардан юз ўгириб, инсонийлик, инсоф ва виждонни унутган ҳолда аллақачон уларсиз яшашга, ҳаёт кечиришга мослашиб улгурган! Аслида, “Йиғлаётган қиз”да шоир бечора, камбағал ва ярим жонли маъсум бир қиздан кўра — етим ва эгасиз дунёнинг ҳолига ачинади, унинг нажоти реаллигига — Виждон, Адолат ва Ҳақиқат ғалабасига қайтиш инсоннинг ихтиёри ҳамда қудратига боғлиқ эмаслигини таъкидлайди. Чунки маънавий жиноятлар ва гуноҳлардан завқланиб яшайдиган, бечора ва ожиз инсонларнинг кўзёшларидан қувонадиганлар виждонга умуман муҳтож эмас.

“Номусли ва ғурурли одам ниқобини кийиб, дунё ва инсониятга сабоқ бермоқчи бўлган бу фирибгарларнинг виждон ҳақида ҳеч қандай тасаввури йўқ. Чунки виждон билан яшаш инсон ҳаётининг бутунлай бошқа — қарама-қарши қутбидир”. Улар ҳеч қачон бу қутбга ўтолмайди, ҳатто яқинлашолмайди. Виждон ва инсоф инсоният ҳаёти ва маънавий фаолиятининг бутунлай бошқа поғонасидир. Бу поғонага дунёни “айлантираётган” ва бошқараётганларнинг умуман алоқаси йўқ. Шоирнинг бадиий-психологик ташхиси жуда аниқ ва ишонарли: “Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб”. Изтироб эса қалбан ва руҳан ифлосланган одамлар учун ёт ҳолат. Виждонсизлар — гуноҳлардан, гуноҳли кунлар, ойлару йиллардан тўймайди. Виждон эса ноҳақ амаллар, гуноҳлардан туғилган азобдир, даҳшатли бир ички пушаймонлик ва оғриқли тавба-тазаррудир.

Бечора ва ожиз инсонларни йиғлатаётган дунё соҳибларига бундай маънавий кечинмалар бегона, одатда, ҳар бир жамиятнинг элита қатлами катарсисдан йироқдир, тўғрироғи, улар фақат маънавий фазилатларнинг сохта кўринишини яратиш билан банд бўлади:

 

Виждонсиз номусли ниқобин қўймас,

Виждоннинг ҳар дами руҳий изтироб.

Виждонсиз хатосиз кунлардан тўймас,

Виждон бу хатодан улғайган азоб.

Сени юпатмоққа журъат йўқ менда,

Сен менинг кечмишим, умрим бўлаги.

Фақат мен қайғулар тиларман сенга,

Каттакон қувончнинг унсиз ўланин!

 

Шоир гўёки ўз севимли қаҳрамонини қутқаришга уринмайди, унинг нажоти учун ваъдалар бермайди. Ҳатто унга улкан изтироблар тилайди, фақат бу изтироблар орқали катта қувончларга етишиш, нажот таъмини ҳис этиш ва татиб кўриш шарти билан! Зеро, катта қувонч фақат катта изтироблардан туғилади! Буюк қувончга эришиш учун яна ва яна изтироблар, дардлар тортиш, алданиш, мағлубиятларни бошдан кечириш, кўп бор алданган ҳолда дунёни янада теранроқ англаш зарурлигини таъкидлайди шоир. У ўқувчига миллий ғалаба маънавий покланиш ва тараққиёт йўли орқали келишини, алданиб-алданиб ва йиғлаб-йиғлаб идеал миллий мақсад ва ҳақиқатга эришиш мумкинлигини уқтиради. Зотан, қаердандир пайдо бўладиган “Оқ отли шаҳзода”нинг нажоткорлиги эртак, холос, кўпи билан афсона ёки достон бўлиши мумкин. Ҳаёт ва ҳақиқат талаб қилган нажот йўли эса — курашиш, алданиш, йиғлаш, минглаб қалбларнинг кўзёшлар билан покланиши, биллурдек тиниқлашиши ва комиллашишидир. Тўсатдан нажот келмайди, бир кечада озодликка эришиш ёлғон! Ҳатто ўша қонли ва ҳалокатли Бокунинг 20 январь кечаси бўлса ҳам! Ҳар бир қарич ери кўзёш ва қон билан суғорилган Қорабоғ, қардош Украина миллий озодлик урушлари буни очиқ-ойдин кўрсатмаяптими? Қуйидаги мисралар муаллифнинг миллий бахт ва бахтсизлик формуласидир. Бир миллиметр ҳам хато ё янглишликка йўл қўйиб бўлмайди. Шеърий ифода математик тенглама, кимёвий формула сингари аниқ:

