Тўй – қадрият… Таназзул эмас!

Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг меҳр-муруввати, ўзаро ҳурматини сақлаган ҳолда тўй ва маросимларни ихчам, самимий ва оқилона ўтказиш вақти келди. Бугун ҳар биримиз шу масалада масъулмиз. Чунки ортиқча харажатлар, ҳадя-ҳашамат билан фахрланиш эмас, балки оддийлик, самимият ва инсонийлик билан фахрланиш миллатимизнинг асрлар оша бизга етиб келган олий қадриятидир.

Ушбу давра суҳбати тўйларимиз ҳақида.

Суҳбатдошларимиз: филология фанлари доктори, профессор Нурбой ЖАББОРОВ, филология фанлари доктори, профессор Баҳодир КАРИМ, адабиётшунос олим Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,  профессор Хуррам РАҲИМОВ, филология фанлари доктори, профессор Сувон МЕЛИ, Паркент туманидаги 1-мактаб директори, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси Тоҳир АБДУҒАФФОРОВ.

Шарифа САЛИМОВА:

— Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 3 август куни мамлакатнинг ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда тўй-маъракалардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик ҳолатларини танқид қилиб: ”Жадид боболаримиз ҳам тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, мақтанчоқлик миллатимизни маънавий таназзулга етаклайдиган иллат экани ҳақида қандай куюниб ўтганларини яхши биламиз”, — деган эдилар… Ўтган йиллар мобайнида мамлакат миқёсида бу борада кўп муҳим қадамлар ташланди. Бир даражада ижобий ўзгаришлар ҳам кўзга ташлангандай бўлди. Бироқ… тўйларимиз, турли маросимлар тартибга келмади.

 

Нурбой ЖАББОРОВ:

— Тўғри айтасиз. Юртимизда бугун ҳар қачонгидан ҳам аҳамиятли ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Ушбу ислоҳотлар жамият ҳаётининг барча — иқтисодиёт ва сиёсат, ҳуқуқ-тартибот ва ижтимоий турмуш, таълим-тарбия ва маънавият-маърифат сингари жабҳаларини бирдай қамраб олаётгани, айниқса, муҳимдир. Одамлар онги ва руҳини майда туйғулар гирдобига тушишдан асраш, жамиятни Ватан ва миллат равнақи ғояси атрофида бирлаштириш — бу жараёнда асосий эътибор, назаримизда, ана шунга қаратилмоғи зарур.

Бизни тараққиётдан тўсаётган иллатлар нималардан иборат? Биринчи навбатда, дабдабабозлик ва сохта шуҳратга интилиш иллатининг тобора кенгайиб бораётганидир. Аслида, буюк мутафаккир аждодларимиз одамийликни белгиловчи мезонларни ўзгачароқ тасаввур этганлар.

Жумладан, ҳазрат Алишер Навоий бобомиз “Лисон ут-тайр” достонида мана бундай ёзган эди:

Одам ўлғон зебу зоҳирдин демас,

Кимки ондин фахр этар — одам эмас.

Яъни, ҳақиқий одамийлик мартабасидаги инсон зебу зоҳир — дунё ҳашамати ҳақида сўзламайди, унга ҳирс қўймайди. Кимки зебу зоҳир билан фахр этса, у одам эмасдир.

Буюк Навоий фикрича, одамнинг ҳурмати, жамиятдаги даражаси мол-дунё ёки мансаб-мартаба, дабдаба ёки сохта обрў билан ўлчанмайди. Дунё матоҳи одамзод ҳаётининг фаровонлигига хизмат қилиши зарур. У ҳеч қачон мақтаниш, фахрланиш манбаи бўлмаслиги керак. Агар бугун инсоният ана шу каби ҳаётбахш ҳикматларга амал қилганда эди, дунёда урушлару талошларга мутлақо ўрин қолмас эди. Одамзод руҳий хотиржамлик мақомига эришар, ҳақиқий бахт нимада эканини теран англаган бўлар эди.

