Қалби бой, илки бадавлатлар кўпайсин
Ошкоралик, ҳаётнинг барча соҳалари шаффоф бўлиб бораётганининг яна бир далили: бугун ижтимоий тармоқлар орқали анча-мунча каттаю кичик олди-сотдилардан хабардор бўлишимиз оддий ҳолатга айланди. Тунов куни уйларнинг нарх-навосини билмоқчи бўлиб, “ОLХ” деган онлайн бозорга кирдим. Ҳа-а, кейинги пайтларда уй-жойларнинг баҳоси анча кўтарилгани ҳақида эшитганларим исботи шу ерда экан. “Бизларга боп нархлардаги уйлар ҳам кам эмас. Лекин мана бу 300000, 400000, 500000 АҚШ долларига нархланганларига йўл бўлсин?..” деган хаёл билан кузатарканман… “Ия, ҳовли-жойларнинг 800000, 900000 АҚШ долларига сотиладиганлари ҳам бор экан-ку!”
Сал ўтмай, бу ҳайратим янги рақамларнинг чангида қолиб кетди: АҚШ долларида кўрсатилган 1 миллион, 3 миллион… ҳатто 10 миллион АҚШ доллари ва ундан баланд нарх қўйилган саройсимон ҳовлилар бир эмас, бир нечталаб чиқа бошлади. Ўртада шайтон бор-да: “Мустақилликкача бўлган даврда ҳам, ундан кейин ҳам бундай данғиллама кошоналар қуриб олиш учун қанча маош олиб ишлаш керак бўлардийкин? Яна бу сотилаётган жойлар эгалари кўчада яшамайди-ку. У хонадони ҳам эл қатори бўлмаса керак?” деган фикрларни дилимда айлантира бошлади. “Йўқ, бировнинг чўнтагини ковлаш яхши одат эмас. Нима бўлса ҳам, Аллоҳ ҳалолидан берган бўлсин. Жамиятда бойлар қанча кўп бўлса, шунча яхши!” деб ўзимни тергадим.
Ҳақиқатан ҳам, жамиятда бой-бадавлатлар қанча кўп бўлса, турмуш — фаровон, юрт — обод. Ҳамма ўзига тинч яшаса-ю, эҳтиёжманд бўлмаса, қандай яхши! Шу яхшиликнинг моҳияти ҳақида ўз ақлу идроким етганича мулоҳаза юрита бошладим. Шунда лоп этиб Рамазон ойида қўлидаги бойлиги маълум нисобга етган одамларнинг эҳтиёжмандларга закот бериши фарзлиги ёдимга келди. Ибн Обиддиннинг фиқҳга бағишланган “Раддул мухтор” китобида закот тўлашда кишининг ўсиб турувчи ёки фойда келтирувчи моли 20 динор олтин ёки 200 дирҳам кумуш миқдорига етиб, бир йил давомида шундай турган бўлиши; бу тахминан 85 грамм тилла ёки 595 грамм кумушга тўғри келиши, айни миқдорнинг қирқдан бири закот сифатида берилиши кераклиги ёзилган. Шунингдек, тилла, кумуш ва чорва молларидан бошқасида ҳам тижорат нияти билан бўлса, закот берилади ва шарти шуки, ақд қилаётганида тижоратни ният қилиш кераклиги белгилаб қўйилган бўлсин. Демак, уй-жой, ҳовлиларни ҳам тижорат қилиш ниятида қурган одамлар қурилишга кетган харажатлари нисобидан закот беришлари фарздир. Беихтиёр ўйладим, уй-жой мулкини 4000000 (тўрт миллион!) АҚШ долларига нархлаган одам берадиган закотини 10000 ёки 5000 дан тақсимласа ҳам, бир нечта эҳтиёжманд оила баҳраманд бўлиши мумкин экан (агар бу оилалар ўша маблағни фақат еб-ичишга сарфламай, қаловини топиб тадбиркорликми, ҳунармандчиликними йўлга қўйсалар, камбағалчиликдан чиқиб кетишлари ҳам мумкин). Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек:
Кимки бир кўнгли
бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким,
Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Улуғ файласуф, шоир, давлат арбоби бу даъватларига, аввало, ўзлари ибрату ўрнак билан “Лаббай” деганлар. Тарих китоблари далолат қилишича, ўша даврнинг энг бой одамларидан бўлган Алишер Навоийнинг жуда кўп боғ-роғлари, узумзор ерлари, бозорлар расталарида қатор дўконлари бўлган. Булардан келадиган даромаддан юзлаб одамларга ош-нон, кийимлар, эҳсонлар қилишлари кундалик анъанага айланган; мадраса талабалари хотиржам илм олишлари, мударрислари ҳаёт ташвишларига чалғимай астойдил илм беришлари учун уларни иқтисодий жиҳатдан таъминлаганлар. Мадрасалар, юзлаб кўприклар, работлар, юзлаб хайрия-эҳсон уйлари қурдирдилар… Эҳҳе, Навоий саховати баёни саҳифаларга сиғмайди. Чунки Алишербек Сабзавор шаҳрига ҳоким бўлган отаси Ғиёсиддин кичкинадан қолган меросни, ўзи топган маблағни, ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро инъом этган ер-сувни тадбиркорлик билан боғу роғлар яратишга, ундан келадиган даромадни маданий-маиший иншоотлар қуришга, қишлоқларни боғларга айлантиришга, хайрия ишларига, илму маърифат ривожига сарф этгани учун давлатига давлат қўшилди, мулкидан барака аримади. У зоти бобаракот бир неча марта тайёргарлик кўрган бўлсалар-да, давлат ва халқ ишларидан ортиб Ҳаж ибодатига боролмадилар, Каъбаи мукаррамани кўришга зор бўлиб ўтдилар. Аммо юзлаб бузуғ кўнгилларни шод этиш баробарида юзлаб Каъбани обод этмоқнинг савобига мушарраф бўлган эсалар, иншооллоҳ!
Жамиятда бойлар қанча кўп бўлса, шунча яхши эканининг хайрли оқибат-фазилатларидан бири шу бўлса керак-да!
Ўзимдан ўзим қалбимни рағбатлантирувчи хаёллар билан “ҳисоб-китоб”га берилганим сайин (ёшлигимда “фақат математик бўламан”, дердим), негадир дилимнинг бир бурчагида “Пул, давлат жигардан бўлган” деган халқона гап ўтаверди. “Ҳар ким ўз ихтиёридаги шахсий мулкини ўзи тасарруф қилади. Нима ҳақинг бор аралашишга?” деган андиша чимирилиб таъқиб қилиб турибди. Лекин яна бир боқий ҳикмат менинг тарафимда — бу ёруғ оламда инсоннинг молу давлати борлигиям, йўқлигиям синовдир. Албатта, ҳар икки тоифа вакиллари ҳам ёруғ юз билан яшашни, ҳурмат-эътибор қозонишни, охир-оқибат яхши ном қолдириб, савоблари мўл бўлишини хоҳлайдилар. Бу мақсад йўлида қўллари юпун одамлар борига шукур этиб, озни кўп ўрнида кўрадилар, умрнинг ҳар лаҳзасидан тортиб ризқнинг майда ушоғигача қадрлашга ҳаракат қиладилар. Бой-бадавлатлар аксарияти эса… тўкин-сочин яшашдан юз ўгирмайдилар, иложи борича ўнни ўн бир, йигирма, юз қилиш пайида бўладилар; атрофдаги ўртаҳолу камбағалларнинг кўпчилиги уларнинг ҳаётига ҳавас қилади-ю, лекин улар ён-атрофидаги маошни маошга улаб кун кўрадиганларнинг аҳволини ҳис этадиларми?.. Ҳар доим ҳам уларга ёрдам беришга қалбларида рағбат топиладими?.. Хуллас, бу тоифа одамларнинг кундалик турмушидаги тўкин-сочинлик, май-чайлар зиммасидаги синов масъулиятига парда тортиб қўймадимикин?.. Бу ерда масала бой одамнинг бойлигини асраш, кўпайтириш, ҳар хил қарз сўровчилару тамагирлар билан муомала-муносабат, ўз жигарларининг талаб-илтимослари каби ташвишу бош оғриқлар ҳақида эмас. Гап шундаки… фикримни изоҳдан, ҳаётий мисоллардан давом эттирмоқчиман:
