Уфқлар ортида зангори йўл бор

Ҳалима Аҳмедова

Муаллиф ҳақида:

Ҳалима Аҳмедова — 1960 йилнинг 1 октябрь куни Бухорода (ҳозирги Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани)да туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетида, Москва олий адабиёт курсида таҳсил олган. Шоиранинг “Кўзимнинг тили”, “Тунги марварид гуллар”, “Эрк даричаси”, “Тийрамоҳ”, “Афсун”, “Умид сояси”, “Нигоҳ қибласи”, “Шафақ ибодати”, “Ёсуман гулининг сояси”, “Ташбеҳ” “Яшил”, “Шудрингли парчалар” сингари кўплаб китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ­аъзоси.

 

ОЗОДЛИК

Сен берган ҳаётни севдим, тонмайман,

Боғландим занжирлар силсиласида.

Балки, ёришганман қайсидир бир пайт

Ўткинчи кунларнинг қув жилвасида.

 

Мени бу ҳаётдан озод қил, озод,

Қанотга айлантир икки қўлимни.

Парвардигор, учай бахтдан тўлиқиб,

Йўқ-йўқ, юбормай тур ҳали ўлимни.

 

Менинг озодлигим жуда ўзгача

Шамолга суяниб,

Шудрингларни ичиб бўлсам маст

Ва ҳушимга қайтсам тебраниб,

Мусичалар берганда нафас.

 

Кўзлари қабариқ оламдай

Қанот қоқсам ниначидек саболарда.

(Аммо нечун кўнглим аро сузиб ўтар

Ишқнинг ёди

ва гул ҳиди ҳаволарда?)

 

ва руҳимни тортиб олсам хазонлардан,

кетсам,

кетсам саҳроларга ялангоёқ.

Юлғунлар куй чалиб берса

мен ғаддорга,

Ортингга қайт дея

ҳайқирсам баланд.

 

Солдай эргашиб келаётган баҳорга

Мен туганмас недир истайман,

Ёлғончи фасллар чарчатар баъзан,

Мен ўзимни рад қилганим сайин менман.

Тўрт фаслни юрагимга ишқ қамаган,

Аллоҳ, қўйвор озодликка чанқаганман.

Денгизларнинг тушларига кирай шўхчан,

Юнусбалиқ сани йўқлаб тўкканда ашк.

Нилуфаргул тақиб узун сочларига,

Сувпарилар денгиз тушин

қилганда рашк.

 

Мени қўйвор,

занжирларни узиб кетай,

Тоқатим йўқ фарёд ила нолишларга.

Дардга тўлган бу кўнглимни ўргатайин,

“Сараҳбор”ни куйлаётган қамишларга.

 

Сен кўриб турибсан,

ҳар тонгда,

Супуриб ташлайди шаҳар

олайтириб қорачиғини

Узилган тоқатлар,

синган сабрлар

Ва ўлаётган ҳақиқат чинқириғини.

 

Сен кўриб турибсан,

ожиз бандаман,

Боз устига силлам қуриган.

Сусамбилни тополмадим излаб

олтмиш беш йил

Орзулар сарғайган,

умид уринган.

 

Қўйиб юбор мени, Раббим,

Бир оқайин олмадайин

Момо Ҳавво тушин айтган дарёларда.

(Аммо нечун кўнглим аро сузиб ўтар

Ишқнинг ёди ва гул ҳиди ҳаволарда.)

 

Мен кетарман олислардан-олисларга,

Хайригуллар базмида бир рақсим қолган.

Дўстим-ку йўқ,

ғанимларим соғинсалар,

Ўзим эккан дарахтларда аксим қолган.

 

Мени қўйвор, озодликка чанқаган ман,

Нафас ургин, нафас ургин, Парвардигор.

Қалбимдаги жароҳатни даволарга

Ва пайванд қил

Телба руҳим Қаюмарснинг

Дарахтлари куйлаб ўтган наволарда.

(Аммо нечун кўнглим аро сузиб ўтар

Ишқнинг ёди ва гул ҳиди ҳаволарда.)

Қўйиб юбор мани энди, Парвардигор…

 

* * *

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,

Кишанлар ясадим қоронғи тундан.

Қонаган оёғин кўзимга суртиб,

Бир юрак сўрадим телба Жунундан.

 

Вужудни хокистар этди аланга,

Япроқни куйдирди тийра бўзларим.