Тарихий тараққиёт ҳар бир замонда муайян миллат ва унинг ойдинлари олдига ўзига хос ўткир муаммоларни кўндаланг қўяди. Шу маънода, ўтган аср ва янги юз йиллик ўртасида муайян мутаносибликни кузатиш мумкин. Мутафаккир жадидлар тарихни ўрганиш масаласига қанчалик кучли эътибор қаратган бўлса, миллатнинг ўзлари яшаган даврдаги аҳволини ислоҳ қилиш, уни жаҳолат ва ғафлат уйқусидан уйғотиш, тараққий этган миллатлар даражасига юксалтириш каби долзарб муаммоларга ҳам бефарқ бўлган эмас. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бизни кемиргувчи иллатлар”, “Муҳтарам ёшларға мурожаат”, “Аъмолимиз ёинки муродимиз”, “Икки эмас, тўрт тил лозим”, “Тил масаласи” каби мақолаларида миллатни тараққиётдан тўсувчи иллатлар ва уларнинг муолажаси борасидаги изтироблари ва андуҳларини ифода этган.

“Бизни кемиргувчи иллатлар деганда захму маразниму гумон этурсиз? — деб ёзади Беҳбудий. — Ёинки сил, силар-руъйа, махавликниму дерсиз? Йўқ, андан ҳам ямонроқ ва андан ҳам жонхарош, беғоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз — туркистонийларни… инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, аза исминдаги икки қаттол душманни дерман”.

Шарифа САЛИМОВА:

— Бор-будини сарф этиш, исроф этиш гўё тўйларимизнинг қиёфасини белгилайдиган сўзга айланиб қолди. Исроф сўзи асли арабча сўз. Луғавий маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” деган маънони англатади ва динимизда ҳам қаттиқ қораланади. Лекин бугунги тўйларимизга қилинаётган сарф-харажатнинг тубида ИСРОФ турибди. Увол бўлаётган нозу неъматлар, уларнинг ҳузурини кўраётган ахлат қутилари… ҳавога совурилаётган миллионлар… ва бир аҳволда тўйдан чиққан одам…

 

Баҳодир КАРИМ:

— Биз тўйларни яхши кўрамиз. Тўйларда қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар билан хурсандчилик қиламиз. Яқинлар яхши ният билан тўёналар олиб келади. Тўй қилгичга ҳар ким қўлидан келганча ёрдам беради: кимдир моддий, иккинчи биров маънавий. Аммо реал кундалик турмушимизда ўзбекона тўйларни ўтказиш осон эмас.

Бир куни Чорcу бозорига тушдим. Қарзини сўраётган одамга қарздорнинг: “Тўйдан чиққан одамман”, деган андишали гапини, узрномасини эшитиб қолдим.

Тўйдан чиққан одам ким?

Тўйдан чиққан одам қандай?

Тўйдан чиққан одамга нима бўлади?

Тўғриси, хаёлимда тўйдан чиққан одамнинг ҳолини тасаввур қилиш учун шунга яқин бир дунё саволлар айланди. Қиз узатиб тўй берган ота бир неча ой қарзга ботиб юрадигандек кўринди. Тўйдан чиққан одамнинг уйидаги шўрлик қора қозон бир неча ой гўштнинг таъмидан бебаҳра қоладигандек туюлди менга. Туядек қиз узатиб, тугмадек жаз тотмаганини писанда қилаётгандек бўлди ота-она. Тўй берган хонадон ҳаётида улкан хурсандчиликдан кейин сиқилиш, асаббузарлик ва касалмандлик кунлари бошланадигандек кўринди.

Ким ўзарга қўша-қўша товоқлар қилгандан кўра сиҳат-саломатлик хусусида ўйлаган маъқул эмасми? Қўша-қўша кўрпа-ёстиқ, қозон-товоқ, кийим-кечак ва шунга ўхшаш лаш-лушларни кўз-кўз қилиш ўрнига фарзандларга салом бериш одобини ўргатиш фойдали бўлмайдими? Гўёки бу дунёда икки юз йил яшайдигандек келин-куёв учун юз турли сарполар қилинади. Келин кампирга, куёв чолга дўнган паллада ўша сарполар замонавий урфдан чиқиб қолгани боис писта пўчоғининг нархига пуллашга ҳаракат қилиб юрилади.

Никоҳдаги маҳрнинг енгил бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаб-қувватлаганлар. Бир темир узук ёки Қуръондан билган суралари эвазига никоҳ қилинган саҳобалар бўлган тарихда. Халифа Умар розияллоҳу анҳуга саҳобалардан бири ўз қизларини турмушга узатиш шарти билан омонатга қолдирар экан: “Агар яхши йигит бўлса, оёқ кийимининг боғичини маҳр учун берса ҳам бўлади”, деган мазмунда васият этгани тарих китобларида битилган.