VIII асрда яшаган тобеин, фақиҳ олим, ҳадисшунос Абдуллоҳ ибн Муборакнинг насаби оддий, отаси Муборак ҳалоллиги, саховатпешалиги билан ҳурмат қозонган боғ қоровули бўлган. Ҳар доим маошининг учдан бирини эҳсон қилган. Бу фазилат илмда юксак даражаларга эришган, шу билан бирга тижорат туфайли беҳисоб бойликлар орттирган фарзанди Абдуллоҳга энг катта ибрат бўлган. Тарихчиларнинг ёзишича, бир йили Абдуллоҳ ибн Муборак бошчилигида Ҳаж сафарига кетаётган одамлар Куфа шаҳрига кириб келишганда, у ерда очлик ҳукмрон эди. Ибн Муборак бир қизча ахлат титиб, ундан қарғанинг ўлигини олиб кетганини кўриб қолади. Суриштирувдан маълум бўладики, қизчанинг оиласида ҳеч вақо йўқ, ўлимтикни емоқ учун олиб кетган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак ўзи бош бўлган ҳамроҳларига: “Бу йил Ҳажга ажратган маблағ, емишларимизни Куфа аҳлига бериб, ўзимиз орқага қайтамиз”, — деган ва шундай қилишган экан. Абдуллоҳ ибн Муборак илм аҳли, толибларни моддий қўллаб-қувватлар, масалан, биргина машҳур фақиҳ олим Суфён Саврий бошқа ташвишларга чалғимай, илму урфон билан машғул бўлиши учун ҳар йили 10 000 дирҳамдан бериб турар экан. Ибн Муборакнинг ўзи ҳатто жазирама иссиқ кунларда ҳам рўзадор бўлар, муҳтож одамларни энг яхши таоми билан боқар экан. Ҳеч қачон бир ўзи овқатланмай, таомини, албатта, бирор меҳмон билан баҳам кўрган. Яна у: “Оч кишига берилган бир бурда луқма (нон, таом), менинг назаримда, масжид қурганимдан ҳам афзалдир, гарчанд у масжидни бир ўзим қурадиган бўлсам ҳам”, — дер эди.
Ёдингизда бўлса, Ҳотами Тойи: “Гарчи мен унга қирқ мингта қўй совға қилган бўлсам-да, мени меҳмон сифатида сийлаш учун қарамоғидаги беш-олтита қўйининг ҳаммасини сўйган одам мендан саховатлироқдир. Чунки у бисотидаги барча бойлигини, мен эса бойлигимдан бир томчисини бердим, холос”, — деган экан. Бу гап эҳтиёжманд инсонларга кўмак беришга озми-кўпми қурби-имкони бўлган барчамизга тааллуқли. Лекин… ҳатто уч-тўртталаб шахсий машиналари бор юртдошларимиздан айримлари қўли юпқа қўшни, қариндоши бир амаллаб кўтарган иморатининг томини ёпиб олиши учун озгина моддий кўмак бериш нари турсин, унинг ҳашарига боришниям ўзларига муносиб кўрмайдилар. Ҳамиша ибодатда, элга хизматда бўлган уламолар, камтару камсуқум кишилар умрларининг охиригача “Мендан Аллоҳ рози бўлармикин? Одамларнинг менда ҳақи қолмадими?” деган ташвишда тинмай хайрли амаллар қилиб ўтдилар. Бугун Ҳаж ибодатига бориб келган баъзи юртдошларимизнинг хонадонларида бир катта тўйдек зиёфату дабдабалар билан кутиб олинишлари ва “ҳожи”ларнинг бунга рағбатлари; юриш-туришларида эътиборталаблик, тўртта одам йиғилса, албатта, тўрида ўтиришга интилиб туришлари, ўзларини бошқалардан ўзгачароқ тутишлари… Аллоҳнинг даргоҳида ибодати қабул бўлишини сўраш ўрнига исмларига “ҳожи ота”, “ҳожи ака” қўшиб айтилмаса, очиқ-ошкор жаҳл қилиб юрадиганлар ҳам бор. Ҳурматли Президентимиз ўтган йилнинг 22 декабрь куни бўлган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги маърузасида Ҳаж, Умра сафарига бориб келганлар ҳам мамлакатимизда маънавият, маърифат тарқатувчи тарғиботчилар сафида бўлиши кераклигини таъкидладилар. Халқимиз Каъбатуллоҳда бўлиб, ибодатлар қилиб келган одамларни шундоқ ҳам бошқача сийлайди, ҳурматлайди, ҳавас қилади — шунга муносиб бўлмаган кишилар эса, афсуски, маънавиятни юксалтиришга эмас, юксак эътиқодлар дарз кетишига сабабчи бўладилар.
