Камбағаллар йўқ эмас, лекин…
— Эй, жўра, бу гапни қайдан эшитдинг? Ким айтди сенга бизнинг қишлоқни қақраб ётган чўл деб? Тўғри, вақтида чўл бўлган, бугун гулистон-ку! Ахир ёшим олтмишга яқинлашган бўлсаям, ишлаб чарчамайман! Юр бу ёққа, ана қара, қўрадаги қўйларнинг ҳаммаси меники! Бу товуқлар ҳам. Қўй-қўзиларимни кўр! Бодом, олма, шафтоли, узумнинг ҳосили зўр бўлди бу йил. Бу ниманинг ҳисобига? Албатта, пешона тер билан яратилган. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Буни ўнг ва сўл қулоғинг билан эшитиб ол!
Мардонбой отанинг бу гапини эшитиб, дўсти кўзини олиб қочди. Кейин аста деди:
— Дўстим, сиз хафа бўлманг.
— Нима? Ҳали шунақами? Бир кўрай ўша раисни, нега мени рўйхатга киритади? Шунча меҳнат қилиб, энди камбағал бўлиб қолдимми? Мендаям ор бор, номус бор!
Мардонбой ота аёли олиб келган чойни обдан қайтариб, дўстига бир пиёла узатди. Ўзи ҳам иссиқ кўк чойни ҳўплар экан, деди:
— Камбағаллар йўқ эмас, бор. Лекин шу ўзини бечора кўрсатаётган тўрт мучаси соғ одамлар ҳам йўқ эмас-да. Уларга иш ёқмайди. Салқин чойхона, оғизга ёқадиган таом ва бир-иккита улфатлар бўлса бас! На оилани, на рўзғорни ўйлайди. Хотин бечора болаларни қандай боқаман деб бировларнинг уйида ишлайди. Эр эса уйга келиб хотинга ўшқиради. Ишлагани иш йўқ, дейди. Каттагина томорқа эса ажриқ босиб ётади.
— Энди, жўра, сениям тушунаман, ишламасанг тура олмайсан, кетмонинг қуёшда ялтирайди, — деди Санақул ота. — Топганинг ҳалол. Биламан, сен қанча ишласанг, шунча тетиклашиб бораверасан. Эшитгандирсан, камбағалликни қисқартириш умумхалқ ҳаракатига айланибди. Албатта, бунда биз кексалар ҳам иштирок этамиз-да. Масалан, сени олайлик, шунча куч-ғайратни қайдан оляпсан, сени меҳнат қилишга нима ундаб туради? Шуларни камбағал оилаларга гапириб беришинг керак-да.
— Ҳа, эшитдим, дўстим, — Мардонбой ота тенгдошининг фикрларини маъқуллади. — камбағалликни пул тарқатиш билан тугатиб бўлмайди, дейилди йиғилишда. Яна бир гап. Камбағал оилаларнинг 35 фоизи қўлида ҳунари йўқ, ишга лаёқатсиз экан. Уларни баъзи корхоналар шунинг учун ишга олмайди-да. Яна бир рақамни эшитиб, ҳайратландим. Камбағал оилаларнинг 83 фоизида каттагина томорқаси бор экан. Тўғри, уларда сув ва электр муаммоси йўқ эмас. Қаловини топса қор ёнади, ишлаш керак-да. Аммо шу йиғилишда Президентимизнинг бир гапи жуда ёқди менга. “Одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллалар шароитини яхшиламасак, камбағаллик қисқармайди”, деди. Келгуси йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун каттагина маблағ ажратиладиган бўлди. Сув насослари, қуёш батареялари, электр, йўл, интернет учун ишлатилади бу маблағ.
— Шунча пул маҳаллаларга! — ажабланди Санақул ота. — Бу зўр-ку! Энди қишлоқларга файз кирар экан-да. Томорқалар ҳам яшнайди. Бозор тўкин бўлади, бозор. Шуниси муҳим-да, жўра.
— Шу гапингга бир нарса ёдимга тушиб кетди, — дўстининг гапини бўлди Мардонбой ота. — Тунов куни шаҳарга тушувдим. Набирам 12-қаватда яшайди. Чиқдим. Лекин у қаёққадир кетган экан денг. Шунда қўшниси мени уйига таклиф қилди. “Дам олиб туринг, йўлда толиққансиз”, деди. Яхши одам экан. Уйига кирдим-у, оғзим ланг очилиб қолди. Биласанми, гўё уйга эмас, боққа киргандай бўлдим. Хоналарнинг ҳамма томонида гул ўсиб ётибди. Баъзилари шифтга етган. Буям майли, балконда лимон пишиб турибди. Балконнинг бор бўйи тувакда лимонлар билан тўлдирилган. “Дўхтир лимонзорда нафас олинг деган эди, лимонзорни шу ерга олиб келдим”, дейди уй эгаси. Мана буни инновация деса бўлади. Яна-чи, улар бош пиёз бор-ку, уни артганда томир томонини ташлаб юборишмас экан. Яшикка солинган тупроққа пиёзнинг томир томонини экиб, сув қуйишар экан. Пиёз ўсиб ётибди. Кўкат ўзларидан чиқяпти. Мана яна бир инновация!
— Энди сен ҳамма кўп қаватли уйда яшовчилар балконда лимон етиштирсин демоқчимисан?
— Йўқ, бу хаёлимга ҳам келгани йўқ. Айтмоқчиманки, ҳамма нарсани эпласа бўлар экан. Баъзилар томорқаси, имконияти бўла туриб, қилолмаган ишни бир одам балконда амалга ошираётганига қойил қолганимдан айтдим-да сенга. Эпласанг жангалда шўрва, дегани шу-да, жўра!
— Эй, дарвоқе, йиғилишда ҳоким, ҳоким ўринбосарлари халқ ичига кирмаётгани танқид қилинди. Қандай келсин, уларнинг вақти йўқ-да. Масалан, бизнинг маҳаллага ҳоким бирор марта бўлсин, келгани йўқ. Ҳолинг қандай деб мендан сўрамасин, бошқалардан сўрасин. Бева-бечоралардан сўрасин! Камбағал одамларга ёрдам берсин!
— Айтмоқчи, сен ҳам бу йилги ҳосилнинг ярмини одамларга тарқатибсан, деб эшитдим, яхшиликнинг энг яхшиси саховат-да, тўғрими?
— Энди, биласан, шу эл бизга қадрдон. Топганимизни шу одамлар билан баҳам кўрамиз-да. Одамларга яхшилик қилсанг, қайтади. Пул бўлиб эмас, дуо бўлиб. “Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасми?” деган нақл бекорга айтилмаган, жўражон.
— Хўп, омон бўл, яхшилик қилишдан чарчама, дўстим, мен борай, келин сигир соғадиган вақт бўлди, невараларга қарай, беданага хўрак бериш керак, қўшни кампирнинг сал мазаси йўқ, унга овқат чиқарай, кичкина невара мактабдан келади, дарсларига қарашай, парникдан гул узай, бугун аёлимнинг туғилган куни…
Фахриддин БОЗОРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