Тўғриси, тўйда исрофгарчиликнинг бўлмагани яхши. Унинг покиза, уруш-жанжалсиз ўтиши тўй эгасига боғлиқ: “Қўй семизи — қўйчидан, тўй тамизи — тўйчидан”.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ:

— Тўй ўтказмаган одам йўқ. Тўй ўтганидан сўнг ўзининг катта-кичик хатоларини англаб, афсусланмаган киши ҳам йўқ. Ахир ҳар қандай маърака кўпчилик билан бўлади, табиийки, одам шошади. Ўринли-ўринсиз сарфлар энди кўзига кўриниб қолади. Дабдабали тўй охири рўзғорни дабдала қилади.

Аммо, бизнингча, тўй, ҳаттоки аза тадбирларини ўтказишда ҳам “исроф яхши эмас”, “ортиқча чиқим нодуруст” каби юмшоқ насиҳатлар исрофгар одамларга таъсир қилмайди, чунки ундайлар газета ўқимайди. Шу боис енгилтабиат кишилар тўй-маъракада янги-янги бидъатларни ўйлаб топишади.

Сарф-харажатнинг, исроф-уволнинг каттаси, айниқса, никоҳ тўйларида юз беряпти. Ялтир-юлтур таклифнома тайёрлаб чиқариш, келин-куёвга сон-саноқсиз сарпо олиш, эл кўрсинга тиллоранг салла-чопон, тўйдан олдин келин билан куёвнинг ҳар хил жоиз-ножоиз жойларда “севишиб” юрганининг расмлари ва “видео”лари ва бу тасвирларнинг тўйхона-ресторанда пайдар-пай кўрсатилиши, тўйга бирон ой қолганда келин-куёв аллақайси “устоз”га пул тўлаб, вальс тушишни ўрганишлари, бир талай артистларнинг “хизмат ҳаққи”-ю қистир-қистирига кетадиган пуллар, лимузин машиналар…

“Тўй — ёшларники”, деган ғалати бир гап чиқди. Айримлар буни бир мақол, ҳикматдай билиб, бир-бирига уқтиради. Аслида, ундай эмас. Ўзбекда тўй — ҳамманики. Таомилимизга кўра, тўйда болалардан тортиб кексаларгача қатнашади. Аммо ҳозирда тўйхонада ФҲДЁ ходимаси икки ёшга бахт тилаб тугатиши биланоқ икки дақиқа карнай-сурнай, ана ундан кейин то тўй охирига қадар сочи ҳурпайган йигитлар-у, қуймучигача яланғоч қизларнинг дискотекаси бошланади! Ва… шу билан охирига ҳам етади. Унақа тўйларда “санъаткор” кўп, аммо санъат хор бўлади, “маданий” бошловчилар сайраб туради, аммо маданият завол топади. Ҳозирда айрим тўйхоналарда стриптиз — қип-яланғоч модаларнинг шармандали рақси ҳам маддалаяпти.

Бундай аянч ҳолларнинг моҳиятига назар ташласак, ҳаётимизга “оммавий маданият” ёпирилиб, кундан-кунга ўзлигимиздан айираётганини кўрамиз. Кўп мамлакатларда у аксар миллий ва умуминсоний қадриятларни йўққа чиқарди, одамларни шарм-ҳаёдан мосуво қилди, бир қанча эл-элатларнинг кўп асрлик маънавиятини маҳв этди…

Хўш, биз ўзбеклар нима қиламиз? Унга қарши тура оламизми ёки селда оққан хасдай чирпирак бўлиб, лоқайд қолаверамизми? Манфур “оммавий маданият”ни рад этиб, унга элимизнинг энг гўзал, эзгу удумларини қарши қўйиш учун нима етишмайди? Қадимий, асл халқона анъаналаримиз поймол қилинишига йўл қўйиб бераверсак, ким бўламиз? Ғафур Ғулом ёзган эди:

Қадим ўзбек халқисан,

Асл Одам авлоди,

Миср эҳромларидан

Тарихинг қарироқдир.

Биз қадимий анъаналарга, покиза удумларга эга элмиз. Нон ерга тушиб ётган бўлса, олиб, кўзимизга суртганмиз. Шундай экан, инсоф билан тўй қилишни бошқалар биздан ўрганиши керак эмасми, аслида?

