“Яшил макон”ни яратиш виждоний ишга айланса…

Finger touch with environment Icons over the Network connection on nature background, Technology ecology concept.

“Яшил энергия”, “яшил иқтисодиёт”, “яшил водород”, “яшил макон”. Дунё ҳамжамияти барча соҳаларда юқоридаги манбаларга эга бўлиш, уларни яратиш устида бош қотирмоқда. Негаки, бугунги экологик буҳрон ва глобал замонда бу омиллар ҳар жиҳатдан давлатлар ҳамда жамиятларнинг хавфсизлиги, барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий тараққиёти учун хизмат қилади. Ҳар соҳага илмий ёндашув шартлиги ушбу ҳолатларда яққол намоён бўлади. Ўз навбатида бу жамият фуқароларининг маънавий савиясини ҳам белгилаб беради. Шу боисдан ҳам Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда ҳам “Яшил макон” ло­йиҳаси асосида жуда катта ишларни амалга ошириш бўйича вазифалар қўйилаётгани бежиз эмас. Хўш, юртимизда юқоридаги масалаларнинг энг оддий, осон, содда, қулай бўлган тури “Яшил макон”ни яратиш қай аҳволда? Ёшлар боғи, Нуронийлар боғи, Талабалар боғи, Олимлар боғи, Спортчилар боғи…

Маълумотларга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтган йиллар мобайнида неча юз миллионлаб туп дарахт ва бута кўчатлари экилган. Демак, юқоридаги каби кўплаб боғлар яратилган, яратилмоқда. Гуллаб яшнаши вақт, маблағ ва меҳнат талаб қиладиган ҳар бир боғ манзарали ва мевали дарахтлардан камида 5-10 минг тупини бир жойга жамлайди.

Ҳар йилнинг баҳор ва куз ойларида жорий йилнинг 29 мартида бўлгани каби Юртбошимиз ташаббус кўрсатиб, “барака топкурлар, кўчатлар экайлик, боғлар яратайлик” дегандан сўнггина ҳаракатга тушамиз. Яна ҳам қизиғи, аввалги йилларда яратилган боғларга яна қайтадан мевали, манзарали кўчатлар ўтқазамиз. Яна шов-шув, биз бунча минг туп мевали ва манзарали кўчатлар экдик; Яшил макон лойиҳаси авжида, платформага киритилди ва ҳоказо.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Биз экилган дарахт кўчатлари ва буталарнинг ҳисобини юритяпмиз. Аслида, кўкарганини ҳисобга олсак мақсадга мувофиқ бўларди. Бунда баҳор мавсумида экилган кўчатларни кузда, кузда экилганларини эса баҳорда рўйхатга олсак, шунда аниқ бўлади, экилган дарахт кўчатларининг қанчаси кўкарди, қанчаси йўқ.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 2 ноябрь куни ўтказилган аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида “Шунча йилларда “қоғозда” экилган дарахтларни ҳисобласа, Ўзбекистонда бўш жой қолмаслиги керак эди. Тизим, қаров бўлмагани учун экилганининг ҳам кўпи қуриб кетди.

Бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтараяпмиз. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди. Бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режалаштирилган.

Шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш керак”, – дея таъкидлаб ўтган эдилар.

Лекин “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб бораётган ишларимиз қониқарли эмас. Юртбошимиз куюниб айтган вазифалар тўлақонли бажарилмаяпти. Биз кўпгина ҳолатда боғларнинг номини яратаяпмиз, холос. Унинг парваришига эса ҳеч кимнинг вақти йўқ. Айрим яратилган боғларга ҳар куз ва баҳор мавсумида қайта-қайта янги ниҳоллар экаяпмиз. Яна ҳар мавсумда бир хил гапни такрорлаймиз. Бу сафар илмий ёндашдик, ўзимизнинг тупроғимиз балл бонитети ҳолатидан келиб чиқиб, иқлимимиз шароитига мос кўчатларни экдик, деймиз. Ваҳоланки, ўзи шундай қилиш шартлигини муҳтарам Юртбошимиз аввал бошданоқ айтгандилар. Биз эса ҳар сафар экяпмиз, экяпмиз, экяпмиз. Бироқ дарахтзорларимиз, боғларимиз кўпайиш ўрнига тобора камайиб бормоқда. Нега?

