Онажоним

Нодар ДУМБАДЗЕ,

грузин ёзувчиси

(“Қуёшли тун” романидан парча)

Мен секингина эшикни очдим. Онам дераза олдида ўтирганча Варазис-Хевини томоша қилаётганди. Қачон уйга келсам, у мени доим илҳақ бўлиб кутиб ўтирган бўларди. Онамга ҳеч нима демай уйдан кетиб, унга нисбатан ноҳақлик қилганимни тушуниб етдим. Уйга кеч келаман, бошқачасига иложим ҳам йўқ-да. Ўн икки йил давомида қаерга кетяпман, қачон келаман, мендан ҳеч ким сўрамади. Мени озгина тергаш ҳам эркинлигимга қаттиқ таъсир этиб, ҳаяжонга солади. Онам аҳволимни яхши тушунарди. Шу боис ҳам борган сари ғамгин ва индамас бўлиб бораётганди. Биз иккаламиз ҳам қийналаётгандик. Кечалари яхши ухламасдик, баъзида онамнинг каравотига ўғринча назар ташлардим. Мен унинг маъюс намли кўзларини, айтолмаётган таънаю дашномларини ҳис этардим. У баъзан ҳеч нарсани сўрамас, бирон нарсани гапириб ҳам бермасди. Одатда, мен ҳам жим турардим.

Аммо бугун ўзгача кун. Бугун ичимдагини тўкиб, юрагимни бўшатиб олишим шарт эди. Суҳбатдошга муҳтож эдим. Бирданига онажонимнинг қаршисига ўтирдим. Қўлларини тиззамга қўйиб, ақлли, шаҳло кўзларига узоқ тикилдим.

— Ўғлим, сенга нима бўлди? — деб онам ҳайрон бўлганча бошимни силади.

— Онажон, денгизни эслайсизми? Мен эслайман. Болалигимда Кобулетига олиб борардингиз.

— Ҳа, болам.

— Биз қуёшнинг ботишини биргаликда томоша қилардик.

— Эсимда.

— Денгиз ва қуёш — икки мўъжиза, тўғрими, онажон? Қуёш — бу шундай мўъжизаки, қараган сайин жонингга тегмайди. Тўғрими, онажон?

— Йўқ, болам! — деб онам кўзини юмганча бошини қимирлатди. У ўзи ҳақида нималарнидир ўйлаб узоқ сукут сақлади.

— Онажон!

— Тўғри, қуёш мўъжиза, — давом этди онам. — Бироқ сен ҳақиқий қуёшни кўрмагансан… Қуёшдан жизғанак бўлган яйдоқ чўл… Ўлик тошлар, дарахтлар, ер… Қуруқшаган томоқлар… Бўм-бўш миялар… Ҳаётда шундай одамлар бўладики, улар қуёшни кўришмайди, ботишидан қувонишади. Улар эртаси куни қуёш яна шундай бешафқат бўлмаслигига умид қилишади… Тушундингми, ўғлим?

Мен жавоб бермадим. Онам маъюс бўлиб кулди.

— Сенга кўринаётган қуёш, албатта, бу мўъжиза. Унга қараган сайин умринг узаяди ва охиригача ҳам зериктирмайди…

Онам ўзининг иссиқ қўллари билан нам лабларимга қўлини қўйди. Мен унинг тиззасига бошимни қўйдим.

— Кўряпсизми, онажон, энди кичкина бола эмасман… Сиз ҳалигача мени саккиз яшар бола деб ўйлайсиз, ахир йигирма ёшга кирдим. Сиз ҳаммасига ҳайрон қоляпсиз, қилаётган ишларим сизга ёқмайди. Мен яхши деб қилаётган, қувонч келтираётган ишларим сизни хавотирлантиради. Сиз барчасига шубҳа билан қарайсиз. Онажоним, ўтган хотиротларни энди унутинг: мен энди қандай яшайман?

— Буни унутиб бўлмайди!

— Тушунинг, энди саккиз яшар болакай эмасман!

— Шундай бўлса ҳам, — деди онам ички ҳаяжон билан. Унинг энгаги қалтиради.

— Нега ундай дейсиз? Нега, онажон?!