 

Шарифа САЛИМОВА:

— Аслида, шундай бўлган. Жуда тўғри айтдингиз, халқимиз ноннинг ушоғини ҳам хор қилмаган. Аждодларимиз тенгини топсанг текин бер, деб ими-жимида камтарона тўйлар ўтказганлар ва ажрим ҳам деярли бўлмаган. Бугунги суҳбатимизни ташкил қилишдан ҳам айни муддао тўйларимизнинг бугунги ҳақиқий ҳолати ҳақида фикрлашиш, баҳо бериш, жамиятимиз ривожига тўсиқ бўладиган турли қусурлардан халос этишда қамишдан белбоғ боғлаб, фидойилик билан иштирок этишда. Яқинда Президентимизнинг ушбу масалага оид яна қарорлари қабул қилинди. Миллий ҳаракат, зарбдор тўқсон кунлик бошланди. Бугун эса гўё Оврупо биздан ўзиб кетгандек…

 

Хуррам РАҲИМОВ:

— Хорижий давлатларда, хусусан, Германия Федератив Республикасида бўлганимда, олмон халқининг оилага муносабати масаласини кўп кузатдим. Ёшлар яшаб кетишига кўзи етгандан кейингина оила қуради. Никоҳ улар учун бир умрлик. Тўйлар ҳам ихчамгина. Элликта, ошиб борса, юзта меҳмон — ўзининг яқинлари қатнашади. Таомлар ҳам исрофсиз, зарури қўйилади. Шовқин-суронсиз ўйин-кулги. Қутловлар, совғалар. Ҳаммаси жуда оддий ва самимий. Дўстларимиз Ўзбекистонга келганда тўйларимизни кўриб, ҳайратга тушади ҳар сафар. “Халқингиз жуда бой яшайди”, — деб. Олмон халқи жуда тежамкор. Фарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялайди. Мабодо оила ажрашадиган бўлса, она-болалар кўчада қолмайди. Йигирма минг евродан ортиқ бадал тўлайди ажрашаётган эркак.

 

Нурбой ЖАББОРОВ:

— Бу ҳам тарих. Эшитиб қувонасан инсон. Демак, миллат тафаккуридаги ўзгариш жамиятни қусурлардан холи қилади. Ваҳоланки, улуғ боболаримиз, Беҳбудий ҳазратлари миллат фарзандлари азиз вақтларини Ватан ва миллат тараққийсига, она юрт юксалишига сабаб бўлувчи зарур ишларга эмас, тўй, аза ва бошқа шу каби турли маросимларга, сохта обрў орттиришга қаратилган тадбирларга сарфлаётганидан афсусланади. “Кўпкари ва улоқ чопмоқлик одати малъунонасиға ҳар вилоятдан ҳар сана юзлар ила киши охиратға кўчар, нақадар киши маъюб ва мажруҳ бўлар, — дея куйиниб ёзади у, — кўп кишилар сайр ва кўпкари шумлиги ила ишдан ва зироат вақтидан қолар… Ўн-йигирма чақиримға тўй бўлдими, ҳар ким ишини, деҳқончилигини қўюб, отланиб кўпкарига кетар. Деҳқон учун олтиндан азиз вақт фавт бўлди-кетди. Экин биргина кун кейин сепилгани учун ёғинга қолиб, баъзи хирмонлар чириб кетар”.

Беҳбудий айрим миллатларнинг вақтни тежаш мақсадида ўликни ҳатто кечаси кўмиши ҳақида ёзиб, ҳар бир дақиқани огоҳликда ўтказишга, Ватан ва миллат манфаати йўлида сарфлашга даъват этади.

Бу фикрлардан зинҳор-базинҳор Беҳбудий тўй ва аза маросимларига мутлақо қарши бўлган экан, деган хулосага келмаслик керак. У тўйга ҳам, азага ҳам қарши бўлмаган. Улуғ маърифатпарвар исрофгарчиликни, дабдабабозликни қоралаган. Бунга унинг қуйидаги фикрлари далил бўла олади: “Бизға лозимки, тўй ва таъзияларни кичик қилиб ва ҳолимизча ҳаракатда бўлуб, келар замонимизни ўйлайлук… Тўй ва таъзияға сарф қилинадурғон оқчаларимизни биз — туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар”. Кўриниб турибдики, алломанинг ушбу фикрлари ягона мақсад — Ватан ва миллат манфаатига қаратилган.

Шу ўринда катта харажатларга имконияти етадиган мулкдорлар-ку майли-я, ҳатто иқтисодий аҳволи ночор миллатдошларимиз ҳам қарз олиб бўлса-да, қўшнисидан, маҳалладошидан “ортда қолмаслик”ка ҳаракат қилаётгани афсусланарлидир.

