Дунёнинг энг бой тили бахтсиз бўлиши мумкин эмас!

Тил — тақдир дегани. У миллат тақдири, унинг ўтмиши ва ёрқин келажагидир. Бунинг учун эса миллий тил ҳаётда кенг кўламда амал қилмоғи лозим. Чунки давлат тилининг амалдаги мустақиллиги, мустаҳкамлиги, мавқеи — миллат қадри ва қадриятларининг бардавомлиги, собитлигини таъминловчи куч.

Бу сўзларнинг қанчалар ҳақиқат эканига яқиндагина Жанубий Корея Республикасига қилган хизмат сафаримиз давомида яна бир бор амин бўлдим. Халқаро анжуман сабаб бир ҳафтага яқин Сеул шаҳрида бўлиб, “Осиё арслони” деб аталмиш бу юртнинг бугунги юксак тараққиётининг асл илдизларини англагандек бўлдим. Аввало, бу баҳо меҳнаткаш корейс халқининг ўз юртига бўлган чексиз муҳаббати, миллий қадриятларига ҳурмати ва она тилига садоқати туфайли бўлса ажаб эмас. Ҳар юртнинг ободлиги шу мамлакат, миллат фарзандларининг Ватанига, қадриятларига ва тилига муносабатида намоён бўлади.

Биз иштирок этган халқаро анжуманда 23 мамлакатдан вакиллар, гуруҳлар қатнашиб, гарчи улар орасида фақат ягона гуруҳ кореялик мутахассислар бўлса-да, ҳар кунлик тадбирлар, аввало, Корея Республикасининг мадҳияси билан бошланиб, бошловчилар томонидан табрик, таништирув ва эълонлар ҳам аввал корейс, кейингина умумий восита тил бўлган инглизчада эълон қилиб борилди. Жойлашган ўринларимизга қўйилган қайд варақалари, йўриқномалар ҳам фақат давлат тили — корейс тилида ва кичик ҳарфлар билан инглиз тилида ёзилган эди. Мен яна корейсларнинг ўз байроқлари, миллий қадриятларига муносабатларига-да қойил қолдим.

Биз жойлашган бинонинг озодалигига масъул бўлган оддийгина ходимадан тадбирдан сўнг айланиш учун атрофда қандай диққатга сазовор жойлар борлигини сўрадик. Аёл тарихий жойлар, тарихий шахслар, бинолар ҳақида шунақанги завқ билан батафсил гапириб беришдики, унинг ҳаяжонли сўзларида, кўзларида туғилиб ўсган заминга бўлган чексиз меҳр ва муҳаббати намоён эди. Бундан таъсирланмасликнинг иложи йўқ эди.

Менимча, ҳар бир инсон Ватанни чин маънода севиши мана шундай ҳеч бир иддаосиз, таънасиз, содда ва самимий бўлади. Ва уни борича, борлиғича севган инсон тилига, миллатига, қадриятларига заррача хиёнат қилмайди.

“Миллат ўлмайди, агар у ўзини ўзи ўлимга маҳкум этмаса”, дейди америкалик шоир Ральф Эмерсон. Миллий тилга эътиборсизлик, ҳурматсизлик, унинг қадрсизланиши эса айни миллатнинг инқирозга маҳкум этилишидир.

Шундай экан, бу борада давлат тилига эътибор масаласи ҳукумат томонидан янада қўллаб-қувватланиши, тилимизнинг мавқеини қонунан ҳимоя қилиш, мақомини мустаҳкамлаш адолатли ва ўз ўрнида зарурий давр талабидир.

Мамлакатимизнинг Давлат тили ҳақидаги янги таҳрирдаги Қонуни 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”, деб ёзиб қўйилган.

Бугун Янги Ўзбекистонда она тилимизнинг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқ­ёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашга қаратилган янгидан-янги ташаббуслар илгари сурилаётганининг гувоҳи бўляпмиз.

Муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ушбу соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этишга қаратилишидир. Янгича ташаббуслар мамлакатимизда ўзбек тилини замон талаблари асосида ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлаш борасидаги масъулиятли вазифаларнинг самарали ижроси учун ниҳоятда зарур.