— Чунки сен мен учун ҳалиям саккиз яшар боласан.

— Онажон, мен ахир йигирмага кирдим!

— Бу менга ҳеч нарсани англатмайди.

— Мен бугун… бугун…

— Нима бугун…

— Бугун Гуликога: “Мен учун дунёдаги энг азиз инсонсан, биргаликда денгизга борамиз”, дедим. Мен унинг тиззасига бошимни қўяман. Биз кун бўйи сиз яхши кўрадиган қуёшни томоша қиламиз. Биз бир умр бирга бўламиз… Онажон, бу сизни қувонтирмайдими?

Онам ўрнидан турди-да, бир қўли билан мени ўзига тортиб қучоқлади ва иккинчи қўли билан жимгина сочларимни силади:

— Ҳа, болам-а, болам-а, бу нима деганинг? Бу мен учун жуда муҳим-ку! Энг асосийси, мен билан бирга яшасанг, менинг энг яқин одамимдай, бегона бўлиб эмас! Эшитяпсанми? Мен учун бегона бўлмасанг, асалтой ўғлим, ана шунда барча-барчасини унутаман! Болам, менга айт-чи, мени яхши кўрасанми? Биз ҳар доим бирга бўламиз, дегин! Шундай дегин, болам. Бахтиқаро онангни тинчлантир!..

Онам стулга ўтириб, юзини қўллари билан бекитди. У нима учундир йиғламади, бироқ унинг қўллари оҳиста қалтирарди. Мен бўғзимга тиқилган йиғини зўрға ушлаб турдим. Онам тезда ўзини босиб олиб, қўлларини туширди.

— Онажон, — дедим аста, — Гуликони икки йилдан бери севаман. Тасаввур қиляпсизми, икки йил бўлди-я?

— Бу кўп муддат эмас, болам! — деди онам маъюс жилмайиб.

Мен индаёлмай қолдим.

— Сизни ҳам жуда-жуда яхши кўраман, — дедим, лекин сўзларим ишончсиз чиқди. Онам буни сезди.

— Биламан, — дея яна кулди онам.

— Фақат…

— Фақат Гуликони мендан-да кучлироқ яхши кўрасан ва ҳар доим у билан бирга бўлишни хоҳлайсан. Шундайми?

— Йўқ! Йўқ…

— Ҳа! Ҳа.

— Тўғри, Гуликони севаман, шу баробарида, онажон, сизни ундан ҳам аълороқ севаман. Сизни кўпдан бери яхши кўраман.

— Ҳа, кўпдан бери. Афсуски, мен буни унутиб қўйганман.

— Онажон, — дедим бирданига ва сўраб қолдим, — сиз отамни севганмисиз?

Онам кўзини юмди ва ҳеч нарса демади. Шунда жуда аҳмоқона савол берганимни тушуниб етдим.

— Сен отангни эслайсанми? — деб сўради онам оҳиста.

Бу сўровдан сўнг ўйланиб қолдим. Отам… Наҳотки отамни эсласам?.. Ўрта бўйли, кўкимтир қора сочли чиройли киши эди. Чарм пальто ва этик, баъзида тўмтоқ тумшуқли туфли ва ингичка шим кийиб юрарди… Ниҳоятда қаттиққўл эди. Унда кимнингдир илтимоси бўлса, мени жўнатишарди. У мени яхши кўрарди… Яна нима? Бошқа ҳеч нарса… Мен кўзимни юмаман, отамни шундай тасаввур қиламан… Ҳозир эса ҳеч нарсани кўрмаяпман… Бўшлиқ, даҳшатли бўшлиқ… Демак, барчаси бу — бошқаларнинг сўзига қараганда бекорчи гаплар. Мен ҳеч нарсани эслаёлмайман, қанчалик ҳаракат қилмайин, ўлай агар, эслолмаяпман…

— Йўқ, онажон, эслаёлмайман… Эсласам керак деб ўйловдим…

— Йўқ.

— Ҳа, шундай, унинг расмини ҳам кўрганим йўқ!