Баъзилар учун Ҳотами Тойи каби тарихий шахслар афсона-эртак қаҳрамонидек туюлиши мумкин. Бундай саховатпешалар ҳамма замонларда бўлган, бўлади. Келинг, бугунги кунимизга қайтайлик. Америкалик Илон Маск ҳозирги даврда дунёнинг энг бой одамларидан бири саналади. Ўнлаб компаниялари, илмий марказлари бор; унинг тасарруфидаги елдек учадиган энг замонавий автоуловлар нафақат ерда, балки хоҳиш ва имкони борларни ойгача саёҳат қилдириб келиши мумкин. Ибратли жиҳати: бу бойликларга Илон Маск “эгалик қилади” дегандан кўра “унинг тасарруфида” дейиш тўғри бўлар. Чунки у орттирилган мулкини шахсий орзу ҳаваслари, қимматбаҳо таомлару кийимлар, сайру саёҳатлар, айшу фароғатга эмас, замонавий илм-фан тараққиётига, янги кашфиётларнинг амалиётига (ҳатто унинг шахсий уйи ҳам йўқ, дейишади. Меҳмонхоналарда, ўрни келса, илмий лабораторияларида ҳам ётиб қолаверар экан) сарфлайди, ўрни келганда, ёрдамга муҳтож одамларни, соҳаларни қўллаб-қувватлайди.
Ижтимоий тармоқларда австралиялик Али Банат исмли бир йигит ҳақида жуда кўп постлар қўйилган. Уларда ҳикоя қилинишича, асли келиб чиқиши фаластинлик бўлган бу мультимиллиардер йигит 29 ёшга чиққанда, йўл-йўлакай бошида қаттиқ оғриқ сезади. Ўткинчи дард деб ўйлаб шифокорга… ундан яна ҳам тажрибалироқ, машҳурроқ шифокорларга боради. Биринчи оддий дўхтир қўйган ташхисни соҳанинг номдор мутахассислари ҳам тасдиқлашади, яъни дарди бедаво — саратонга учраган, касаллик бутун вужудига илдиз отиб, даволаб бўлмайдиган даражага етган экан… Унинг бойликлари, умумлаштириб айтганда, ҳозирги ёшлар ҳавас қиладиган барча нарсаларнинг энг саралари, қимматбаҳоларидан бўлган. Али Банатни бойликлар билан синаб кўриш баробарида унинг қалбини бандалик масъулияти, одамларга нисбатан беқиёс меҳр-шафқату улуғ фаросат билан зийнатлаб (бандаларини айни неъматлардан бебаҳра этмасин!), чин бадавлатлик мартабасига кўтарган Парвардигори оламга ҳамдлар бўлсин! Шифокорларнинг “узоғи билан етти ойларча умринг қолди”, деган гапларини эшитган лаҳзалардан Али Банат энди хату ҳужжатлардаги кўчмас мулклари, маблағларининг бори нима-ю, йўғи нима эканини тан олади. Агар насиб этса, бу ёруғ оламда саноқли ойларгина унинг ҳақиқий бебаҳо бойлиги, инсонийликнинг улуғ мартабасига етиши, Аллоҳ ва бандаларининг розилигини олиш учун шу муддат ғанимат имконияти