Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни

билим, тафаккур ва таълим-тарбия билан мустаҳкамланади
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 15 сентябрь куни “Янги Ўзбекистон таянчисиз, азиз устозлар!” шиори остида устоз ва мураббийлар билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Ушбу тарихий мулоқот мавзуси мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятига бағишланди.
Хусусан, юртимизда 2017 йилдан буён таълим соҳасида рўёбга чиқарилаётган ишлар қуйидаги рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда. Эътибор қилайлик, 2017 йилда мактабгача таълим ташкилотлари сони республикамизда 5211 тани ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, буларнинг сони 38145 тага етди. Мактабгача таълим қамрови эса 8 йилда 27 фоиздан 78 фоизга кўтарилгани барчамизни мамнун қилади.
Дарҳақиқат, мактаб таълими тизимида 2017-2025 йиллар оралиғида жуда катта ишлар амалга ошди. Мактаблар сони 9680 тадан 10193 тага, ўқувчилар сони эса 4808059 нафардан 6754813 нафарга ошганлиги, нодавлат ва нотижорат таълим муассасалари 30 тадан 705 тага кўпайганлиги қилинган улкан ишларнинг ёрқин самараси, десак, муболаға бўлмайди. Бу ёруғ ислоҳотлар натижаси жаҳон миқёсида эришаётган ютуқларимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, халқаро фан олимпиадаларида ўқувчилар 2017 йили 15 та медални қўлга киритган бўлса, 2025 йилга келиб, 195 та медаль олишга муваффақ бўлишди. Халқаро сертификатга эга устозлар сони 2017 йилда 1457 нафар бўлса, 2025 йилга келиб 33797 нафарга кўпайди.
Мамлакатимизда янги тизим сифатида жорий этилган Президент мактаблари 14 тани, ижод мактаблари 9 та, спорт мактаблари 2 та, ихтисослаштирилган мактаблар 144 тани ташкил этиб, 200 нафарга яқин мактаб битирувчилари дунёнинг “ТОП-100” рейтингидаги олий ўқув юртларига грант асосида ўқишга қабул қилинганининг ўзиёқ таълим-тарбия тизимидаги улкан қадамлардан дарак беради.
Шу билан бирга, мамлакатимизда кейинги 8 йилда олий таълим муассасалари сони 77 тадан 202 тага кўпайганлиги ҳам ёшларимизга яратиб берилган имкониятлар калитидир.
Булардан ташқари, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги ўқув йилидан бошлаб таълим тизимида бир қатор янгиликлар жорий этилди. Умумий ўрта таълим ташкилотларида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинадиган бўлди. Уларнинг асосий вазифалари умумий ўрта таълим ташкилотларида “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури мазмунини ёритиш, унда назарда тутилган ғоя ва мақсадларни ўқувчилар ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйиш, умумтаълим ташкилотларида “Келажак” марказларининг тармоқ тўгараклари фаолиятини тизимли ташкил этишдан иборат бўлади. Улар 7-синфдан бошлаб ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ва касбий қизиқиши бўйича саралаб олиб, 9-синфни битирганида техникумларга йўналтиришга ҳисса қўшадилар. Эндиликда 10-синфга ўтиб, мактабда ўқишини давом эттиришни хоҳламайдиган ўқувчилар таълимни техникумларда давом эттириши мумкин бўлади. Шу тариқа ёшлар маълум мутахассисликларни эгаллайдилар. Бу йилдан бошлаб 11-синфни битириб, олий таълим ўчоқларига кира олмаган 200 минг нафар ёш йигит-қизлар ҳам ана шундай техникумларда 3-6 ойлик қисқа муддатли дастурлар асосида касбга ўқитилади.
Очиқ мулоқотда қуйидаги ташаббуслар ҳам илгари сурилди:
– янги ўқув йилидан ўрта махсус маълумотли тарбиячилар учун 5 кун ишлаб, 1 кун ўқийдиган бакалавр таълим шакли жорий қилинади. Бу орқали боғчаларга ҳар йили қарийб 10 минг олий маълумотли мутахассис кириб келади;
– Президент мактаблари сингари, келаси йили ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилиниб, уларда тарбиячиларга илғор педагогик технологиялар ўргатилади;
– янги ўқув йилидан бошлаб мактаб даврида ўқувчиларнинг қобилиятига қараб, касб ёки олий таълимга йўналтириш учун 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари жорий қилинади. Шу орқали 400 мингга яқин 9-синф битирувчилари техникумларга қамраб олинади;
– ўқишни мактабда давом эттириб, олий таълим масканларига кириш истагида бўлган ёшларга фанлар танлов асосида чуқурлаштириб ўтилади;
– хорижий тил ва фанлар бўйича халқаро сертификатлар мактабдаги якуний имтиҳонларда ҳам тан олинади.
Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев педагогларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган янги ташаббусларни ҳам илгари сурдилар:
– янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажга эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади;
– келгуси ўқув йилида давлат олий билимгоҳларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилади;
– ўқитувчилар янги таълим технологияларини кенг қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади;
– келаси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўлови 2 карра камайтирилади;
– фан ўқитувчилари каби бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам миллий сертификат бериш тизими жорий қилинади. Сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама тўланади;
– бакалавр босқичини имтиёзли диплом билан битириб, мактабга ишга кирганларга автоматик равишда 2-малака тоифаси, магистрларга эса 1-малака тоифаси берилади;
– дунёдаги ТОП-300 талик олий билимгоҳларга ўқишга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади;
– рейтингда 100 таликка кирган мактаб ва боғча, 20 таликдаги техникум, ТОП-10 та олий билимгоҳ педагогларига йилига бир марта Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поездлар чипта нархларига 15-20 фоиз чегирма берилади.
Юқоридаги имтиёзлар билан бирга Президентимиз устоз ва мураббийлардан мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларни ҳар томонлама баркамол шахслар этиб тарбиялашлари лозимлигини, бунинг учун давлат ҳам, Президент ҳам устозларни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ойбек РЎЗИЕВ,
Денов тадбиркорлик ва
педагогика институти
ректори.