Биринчидан, экаётган дарахтларимиз қаров бўлмагани ва тўғри танланмагани туфайли тўлиғича кўкармаяпти.

Иккинчидан, инсон омили туфайли содир бўлаётган “хунрезлик”лар натижасида “яшил олам”га зиён-заҳмат етмоқда. Бунга мисол: 2023 йилда юртимиз бўйлаб 50 мингга яқин дарахтларга қирон келтирилган. Шундан 10 мингга яқини ноёб дарахтлар ҳисобланади. Булар ҳали аниқланганлари.

Умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга ошираётган ишларимиз тўла ижобий самара бериши учун масалага қуйидагича ёндашиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Айтайлик, биргина Сирдарё вилоятида бугунги кунда 915 000 нафардан ортиқ фуқаролар истиқомат қилади. Уларнинг 455 000 нафардан ортиғи аёллар, 460 000 нафардан ортиғи эркаклардир. 70 000 нафардан ортиқ нуронийлар, 400 000 нафардан ортиқ ёшлар, 19 000 нафарга яқин профессионал спортчилар, 55 000 нафардан ортиқ ҳаваскор спортчилар бор. Бундан ташқари, 314 та умумтаълим мактаблари, 1000 га яқин мактабгача таълим ташкилотлари, яна бир неча 100 дан ортиқ ташкилотлар ва муассасалар фаолият юритади.

Вилоятда яшовчи бир фуқаро ҳам ёшлар таркибида, ҳам муайян соҳа вакили, ҳам спортчи, ҳам эркак ва ё аёллар таркибида бўлиши мумкин. Мана шу жиҳатларни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ўз вақтида, сифатли амалга оширишда қўллашимиз лозим. Ҳар бир фуқаро камида 4 та тоифага мансуб бўлар экан, у камида 4 дона кўчат экиши мақсадга мувофиқ. Бироқ биз бошқа соҳаларда бўлгани каби ҳар биримиз ташаббус кўрсатиб, 4 донадан эмас, 8 донадан кўчат эксак. Яъни, ўзимиз мансуб ҳар бир 4 та тоифа учун 2 донадан. Сирдарё вилояти аҳолисининг 700 000 нафарини кўчат экишга лаёқатли деб ҳисобласак, уни 8 каррага кўпайтирсак, камида 5 500 000 дарахт ниҳоллари экилар экан. Буни энди ҳар йили баҳор ва куз мавсумларида бўладиган кўчат экиш мавсумига кўпайтирсак, экилган ҳар мавсумдаги кўчатлар 50 фоиз кўкарган тақдирда ҳам биз қуюқ ва мусаффо табиат қўйнида, дарахтзорлар бағрида қолар эдик. Шунда “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – ватанмиз”  тамойили “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳам амал қиларди. Ортиқча оворагарчиликларга ҳожат қолмас эди, назаримда.

Бу кўрсаткичларни республикамиз миқёсида ёки бошқа вилоятлар мисолида қўшиб, кўпайтириб, ҳисобини келтириб, изоҳлаш шарт эмас, назаримизда. Ҳар биримиз бугунги экологик буҳронни ҳис қилган ҳолда ёндашишимиз лозим. Шундагина ҳавомиз мусаффо, табиатимиз янада гўзал бўлади.

Жорий йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ҳамда чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига жойларда 444 та яшил боғ ва 160 та жамоат парклари ташкил қилиш, “Менинг боғим” лойиҳасини ишга тушириш вазифаси юклатилди. Ўз навбатида Президентимиз: “Яшил макон” топшириқ эмас, буйруқ эмас, у виждонимиз, бўлажак ҳаётимиз, келажак фарзандларимиз олдидаги масъулиятимиз, виждонимиз амри бўлиши лозим. “Яшил макон”га ҳисса қўшмаган одамлар — эртанги кунга бефарқ одамлар деб қабул қилган бўлар эдим”, дея таъкидлаб ўтди.

Ушбу даъватдан ҳар бир ватандошимиз ўзига тегишли хулоса қилиб, бугунимиз ва келажагимизга дахлдор бўлган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда виждонан ҳиссасини қўшган тақдирдагина кўзланган мақсадга эришамиз. Акс ҳолда…

Баҳром БОЙМУРОДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 15 =