Ўзим гувоҳи бўлган воқеа: бир қанча йиллар муқаддам маҳалламизда яшайдиган камхарж бир қўшнимиз қиз узатди. Тўйнинг барча жиҳати гўё “рисоладагидек” ўтди. Натижа шундай бўлдики, тўйдан кейин беш хонали уй уч хоналига алмаштирилди. Иккинчи қизини узатгач эса шаҳар чеккасидаги икки хонали ғарибгина уйга кўчиб ўтди. Худди шу одам (бошқа кўпчилик ҳам) фарзандларининг илм олиши, салоҳиятли мутахассис бўлиб етишиши учун тўйга ҳаракат қилганичалик ғайрат кўрсатмайди. Фарзандларини замонавий илмларга моҳир этиш йўлига харажат қилишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайди. Бунга ҳиммати ва саботи етишмайди. Бу ҳол, Беҳбудий тўғри таъкидлаганидек, тўй васвасаси “бизни кемиргувчи иллат”га айланганидан далолат беради.

Биз ўз олдимизга улуғ мақсадларни қўйган, шу йўлда дадил одимлаётган миллатмиз. Бинобарин, Ватан ва миллат тараққийсига тўғоноқ бўладиган ҳар қандай иллатдан фориғ бўлмоғимиз шарт. Шундагина истиқболимиз ёруғ, келажагимиз нурли бўлмоғи мумкин. Мен ватандошларимизни ана шу йўлда ҳиммат ва сабот кўрсатишга чақириб қоламан.

 

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ:

— Бир тоифа одамлар Россия, Корея ва бошқа юртларда йиллаб ишлаб, пул топиб келиб, бир кунда борини совуради — тўй ўтказади. Сўнг ҳафта ўтмай, яна ўша ёққа жўнаб кетади: кейинги фарзанди ҳам етилиб қолибди…

Нега бизда тўйлар дабдабали ўтади? Бунинг сабаби нима? Ё ўзбекнинг менталитети шунақами ўзи? Менимча, бунинг бош сабаби — номус. Ўзбекда орият, ҳамият кучли. Болам ўксимасин деймиз, меҳмонларга борини тўкиб солгимиз келади, бу йўлда ҳамма қийинчиликни ўз бўйнимизга олиб, туриб берамиз. Минг-минглаб одамларнинг азиз умри шундай ўтаверади. Аммо ортиқча дабдаба ва тутуриқсиз ҳашамни танқид қилиш билан иш битмайди. Бу борада ҳар ким ўз таклифини ҳам ўртага ташлагани яхши.

Менимча, тўй тантанали бўлиши керак, албатта. Чунки у умрда бир бора бўлади. Аммо кўплар тантана билан дабдабанинг фарқига бормай қолди. Шунинг учун “тўкиб ташлаб” тўй ўтказишни тантанали тўй деб билади. Ҳолбуки, исрофгарчилик эса исломга ёт, инсофдан узоқ. Замонга ҳам тўғри келмайди.

Алқисса, тўйни батартиб, жўяли ўтказишни ҳамма хоҳлайди. Илгариги серҳашам машиналарни турнақатор қилиб, кўзкўзлаб “юриш” орқали ЗАГСдан ўтишлар барҳам топиб, никоҳ гувоҳномасини келин-куёвга тўйхонанинг ўзида тантанали равишда топширилиши кўпчиликка хуш келаётгани — бунга далил. Хўш, шундай оқилона ишларни янада бадастир қилиш учун нима қилиш керак?

Миллатнинг ягона, ялакатмағиз эл эканлиги урф-одат, маросимларнинг бир хиллигида ҳам намоён бўлади. Аммо ўзбекнинг тўйи ҳар жойда ҳар хил ўтади. Ҳар бир вилоятдаги, ҳатто ёнма-ён икки тумандаги тўй тартиби бир-биридан хийла фарқ қилади. Асакадан Жомбойга тўйга борган меҳмон кўп тадбирларни ажабланиб кузатади, мезбонлар эса “узр, меҳмон, бизда таомил шунақа”, деб изоҳлаб ўтиради.

Худди ана шундай урф-одат, расм-русумларнинг турлича экани туфайли ҳам бошқа вилоят ё бошқа шаҳардан келин олиш бизда баайни ўзга миллат кишилари билан қудалашиш каби сийракроқ.