 

Алданмоқ тиларман сенга кўп марта,

Алданмоқ — дунёга назар, англамоқ.

Алданмоқ — кўзёши қилмоқ, йўқ, артмоқ,

Алданмоқ — курашга отланмоқ демак.

 

Буюк халқ изтиробининг юксак бадиий-эмоционал ифодаси бўлган бу мисралар гўёки Буюк миллий ҳаракатнинг бошланиши бўлган биринчи қадам, илк ҳаракат, илк исёнкор қарордир — агар ҳеч нарса мумкин бўлмаса, ҳеч нима қилолмасанг, ўзингни, борлиғингу ҳақиқатни ифода этолмасанг, йиғла! Ҳеч бўлмаса овозингни бу кар ва лол дунё эшитсин! Ҳеч қурса эл-юртинг эшитсин! Фақат йиғла! Қичқириб йиғла!

 

Йиғламоқ тиларман, қайнаб йиғлагин,

Тишларингни секин қайраб йиғлагин!

Ўнта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!

Юзта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!

Мингта мард ўғлонинг бўлгунча йиғла!

Паймонанг тўлгунча, тўйгунча йиғла!

 

Шоир нега халқини йиғлашга чорлайди? Зеро, йиғламоқ фақат ожизлик ёхуд мазлумлик белгиси эмас. Йиғламоқ эътироз ва қаршиликнинг биринчи босқичи, муқаддимасидир. Бунда биргаликда йиғлаш Миллий бирликнинг бошланишидир. Йиғламоқ, тўғрироғи, биргаликда йиғламоқ, миллий фарёд, дод-вой ва миллий даъво туғилишидир. Шеър эпилогида турк шоирининг бутун дунё ташвишларини, дардини ўз елкасига олган Эркак образида гавдаланиши кўрсатилади. Вақтида бу “Йиғлаётган қиз”га, яъни, дунё образига эгалик қилган эркак бугун ҳам у билан бирга бўлишга, юзма-юз туриб йиғлашга уялган бўлса-да, ҳануз уни севишини тан олади. Туркнинг севгиси эса ҳар доим ўзида нажоткорлик вазифасини ташийди. Туркнинг севгиси — ҳамиша идеал ва илоҳий севгидир:

 

Улар лаззатхўрлар, қароқчилардир,

Умрлари узун, соб бўлмас, эсиз!

Бу дунё — аслида алдоқчилардир!

Бу дунё — аслида йиғлаётган қиз!

Мен сенга қўшилиб йиғлай олмасман,

Фақат бош эгаман қайғунгга сўзсиз.

Мен сенга талпиниб, асло толмасман,

Мен сени севаман, йиғлаётган қиз!

