Нега биз уялишимиз керак?

Мир Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек, “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ”. Ҳа, ғолибликка умид билан каттаю кичик майдонларга чиқмоқ осон эмас, агар ғолибликка талабгор беллашувчиларнинг салоҳияти ўзингникидан кам эмаслигини ҳис этиб турсанг, камоли эҳтиром билан уларнинг имкониятларини ўзингникидан юқори баҳоласанг, масъулияту мажбурият юки янада оғирлашиб кетади.

Маълумки, шу йил 15-22 июль кунлари Германиянинг Гёттинген шаҳрида 10-синф ўқувчиларининг немис тили бўйича Халқаро олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда Буюк Британиядан қатнашган ўқувчи 2-ўринни, Италия вакили 3-ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Райёна Иброҳимова 1-ўрин соҳиби, олимпиаданинг мутлақ ғолиби бўлди.

Дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларидан келган немис тили билимдонлари билан беллашиш юки енгил эмасди, аммо уни енгишга руҳий қувват бергувчи ўн йиллик изчил меҳнат — ўқиш, ўрганишнинг меваси мустаҳкам билимлар бўлганини ҳаёт тасдиқлади.

Тўртта жонкуяр ўқитувчи гап­лашиб қолса, бугунги кунда ҳатто ўз исм-фамилиясиниям тўғри ёзолмайдиганлар кўпайиб бораётгани тилга олинмай қолмайдиган ҳозирги даврда ўзбек қизи немис тилига ўзакдош тилли халқлар фарзандларидан ҳам билимдонлигини кўрсатиб, Ўзбекистон байроғини ҳилпиратиб турса, уни инглиз, олмон, итальян, испан, француз, нидерланд, фин, швед… тенгдошлари қувонч билан бағирларига босиб табрикласалар, эҳтиром кўрсатсалар, кўзингизга ифтихор, шукрона ёшлари тўлмайдими?

Германиянинг эртаклар юртидек ажойиб, университетларини битирганлардан қарийб қирқтаси Нобель мукофотига сазовор бўлган Гёттинген шаҳрига оддий ўқувчи номи билан кетган ва у ердан Халқаро беллашувнинг мутлақ ғолиби бўлиб қайтган Райёнани Тошкент аэропортида ота-оналари, яқинлари кутиб олишибди, ўша лаҳзаларни телефонда тасвирга олганларга раҳмат. Аслида…

Кейинги йилларда юртимизда ёшларнинг жисмоний, ақлий, маънавий камолотига эътибор ортиб, бу улуғ мақсад рўёби учун амалга оширилаётган тадбирлар миқёси кенгайиб, сарфланаётган маб­лағлар салмоғи ошиб боряпти. Айни фикр исботини ҳамма жойда, ҳамма соҳада кўриш мумкин.

Айниқса, ёшларимизнинг жаҳон, қитъалар миқёсидаги спорт мусобақаларида шоҳсупалардан ўрин олишлари анъанага айланиб қолди. Бу, шубҳасиз, соҳага ва унинг истиқболи бўлган ёшларга эътибор, яратилаётган шароиту имкониятлар, рағбатларнинг самараси. Ота-она, устозларнинг кўп йиллик тўғри, жиддий тарбияси, ўгитларига ихлос билан амал қилиб шуғулланган, машаққатлардан қўрқмаган йигит-қизларнинг ғалабалари маржондек бир-бирига уланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Райёна Иброҳимованинг дунё мамлакатларидан тўпланган тенгдош­лари — немис тили билимдонлари орасида бутун жисми Ўзбекистон байроғига айланиб минбарга чиққунча ўтган ўн йилига назар ташласак… “Жўжани кузда сана”, — дейди халқимиз. Таълим-тарбияга оид анъанавий услублар, замонавий янгиликларни зарра инкор этмаган ҳолда, Райёнанинг ижтимоий тармоқлардаги суҳбатларини кўриб, тинглаганимдан кейин, сувни кўриб этик ечадиганлар қаторида дилимдан: “Мана шу қизнинг тақдири ҳам ота-оналар учун фарзанд таълим-тарбияси, мактаб ўқитувчиларининг масъулияту мажбурияти, жамият ва ўз касбига садоқати, боланинг имконияти, иқтидорини очиш, камол топтириш бўйича тап-тайёр ибрат, оммалаштиришга муносиб тажриба мактаби бўла олади”, — деган мулоҳаза ўтди. Энди шу фикримни изоҳламоқчиман.