Эҳтимол, кимгадир бундай “маҳаллий колорит”нинг бори яхши бўлиб кўринар. Аммо тўй ва, умуман, оилавий маросимларнинг ҳар жойда ҳар хил ўтказилиши, бизнингча, мутлақо нодуруст. Бу одатларнинг кўпи одат бўлгани учунгина яшаб турибди, аслида, маърифатли, маданиятли элимизнинг улардан воз кечиш пайти аллақачон етиб келган. Бир юрт фуқароси, бир миллатнинг мардуми эканмиз, урф-одатларимиз бир хил бўлиши лозим. Чунки удумлар, жумладан, тўй маросимларининг ҳар бир унсури келиб чиқишига бир пайтлар муайян бир маҳаллий шароит, маълум эҳтиёж сабаб бўлган. Бу эҳтиёж ва сабаблар ҳозир йўқолган экан, улар пайдо қилган ҳар турли русумлар энди одамларни қийнайдиган бидъатга айланади.

Яқин беш-ўн йил ичида “ақиқа” деган антиқа маросим оммалашди. У илгари ўзбекларда йўқ эди, суннат тўйи йўқолиб, ўрнига ақиқа чиқди. Унинг қонун-қоидалари ажабтовур экан: чақалоқ туғилгач, еттинчи, ўн тўртинчи, ё йигирма биринчи кунида унинг таваллудини нишонлаш лозим бўлиб, бошқа вақт ўтказилса ҳам вазифа бажарилган ҳисобланар экан. Яна билмадик.

Билганимиз шуки, ҳозир ақиқа ўтказишнинг сарф-харажати суннат тўйиникидан кам бўлмаяпти. Илгари суннат тўйи хонадоннинг ўзида ўтарди, ҳозирги ақиқалар ҳашаматли ресторанларда нишонланяпти, санъаткорлар машқ бериб турибди, мулло акалар ҳам артистлар каби махсус супа устига ўтириб амри маъруф қиляпти, дастурхон башанг…

Бир тоифа одамлар серхаражат, асосий мазмуни ароқбазм бўлган жоҳилона никоҳ тўйи маросимидан воз кечганлиги рамзи сифатида “исломий” тўй ўтказиш йўлига ҳам ўтиб кўришди. Аммо бу хилдаги тўйлар шаклан тўйга қараганда азага кўпроқ ўхшаркан, янгалар келинни куёвнинг уйига гўё “кўмиб”, уйига қайтар экан. “Исломий” тўйда ўйин-кулги ва рақс, шодиёна ҳаром эмиш. Шу сабаблимикан, бу тўй ҳам ­оммалашмади, у ёғини сўрасангиз, унақа тўй энг диндор мамлакатларда ҳам расм эмас.

Бундан эллик йиллар аввал “комсомолча тўй” деган бир тадбир ўйлаб топилган эди. Унинг шакл-шамойили тўлиқ ёдимда йўқ (бола эдик), бироқ ўша замонларда бу ғайримиллий, ғайридиний тўй хўп тарғиб қилинар, рози бўлмаган ота-оналарга тегишли ташкилотлар чора кўрар, матбуот ва адабиёт эса уларни аямай калака қилар эди. Ҳозир ўйласам, тўйда “икки ёшга бахт тилаб” қадаҳ сўзи айтиш, келин билан куёвнинг даврага чиқиб ўтириши, ҳатто рақсга тушиши каби ўрисча урф бизга шу тахлит киритилган экан. Бўлмаса, қайси ўзбек қизи ўзининг тўйида меҳмонлар олдида қўшиқ айтади дейсиз? Қайси оқсоқол ёшидаги одам қадаҳ чўқиштириб, маст бўлиб олгач, ўртага тушиб рақс бошлайди? (“Қаердасан, Зулфия?” (“Ёр-ёр”) киносини эсланг). “Комсомолча тўй” бизни ўрислаштиришга, тузумни улуғлашга хизмат қилгани учун ҳам қўллаб-қувватланган.

Аммо ўша “комсомолча тўй”нинг тартиби бир хил бўлар эди.