* * *

Закулло БАЙРАМнинг “Ўзга эшигида йиғлаган бола” шеърида умумхалқ ва умуминсоний мазмун билан йўғрилган фожиавий пафос етакчи мавқега эга. “Йиғлаётган қиз” ҳам, “Ўзга эшигида йиғлаган бола” ҳам нафақат шеъриятда, умуман олганда, сўз санъатида энг маъсум ҳамда фожиавий образлар ҳисобланади. Улар кўтариб турган ижтимоий-эстетик юк, маънавий-психологик оғирлик ва миллий-эмоционал мазмун жиҳатидан бир-бирига йироқ эмас. Аксинча, улар мағлуб ва мазлум миллатлар бадиий арсеналидаги энг ҳаракатчан ва фаол поэтик фигурадир. Қизиқ, уларнинг бадиий тафаккурдаги ҳаракат траекторияси, фаолият майдони ва замони ҳам бир-бирига уйғундир. Агар “Йиғлаётган қиз”да миллий ва умуминсоний номус, орият, шараф ва қадр-қимматнинг қадимий дунё томонидан хўрланиши, таҳқирланиши бадиий-фалсафий таҳлил марказига олиб чиқилган бўлса, “Ўзга эшигида йиғлаган бола”да миллий поклик ва бегуноҳликнинг абадий йўқолишидан келиб чиққан бетакрор изтироб, миллий номуснинг поймол қилинишига нисбатан эркакларча (шоирона эмас!) исён, миллатнинг илдизини ҳимоя қилиш ва асраш эҳтироси олдинга чиқади. Ҳар икки шеърда биз бошимизга тушган тақдир, фожиа билан ярашмаслик аниқ ифодаланади:

Саҳар ҳам, оқшом ҳам бошини эгиб,

Оқ кияр, кўк ўрар, қораяр боғлар.

Ҳаётидан ранжиб, тақдирдан безиб,

Ўзга эшигида бир бола йиғлар.

 

Бу бола нега ўзга эшигида бош эгиб турибди? Нега унинг ўз уй-жойи, ўз эшиги йўқ? Ҳаёти чилпарчин бўлган, тақдири синдирилган бу болага эгалик қилувчи йўқ. Шу боис у кўзларидан “олов тўкади”, сув эмас, “кўз ёши ичади”, қуёш унга қип-қизил, “ёғли чалпак”дек ширин туюлади. Тақдирсизликнинг бадиий тасвири ва таҳлили шеърда ниҳоятда муваффақиятли чиққан. Бу етим, эгасиз боланинг бошию сочларини “шамоллар ялаб ўтади”, оёқларини эса фақат тошли, чўққили йўллар силайди, ўпади… Эгасиз ва етимликдан келиб чиққан ёлғизлик, ожиз ҳамда ҳимоясизлик шоир томонидан табиий ва эмоционал бадиий воситалар билан тасвирланган:

 

Кўзидан ўт тўкар, кўзёши ичар,

Қуёш кўкдан тушган ёғли бир чалпак.

Шамоллар бошини жим ялаб ўтар,

Йўллар оёғини ўпар онадек…

 

Дунёнинг шафқатсизлиги бола ва дунё қарама-қаршилиги майдонида жуда аниқ кўринади, эгасиз бола ҳамда дунё тўқнашуви эса кескин ва таъсирли. Айнан шу фон остида “Дунёнинг энг совуқ юзи” очиқ ва ойдин кўринади. Биз эса бир етим боланинг бахтсизлигини алам билан васф қилиш, бу қари ва шафқатсиз дунёни яна бир бор фош этишдан шоирнинг мақсади нима, аслида?

 

Қайси муҳаббатнинг у илк меваси

Кўз очиб гул экди, кўз ёши терди?

Ёнди томоғимда “Она” калмаси —

Дунёнинг энг совуқ юзини кўрди…

 

Закулло Байрам “Ўзга эшигида йиғлаган бола”нинг миллий мансублигини таъкидлар экан, уни фақат этно-миллий бир шахс сифатида эмас, балки поэтик образ сифатида тасвирлайди, охирги юз йилда у босиб ўтган йўлни кўз олдимизда гавдалантиради. Тўғриси, бу етим, ёлғиз, “дарбадар, эгасиз бола” икки юз йилдан бери ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиб келмоқда, ўз уйидан қувиб чиқарилган, кўчалару йўлларда “яшамоқда”, қичқирмоқда, йиғламоқда, фарёд чекмоқда… Аммо унинг ноласини эшитгувчи йўқ. Кар ва кўр дунёнинг бефарқлиги шоир қалбида чексиз изтироблар уйғотади:

 

Қайси тоғ кўтарар энди бу доғни?!

Энди қайси замон, қайси бир кундир?!