Аввало, бугунги кунда минглаб ота-она, бобою бувиларнинг ҳаваси, ҳурматини қозонган Райёнанинг отаси Нодирбек Жўраев, онаси Ирода Жўраеванинг ҳаёти, болаларининг таълим-тарбиясини уларнинг қизиқишу иқтидорлари, замон талаблари, келажак олдидаги масъулият билан боғлаб олиб боришлари ёш фарзанд ўстираётган оилаларга катта ўрнакка арзийди. Фарзандларининг гапларидан келиб чиқиб мулоҳаза юритсак, Нодиржон ва Иродахон қизалоқ биринчи синфга борган кунлариданоқ, унинг нималарни ўқишига, қандай ўқиши зарурлигига эътибор қаратганлар. Дунё ҳаёти ва унга боланинг муносиб тайёргарлик билан кириб бориши ҳақида ҳамжиҳат ўйланганлар, ғамхўрлик қилганлар, шароит яратганлар.

Яна энг муҳими, улар ўз хоҳишларига мос тузган режаларини қизларига мажбурият қилиб юкламасдан, ҳар доим Райёнанинг қизиқишлари, иқтидорини ҳисобга олганлар. Ўғил-қизларига эзгу мақсадлар йўлида ҳалол меҳнат нонини едирганлар. Раййонанинг ўқиш-ўрганишлари ҳар доим ҳам кутилган натижа бермаган, шундай пайтларда қиз энг аввало онасининг маслаҳатлари, насиҳатлари, қўллаб-қувватлашига суяниши, амал қилиши, адашмасам, бугунги кунда жуда кўпчилик онаю қизларга намунага арзийди.

Райёнанинг мактабдаги немис тили ўқитувчиси Муқаддас Касимовага ҳам алоҳида ташаккур. Кейинги йилларда одамлар ўртасида инглиз тилининг халқаро нуфузи билан боғлиқ қарашлар, эътирофлар самараси сифатида инглиз тилини ўрганишга қизиқувчилар геомет­рик прогрессия асосида ортмоқда. Шундай бир вазиятда… Қаранг, битта мактабдаги ўнта биринчи синфлардан саккизтасининг ўқувчилари инглиз тили, иккита синф ўқувчилари немис тили ўқиса-ю, бу ўқувчилардан биттаси немис тили бўйича жаҳон олимпиадаси ғолиби бўлса! Миқёсни тор олиб тасаввур этганда шундай. Зеро, оддий умумтаълим мактабининг ўқувчиси Райёна ер юзидаги энг тараққий этган, юксалиш йўлида бўлган, ривожланаётган мамлакатларнинг миллионлаб ўн олти ёшлилари орасидан саралаб олинган немис тили ихлосмандлари-билимдонларининг тождори бўлди. Бу, аввало, устозларининг билими, маҳорати, сидқидилдан қилган меҳнатларининг самараси эмасми? Муқаддас Касимова ҳаракатлари ва албатта, мактаб маъмуриятининг қўллаб-қувватлашлари билан мактабнинг Гёте институти билан ҳамкорликда фаолият юритадиган “Келажак ҳамкорлигидаги мактаблар” қаторига кириши, шу номга муносиб таълим-тарбия ташкил этилиши ҳамма мактабларга ибрат эмасми? Дарвоқе, бу кўпам янгиликка ўхшамайди, чунки ҳозир олий ўқув даргоҳлари оталиққа олган мактаблар ҳам оз эмас. Шу сабабдан институт, университетлар ходимлари, профессор домлалари мактабларда учрашувлар, суҳбатлар ўтказиб туриши одатга айланган; иқтидорли болаларни аниқлаб, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш, ўстиришда ҳамкорлик ҳақида шартномалар ҳам имзоланган. Лекин буларнинг самарасидан кўра ўтказилган учрашувлар, борди-келдилар ҳақидаги ҳисоботларнинг салмоғи вазминроқ. Яна бир карра айтгим келади: Райёна ўқиётган мактаб, унинг жонкуяр ўқитувчилари иш тажрибасини оммалаштириш республикамиз мактабгача таълим-тарбия ва таълим соҳаси ривожига ҳисса қўшишни истаган фидойи, халқпарвар, ватанпарвар масъулларнинг эътиборидан четда қолмаса керак.