бўлиб қолганини англайди. Ўз сўзи билан айтганда, беҳисоб бойликлар ичида “Дунёга нима учун келганини унутиб қўйган” Али оғир касалликни чин одамийликка қайтиш, уни адо этиш учун ўзига насиб этган совға-мукофот деб билади. Ўша кундан бошлаб ихтиёрида бўлган ҳамма мол-мулкини хайрли, эзгу ишларга сарфлашга аҳд қилади: Африканинг энг қашшоқ мамлакатларидаги оч-юпун болаларни тўйдиришга, кийинтиришга, ўқиб билим олишлари учун шароит яратиб беришга, касалликларини даволатишга ёрдам беради. Сувсиз жойларда юзлаб қудуқлар қаздиради, 600 нафар ота-онасиз қолган етимлар яшаб, ўқиб, ҳунар ўрганишига шароитлари бўлган махсус уй қурдиради. 200 нафар бошпанасиз қолган аёллар-оналарни уй билан таъминлайди. Али Банат кенг миқёсдаги бу ишларга нафақат молу мулкини, кундан кунга заифлашиб бораётган тану жонини ҳам бағишлайди. Агар сиз ҳам кузатган бўлсангиз, у халқи қашшоқ ҳудудлардаги болалар учун ошпазларга қўшилиб таомлар пиширади, тайёр таомни сузиб беради, кийимлар, ўқув қуроллари улашаркан, бу саховатдан кўзлари чақнаган болажонлардан ҳам ўзини бахтлироқ ҳис этгани юзларида акс этиб туради. Уни энди бизнес оламидаги маълум даврадагилар эмас, минг-минглаб болажонлар, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилари, эзгуликталаб миллионлаб одамлар яхши кўрадилар, соғайиб кетишини тилаб дуо қиладилар. Али Банат бу дард билан шифокорлар айтганидек етти ой эмас, уч йил яшади. Ҳаётининг сўнгги кунларигача Ҳотами Тойининг биз кўриб-билиб турган сафдоши бўлди. Шамдек ўчаётган умрининг охирги кунларида озиб, ранги рўйи оқариб кетган эса-да, Али Банатнинг юз-кўзларида нур балқиб турарди.
Қимматбаҳо машиналарда ҳар бири фалон минг долларларга харид қилинган кийимлар кийиб, афсонавий қасрларга монанд уй-жойларда зиёфатларга ботиб яшашдан кўра “бир бузуғ кўнгилнинг хотирин шод этмоқ” нечоғли роҳатбахш, қалбга таскин, кўзу кўнгилга қувончлигини қай даражада ҳис этамиз?! Нодирабегим:
Мақсад на эди жаҳона келдинг,
Кайфиятингни баён этиб кет, —
деганларидек, чин инсонийлик шарафига муносиб бўлмоқ йўлига юз тутиб қадам босмоқ учун, албатта, бошинг тошга, деворга урилиши ёки шартинг кетиб партинг қолиши шартми?! Молу давлатинг, кучу қувватинг барқу жўш уриб турган кунлар, ойлар, йиллар айни эзгулик, саховат, мардоналик, савоб ва розиликлар олиш фасли эмасми?!