Собирнинг “дарбадар, бошсиз боласи”

Ётлар эшигига сиғинар энди…

 

“Ўзга эшигида йиғлаган бола” асарининг бадиий пафоси ва фалсафасини теран англаш учун бош қаҳрамоннинг фақат этно-миллий келиб чиқишини билиш етарли эмас. Унинг фуқаролик моҳияти, Ватанининг бошига тушган мусибатлар, таржимаи ҳолини ҳам билиш зарур. “Ватан” шеъри бу борада алоҳида вазифани бажаради, муаллиф гўё бу икки шеърнинг ички ҳиссий боғлиқлигини табиий равишда ҳис қилган ва китобда уларни ёнма-ён жойлаштирган. Демак, “Ўзга эшигида йиғлаган бола”дан “Ватан” шеърига ўтиш табиий ҳол. Ахир “Ватан” (иккала шеър ҳам бир йилда ёзилган!) фақат “Бола”нинг эмас, балки шоирнинг ҳам фуқаролик таржимаи ҳолидир:

 

Руҳим сенинг, тилим сенинг,

Салом, элим! Салом, Ватан!

Пойингда ўлайин сенинг,

Бурчим — Ватан, қалъам — Ватан!

 

Албатта, бегона эшикларда йиғлаётган бола ўз ҳолига, ўз қисматига йиғлайди. У Ватанининг бошига тушганлардан бехабар. Бола уйи талон-торож этилгани, ота-онасининг йўқлиги ёки ўлдирилгани учун кўз ёш тўкади, ёрдам сўрайди, ҳали катта Ватаннинг ҳам ўзи каби ожиз эканини тасаввур қилолмайди:

 

Ёт оғизда ҳуштак бўлиб,

Бизларга муштарак бўлиб,

Ҳар етганга едак бўлиб,

Ўзи четда қолган Ватан!

 

“Ўзга эшигида йиғлаган бола”да муаллиф аниқ, индивидуал ва вазиятга хос фожиани тилга олади. “Ватан”да эса миллий фалокатнинг чексизлиги, замоний ноаниқлик, яъни замонсизлик кўзга ташланади. Энди бу фақат бир озарбайжон боласининг эмас, балки бутун дунё болаларининг оғриқли йиғисидир. Заки Байрам Юртчи миллий қиёматни сокин, сабр билан, босиқлик ила таҳлил қилишни билади. Хусусан, қуйидаги сатрлар ҳам ўқувчининг юрагини тилади, лекин уларда қичқириқ, нолиш, ваҳима йўқ. Муаллиф кўргани, ҳис қилгани, бошидан кечирганини ёзади:

 

Мен кетаман — изим қолмас,

Ўтим ёнади — чўғим қолмас.

Ҳеч пойингдан пойим қолмас,

Дарди менинг бўлган Ватан!

Бир бўстондир — у таланган,

Бир йўлбарсдир — яраланган,

Қалбим каби пораланган,

Кўнглим каби талон Ватан!

 

“Ўзга эшигида йиғлаган” боладан фарқли ўлароқ муаллиф гувоҳи бўлган адолатсизлик ва фожиаларни бошқа кўз билан кўради. Шоир кўпроқ нарса билган, чуқур ҳақиқатлардан хабардор бўлганлиги учун на болага қўшилиб йиғлайди, на унга таскин бермоқчи бўлади:

 

Етмас қулоғига саси замоннинг,

Бир ўзинг йиғласанг бир умр яна…

“Ўзга эшигида йиғлаган”ларнинг

Ҳолига йиғлаган ҳамон йўқ эса!

 

Гардиши давронимиз, ҳаётимиз гўёки золим ўгай она, бераҳм ўгай отадек. Айнан шу сабабли шоир бизга умид бермагани учун уни айблашга ҳаққимиз йўқ. Шоир қатъий ҳукм чиқаради: сенинг овозинг замон қулоғига етмайди! Бу банддаги қатъийлик, ҳукм, албатта, болага эмас, биз катталарга қаратилган. Аммо юқоридаги банднинг иккинчи ва тўртинчи мисралари ўйлантиради: яъни, фақат йиғлаш билан дардингга даво топиб бўлмайди! Яна агар сенинг ҳолингга ўзингдан бошқа ҳеч ким йиғламаса, ачинмаса, унда ҳолингга вой! Шеърда қуйидаги бетакрор мисралар ҳам инсон ва дунё контекстида эмас, айнан бизнинг тақдиримиз ва дунёмиз нуқтаи назаридан англаниши даркор:

 

Тинмай йиғлаб-йиғлаб туғилган бола,

Балки ўлгунича йиғлайверажак!