Райёна қизимизнинг ўзига келсак. Тўғриси, мен ўн олти яшар ўқувчининг фикр-мулоҳазаларини тинглаб бунчалар қувонмагандим (баъзан олий таълим даргоҳи талабаси билан суҳбатдан ҳам тузук-қуруқ таaссурот олмайсан). Етти йилдан буён Республика Зулфия номидаги давлат мукофоти комиссиясининг аъзоси сифатида бу мукофотга юзлаб номзодлар билан мулоқотда бўлдик. Тўғриси, ўн олти ёшли номзодлар орасида нутқи бу қадар равон, самимий, маълумотларга бой, дунёқараши кенг, мақсадлари аниқ ва бу йўлда изланиш-интилишлари халқаро миқёсда эътироф этилганларни кўрмадим. Райёнанинг аниқ мақсадлар ва уларга эришиш учун катталардек заҳматлардан қўрқмай яшаши, вақтни қадрлаши, замонга ҳамнафаслиги, китобларга муҳаббати, ота-она меҳнатини доимо ҳис этиб, шунга муносиб инсон бўлиб улғайишга интилиши, устоз­ларини яхши кўриши ва улардан олиш мумкин бўлган илму фазилатларни зарра-зарралаб қалбига, руҳиятига сингдириши — Ватан ва халқни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш туйғуларининг илдизлари бўлса, ажабмас. Ахир қуруқ ерда оддий майса кўкармайди-ю, қуруқ гаплардан олижаноб фазилатлар туғилармиди?

Кўз олдимдан беихтиёр айни кунларда турли шиорлар билан маҳаллалар, таълим даргоҳлари, ташкилотларда ўтказилиши анъана тусига кирган тадбирлар, учрашувлар ўтди. Унда иштирок этадиган айрим машҳурлар ҳудудлардаги аҳолига гўё “ўз одамларидек” бўлиб қолишган. Уларнинг нафақат қиёфалари, юриш-туришлари, балки айтадиган гаплариям, хотиралариям, ўқийдиган шеърлариям, куйлайдиган қўшиқлариям кўпчиликка ёд бўлиб кетган. Йил давомида тадбирлар тадбирларга уланиб, ўша “қадрдон” ташриф буюрувчиларнинг маълум гапларини тинглайверсанг, бош­қача бўлиши мумкинми?

Мен мухбирларнинг Райёна билан суҳбатини тинглаб мулоҳаза юритаркан, унинг ота-онасидан, ўқитувчиларидан, ўзидан қанча ижобий фазилатлар, тажрибалар ўрганиш мумкинлигини ўйладим. Ҳақиқатан ҳам, нима учун оммавий учрашувларга Раййона ва у каби ўқишда, оилада, жамоат орасида ҳурмату эътирофга сазовор бўлган фарзандларимизнинг ота-оналарини, устозларини таклиф этиб, уларнинг тажрибаларини оммалаштириш мумкин эмас? Тадбирлардан, учрашувлардан чин маънавий-маърифий озуқа олишни истаганлар учун мавҳум, умумий гаплардан иборат баландпарвоз нутқлардан кўра гапини ҳаётда исботлаб қўйганларнинг тажрибаларини ўрганиш қимматлироқ, қадрлироқ, фойдалироқ эмасми?

Ижтимоий тармоқларда минглаб юртдошларимиз Райёна Иброҳимованинг ота-онаси, ўқитувчиларига раҳматлар айтишяпти; унинг муваффақиятидан хабардор бўлган дақиқалардан “шундай фарзандлар кўпайсин, бизнинг болаларимиз ҳам унга ўхшасин”, деган ҳавасмандлар сафи лаҳзалар сайин ортди. Мамлакат ҳаёти олдига қўйган мақсади йўлида мана шундай қатъият, ирода, қийинчиликлардан қўрқмай интиладиган ёшлар билан барқарор тараққиёт йўлидан боради, иншооллоҳ.