Бизда жамоатчилик билан ишлайдиган “Оила”, “Нуронийлар”, “Маҳалла”, “Маънавият тарғибот маркази” сингари ташкилотлар сероб. Тўй, бошқа оилавий тадбирларнинг ташвиши уларнинг ҳеч бирига бегона эмас. Шундай экан, бу ташкилотлар уюшиб, ихчам, ортиқча чиқимсиз, дабдабадан холи, барча вилоятлар аҳолисига мақбул келадиган, элимизнинг гўзал, эзгу таомиллари сараланган тўй ва бошқа маросимлар “сценарийси”ни ишлаб чиқиши, жамоат муҳокамасига ташлаб, янада сайқал бериши, маъқул топилгач, уни жорий этиш устида бош қотиришлари керак.

Бусиз эса, яна бояги… одамларни ортиқча ҳой-ҳашамдан тийилишга чорлаб айтилган, аммо деярли ҳеч кимга таъсир қилмайдиган танқидий мулоҳазалар теварагида ўралашиб юраверамиз.

 

Сувон МЕЛИ:

— Ҳашамдор ва маросимларга маънавий-ахлоқий ва ҳатто илоҳий томондан баҳо бериш мумкинми?

— Мумкин ва ҳатто зарур ҳам.

Масаланинг моҳиятига қайтсак, ҳашамдор тўйларни кимлар қилади? Албатта, бой ва мулкдор одамлар. Лекин улар икки нарсани аниқ-тиниқ тушуниб олишлари даркор. Биринчидан, бойлик осмондан ёғиладиган чалпак эмас. Бойлик — улуғ СИНОВ. Яратганнинг синови. Синов бўлгач, ортида муқаррар хавф ҳам бор. Яъни, синовга берилган нарса билан истаган ишингни қила олмайсан. Бу дунёда бўлмаса, муқаррар у дунёда жавоби бор.

Шуҳратпарастлик оғудир. Буюк француз ёзувчиси Виктор Гюго айтганидек, шуҳратпарастлик бизнинг дилимизда ва ўзимизга қарши ҳаракат қилувчи даҳшатли кучдир. Ҳашаматли тўй ёки маросим эгаси у тан оладими-йўқми, биринчи навбатда шуҳратпарастдир.

Ҳашамдор тўй ва маросим ташаббускорлари, аксарият ҳолларда, аёлларимиздир. Шу ўринда мурожаат қилган бўлардим. Эй, ўзбек аёли, ўзингни кўз-кўз қилишни баимкон чекла! Турмуш ўртоғингни, ўғлингни бу қалтис йўлга бошлама. Чин бахт кўнгил хотиржамлиги ва гўзал ахлоқда.

Одатда, ҳашамдор тўй муаллифлари Робинзон Крузо каби кимсасиз орол эмас, жамият, халқ орасида яшайди. Улар ўз фарзандлари учун яратиб берган бундай ҳашаматлар ўртаҳол оилалар, ўсиб келаётган, ҳали дунёни танимаган ёш йигит-қизлар қалбида ўксик ва нафрат уйғотади. Ота-онасига бошқача кўз билан қарайди. Натижада “Нега биз ундай эмасмиз?” деган оилаларни мувозанатдан чиқариб юборадиган, уларни бир-бирига душман қилиб қўйиш даражасига олиб келадиган савол дунёга келади.

Бизнинг жадид боболаримиз ҳашамдор тўй ва маросимларни миллий тараққиётимизга зид ҳодиса сифатида баҳолаганлар. Юқорида таъкидланганидек, Туркистон жадидлари пешвоси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг саодатли шогирди, адиб ва драматург Ҳожи Муин ўзи масъул муҳаррир бўлган “Меҳнаткашлар товуши” (1919 йил 22 март) газетасида “Тўй ва аза маросими ҳақинда” мақоласида шундай ёзади: “Мана, биз Туркистон халқи ҳам илмсизлигимиз сабабли турли маросим ва одатлар юки остинда эзилиб, мунинг учун ахлоқий ва молий жиҳатдан ғоят кўп зарар кўрмакда бўлган бир миллатмиз. Бизларни ўзиға асир этиб олғон урфлардан кўп зарарли ва ёмонроғи хатна, никоҳ тўйлари билан аза маросимидир”.

Мақолада кўп тарқалиб, миллий офатга айланган хатна тўйи, никоҳ тўйи ҳамда ўлук ва таъзия маросими ҳақида ҳар бирига алоҳида тўхталиб, уларни ва уларга қилинадиган сарф-харажатларни кескин қисқартириш ҳақида ўринли кўрсатмалар беради.

