Она изтироби

Бу воқеа ўтган асрнинг етмишинчи йилларида олис қишлоқлардан бирида рўй берганди. Ўша куни ерда қор бор эди. Фотиманинг боласи кечаси билан йиғлаб чиқди. Эрталаб иситмаси кўтарилгач, инграй бошлади. Қайнонасига айтганди, болани қўлига олди-ю, юзига қараб: “Бу боёқишга кинна кирибди, бир-икки бўлак нон олиб чиқ”, деди келинига. Ўзича билган сураларидан ўқиб, нон бўлагини боланинг қорнига айлантириб, кинна солди. Сўнг: “Буни кўчага қўйинглар, қушлар, ит-мушуклар еб кетади”, деб катта неварасига узатди.

Қорни оғриётган бола қаттиқ безовта бўла бошлади. Касалхона анча олисда эди. Қишлоқда бор-йўғи битта трактор бор эди, холос. Энди мактабга чиққан ўғлига: “Бор, болам, Эломон акангга айт, бизни касалхонага олиб борсин. Аям илтимос қилди, дегин”, — деб уни Эломон тракторчиникига юборди.

Тракторчи келмади. Аёли: “Кеча ўлгудай ичиб келганди”, дебди.

Фотима ранг-рўйи тобора сўлиб бораётган, ҳар замонда бир инграётган боласини даст кўтарди-ю, касалхонага йўл олди. Шошганидан эгнига қалинроқ кийим киймаганини йўлда, совуқ ўтганида сезди. Қор оралаб кетаркан, боласининг омон бўлишини Аллоҳдан ўтиниб сўрарди.

Икки соат деганда касалхонага аранг етиб келди. Дарвозадан кириши билан бола шилқ этди-ю, бошқа бошини кўтармади.

Дўхтирлар “Кўричаги ёрилиб кетибди, сал олдинроқ олиб келмабсиз-да, опа”, дейишди.

Эломон янгасини кўрса, юзига қараёлмай қолди. Чунки янганинг кўзида қотиб қолган муздай ёш унинг юрагига ўқ бўлиб қадалар, “Эҳ, қайнука, бир кун ароқ ичмасангиз нима қиларди? Ахир мен сизга ишонгандим-а!..” деяётгандай бўларди. Онанинг бу изтироби уни телба қилиб қўяй деди. У қишлоқдан кўчиб кетди.

Шуҳрат РЎЗИЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − thirteen =