Ва яна… Айни хушхабар ва унинг атрофидаги воқеаларни кузатаркан, қалбимга “ёпишиб” олган икки иштибоҳ сабаб ушбу сатрларни қоралашга жазм этдим (зеро, бугун ярқ этиб журналистларнинг, одамларнинг эътиборида бўлган Райёна ҳақида гапирадиганлар ҳам, ёзадиганлар ҳам оз эмас).

Кейинги йилларда халқаро мусобақалар ғолиби бўлиб қайтган спортчилар, уларнинг мураббийлари алоҳида тантана, эҳтиром билан кутиб олинаётгани ва уларга катта миқдорда пул мукофотлари берилаётганидан ҳаммамиз қувонамиз. Неча йиллик машаққатли меҳнат, шуғулланишнинг бундай рағбатлантирилиши спортчини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди; жамиятда унга ўхшашга интилувчилар сонини оширади; Ватанда иродали, мард, жасоратли инсонлар қадр-қиммати юксаклигини таъкидлаб, ёш авлодга намуна сифатида юксалтиради. Германиядан жаҳон олимпиадаси чемпиони бўлиб қайтган Райёна Иброҳимовани Тошкент аэропортида ота-оналари ва бир неча танишлари кутиб олишди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова у билан кўришиб қутлади, арзимас бўлса-да, вазирликнинг совғасини топширди. Бу жуда яхши. Ўзининг айтишича, Андижонга борганидан кейин ҳовлиларига Андижон шаҳар ҳокими, прокурори келиб табриклаб кетишган…

Ўн олти яшар… ўсмирлигу балоғат орасида бўлган қиз етти ёшидан бошлаб “нина билан қудуқ қазиш”идан келган муваффақиятни тарозининг бир палласига ва анча-мунча совғалар, гулдасталар, чиройли табрик сўзларини иккинчи паллага қўйилса, қайси палла оғирлигини яхши англайди, деб ўйлаймиз. Фақат… унинг мисолида яхши ўқиш, аниқ мақсадлар билан изланиб ўқиб ўрганиш, ҳар бир ўргангани тошга ёзилган битикдек хотирада қоладиган йилларнинг дақиқаларигача қадрлаб, ота-онаю азиз устозларнинг тўғри маслаҳатларини яхши кўриб, ихлос билан дарслару сабоқларни ўзлаштириш, китоблар оламининг ҳикматларидан ибратланиб ўрганишнинг чиройли, хайрли оқибатини намоён қилиш жамиятнинг, ёшлар таълим-тарбиясига бевосита масъул бўлган вазирлик, ташкилотларнинг биринчи навбатдаги вазифаси эмасми? Райёна Иброҳимовани Германияга кузатишда ҳам, кутиб олишда ҳам бу ташкилотлардан бирор вакил кўринмагани… афсус!

Мени жиддий ўйлантирган яна бир мулоҳаза: Райёнанинг мухбир билан суҳбатдаги: “Мен қаердан келганимни айтганимда, Ўзбекис­тон нима, қаер, қандай миллийликлари бор, деган саволлар бўлди. Биз Британияни танигандек, улар Ўзбекистонни танимайди. Айни шунинг учун биринчи ўринни олишим шарт эди…” деган гапи янгилик эмасдек. Чунки қайси соҳа вакили бўлмасин, радио-телевидениеда чиқиш қилганларнинг аксарияти келажакда “Ўзбекистонни дунёга машҳур этиш” нияти борлиги ҳақида айтмай қўймайди. Ҳатто боғча болалари ҳам ўзи тушунадими, йўқми, “Мен катта бўлиб фалон касбни эгаллаб, Ўзбекистонни дунёга танитаман”, — дейиши оддий шиор бўлиб қолган.