 

Бу сатрларга сингиб кетган Сизиф азоби, Прометей изтироби ва машаққатининг куйдирувчи ҳарорати юзимизга урилади. Ва ҳайратга соладиган жиҳат шундаки, ҳар икки турк юрти шоирлари ёлғон сўзлаш гуноҳини зиммасига олишни истамайди. Закулло Байрам ҳам, Йўлдош Эшбек ҳам йиғлаётганларнинг ҳолига ачинади, аммо уларнинг бу аҳволдан нажот топишини тасаввур ҳам қила олишмайди. Ҳар икки шоир ўзининг йиғлаётган, эгасиз ва етим фарзандларини абадий мадҳ этишга бел боғлаган:

 

Мен сенга талпиниб, асло толмасман,

Мен сени севаман, йиғлаётган қиз!

 

Ўзбек ва озарбайжон шеъриятида “Она”, “Буви”, “Қиз”, “Ота”, “Бобо”, “Қария”, “Фарзанд”, “Бола”, “Ўғил”, “Учинчи ўғил”, “Учинчи қиз” ва бошқа шунга яқин мавзуларда бадиий жиҳатдан мукаммал кўплаб поэтик намуналар мавжуд. Мумтоз шеъриятимиз ҳам ўз эстетик мазмуни ва ғоявий йўналишига кўра бадиий тафаккуримизни ифодаловчи шу каби этно-поэтик образларга бойдир. Айниқса, ХХ аср туркий халқлар шеъриятида миллий маънавият ва озодликни тараннум этиш жараёнида бу турдаги образларнинг бадиий-эстетик қиймати ва аҳамияти сезиларли даражада ошди. Шу нуқтаи назардан қараганда, ўтган асрда Озарбайжон шеъриятида Ҳусайн Жовид, Муҳаммад Ҳоди, Аббос Саҳҳот, Абдулла Шоиқ, Жаъфар Жабборли, Аҳмад Жавод, Микойил Мушфиқ, Самад Вурғун, Бахтиёр Ваҳобзода, Али Карим, Маммад Араз, Халил Ризо Улутурк, Фикрат Қўжа, Фикрат Содиқ, Маммад Исмоил, Исо Исмоилзода каби ўнлаб бошқа шоирлар илҳом билан яратган она, ота, ўғил, қиз, фарзанд, бола образлари ва шу мавзулардаги ўзига хос шеърлари фикрларимизни тасдиқлайди.

Ўзбек мумтоз ва замонавий шеъриятида ҳам, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Зулфия, Шуҳрат, Шукрулло, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Чўлпон Эргаш, Жамол Камол, Муҳаммад Али, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Қўчқор каби қатор ижодкорлар асарларида момо ва боболаримизга, отаю онага, ўғил ва қизга, учинчи ўғил ва учинчи қизга катта муҳаббат билан ёзилган гўзал ҳамда эмоционал шеърлар, образлар мавжуд.

Юқорида таққослаб кўриб чиққанимиз Ўзбекистоннинг таниқли сўз санъаткори Йўлдош Эшбекнинг “Йиғлаётган қиз” ҳамда Озарбайжоннинг истеъдодли шоири Закулло Байрамнинг “Ўзга эшигида йиғлаган бола” шеърлари ҳар икки биродар халқ шеърияти ва адабиётида чуқур илдиз отган қадимий ҳамда ниҳоятда инсонпарвар адабий тажрибанинг ёрқин намунаси бўлиб, минг йиллардан бери авлоддан-авлодга ўтиб келаётган, замонлар ўтган сайин теранлашаётган муқаддас поэтик анъанани янада бойитмоқда, десак, муболаға бўлмас.

Озарбайжончадан

Раҳмат БОБОЖОН

таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + thirteen =