Шерикчилик истиқболлари
Бўстон туманида фаровон турмуш бўй кўрсатаётгани ҳақида сўз
Ўтган жума куни эрталаб Андижон вилояти Бўстон тумани ҳокими Санобархон Носирова билан туман марказига киравериш яқинидаги саноат зонаси ҳудудида учрашдик. У тадбиркорлар билан мулоқот ўтказаётган экан.
Тумандаги ислоҳотлар, қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида сўзлади. Айниқса, туманда кузги-қишки мавсумга тайёргарлик хусусида эшитиб, мақола ёзса арзигулик тажриба тўпланганига амин бўлдик.
— Ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишлари давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилгани қўл келди, — деди Санобархон Носирова. — Туманимиздаги 70 та ижтимоий соҳа объекти иситиш тизимлари фаолияти давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган “Зиё-2002 МХ” масъулияти чекланган жамияти жамоаси томонидан йўлга қўйилгани айни муддао бўлди.
Ҳоким “Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши” деб “Зиё-2002 МХ” масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Музаффар Сайдалиевни бизга рўпара қилди. Иш юритувчи масъулияти чекланган жамият фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди. Унинг айтишича, тумандаги мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, касалхоналар, оилавий поликлиникаларнинг иситиш тизими тармоқлари фаолиятини қониқарли таъминлаш давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган масъулияти чекланган жамият зиммасида экан.
Давлат-хусусий шерикчилик асосида иситиш тизимлари фаолияти намунали ташкил этилганлиги учун Бўстон тумани тажрибаси бундан беш йил аввал бутун республикага ёйилганлигини алоҳида қайд этиш ўринли.
— Бугунги кунда тумандаги ижтимоий соҳа объектларининг 130 минг квадрат метр миқдордаги майдони иситилмоқда, — деди Музаффар Сайдалиев. — Туркия давлатида ишлаб чиқарилган “Kozlusan” русумли турли сиғимдаги иситиш қозонлари олиб келиниб ўрнатилган.
Музаффар Сайдалиев ҳамроҳлигида тумандаги 6-давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлдик.
— Бугунги кунда боғчамизда 175 нафар бола тарбияланмоқда, — деди ташкилот раҳбари Дилфуза Убайдуллаева. — Боғчамиз қирқ йил аввал қурилган бўлиб, олти йил бурун мукаммал таъмирланган. Авваллари қиш келаверса, юрагимиз безиллаб турарди. Ўтин ғамлаш, кўмир олиб келиш ўзимизнинг зиммамизда эди. Мана беш йилдирки, бу ташвишдан қутулганмиз. Қишнинг энг совуқ кунларида ҳам хоналар иссиқ, болалар енгил кийимда бемалол юраверишади. Ота-оналарнинг хурсандлигини айтмайсизми! Чунки айрим хонадонларда шундай шароит йўқ-да.
Агар иситиш тизимида бирор носозлик бўлса, дарҳол давлат-хусусий шерикчилик вакилларига хабар берамиз, зум ўтмай келиб тузатиб беришади. Электр таъминотида ҳам деярли узилиш бўлмайди. Мабодо бирор жойда фавқулодда узилиш бўлиб қолса, қўшимча манба – “движок”ни улаймиз.
48-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида 820 нафар ўқувчига 52 нафар ўқитувчи таълим берар экан. Уч қаватли мактаб биноси хоналарига назар ташласангиз, ўғил-қизлар енгил кийимларда ўқиб ўтиришибди.
— Ихчамгина жойда учта иситиш қозонхонаси ишлаб турибди, — деди мактаб директори Моҳим Дўстматова. — Бундан беш-олти йил аввал сифатсиз кўмир ёқиларди. Қўлларимиз ҳам, бинолар ҳам қораярди. Ҳозир ҳаммаси унутилди.
Бу мактаб биноси кўзимизга иссиқ кўринди. Бу бинода жойлашган билим юртига Ўзбекистон халқ шоири, раҳматли Тўлан Низом раҳбарлик қилган пайтлари келганларим ёдимга тушди…
— Тиббиёт муассасаларини ҳам кўрсатмасам бўлмайди, — деди ҳамроҳим Музаффар Сайдалиев.
Туман марказий касалхонасидамиз. У ерда бизни касалхона бош шифокорининг ўринбосари Ойбек Ғаниев кутиб олди.
— Марказий касалхонамизда ўн иккита бўлим фаолият кўрсатмоқда, —деди Ойбек Ғаниев. — Касалхонамиз ва яна ўн битта оилавий поликлиниканинг иситиш тизими фаолиятини давлат-хусусий шерикчилик масъулияти чекланган жамияти йўлга қўйган. Жамият вакили куну тун иситиш тизими фаолиятини назорат қилиб туради. Кўмир дейсизми, эҳтиёт қисм дейсизми, таъминоти билан улар шуғулланади.
Ойбек Ғаниев касалхона ҳудудидаги қуёш панеллари билан ҳам таништирди. Бу ерда қуёш панелларидан ҳам унумли фойдаланилаётгани ибратга молик.
— Туркия қозонхоналари учун Қозоғистондан олиб келинган импорт кўмир ишлатамиз, — деб суҳбатни давом эттирди Музаффар Сайдалиев. — Бундай қозонхоналарнинг самараси катта. Авваллари ишлатиладиган қозонхоналардан кўмир сарфи беш марта кам. Беш миллиард сўмлик кўмир захира қилиб қўйганмиз. Туркия қозонхоналари ёрдамида иситиш тизимининг афзалликларини тумандошларимиз ҳам англаб етишди. Турли ташкилотлар ва аҳоли хонадонларига ҳам шундай қозонхоналар ўрнатишга буюртмалар қабул қиляпмиз.
Шундай. Илғор тажриба ҳар ишда керак. Шу боис юқорида Андижон вилоятининг Бўстон туманида бўй кўрсатаётган турмуш фаровонлигидан бир шингил ҳикоя қилдик, холос…
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
