Мақтовни ёқтирмайдиган отахон

ёхуд таниқли ёзувчининг чоп этилмаган мақоласи

 

Биласиз, газетамиз журналистларнинг эркин минбари. Шу боис соҳада узоқ йиллар хизмат қилган, ёш ижодкорларга ўз фаолияти билан ибрат бўла оладиган ОАВ фаҳрийлари, уларнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳақида ҳам жуда кўплаб материаллар чоп этилади.

Бундай мақолалар биз каби журналистика соҳасига эндигина қадам қўяётган ёшларга маҳорат мактаби вазифасини ўтаб, уларнинг тажрибаси билан танишиб, соҳани яхшироқ ўрганишимизга хизмат қилса, у мақолаларда ёдга олинган журналист устозлар учун катта эътибор, шогирдлари, ҳамкасб дўстларининг юксак эътирофидек таъсир қилади.

Бундай материаллар берилган газета чоп этилган куннинг эртасигаёқ бу каби одамлар таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, “Мен ҳақимда мақола берибсизлар. Кўриб жуда хурсанд бўлдим. Рости сира ҳам кутмагандим. Ўқиб, ўша бир пайтлар жавлон уриб ишлаган вақтларимга қайтгандек бўлдим. Катта раҳмат” дейишса, муштарийларимиз “Шу киши ҳақида мақола бериб зўр иш қилибсизлар. Ҳақиқатан ҳам бу одам жуда муносиб” деб ўз фикрларини билдиришади.

Бу сўзлар эса бизга янада илҳом бериб, кимларнидир хурсанд қилганимиздан ўзимиз ҳам хурсанд бўлаверамиз.

Аммо мен бир сафар умуман бошқача ҳолатга дуч келдим ва анча вақтгача буни хаёлимдан чиқаролмай юрдим. Бир нималарни қоралашга илҳомланганим ҳам рост. Келинг, яхшиси, бу воқеа қандай бўлгани ҳақида сизлар билан ўртоқлашсам.

 Одатдагидек газетанинг навбатдаги сони тайёрланаётган кунларнинг бирида таҳририятимизга бир отахон келиб қолди. Эгнида тўқсонинчи йиллар зиёлиларига хос кастюм-шим ва бўйинбоғ. Қўлида ҳам ўша даврда урф бўлган “дипломат”.

“Бу киши ҳам мен танимайдиган катта журналистлардан бири бўлса керак” деган хаёлга бордим.

Салом-алик ва ўтиргандан сўнг қилинадиган ўзбекона дуо-йи, фотиҳадан кейин отахон исм-шарифимни, бу ерда ким бўлиб ишлашимни сўрадилар. Мен эса оғзимни тўлдириб “шу газетанинг мухбири бўламан, гапиринг отахон, бизга нима хизмат” дейишимни биламан қўлларини яна дуога очиб, “Илоҳим Олтин қалам, Йилнинг энг фаол журналисти, хизмат кўрсатган журналист… эришиш мумкин бўлган барча унвону-мақомларга эришгин. Ёзганларинг элнинг кўнглидан жой олиб, ҳамиша севимли ижодкорлар қаторида юргин” деб узондан-узоқ дуо қилиб олдилар-да мақсадга кўчдилар:

“Мен ҳам журналистикада йигирма йилдан ошиқроқ ишладим. Манави жойда мухбир, манави жойда махсус мухбир яна манави-манави жойларда мана бу лавозимларда ишлаганман. Бормаган давлатим, ёзмаган мақолам қолмаган ҳисоб. Матбуотда чиққан материалларимни йиғиб, ўнтадан ошиқ публицистик асар, ўндан ошиқ сафарнома китоб ҳамда мен ҳақимда бош­­қа журналистлар ёзган мақолаларни йиғиб, яна бир нечта китоблар чиқарганман. Ўҳ-ҳў, мен ҳақимда кимлар мақола ёзмади, кимлар очерклар ёзмади дейсиз! Айниқса, фалон фанлар номзоди, фалон мукофотлар совриндори Фалончи Писмадончиев фалон сарлавҳали мақоласида манави гапларни жуда топиб ёзган-да, эшит: “Унинг учун ҳеч бир матбуот анжумани, брифингларга алоҳида таклифнома керак эмас эди. Ҳар доим катта-кичик журналистлар йиғиладиган турли давраларда ҳозиру нозир бўларди. Шунчалик фидойи журналист бўлганки, қайсидир вазирлик, ташкилот ёки муассаса томонидан қайсидир вилоятга ОАВ ходимлари учун учрашув ташкил этилса, биринчилардан бўлиб келиб оларди. Бор фикру хаёли, ташвиши мана шундай ишлардан иборат бўлган. Уни кузатиб “Наҳот шахсий ташвишлари, оилавий ишларидан ортиб, тадбирларда шунчалик фаоллик кўрсата олса-я?” деб хайрон бўлардик”. Эҳ… бу гапларни ўқиб, яна ўша вақтлардагидек ишлагим келиб кетади, ишонавер.

Отахоннинг ҳафсала билан гапираётган ҳар бир гапига тасдиқ маъносида бошимни ликиллатавериб, “Қачон мақсадга кўчар эканлар?” деб қанча кутмай, менга худди тугаётгандек туюлаётган гапларининг давоми чиқаверарди. Ҳурматсизлик бўлмасин, деб гапини бўлишдан ўзимни тийиб, тишимни-тишимга қўйиб, индамай тинглаётган бўлсам-да, зерикканимдан “тезроқ мақсадга ўтақолинг, отахон, мен сизни гап бошлаганингиздан буён ана мақсадга ўтяпти, мана ўтяпти деявериб, қанча ноумид бўлдим” дегиларим келарди. Ўзимни уёқ-буёққа ташлаб, атрофга қанча алангламай, жўртага томоқ қириб, зерикканимни сездиришга уринмай, суҳбатдошим қаршимда ўтирганча, елкамга бир қўл ташлаб, яна диққатимни ўзига қаратиб, гапиришда давом этарди.

“Айтганимдек, мен ҳақимда ёзилган мақолалар, очеркларни ҳам тўплаб бир неча китоб қилганман. Балки сен ҳам ушбу суҳбатимиздан кейин мен ҳакимда очерк ёзиб юборсанг ажабмас (қаҳ-қаҳ отиб кулади.). Майли, сени ҳам кўп вақтингни олмай муддаоимни айта қолай. Ушбу мазмунли суҳбатимизни насиб қилса бошқа сафар яна давом эттирармиз.

Уфф… ҳайриятей девордим очиғи шу пайт ичимда.

“Шу десанг, ҳамма бирдек таниб, ҳурмат қиладиган бир таниқли ёзувчи, журналист ҳам мен ҳақимда мақола ёзиш истагида эканлигини айтган эди. Аслида китоб ёзса ҳам бўларди-ю… ҳа, майли. Аммо негадир шу мақолани ҳам ҳали-ҳамон ёзганлари йўқ. Мен эса анча вақтдан буён “бу мақолани қачон ёзар эканлар?” деб кутиб юрардим. Аввалига ҳадеб ёзавермаётганликлари учун бироз ҳафа бўлгандек ҳам бўлдим. Кейин эса ўзимга кела бошладим. Ҳа, энди у кишини ҳам тушуниш керак-да. Давлат ишларидан ортмаётган бўлишлари мумкин-ку ахир. Ўзини ҳам бош­­қа ишлари бордир. Балки мендек инсон тўғрисида шошма-шошарлик билан ёзиш мумкин эмаслигини тушуниб, ҳаётим ва ижодимни мукаммалроқ ўрганаётган, муаллифлигимдаги асарларни қайта-қайта ўқиб чиқаётгандир, деган хулосага келдим. Тўғри-да, нима дединг? Ахир сен ҳам…

Отахоннинг бемалолхўжа бўлиб гапираверишига сабрим чидамай, охири гапириб юбордим. “Бўлиб-бўлиб нима бўлди? Ёзиб бердими? Газетамизнинг навбатдаги сонида шу мақолани чоп этишимизни сўраб келганмидингиз отахон?” дедим-у, ўз бошимга яна бир дунё гап тилаб олдим.

“Шошмасанг ҳаммасини аста-секин айтяпман-да ҳали ёшсан, шошмагинда укам. Бунча шошқалоқ бўлмасангиз сиз ёшлар-а! Катталарни озгина сабр билан тинглашни, эшитишни билмайсизлар. Натижада шунақа беодоб бўлиб кетасизлар. Ишлашни бошлаганингизга 1-2 йил бўлмай, дарров отга миниб оласизлар. Худди бу газета шахсий мулкингдек “газетамиз” дейишингни қаранг. Қанча бўлди ўзи ишлашни бошлаганингга? Қаерни тугатгансан ўзи?” деб отахон жаҳли чиқиб энди мени койиб кетди. Рости оғзимни очганимга ҳам пушаймон бўлдим.

“Хўп бўлади отахон, беодоблигим учун кечиринг, узр сўрайман, тавба қилдим. Мен шунчаки сизнинг ишингизни тезроқ битиришни ўйлаган эдим, холос” деб ўзимни оқлашга қанча уринмай отахоннинг ғазаби баттар аланга оларди.

“Сен ўйлама, сен учун ўйлайдиганлар бор, хўп-ми?! Ундан кўра сен ишингни, ўз вазифангни бажар. Журналистларнинг асосий вазифаси одамларни эшитиш. Демак, сеники ҳам! Тушундингми?” деб бир қўлини пахса қилганча стулга ярим ўтирган ҳолда шунақанги гапирар эдики, худди кечириб бўлмас катта жиноят қилиб қўйгандек ўтирган стулимнинг суянчиғига қапишиб, унинг ортига тушиб кетгудек ўтирардим.

Бу орада нима жанжал бўляпти экан деб эшикни очган ҳамкасбим, бу отахоннинг “дарров эшикни ёп” деган маънода кўзини лўқ қилиб, қайрилиб қараганидан қўрқиб, зумда ортига қайтиб кетди. Мен эса ёшларга хос бўлган “приём” ҳар бир гап­­га тезда-тезда “хўп бўлади”, “хўп бўлади” деб отахонни ҳовуридан тушуришга эришдим.

Суҳбатдошим “Нима деяётгандим ўзи?” деб бир ўйлаб олди-да охир-оқибат мақсадга кўчди: “Ҳа, ўша таниқли ёзувчининг мен ҳақимда мақола ёзмаётгани ҳақида эди. Ростдан ҳам ҳеч вақти бўлмаяпти шекилли-да. Шунинг учун мен вазиятни тўғри тушуниб у кишининг номларидан мақолани ўзим ёзиб, олиб келяпман. Аслини олганда мақтовга жуда йўқ одамман. Кимдир мен ҳақимда нимадир илиқ гап айтса, дарров юзим қизаради. Ўзимни ўнғайсизлангандек ҳис қилавераман. Шу сабаб мақолага ортиқча мақтовлар қўшмадим. Мақола тайёр бўлгач, таҳририятга олиб келишдан аввал озгина хижолат ҳам бўлдим. Охири бу иш ҳар томонлама яхши бўлганига амин бўлдим. Тўғри-да, агар атоқли адибимизнинг ўзлари ёзганида, билмадим, мени нималар деб ортиқча мақтаб, кўкка чиқариб юборардилар. Яхшиям, буни ўзим ёзганим. Анча камтарин, сунъий бўёқларсиз чиқди. Ҳа айтганча, газета дизайнини ҳисобга оладиган бўлсак, бу мақолага икки-учта суратлар ҳам керак бўлади. Шунинг учун мана беш-олти суратимни ҳам олиб келгандим. Билмадимку-я лекин сизларнинг газетангизга манави, манави ва яна манави суратлар тўғри келса керак. Қарагин, қанақа чиройли чиққан-а?”

