Тўқима “ривоят” эмас, асосли тахмин тўғри

Яқинда ҳазрат Алишер Навоий асарларини мутолаа қилаётиб, қуйидаги байтга диққатим ошди:

 

Мени бир муғбача ошуфтаву волиҳ қилмиш,

Найлай ислом аро гар кўп эса мирзову мирак.

 

Албатта, бу байтга сўзма-сўз изоҳ бериш шарт эмас, ўзбекчани ўзбекчалаштиришнинг ҳожати йўқ. Бироқ сўз мулкининг султони бизнинг қувваи ҳофизамиз доирасидан анча юксакликда туриб қалам сурганини инобатга олсак, айрим тимсолмонанд сўз ва ибораларга луғавий шуур шуъласини равона айлашга тўғри келади. Хусусан, муғбача — бу сўз (мазмунан, муғ қизалоғи, ёшгина гўзал бир мажусий) мумтоз адабиётда соқий, шоҳид, ошиқни асир этган гўзал сингари ботиний рамзий маънода ишлатилади; зоҳиран эса мажусийни, яъни исломдан бошқа дин вакилларини англатади. Тасаввуф шоирлари буни ишқ рамзи сифатида талқин қиладилар. Шунинг учун ҳам муҳаббат шаробини тутувчи соқий кўпинча “муғ” ёки “муғбача” деб аталади. Байтдаги ошуфтаву волиҳ — “ҳайрат ва муҳаббатда ҳушидан айрилган зот, яъни ошиқ” аҳволоти. Каминанинг эътиборимни тортгани: мирак — “сарой аҳли, амалдор” дегани. Нима сабабдан бу сўзга алоҳида қизиққанимга кейинроқ тўхталаман.

Демак, тасаввуфий талқинда мазкур байт шундай маъно юкини кўтариб турибди: “Бир муғбача, яъни илоҳий ишқ соқийси мени ошуфта ва волиҳ (беҳуш) қилди. Ислом ичида мирзою мираклар (яъни зоҳирий илм соҳиблари, уламолар, амалдорлар) бўлса ҳам, менинг ҳақиқий йўлимни улар эмас, ана шу соқийнинг майи (илоҳий ишқ) белгилайди”.

Шунингдек, нуктадон Алишер Навоий бобомиздан биз қизиққан мавзуга доир яна бир байт:

 

Бир усрук элни чиқиб қирған эрмиш, эй Лутфий,

Сенинг бегингму экин, ё бизинг миракму экин?

 

Бунга изоҳ ортиқча. Чунки ўзбошимча ёвуз ниятли бек ёки миракнинг бадбинлигидан азият чеккан шоир изтироблари яққол сезилади. Демак, бу байтдан ҳам англашиладики, мирак — бекка тенг даражадаги амалдор.

Бу сўзга урғу бераётганимнинг боиси шундаки, Қашқадарё тоғларида Мираки деган машҳур дилтортар маскан бор. Яқинда қайси бир экранда унинг гўзал манзаралари намойиш этилди ва унда интервью берган бир маҳаллий вакил айтиб берган “ривоят” асоссизлигидан — мантиқсизлигидан ниҳоятда кулгили эканлиги сабабидан уни такрорлашни лозим топмадим.

Қиссадан ҳисса шуки, юқоридаги ҳар иккала мумтоз байтдан англашилиб турганидек, Мираки — обрўли бир миракка, яъни ўша даврнинг нуфузли амалдорига тегишли жой бўлган. Худди Қарши — шоҳ саройи бўлгани каби.

Ўйлайманки, қадрли ҳамюртларим бу маълумотдан кейин ўзлари яшаётган жой – Мираки номининг топоними хусусида аниқ тасаввурга эга бўладилар, энг муҳими, манбаси йўқ ривоятлар тўқишга ҳожат қолмайди ва бундай асоссиз “ривоят”га ишонишга ҳам мажбур бўлмайдилар.

Сафар ОЛЛОЁР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =