Чин шеърсевар

Нусратуллоҳ Каримхоннинг “Онажоним — Туркистон” ҳамда “Мўминлик хислатлари” китоблари “ижодкорнинг ёзганлари унинг қалбини ўртаб, безовта қилган қувончу қайғулари, кўнглининг тубига чўкиб ётган аламу армонлари, дилида ардоқлаб юрган орзу-истаклари, уни кўп азоблайдиган ваҳимаю таҳликаларнинг аксидир” деган аксиомани тасдиқлайди. Ушбу шеърлар тўпламининг бири 2023 йилда, иккинчиси эса 2024 йилда “Shamsiddin Boboxonov” нашриётида босилиб чиққан.

“Онажоним — Туркистон”да истеъдодли шоир Илҳом Аҳрорнинг “Ўз кўнглининг мусаввири” сарлавҳали сўзбошиси берилган. “Мўминлик хислатлари” эса машҳур дин уламоси Анвар қори Турсуновнинг “Арбаъин”лардан илҳомланиб…” сарлавҳали мақоласи билан тақдим этилган. Мазкур сўзбошилардаги мулоҳазалардан ҳам, тўпламлардаги шеърларнинг маъно-мазмунидан ҳам Нусратуллоҳ Каримхон бениҳоя камтару камсуқум, хокисору куюнчак, таъсирчану ўзига талабчан, ҳақиқий шеърсевар инсон бўлиб умргузаронлик қилгани аёнлашади. Улардан яна бир ҳақиқат — у шеъриятга чин ошиқ бўлгани, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Тилак Жўра, Сирожиддин Саййид сингари таниқли шоирларнинг шеърларига мафтун бўлиб яшагани, дўстлари, қадрдонларига жуда оқибатли бўлгани, одамларга меҳр кўрсатишга, кимга бўлса-да, имкон борича яхшилик қилишга интилиб, бир оғиз ширин сўздан, мулойим муомаладан кўнгли тоғдай кўтарилиб, ҳаёт кечиргани ойдинлашади.

“Онажоним — Туркистон”даги “Иқтисод”, “Доғли дил армони”, “Сўзни ўқлаймиз”, “Сабр дарахти” китобига ёзув”, “Устоз Рауф Парфи хотирасига” каби битиклар Рауф Парфи, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон сингари ўзбек шеърияти дарғаларининг ижоди Нусратуллоҳ Каримхоннинг қалбини дарё мисол мавжлантириб, хаёлларини осмон қадар юксалтирганидан сўзлайди. У ушбу улуғ шоирлар билан ҳаёт ва адабиёт ҳақида суҳбатлашишдан тўймагани, уларга бермоқчи бўлган саволларининг кўп қисми кўнглида қолиб кетгани, шеърсеварлар эътиборини тортган тўпламлар муаллифларининг инсон ва ижодкор сифатидаги олами уни ҳамиша мафтун этиб келганини ошкор этади.

“Онажоним — Туркистон”, “Мўминлик хислатлари”даги битикларни Нусратуллоҳ Каримхондан бошқа қаламкаш ёзмас, аниқроғи, бу даражада ёзолмас эди. Чунки у айни битикларида эътибор қаратилган ҳолатларнинг кўпини шахсан бошидан кечирган, бир қисмини кўриб, кузатган. Унга ана шу ҳолатлар билан боғлиқ ўй-кечинмаларини қоғозга тушириб, бошқаларга етказмаса, гуноҳ бўладигандек туюлган. “Онажоним — Туркистон”даги турли мавзу, ҳар хил жанрдаги битиклар турмуш турфа воқеа-ҳодисаларга тўлалигидан, у ҳамиша кутилмаган муаммолар, ғалваларни кўндаланг қилиб қўйишидан ва ҳаёт деганлари аввало ўзининг худди мана шу жиҳати билан қизиқарли ва мафтункор эканлигидан нақл қилади.