Нима қиларимни билмай, бир отахонга, бир қўлимга тутқазилган суратларга қараб, анграйиб турганимни кўрган отахон яна сўзлашда давом этди: “Сал қолса ёдимдан кўтарилай дебди. Исмингни ким деб айтгандинг?”

Яна қовун тушуриб қўйишдан қўрқиб тил учида, зўрға исмимни айтдим.

“Ҳа, яша, кўринишингдан унча ёмон йигитга ўхшамайсан аслида. Шу десанг яқинда мен яна бир янги китоб ёзгандим. Унда ўзимнинг бошимдан ўтган яхши-ёмон кунлар, топганларим ва йўқотганларим, ҳозирги ютуқларимга эришиш йўлидаги меҳнат-машаққатларим, тортган азобларим ҳақида ҳикоя қилинган. Шу китобим кўпчиликка ёқибди, шекилли ҳамма шу ҳақида тақриз ёзяпти. Сен ҳам ҳарқалай, шу газетада ишлаб қалами анча ўткирлашиб қолган ёш журналистлардан бўлсанг керак. Айтмоқчи бўлганим, ўзинг шу китобим ҳақида бир ёзиб кўрмайсанми? Қалам ҳақи мендан. Агар зўр ёзсанг 500-600 минг сўм қилиб бераман. Яна бир фойдали томони мен мана шу китобимга ёзилган тақризларни ҳам тўплаб, китоб қилмоқчиман-да. Ана шу китобга сен ёзадиган тақриз ҳам кириб қолса, ўзингга ҳам яхши, нима дединг? Китобни ўқиб чиқишга вақт сарфлашинг ҳам шарт эмас. Унда нима ёзилганини ҳозир ўзим сенга батафсил айтиб бераман. Менга қолса бир нусха олиб келиб берардиму, ўзимда ҳам тугаб қолибди-да. Майли, бу ҳам китобимнинг кўпчиликка ёққанининг бир исботи бўлса керак”.

Бу гаплардан кейин мен айёрлик билан отахонга “пахта” қўйиш йўлига ўтдим:

“Суҳбатингиз учун катта раҳмат, отахон. Ҳар бир гапингиздан ўзим учун катта маъно, ёзишим учун жуда кўп мавзулар олдим. Албатта, нимадир ёзишим аниқ. Фақат менинг ёзганларим сизга маъқул бўлармикан? Сиз кутгандек ёзиш қўлимдан келармикан?” деб хайрлашиш учун қўл тутдим. Аммо у қўлимга қарамай яна гапиришда давом этгани боис чўзилган қўлимни кўксимга қўйиб, яна тингловчига айланишга мажбур бўлдим.

“Буначалик содда бўлмагин-да, укам. Бунақада кўп нарсадан ортда қолиб кетасан-ку. Сен аввал ёзишга бир урин, астойдил ҳаракат қилиб, яхшилаб ёзиб тугатгин. Ёзган тақризинг китобга кириб, одамларга бироз танилгин. Кейинчалик сен ҳам мана шунақа тақризларингни йиғиб, балки бирор китоб чиқарарсан. Майли, яна ўзинг биласан. Фақат мен берган машҳур ёзувчининг мақоласи қолиб кетмасин. Албатта, газетага беринглар!”

Индамадим, отахон хонадан чиқиб кетаётганда ўрнимдан турдиму, хаёл билан узоқ вақт эшикка тикилиб қолаверибман. Кейин, отахон қачон чиқиб кетганига ҳам ақлим шошиб қолди. Столимга гурс этиб ўзимни ташлаб, оғир хўрсиниб олдим-у, ўзимга-ўзим беихтиёр “Эй Худо ўзинг сабр бергин!” деб юбордим.

Ишқилиб, ўша отахон “мен билан суҳбат-мақоланг газетада чиқдими?” деб яна келиб қолмасин-да. Келиб қолган тақдирда ҳам илоҳим мен бирор тадбирга кетиб қолган бўлай-да.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 18 =