Бундай фикрлаш, менимча, давлатчилик, илму урфон, маданияту маънавият соҳасида инсоният тарихининг энг ибратли, мазмунли, ўчмас саҳифаларини битган аждодларимиз, халқимиз ҳақида бироз ўзимиз нохолис, нотўғри гапиришимиз эмасми? Миллатчи, босқинчилик руҳида бўлган айрим хорижий файласуфлар, тарихчилар, арбоблар мамлакатимиз тарихи, ҳудуди, миллатимиз ҳақида минг йиллик ҳақиқатларни инкор этиб, ўзларини халоскор, билимдон, илму маданият элтувчи қилиб кўрсатиш учун жонҳалак бўлаётган ҳозирги даврда “Ўзбекистонни дунёга танитиш учун ундоқ қиламан, бундоқ қиламан”, — деган фикрни сингдириш билан болаларимиз, ёшларимиз онгига (танганинг иккинчи томони) “ҳозир республикамиз таниқли эмас, дунё уни билмайди”, деган “томизғи”ни томизмаяпмизми? Қолаверса, истаган одам истаган давлат, истаган халқу миллатга тааллуқли истаган маълумотларни ижтимоий тармоқлар орқали олиши мумкин бўлган, халқу мамлакатлар ҳаётининг турли соҳаларига оид далиллар нуфузли ташкилотлар томонидан ўрганилиб, таҳлил этилиб дунё аҳли эътиборига ҳавола этилаётган ҳозирги даврда… узоққа бормайлик, “Париж-2024” олимпиадасида юртдошларимиз, бошқа давлатлар спортчилари ғалабага эришгани уларнинг номлари эълон қилинган дақиқаларда дунёга маълуму машҳур бўлмоқда.

Илм, ҳунар, яхшилик, хайрли ишлар кимларнидир ҳайрон қолдириш, кўз-кўз қилиш, кўпчиликка намойиш этиш учун эмас, аввало, ҳар кишининг инсондек яшаши, ўзини топиши, у қон ва жони, қалби билан боғланиб кетган яқинлари, жамияти, ота юрту элини обод, бой, рози қилишга хизмат этгандагина ҳақиқий саодат, икки дунё мукофотларини олиб келади, иншооллоҳ. Худди мана шундай инсонлар биринчи навбатда оиласида, ўз қавму қариндошлари орасида, шаҳару қишлоғида тўкинлик, ободлик, фаровонлик, тинчлик-хотиржамликка асос соладилар, юксалишга интилиш, ютуқларни кўпайтириш йўлида пешқадам, намуна бўладилар. Улар қанча кўп бўлса, оилалар шунча бой, манзиллар обод, турмуш фаровон — Ватан шаъну шавкати шундай хонадонлардан ва уларнинг ифтихорли, бахтиёр инсонлари жамият бўлиб бирлашувидан бошланмайдими?

Райёнанинг “Иккинчи ўрин ҳамма таниган Буюк Британия, учинчи ўрин ҳамма билган Италия, биринчи ўрин мана энди ҳамма билган Ўзбекистон бўлди”, — деган гапини эшитганда… ва шу қабилдаги иборалар экранларда, оммавий ахборот нашрлари саҳифаларида кетма-кет янграб турганда, қалбимдан бир савол кетмай қолди: “Инсоният тарихининг барча ютуқларидан фойдаланиб бугунги тараққиётига эришган қай давлатнинг қай бир фуқароси минг йиллар давомида математика, физика, фалсафа, астрономия, тиббиёт, давлатчилик, маънавият, маданият соҳаларида оламшумул кашфиётлар қилган, дунёвий ва ижтимоий фанлар пойдеворини қўйган аждодларимиз ҳақида билмаса, нега биз уялишимиз керак? Нима учун бундай кишиларга бошимизни баланд кўтариб, бутун овоз билан: “Мен математика бўйича буюк кашфиётчи Хоразмий, “Шарқ Аристотели” деган шарафли унвонга сазовор бўлган Форобий, ҳадис илми бобокалони Бухорий, табобат асосчиларидан ибн Сино, улуғ фалакиётшунос Мирзо Улуғбекларнинг ватандоши, авлоди бўламан!” — қабилида жавоб бермоғимиз ҳамда фарзандларимиз онгига ҳам шу фикрни сингдирмоғимиз тўғри ва афзал эмасми?!

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 − 3 =