Қайта дарахт бўлиб юксаларманми,

Тупроққа тўлганда ишқли кўзларим?

 

Яратган, азобинг ичра очилдим,

Гарчи нигоҳингда ниҳон эдим ман.

Заминга хокистар бўлиб қоришдим,

Қушлар кўзидаги осмон эдим ман.

 

Кўксимга қамадим ҳайдалган ишқни,

Ашким дарёсидан юраккинам нам.

Дилнинг кўз ёшини қурита олмас

Ўн саккиз минг олам қуёшлари ҳам.

 

Сўнгагим ичида оққан баҳорлар,

Ё Раб, музлагайми умрим сўнгида?

Менинг ишққа тўла ўжар юрагим

Чирсиллаб ёнмоқда кўзим ўнгида.

 

Ёнган юрагимни кўмаман ўзим,

Япроқлар бандида қолар доғларим.

Бир кун дарахт бўлиб юксалсам, Аллоҳ,

Мени танигайми кузги боғларим?!

* * *

Уфқлар ортида зангори йўл бор,

Балки, у хаёлим, балки афсонам.

Покиза кунларин шу йўлга боғлаб,

Кечмоқда қисматим — йўловчи санам.

 

Уфқлар ортида зангори йўл бор…

Юрагим вужуддан кетар ситилиб,

Яшайман кимнингдир ёдидан қочган —

Адашган арвоҳдай унга интилиб.

 

Уфқлар ортида зангори йўл бор…

Руҳимни излайман, қайда у, э воҳ?

Осмон, юлдузларнинг қабрини кўрсат,

Унда кўмилганми руҳим бегуноҳ?

 

Уфқлар ортида зангори йўл бор,

Ўлим эрк устига қадалган туғдир.

Кетаман қонталаш уфқ ортига,

Хаёлим мунаввар, йўлим ёруғдир.

 

Уфқлар ортида зангори йўл бор,

Ҳайқир, далли дилим, сен нечун нигун?

Нега жим кечасан, лаъливаш қоним,

Сен кимнинг изисан, кўзимдаги мунг?

 

Уфқлар ортида зангори йўл бор…

 

ЎҒЛИМГА ДАРСЛИКЛАР

(Туркум)

  1. Табиат дарси

Ҳар битта дарахтда бир дил яшайди,

Тикилгани сари ўсади кўнглим.

Уларга қулоқ сол, уларни тушун,

Дарахтлар алдашни билмайди, ўғлим.

 

Жажжи юрагингда кимнинг соғинчи,

Сезаман, не қилай, бошқадир йўлим.

Сенга дадангдан ҳам меҳрибон, яқин,

Дарахтлар номардлик қилмайди, ўғлим.

 

Жасур бўл, кўзингда кўрмай сира ёш,

Ҳар қандай аламни ичингга ют жим.

Дўстлардан азизроқ, дўстлардан баланд,

Дарахтлар ҳеч қачон сотмайди, ўғлим.

 

Қачондир барваста йигит бўлурсан,

Толеингни кўриб тўлгайдир кўнглим.

Улардан садоқат сабоғини ол,

Дарахтлар хиёнат қилмайди, ўғлим.

 

  1. Адабиёт дарси

Гоҳо бўм-бўш кўнглим оралаб

Судралади кузак шамоли.

Сарғайган гул япроқларига

Дилим чизар ишқнинг хаёлин.

 

Тўкилмоқда томчилаб умр

Малакларнинг гул косасидан.

Мен туғилган эдим-ку бир кун

Ёмғирларнинг сирли сасидан.

 

Дарахт эдим, эгилмас дарахт,

Ўсардим нур эмганим сайин.

Яшил дунё соғинчларида

Бир кун хазон бўлмоғим тайин.

 

Шоир эдим, бебош юрагим

Талашарди руҳим, само, ер.

Мен сендайин пайтимда, ўғлим,

Далаларга ўргатардим шеър…

 

Ўғлим, сендан бошқа кимим бор,

Кўзларингда оқади дилим.

Шеърдай Мажнун кунларим ҳаққи,

Сен дунёни шоир қил, ўғлим!

 

  1. Математика дарси

Мен анча бўш эдим, толиқар эдим,

Ақлим чалкаштириб кетганда сонлар.

Ҳали ҳам қалбимни ўртайди баъзан —

Қалби тенгламага ўхшаш инсонлар.