Шуни таъкидлаш керакки, миллий тил нафақат муносабатлар воситаси, балки миллий маданият калити, қадриятлар узвийлиги учун туб мустаҳкам илдиз саналади. Бу қоидалар бугун қанчалар ҳаётимизга татбиқ этиляпти?..

Бугун пойтахтимиз кўчаларини айлансангиз, кўзингиз қувнайди, дилингиз ғурурга тўлади. Йилдан-йилга чирой очиб, яшилланиб, янгидан-янги осмонўпар бинолар шаҳар ҳуснига кўрк қўшиб бормоқда. Аммо, минг афсуски, юртимиз шаҳар ва туманларида қад ростлаб турган баъзи бинолар, савдо марказлари, овқатланиш шохобчаларидаги тановул рўйхатлари, нархнома, пешлавҳалар ва рекламалардаги ном ҳамда ёзувларни кўрган киши афсусланади. Деярли барчасида рус тилида ёзилган. Гўё хорижий мамлакатга тушиб қолгандек тасаввур уйғонади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунининг 20-моддасида аниқ-тиниқ равишда “Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин”, Қонуннинг 22-моддасида эса “Географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилади”, дея қайд этилган.

Айниқса, пойтахтимиздаги хусусий мактаблар, ресторанлар, майдонларда, тақдимотларда, дам олиш масканларида ёшлар учун ўтказилаётган баъзи катта оммавий тадбирларда “Давлат тили ҳақида”ги қонун талаблари четлаб ўтилмоқда.

Шуни ўйласам, миллатимиз фидойиларидан бўлган жадид бобомиз Абдурауф Фитратнинг “Тилимиз” номли мақоласи ёдимга тушади. Унда ўзбек зиёлиларининг форс ва араб сўзларини ишлатишга иштиёқмандлигидан нолиб ёзган қуйидаги фикрларини келтиришни жоиз деб билдим: “Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сўзнинг тўғриси шудир. Дунёнинг энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили ёнаҳўл (яна шу) туркчадир”. Афсуски, орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, бу мавзу, бу муаммо биз учун ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йилда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон имзоланди. Ундан кўзланган мақсад — ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг ­стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилашдан иборат эди.

Биламизки, Қонунлар амалда, ҳаётга татбиқ қилингандагина ўз вазифасини бажариб, самарали натижалар беради. Бу эса нафақат унга масъул бўлган ҳукумат вакиллари, балки шу мамлакатнинг буюк истиқболини, тараққиётини кўрмоқни истаган, фарзандлари, келажак авлодларга соф тилимиз ва бой қадриятларимизни бус-бутун етказишни ўзининг шарафли бурчи деб биладиган ҳар бир ватандошимизнинг ҳам вазифасидир.

Шу ўринда ҳуқуқшунос олим Тўра Хўжаниёзовнинг “Давлат тили — миллат тақдири” китобида баён этилган баъзи асосли фикрларга эътиборингизни қаратгим келди: “Биз бугун Марказий Америкадаги ерли аҳоли бўлган ҳиндуларнинг, бир пайтлар ўз маданияти билан танилган ацеклар, майялар, ирокезлар, сенека, рама, боригон каби элатларнинг деярли йўқолиб кетгани, Шимолий Сибирь ва Узоқ Шарқдаги корель, помор, фин, ажар, вепс, нанай, ёқут, тунгус, эвенк, эскимос, чукча, кунис ханти, манси, бурят каби яна ўнлаб миллат ва элатларнинг миллий тиллари ва шу тилларга эътиборсизлик оқибатида, батамом йўқолиб бораётган маданияти ва миллий қадриятларини афсус билан мисол келтиришимиз мумкин. Бундай кичик миллат, элат ва қабилаларнинг йўқолиши учун қаердадир қанчалаб ўқ, порох сарфланган бўлса, бошқа бир тузумда оддий “тил сиёсати”нинг олиб борилишигина хизмат қилди”.