Ҳожи Муин мақола сўнгида ҳозирги кунимизга, Президентимиз чиқарган қарорга ҳамоҳанг тарзда қуйидагиларни ёзади: “Энди уезд ва шаҳар шўролари ила мусулмон иштирокиюн фирқасиндан ўтинамизким, ушбу маросим ва одатнинг ислоҳи хусусинда кенгашлашиб, яхши қарорлар чиқарсунлар ва ўша қарорномаларидан бир неча минг бостуриб, халқ орасинда тарқатсунлар эди. Шундай қарорномага амал қилмағон тўй ва аза эгалари билан гузар комитетларини масъулиятға тортиб, аларни қаттиқ жазоларға маҳкум этсунлар эди” (Ҳожи Муин. Танланган асарлар. Тошкент: Маънавият, 2010, 99-100-бетлар).

Бундан ўтказиб айтиш мушкул.

 

Баҳодир КАРИМ:

—Ўйлаб кўрайлик — бизга не бўлди? Гоҳида тирикчиликдан нолиб юрамиз. Иқтисодий танг ҳолатда қолганимиздан гапирамиз. Аммо мол-ҳол сотиладими ёки бола-чақалар ризқидан қирқиладими ёхуд қарз олинадими — барибир данғиллама тўй қилинмаса, кўнгил жойига тушмайди. Бу ҳолат яхшими-ёмонми?

Келин тушадиган уйдаги қайнонанинг қош-қовоғи билан ҳисоб-китоб қилинади. Ўринли-ўринсиз чиранишлар бўлади. Аслида, кўрпага қараб оёқ узатилгани яхши. Никоҳ тўйи бу — авлодини давом эттириш ниятлари билан қўшилаётган ёшларнинг элга гўзал ва покиза бир эълонидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилинглар”, деганлар. Шу ўгитларига амал этилгани маъқул.

 

Тоҳир АБДУҒАФФОРОВ:

—Ҳар бир халқнинг урф-одати, қадрияти — унинг юрагидир. Тўйларимиз, маросимларимиз, байрамларимиз асрлар давомида халқимизнинг меҳр-оқибатини, саховатини ифодалаб келган. Аммо бугунги кунда айрим маросимларнинг кўриниши ўз моҳиятидан узоқлашиб, ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликка айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳаммамизнинг қалбимизда оғриқ қўзғатади.

Тўй — шодликдир, аммо у ҳеч кимнинг юрагига оғир юк бўлмаслиги керак. Маросим — эҳтиром ифодасидир, аммо у ортиқча чиқим, мажбурийлик ёки “одамлар нима дейди?” деган ўйлар билан ўралмаслиги лозим. Ўртача оила битта ош беришнинг ўзига 30 миллиондан ортиқ сарфлайди. Суннат тўйлари, фотиҳа тўйлари-чи…

Мен қирқ беш йилдан зиёд битта мактабда директорлик вазифасидаман. Турли тўйларда қатнашдим. Саноғи йўқ. Халқимиз болаларининг бахтли бўлишини хоҳлайди. Ўша дабдабали тўйларга сарфланган маблағларнинг учдан бири болаларимизга сарфланса-чи? Улар илми комил, бир касб эгаси, олиму уламо, фозилу фузало, шоиру шуаро ва бошқа соҳа улуғлари бўлиб етишади. Бир см учун сарсон бўлмайди. Дунё эса бутунлай ўзгаради. Ватан боғи сархил меваларга боғбон бўлади.

Келинг, дўппини бошдан олиб, бир танамизга ўйлаб кўрайлик:

Нега бир тўй учун бир неча йил қарз остида юриш керак?

Нега фарзандимизнинг бахт кунини қарз ва ташвиш билан бошлашимиз керак?

Ахир бахт — кўр-кўрона ҳашаматда эмас, меҳр ва дуода, оддийлик ва ҳалолликда-ку!

Келинг, маросимларимизни маънавият билан, шукроналик билан, аммо ортиқча чиқимсиз ўтказайлик. Чунки ҳар бир ортиқча дабдаба — келажак авлоднинг имконини камайтиради, ҳар бир тежамкорлик эса — Ватан фаровонлигига қўшилган ҳисса демакдир.

 Шарифа САЛИМОВА:

—Биз тўйларимиз ҳақида тўхталишда яна давом этаверамиз. Даврамиз иштирокчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда таъкидламоқчимизки, бу биринчи суҳбатимиз эди.

Суҳбатни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шарифа САЛИМОВА уюштирди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 4 =