 

Сен эса мириқиб ечасан мисол,

Жажжи бармоқларинг яйраб санайсан.

Мени ғамларимдан айиргин, десам,

Ишониб-ишонмай кулиб қарайсан.

 

Ҳаёт масалалар туркуми экан,

Кимнидир кимидан айирар ўлим.

Кимдир кўпайтирар чўнтакда чўғни,

Сен қалбда чўғингни кўпайтир, ўғлим.

 

Ҳақни ноҳақларга қўшиб қўймагин,

Камбағални бойдан айирма ҳеч вақт.

Менинг билимдоним, кичик оқилим,

Сенга насиб бўлсин мен кўрмаган бахт.

 

Бир кун вужудимдан айрилади жон,

Қай илдиз остида чирқирар дилим.

Ўшанда мен севган бир туп райҳонни

Қорайган қабримга қўшиб қўй, ўғлим.

 

* * *

Одам кетяпти, Ҳаво кўринмас,

Минг йиллик дардимга даво кўринмас,

Чанқаган саҳроман, дарё кўринмас,

Раббим,

нечун ишқнинг дилидан қочдим?!

 

Авваллар дўст эдик, юз бурди чақмоқ,

Виждоним — чандилган минг битта ямоқ,

Ёдимдан чиқибди далаю сўқмоқ,

Нега ахир Нуҳнинг селидан қочдим?!

 

Ҳақиқат тонгида бўлгандим аён,

Яшадим фасллар қўйнида пинҳон,

Қарайман, ёлғонга беланган жаҳон,

Воҳки, ҳақиқатнинг йўлидан қочдим.

 

Осмон бемор эди, ер эди бемор,

Ҳузуримга келди қонталаш баҳор,

Сенга ишонмайман, дедим неча бор

Ва сўнгра ўнгию сўлидан қочдим.

 

Ҳаёт елкамдаги оғир тош эди,

Вужудим дардларга минг талош эди,

Кўнглим вужудимдан анча ёш эди,

Меҳрибон Ажалнинг қўлидан қочдим.

 

Ўзим ҳам билмайман, қандай аёлман?

Гоҳо сув, гоҳида мискин шамолман,

Раббим, бағишлагин, қора саволман,

Аланга эдим-у, кулидан қочдим.

 

* * *

Куз туни киради ғамгин ва гўзал,

Тинглайман юрагим ларзасини жим.

Лабимдан сирғалиб тушади маҳтал,

Шабнамда чайилган бир сўз: соғиндим…

 

Кузги олмаларнинг нафаси ўткир,

Жонимни яйратар бир сир муаттар.

Шамолга айтаман: “Сен ҳам бирга кир…”

Кирмайди, у мендан юз бора қайсар.

 

Куз менга эслатар болалигимни,

Тангадай сочилган гужум барглари.

Арғимчоқда қолган ҳур шодлигимни

Олиб кетди қачон қисмат дардлари?

 

Мени юпатмагин, эй дилкаш ёмғир,

Кўксимда жойланган қанча соғинч бор.

Гарчи қишлоқ юки жуда ҳам оғир,

Кунлар жилмаярди унда бахтиёр.

 

Билмайсан, соғинчдан ҳаприқар жоним,

Соғиндим қишлоқи қушлар сасини.

Телбадай артаман то бор имконим,

Олис хотирамнинг деразасини.

 

* * *

Менга нима бўлди, кулиб юрибман,

Дилимга санчилган тиканлар билан.

О, нечун бунчалар шакаргуфторман

Жонимга балони экканлар билан.

 

Нафратим ўлдими?

Сўндими ўчим?!

Тумандан қуёшни, муздан дарёни

Тортиб олган мен эмасмидим…

Савалаган ўша қора риёни.

 

Бугун мен шамоллар учирган хасман

Ва ёки шакарга ботирилган қайғу.

Боламдай эркалаб ўстирган ҳисни

Бугун соғинаман, қаерларда у?

 

Юрагим — зулматга қувилган соя,

Барбодим суратин чизади кимдир.

Бошимга, елкамга қўнган хазонлар

Гўёки ҳолимдан олар хавотир.

 

Ҳаёт ғажиб ташлар туйғуларимни

Ва яна кўз тикар тинмай кўнглима.

Кузак ҳайқиради, йиғлайди ёмғир,

Сени ёмон кўриб қолдим, Ҳалима…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × five =