Омадли адиб қутлуғ ёшда

Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таҳсил олган биз талабалар Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Асқад Мухтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Худойберди Тўхтабоев, Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Тоғай Мурод, Мирзапўлат Тошпўлатов каби ёзувчи-шоирларга ҳавас билан қарардик. Уларнинг аксарияти шу даргоҳда таҳсил олгани билан ғурурланардик ва улар изидан боришга ҳаракат қилар эдик. Ана шу устоз адиб-шоирлар миллий адабиётимизни қанчалик юксакларга олиб чиққанини уларнинг қатор асарларини қунт билан мутолаа қилганлар ҳис этадилар.

XX асрнинг биринчи ярми бошларида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Беҳбудий каби жадид боболаримиз миллий истиқлол орзуси, миллат қайғуси билан яшаб ижод қилган бўлсалар, юқорида номлари қайд этилган ёзувчи-шоирлар ўз даврида миллат шаъни, миллий қадриятлар ва ниҳоят, юртимиз мустақилликка эришиши йўлида мардона курашганлари баайни ҳақиқат. Ўзимиз севиб мутолаа қилган бетакрор асарлар қанчалик ҳаёт мактабига айланган бўлса, уларни ёзган устоз ёзувчи-шоирлар одамийлиги, муомала маданияти, жамиятда тутган ўрнига ҳамиша ҳавас билан қараймиз. Улар Ватанга содиқлик, миллатпарварлик, элпарварлик фазилатлари билан ибрат кўрсатганлари ўзи алоҳида мавзу, албатта дегимиз келади.

Умрини ижодга бахш этган заҳматкаш ижодкор Мирзапўлат Тошпўлатов 1950 йили Қарши туманининг Даштфайзиобод қишлоғида туғилган. 1976 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлагач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси адабий-бадиий тарғибот марказида, турли матбуот нашрларида, “Ўзбектелефильм” студиясида самарали фаолият кўрсатди.

Ёзувчининг 1974 йилда “Гулистон” журналида чоп этилган “Содиқ” сарлавҳали илк ҳикояси адабий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотиб, устоз адиблар эътиборига тушди. Сўнг Одил Ёқубов, Асқад Мухтор каби устоз адиблардан сабоқ олган Мирзапўлатнинг бирин-кетин “Юракдаги сир”, “Беором тўлқинлар”, “Бахт юлдузи”, “Ойни ахтараётган бола”, “Санам тоғидаги гулхан”, “Сайланма” сингари қисса ва ҳикоялардан иборат тўпламлари китобхонлар қалбидан жой олди. Унинг асарлари асосида суратга олинган “Олов қаъридаги фаришта”, “Гуноҳ”, “Тавба”, “Муаллиф”, “Занжир”, “Музаффар” бадиий фильмлари кўплаб кино мухлисларини мафтун этди.

Серқирра ижодкорнинг тарихий мавзудаги “Муқанна” (“Санам тоғидаги гулхан”), “Майдон” сингари асарларида мард ва танти аждодлар тараннум этилган бўлса, қатор ҳикоя ва қиссаларида эзгулик, одамийлик, инсоф ва диёнат улуғланади. Адиб асарлари асосида суратга олинган “Гуноҳ”, “Тавба”, “Олов қаъридаги фаришта” фильмлари бунинг ёрқин мисолидир.