Қалб кўзларини катта очиб тасаввур қилиб кўрайлик: омад деймизми, уддабуронликми, билимдонлик, тадбиркорлик, чаққонликми, замон зайлини бошқалардан кўра тезроқ англаб олиш хислатими… ишқилиб, бир сабаб билан хонадонимизга бойлик оқиб келди. Уни еб, ичиб, устма-уст қимматбаҳо кийимлар, антиқа машиналару дабдабали ҳовлилар сотиб олиб, тўй-тўйлаб, сайру саёҳатлаб ва яна қандайдир кўнгил кўчаси майлларига совуриб топилган “роҳат-фароғат”нинг қадр-қиммати бир кун келиб қишу ёзларини далада оғир меҳнат билан элга ризқ-рўз етиштиришга, кийинтиришга сарфлаётган (уларнинг меҳнати ҳам бошқаларникидан кам, енгил, осон эмас!) қора қозонли юртдошимизнинг боласи олий таълим олиши учун берган кўмагимизнинг моҳияту оқибати қадар юзимизни ёруғ, дилимизни равшан, умримизни мазмунли қилармикин?
Ёмон хаёлларга боргинг келмайди. Лекин кўриб-билиб турганларингдан ҳам кўз юмолмайсан: катта мол-давлатни қўлга киритиш учун туғишган жигарлар бир-бири билан ёқалашган, судлашган; кимлар ўзи ҳуқуқ посбони бўла туриб отнинг калласидай поралар олган; одамлар тинч-хотиржам яшаши керак бўлган уйларни қураётганда кимлардир тошу темирдан ўмаргани учун бино йил ўтмай қийшайиб-қулаган; болалар, аёллар бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган дориларни ноқонуний йўллар билан олиб кириб, пуллаб кимлардир бойиган; алдов, босқинчилик, зўравонлик кўчасига кирганларнинг дарди ҳам — пул, мулк. Бундай йўллар билан топилган бойлик элдан яширилиши, яхшиликка хизмат қилмаслиги оддий ҳақиқат.
Азиз юртдош, юқоридаги гаплар янгилик эмас. Жуда жонкуяр кўриниш ёки кўпчиликка маълум бўлган бу дардларни айтиб қалбингизни тирнаш ниятим ҳам йўқ. Кейинги йилларда мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида халқни камбағалчиликдан чиқариш, ижтимоий-сиёсий соҳада эса маънавий-маърифий етук инсонларни тарбиялаб жамиятнинг маънавиятини юксалтириш бош вазифа қилиб қўйилди. Бу икки муҳим ишнинг бажарувчилари ижобий натижалар сари ҳар қанча уринмасин, токи икки тоифа, аниқроғи, бой-бадавлатлар иқтисодий жиҳатдан имконияти чекланганларга юзланмас экан, уларни худди ўзлари каби ҳаётдан кўнгли тўлиб бағри бутун яшашга ҳақли ватандош-миллатдош сифатида ҳурматлаб муносабатда бўлмас экан, моддий томондан қўллаб-қувватламас экан, юқорида қўйилган мақсадга етиш мушкулгина эмас, ҳатто мумкин эмас. Тасаввур қилинг: она Ўзбекистоннинг барча бойликлари мисоли улкан дастурхонга қўйилган неъматлар, бу дастурхон атрофида барчамиз бормиз. Фақат… эгаллаган мавқеи, имкониятлари, табиатидаги уддабуронлиги ёки тортинчоқлигига қараб кимдир бу неъматларга яқинроқ ўтиргани учун тезроқ (бошқаси секинроқ) қўл узатади, кимдир тажрибалилиги, йўлини билгани учун кўпроқ (бошқаси оз ёки озроқ) улуш олади. Республикамизда саноат, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш йил сайин ўсиб боряпти ва бу тараққиёт самараларидан ҳам имконияти ва “қўли узун”лар биринчи навбатда баҳраманд бўладилар. Уй-жойи, машиналари, кийим-кечаги, еб-ичиши, юриб-туриши, дам олиши, тўю маъракаси юрт омборларини нозу неъматларга тўлдириб, элни кийинтириб, шаҳару қишлоқларни обод этаётган халқ ҳаётидан еру осмон каби фарқ қиладиганлар оз эмас. Тўкинликларга, чиройли ҳаётга ўзларини бошқалардан кўра кўпроқ муносиб деб биладиганларни, ўзларининг фарзандларини энг катта мартабаларга лойиқ ҳисоблаб, чўпоннинг боласи чўпон бўлиши оддий ҳол деб хулоса чиқарадиганларни, бой бўлгани учун тўй-маъракаларда доим ўз “тенг”илар билан ўтирадиганларни, йиққан-терганини асосан ўзи ва оиласининг орзу-ҳавасларига тўкиб-сочиб, мамлакат иқтисодий-ижтимоий тараққиётига ўзи қанча ҳисса қўшяпти-ю, ишчи, деҳқон, ўқитувчи, шифокор, хизматчилар қанча ҳисса қўшаётгани ҳақида мушоҳада қилишгаям ноқобилларни маънавиятли одамлар деб бўладими? Адолат тарозисининг бир палласига инсонларнинг маънавияти, иккинчи палласига киши оёғини ердан узишга-да қодир даражадаги бойлик қўйилса, қайси томон ер-у қайси томон осмон бўларкин? Қайси палланинг жонажон Ватанимиз истиқболига ҳиссаси кўп — қалби уйғоқ одамлар учун бу савол жавоби содда, ёрқин, жуда аҳамиятли.