Бор ҳақиқат шундаки, миллий манфаатлар ва миллий қадриятлар ҳимоя этиладиган энг мустаҳкам асос — бу миллий тил ҳисобланади. Дарҳақиқат, тарихдан сабоқ олган ҳолда, юқоридаги мисоллардан кўриш мумкинки, маданий-маънавий бойлигимиз бўлмиш она тилимизнинг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, унинг софлигини асраш, ҳимоя қилиш биз учун ҳамиша ҳаёт-мамот масаласи бўлмоғи лозим. Миллатимиз келажаги, тилимиз эртаси олдида ҳар биримиз ҳамиша масъул бўлишимиз шарт!

Ҳазрат Шайх Саъдийнинг “Сен чироқни кўролмасанг, чироқ бирлан нени кўрасан?” деган сатрлари бор. Бу сатрлар бугун бизнинг ўз миллий тилимизга бўлаётган муносабатимизга ҳам дахлдордек.

Бугунги глобаллашув деб аталаётган шиддаткор бир даврда тилимиз софлигини сақлаш, унга эътиборни кучайтириш, сўзлашувда турли хорижий ибораларни ўринли-ўринсиз ишлатавермаслик тилимиз келажагига бизнинг қўшадиган энг катта ҳиссамиз бўлади.

Шу ўринда яна бир мисол. Кўпчилигимиз ишдан уйимизга келгач, беихтиёр телевизор мурватини қидирамиз. Кўнглимизга хуш келадиган, руҳимизга маънавий озуқа берадиган кўрсатувларни кўришни истаймиз. Айниқса, кўрсатувларда миллатимизга хос қадриятлар тарғиб этилаётгани, ўзбек адабий тилида равон гапираётган бошловчиларнинг миллий кийимлардаги чиқишларини кўриб, дилимиз равшанланади.

Афсуски, сўнгги пайтларда баъзи миллий телеканалларимизда берилаётган, маънавиятнинг заволи бўлган, савияси ҳаминқадар рекламалар, мантиқсиз клипларни, ўзбек адабий тилига ҳурматсизларча муносабатда бўлаётган бошловчи йигит-қизларни кўриб, томошабинларнинг таъби хира бўлаётгани бор гап.

Айтиш жоиз, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.

Муҳташам туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу-интилишлари, дарду армонлари, музаффар ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир. Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келган. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар.

Биргина улуғ шоир ҳазрат Алишер Навоийнинг назмий ва насрий асарларида йигирма олти мингдан ортиқ сўз қўллаганлари туркий тилнинг нақадар бой ва мукаммал тил эканига яққол исбот бўла олади.

Она тилимиз дунёдаги энг қадим ва бой тиллардан бири сифатида ниҳоятда бой лексик хазинага эга экан, сўз қўллаш, ном танлаш масалаларида ўзбек тилининг изоҳли луғатлар мажмуасига таяниб, концептуал ёндашиш мақсадга мувофиқдир. Тил ва ёзувнинг замирида миллат руҳи, олис тарихи, Ватан туйғуси мужассам. Унинг келажаги ва равнақида ҳар бир ватандошимиз фидойилиги, жонбозлиги жоиз.

Ватанни севиш, аслида, нимадан бошланади? Эҳтимолки, юртга фидойилик, садоқат бу — ҳар қанақа баландпарвоз сўзлар, оташин нутқларда эмас, шу юрт, шу миллат учун қилаётган ижобий амалий ишларимизда, халқнинг корига яровчи меҳнатимиз маҳсулида кўринса ажаб эмас.

Шундай экан, маънавиятнинг кўзгуси бўлган она тилига бўлган муносабат шахснинг маънавиятга бўлган муносабатини ҳам белгилайди. Хулоса шуки, ўз тилимизга эътиборсиз бўлишга, сизу бизнинг, шу миллат вакилиман деган ҳар бир инсон борки, ҳаққимиз йўқ. Зеро тилимиз тақдири — миллат тақдиридир. Уни асраб-авайлаш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузини орттириш йўлида кенг миқёсли ишларни амалга ошириш, шу тилда иш юритиш эса бизнинг виждоний вазифамиз ва бурчимиз бўлмоғи зарур.

 

Боболар юртини хор қилган элнинг

Манглайи қародир, эртаси гумон.

Она тилин унутган элнинг,

Қўшиқлари сохта, алласи ёлғон.

Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven + 13 =