— Ижод бўстонида менга бир омад кулиб боққан, — деди Мирзапўлат ака. — Илк тўпламларим чиққан пайтлари “Ўзбекфильм” масъулларидан бири Тўхтасин ака ҳикояларимни ўқиб, уни Фарҳод Ҳайдаров деган режиссёрга берибди. Шу тариқа мени иккаласи излаб топишди. Тўхтасин ака ва Фарҳод Ҳайдаров менга: “Юракдаги сир” сарлавҳали ҳикоянгизни фильм қиламиз”, дейишди. Бу лутфдан хурсанд бўлдим, албатта. У пайтлари ёш эдим. Улар сценарий ёзиш йўл-йўриғини тушунтиришди. Бир-иккита сценарийни ўқиб кўрдим. Кейин шу жанрга ҳам қўл урдим. Сценарий уларга ва энг муҳими, актёрларга ёқди. Бу фильмни Шаҳрисабз ва Тошкент маҳаллаларида суратга олишди. Фильм экранларга чиққанида анча шов-шув бўлди. Панорама залининг кўп минг кишилик жойи лиқ тўлганди. Томошабинлар орасида Aбдулла Орипов, Одил Ёқубов, Тўлепберген Қаипбергенов ва бошқа адиблар ҳам ўтиришган эди. Кўп ўтмасдан сценарийни кенгайтириб, “Гуноҳ” фильмининг “Тавба” қисмини ҳам суратга олишга киришилди. Яна ишни давом эттирдик. “Тавба” бадиий фильми суратга олинди. У фильмни ҳам томошабинлар катта қизиқиш билан кутиб олишди. Шу билан яна “Юракдаги сир” ҳикояси асосида “Олов қаъридаги фаришта” ҳам тасвирга олинди. Битта ҳикоя асосида 3 та фильм экранлаштирилди. Шу тариқа биринчи китобим билан кино оламига кириб келганман. Энг қизиғи, гарчи актёрликдан йироқ бўлсам-да, “Занжир” сериали бошланишида бир эпизодда ўзим ҳам ролга киришиб кетганман. У пайтлари, яъни 1980-1990 йилларга қадар ҳаёт жуда бошқача эди. Ҳар бир инсоннинг овоз чиқариб айтолмаган орзулари бўлар эди. Яъни “Қани эди юртимиз мустақил бўлса, она тилимиз давлат тили бўлса, миллий армиямиз бўлса” деган орзуларнинг чеки йўқ эди. Элимизнинг бу каби дардларини “Ўта махфий дафтар” номли қиссам орқали ёритишга ҳаракат қилдим. Асар дастлаб газетада эълон қилинганида анча шов-шув бўлган… Мен кўпдан бери орзу қиладиган яна бир гап шуки, бизда кино бўладиган асарлар кўп. Айтайлик, Миркарим Осим, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тоғай Мурод, Шукур Холмирзаев, Неъмат Аминов, Ўктам Усмонов, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Шойим Бўтаев, Тўлқин Ҳайит сингари ёзувчиларнинг дунёга татийдиган асарлари кам эмас. Энди ўша асарларни қунт билан ўқиб, суратга оладиган яхши режиссёрлар керак.

Дарҳақиқат, адибнинг “Фаришта” сарлавҳали ҳикояси асосида суратга олинган шу номдаги сериали ҳам катта муваффақият қозонган. Асар қаҳрамонлари шаҳар озодалиги, софлиги учун курашадиган ободонлаштириш бошқармаси ишчиларининг шаҳар ҳаётида тутган ўрнига бағишланган. Aгар улар 4-5 кун ишламаса, шаҳарнинг ҳоли хароб бўлади. Афсуски, баъзи одамлар уларни камситишади. Бу мавзуни адиб маҳорат билан сценарий қилиб ёзди. “Маданият ва маърифат” телеканали ижодкорлари уни сериал қилишди. Сериалда ўзгаришлар киритилган. Албатта, китоб билан сериалнинг ўртасида анча фарқ бор. Киномухлисларга сериал ёқди, лекин китоб ҳақида ундан ҳам кўпроқ ижобий фикрлар айтилгани муаллифга янада илҳом бахш этди!

Ёзувчи Мирзапўлат аканинг орзуси: тарихга тош отмасдан Соҳибқирон Амир Темур, Спитамен, Муқанна, Тўмарис, Гўрўғли, Алпомиш каби қаҳрамонлар ҳақида сермазмун фильмлар яратилса.

— Адабиёт — миллат юзи. Адабиёт — тилимиз, тарихимиз, борлиғимиз. Адабиёти йўқ эллар миллат бўлолмайди, — дейди адиб. — Ўзи асар халқ учун, халқ манфаати учун ёзилади. Асли адабиёт инсон руҳиятини, ҳаётини ўзидан олиб, ўзига берувчи ва тарихга қолдирувчи восита. Мен “Занжир” сериалида юртимиз мустақиллигини эъзозлашга ҳаракат қилганман. Аллоҳга беадад шукрки, орзу-умидларимиз рўёбга чиқди. Сериални томошабинлар қанчалик яхши кутиб олишганини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Кино муваффақият қозонишида режиссёр Санжар Бобоевнинг хизмати катта, албатта. У ҳар бир деталгача маслаҳатлашиб иш қилди.

Қўлига қалам тутган онлариданоқ қалбида энг аввало миллий туйғулари жўш урган адиб, таниқли драматург, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мирзапўлат Тошпўлатов миллий адабиётимиз карвонига яқинда яна бир китобини туҳфа этди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Шаффоф” нашриётида чоп этилган “Ойни ахтараётган бола” қиссалар тўплами 1000 нусхада чоп этилди. Тўпламдан “Занжир ёхуд махфий дафтар”, “Оқ кийган жангчилар”, “Ойни ахтараётган бола”, “Тонгги фаришта” сингари қиссалар ўрин олган.

Бугун 75 баҳорни қаршилаётган адиб Мирзапўлат Тошпўлатов ҳамон жўшқин ижод майдонида. Тошкентнинг энг сўлим гўшаларидан саналмиш “Шоирлар уйи”да тунлари чироғи ўчмай қалам тебратаётир. Миллатпарварлик, ватанпарварлик туйғулари у кишининг ҳар бир сатрида уфуриб туради.

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги

Ўзбекистон Миллий университети доценти,

филология фанлари номзоди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 12 =