…Кўз ўнгимда ҳамон “ОLХ” онлайн бозорида сотувга қўйилган, нархи оддий меҳнат кишисининг тасаввурига ҳам сиғмайдиган ўнлаб, юзлаб уй-жойлар қаторлашиб турибди. Бу фақат уй-жой бозорида кўрганларим. Айни кунларда, муборак Рамазон арафасида бу маълумотлардан хабардор бўлганим ҳам хайрли бўлса, ажабмас.
Ривоят қилинишича, ҳазрат Жабройил алайҳиссаломнинг “Имон, ислом нима?” деган саволларига Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам имон Аллоҳнинг ёлғизлигини тан олиш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш, Ҳаж ибодатини бажариш, деб жавоб қайтарган эканлар. Уламолар таълим берадиларки, барча амаллар каби, закот бериш гарчи бошқаларга эҳсон, яхшилик қилишдай туюлса-да, бу амалнинг энг катта савоби, ажру мукофоти закот берган кишининг ўзига буюради — бу Аллоҳнинг ваъдасидир. Имоннинг бир рукни бўлган закот бериш орқали покланиш, молу давлатимиз яна зиёда ва файз-баракали бўлиши имкониятини қўлдан чиқармайлик. Закот бериши вожиб бўлган инсонлар қачон закотини берса, бойликлари покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсади.
“Бева ҳамда мискинга инфоқ қилиш учун саъй қилган киши, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган, туни билан намоз ўқиган ва куни бўйи рўзадор юрган киши кабидир”, деб марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).
Аллоҳга шукур, республикамизнинг барча шаҳар, қишлоқларида бой-бадавлат кишилар оз эмас. Уларнинг ичида давлатмандликни катта синов деб билганлар, бунинг масъулиятини англаб элу юртга ошкор ва пинҳон эҳсон, ҳадялар қилиб, савобу эҳтиром топаётганлар оз эмас. Кейинги пайтларда вилоятларда бошпанага ёки уйларини таъмирлашга муҳтож бўлиб қолганларга яшаш жойи қуриб бериб, уй-жойларини таъмирлаб бериб, ўзларининг кимлигини пинҳон тутаётган саховатпешалар ортиб бораётгани қалбингни тўлқинлантиради, шукурлар бўлсин. Ана шундай қалбию илки бой-бадавлат ўзбекистонликлар кўпайсин. Бундай олийҳимматлар сафи янада кенгайиб, диний уламоларнинг маслаҳат, йўриқлари билан закот ибодатини адо этсалар, эҳтиёжмандларнинг ҳақини эгаларига топширсалар… Агар шу йўлда муқим бўлсак, Сиз қандай ўйлайсиз, билмайман, лекин менинг назаримда юртимизда икки-уч йилда камбағаллик деган кемтиклик, ижтимоий муаммо йўқолиб, жуда бўлмаганда сезиларли даражада камайиб кетадигандек.
Муҳтарама УЛУҒОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.