Тўпламдаги кўпгина битикларда машҳур шоирларнинг шеърларидаги айрим сатрлар пешсўз сифатида қўйилади. Битикни ўқиш давомида эса Нусратуллоҳ Каримхон пешсўз олинган ушбу шеърни худди ўзи ёзгандек ҳаяжонланиб, хурсанд бўлгани ва қувончи, шодлигини бошқалар билан баҳам кўриш учун шундай йўл тутгани ойдинлашади. “Онажоним — Туркистон”да оз эмас-кўп эмас, беш юзтача шеър жамланган бўлиб, шунинг талайгинасида пешсўз ярқираб туради. Мазкур пешсўзлар “Мўминлик хислатлари” тўплами муаллифи ўзига ёққан, уни мутаассир этган шеърларни ўзгаларга мароқланиб таъриф-тавсиф этишдан кўп завқланганини билдиради. Бундай фазилат эса жуда камёб бўлиб, ҳатто шоирлар орасида-да бундай хислатга эга кишилар бармоқ билан санаш мумкин бўлган даражадалигини барча яхши билади. Айни ғаройиб фазилат чин, ҳақиқий шеърсеварлардагина кузатилади ва бу уларни бошқалардан алоҳида ажратиб, аллақандай нурли қилиб кўрсатади. Нусратуллоҳ Каримхон сингари асл шеърсеварлар ижтимоий аҳволи, касб-кори, дунёқараши, эътиқодидан қатъи назар, хокисорлиги, ҳалимлиги, ишонувчанлиги ва яна кўп инсоний фазилатлари билан қавм-қариндошлари, дўсту биродарлари, ҳамкасблари, жамоадошлари даврасига бўлакча файз, шукуҳ бағишлайди. Ҳар бир киши шеърсеварларнинг юриш-туриши, гап-сўзи, йиғин-машварат, тўйларга алоҳида тантанавор руҳ беришини дарҳол сезади. Истеъдодли ижодкор Илҳом Аҳрор сўзбошиси билан тақдим қилинган тўпламдаги пешсўзлар ҳам Нусратуллоҳ Каримхоннинг шеър таниш малакаси, шеърдан таъсирланиш даражаси баландлигидан дарак беради.

“Мўминлик хислатлари” муаллифининг қалби одамларнинг эзгу амалларини кўриб, уларнинг ўзаро меҳр-оқибатига гувоҳ бўлганида, туйғулар, кечинмалар тиниқ акс этган шеърларни мутолаа қилганида чексиз завққа тўлган. Ўша пайтда унга турмушнинг туганмас ташвишлари, унинг кутилмаган синов ва ғалвалари-да халақит беролмаган, тўсқинлик қилолмаган. У ўша кезларда қувончи, шодлигини баҳам кўриш, дардлашиб, суҳбатлашиш учун беихтиёр қадрдон биродарлари, Рауф Парфи сингари шоирлар ҳузурига талпинган. Айни ҳолат эса наинки Нусратуллоҳ Каримхоннинг тенгдошлари, даврадошлари, балки жуда кўп ёш қаламкашларнинг таржимаи ҳолида ҳам чуқур из қолдириб, шахсий ҳаёти ва ижодий йўлида ўчмас из қолдирган.

Хуллас, “Онажоним — Туркистон”, “Мўминлик хислатлари”даги битиклар Нусратуллоҳ Каримхон ким эканлиги, у қандай инсон бўлиб яшаб ўтгани, қаламкаш сифатидаги савияси ва даражаси ҳақида кўп ҳақиқатларни айтиб беради. Оташқалб шоира Ҳалима Аҳмедованинг: “Биласизми, бу шоир (Рауф Парфи — А.У.)га нима учун боғланиб қолган эдик? У бу ўткинчи дунёга авлиёлардай қарарди, одамларни тамасиз яхши кўрарди. Рауф Парфининг намоз ўқиганини билмайман (бу билан зинҳор намоз ўқимасликни ташвиқ қилмоқчи эмасман. Фақат намоз ўқиб туриб-да, атрофидагиларга ёмонлик отгувчи инсонлар ҳам кўп). Аммо у ҳар доим Худо билан бирга эди. Қалбидан доим дилкаш бир оҳанг ситилиб чиқар эдики, ҳаммамиз ўша оҳангнинг атрофида тўпланардик. Бу оҳанг меҳр эди, яхшилик, эзгулик эди. Рауф ака руҳан улуғ художўй эди. Эшик қўнғироғи жирингласа, ўзига ярашган табассум билан: “Яхши одам келди”, — дер эди. У ҳаммага ишонар эди… Бизда одамларга нисбатан шундай ишонч борми?..” деган сўзларида Нусратуллоҳ Каримхон сингари қаламкашлар нима учун улуғ шоир Рауф Парфига талпингани, унга худди садоқатли мурид покдомон пирига интилгани сабаби ойдинлашади.

“Онажоним — Туркистон”даги пешсўзлар Нусратуллоҳ Каримнинг қалбида шеърларнинг энг авж нуқталари бўлакча садо бериб жаранглагани, “Мўминлик хислатлари”да танланган ҳадислар эса у ислом дини инсониятга ҳаётнинг бепоён ҳақиқатларидан хабардор қиладиган беқиёс кўзгу эканини чуқур англагани ва пайғамбаримизнинг сўзларига сидқидилдан амал қилишга интилиб, тиниқ туйғулар билан ширин ҳаловат оғушида яшаб ўтганини аён этади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай инсон ўзининг фаолиятига ҳар доим танқидий нигоҳ билан қарайди, ишларидаги камчилик, нуқсонларни ҳамиша мардона тан олади. Қўлимиздаги тўпламлар муаллифи ҳам ёзганларидаги етишмовчиликларни, битикларининг қофияларидаги заифликни, мисралардаги зўрма-зўракиликни яхши билган, ҳис-туйғу, кечинмаларини қоғозга туширишда кўп зўриқиб бўғилишини сезган ва ўзининг ушбу ҳолатидан ич-ичидан изтиробга тушиб, хўп қийналган. “Онажоним — Туркистон” ва “Мўминлик хислатлари”даги кўпгина битиклар буни тасдиқлайди. Чунки муаллиф “Тузсиз ҳаёт кечгай”да:

 

Ким кўз очиғу қалби ухлоқда,

Беҳис ўлик каби қотмиш музлоқда.

Тубанлик ғорида умрин қоралаб,

Тузсиз ҳаёт кечгай бетуз тузлоқда, —

 

деса, “Табиб ўгити”ни:

 

Ўғлон, керак бўлса, жонингга соғлиқ,

Ичку билан қилма юракни доғлиқ.

Ароқ ила чекиш иллати носур,

Соғлиқ олмасига тушган қурт эрур… —

 

тарзида бошлайди. Ўқувчи “ухлоқда”, “музлоқда”, “тузлоқда” сохта, сунъий сўз эканлигини, муаллиф қофия ҳосил қилиш учун уларни зўриқиб, бўғилиб ясаганини, албатта, сезади.

У феъл-атворида туғма мўминлик хислатлари барқ урганидан “Мен шоирман!” деб даъво, иддао қилмаган, “тенгдошларимдан ортда қолмайин” дея минбарларга чиқиб, бақириб-чақириб, оғзи кўпириб шеър ўқишга интилмаган. Ўзининг ҳолини англаш, савиясини сезиш, даражасини билиб иш тутиш эса мусулмоннинг энг муҳим сифати, уни ўзгалардан фарқлаб, ажратиб турадиган алоҳида хусусиятидир.

Нусратуллоҳ Каримхон турли мавзуларга мурожаат қилган бўлса-да, “Онажоним — Туркистон”да унинг диққатини она Ватан ва севги-муҳаббат мавзуси кўпроқ жалб этган. У ҳам барча миллатсевар кишилар сингари халқининг бахтини, Ватанининг саодатини юртининг мустақиллиги, озодлиги, ҳурлигида кўради. Унинг бу ишончини барча замонларнинг ўзгаришларга тўла воқеалари мустаҳкамлайди. Шу боис у ўқувчиларига:

 

Юртга бўлмоқ эрсанг жон фидо

фарзанд,

Қалбдан садоқатинг сен қилиб аён.

Эрк маним шоним деб ён-у-ён-у-ён!

Нечун тирик жонсан тош қотиб ётсанг,

Жаҳолат йўлига ўзни қил қалқон.

Бошни эгиб яшамоқ бурчга хиёнат,

Ўзлигим қоним, деб қад ростлаб шоён.

“Ватаним — жоним!” деб ён-у-ён-у-ён! —

 

деб мурожаат қилади.

Ҳар иккала тўпламдаги битиклар муаллиф улардан қаноатланмагани, унинг қалбида ёзганларидан кўра яхшироқ ёзишга интилиш истаги доим жўш ургани, ана шу тийиқсиз истак унинг қўлига қоғоз-қалам тутқазганини аён қилади. “Мўминлик хислатлари”, “Онажоним — Туркистон”даги битиклар кўпчилик эътибор бермайдиган, ҳамма ҳам англайвермайдиган абадий ҳақиқатни — сўз инсониятга берилган илоҳий неъмат эканини, чинакам шеър эса ҳайратомуз ижод намунаси саналишини беихтиёр эсга солади. Ўқувчилар муаллиф мазкур тўпламлардаги битикларини мутолаа қилган китоблари, ўқиган шеърларининг кучли таъсири остида қоғозга туширганини, албатта, сезади. Ҳақиқатан, санъат намуналари, айниқса, асл шеър табиатан ҳиссиётларига берилиб яшайдиган туйғу одамларига тез таъсир ўтказади. Чунки сўзларнинг шеърдаги жарангдор оҳанглари, маъно жилолари бундай кишиларнинг қалбини фараҳга тўлдириб, уларни маънан-руҳан қувватлантиради, эртанги кунга интилиш ҳиссини кучайтириб, ҳаётга умиди, ишончини оширади. Шеърнинг, қўшиқнинг, мусиқанинг ана шу сингари таъсири эса кишиларнинг хаёл-тасаввури, онг-тафаккурида турмушда эришиб бўлмайдиган нарсаларни нақд қилиб қўяди…

Абдулла УЛУҒОВ,

адабиётшунос.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 14 =