Онам секин юриб, шкафидан сумкасини олди ва қандайдир расмни олиб, олдимга ташлади. Ҳайрон бўлиб, эски, сарғайиб кетган картон бўлагини кўрдим. Унда яланғоч, хурсанд бўлиб кулиб турган бир яшар бола айиқ териси устида ётарди.

— Ким бу?

— Сенинг отанг!

— Отам?! Наҳотки бу менинг отам?! — сўрадим мен, гўёки бутун баданимда чумоли ўрмалагандай бўлиб.

— Ҳа, албатта, бу сенинг отанг, мен эса онангман!

Онамга яқинроқ келиб, кўксига бошимни қўйиб йиғлаб юбордим. У жим турар ва мени юпатмасди ҳам.

— Онажон, кечиринг. Мен ва отам сизга етказган озорларимиз учун кечиринг… Онажон, сиз учун нима керак бўлса, нимани хоҳласангиз, барисини бажо келтираман… Агар хоҳласангиз, одам ўлдираман, истасангиз, Гуликони ҳам унутаман ёки ўзимни отаман… Фақат кечиринг мени, онажон, кечиринг…

Онам бошимни астагина силаб жим турарди. Кейин бирданига уйғонгандай, секин сўзлади:

— Йўқ, болам, менга ҳеч нарса керак эмас. Мен учун бировни ўлдириш шартмас. Севгин, агар севсанг, модомики у ҳам севса. Сизлар ҳаётда ҳали кўп нарсаларни тушунмайсизлар, билмайсизлар севги нималигини… Менинг ҳаётим ҳали тугамаган, бироқ умр йўлим ниҳоясига етган кўринади… Ҳозирча ҳаётман, сени ёлғизлатиб қўймайман, қийналишингга изн бермайман. Агар ёрдам зарур бўлиб қолса, барисини бажараман… Бироқ, болам, сенинг ўз йўлинг бор, ўша йўлдан дадил юришинг лозим.

— Аммо, онажон, қандай?

— Билмайман… Агар билганимда эди, унда қайғулар камроқ бўлармиди…

— Шундай бўлса-да, айтинг, нима қилсам яхшироқ бўлади?

— Орзуларингнинг барчасига тўғрисўзлик ва бағрикенглик билан эришишни одат қил.

— Бу нима ўзи?

— Билмайман. Одамлар ёмонлик қилишади-ю, яхшилик қиляпман деб ўйлашади.

Онам сўзини тўхтатди-да, дераза ёнига келиб Варазис-Хеви дарёсига тикилиб қолди. Унинг ёнига келиб турдим. Ундан яна ниманидир кутаётганимни сезди-ю, мен томонга қайрилиб жилмайди.

— Фақат яхшидан ёмонни ажратиб олишни ўрганиб олгин, болам.

— Қандай қилиб?

— Билмайман, болам. Аммо шуни яхши биламанки, ҳаётнинг ўзи сенга буни ўргатиб қўяди.

— Ҳозир-чи? Ҳозир нима қилишим керак?

— Ҳозирми? — онам бироз ўйланиб қолди. — Ҳозир бориб ухлагин…

Онам пешонамдан ўпди. Мен жимгина ечиниб, ўрнимга бориб ётдим.

…Эрталаб уйғониб, онамнинг дераза олдида ўтирганини кўрдим. Бошини тирсагига қўйганча ширин ухлаб ётарди. Унинг юзида одамни сеҳрловчи нур — ним табассум акс этарди.

Мен кийиндим-у, қўлимга китоб олиб, секин эшик томон йўналдим.

— Болам, турдингми? — онамнинг овозини эшитдим.

Ортимга қайрилиб, табассум билан онамга қарадим.

— Қаерга кетяпсан, болам?

Бу сўз ҳаётимда биринчи маротаба менга чексиз ҳузур бахш этди: демак, менга кимдир қизиқ­япти: қаерга кетяпман, қачон қайтаман — мени тергаяпти… Бу тўртта юракка ёқадиган одатий илиқ сўзларни йўқотиб қўйишдан қўрқдим. Қўлимдаги китобни ўз жойига қўйдим. Негадир ҳеч қаерга боргим келмасди…

Рус тилидан

Иззат АҲМЕДОВ таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four − four =