Хизмат қилгин шу халқ учун!..

“Hurriyat” газетаси ижодкорлари Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби билан учрашув ўтказди

Икки нафар капитан ҳарбий унвонига эга зобит айвон олдидаги майдонда саф тортиб турган ички ишлар ходимлари даврасига келиб қўшилди. Шу дақиқадан бошлаб суҳбат мавзуси ўз-ўзидан ҳудудда тинчлик-осойишталик ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мавзусига кўчди. Негадир уларнинг суҳбатлари доимо фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга бориб тақалаверади.

Хуллас калом, ким нима ҳақида гап очмасин: мусибатли ёки шодлантирадиган воқеалар тўғрисидами — барча гап хизмат вазифасини қай йўсинда уддалашдан бошланиб, шу мавзу асносида поёнига етади.

Дарҳақиқат, кимнидир ўз хизмат вазифасини адо этаётганда кўрсатган жасорати, мардлиги, хизматдаги елиб-югуришлар, жасурлик, ғам, қувонч, орзу-армонлар ҳақида оғизларидан бол томиб гапирадилар. Ҳар доим ҳам элимиз, юртимиз тинч-осойишта бўлсин деб яхши умидлар билдирадилар. Негаки, ҳаётга, адо этаётган вазифасига бўлган ишонч, меҳру муҳаббатлари бора-бора қатъий ва мустаҳкам умидларга айланади. Лекин улар ҳадеганда қалбларини тўлдирган фахр-ифтихор ҳисларини сездирмасликка ҳаракат қиладилар.

Дарҳақиқат, Сирдарё вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ва унинг жойларда фаолият юритаётган ходимлари эл-улусни хавотир булутлари қопламаслиги учун тунни тонгга, тонгни тунга улаб, чин кўнгилдан хизмат қилмоқдалар. Таъбир жоиз бўлса, ички ишлар ходимлари салобатли ва маҳобатли тоғлардек мустаҳкам бўлиб турибдилар. “Йигит бўлсанг арслондек туғилган, Хизмат қилгин ҳамиша шу халқ учун” деган ўтли сатрларни қорақалпоқ шоири Бердақ Қарғабой ўғли шундай ўтюрак йигитларга бағишлаб ёзиб кетгандек гўё. Сал аввалроқ мажозий маънода ички ишлар ходимларини мустаҳкам қалъа дедикми, демак, ҳақиқатан ҳам бу сўзда зиғирча бўлса-да, муболаға йўқ.

Мард ва жасур йигит, қизлар айни дамда ички ишлар идораларида хизмат қилишни ўзлари учун шараф деб билмоқдалар. Шунинг учун уларнинг сафи борган сари салоҳиятли ёшлар ҳисобига тўлдириб борилмоқда. Негаки, тинчлик-осойишталик, хотиржамлик ҳукм сурган жойда эзгу ишлар ҳамиша бардавомдир. Одамлар бу ҳаётий ҳақиқатни истиқлол йилларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча жабҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, олижаноблик ва меҳр-оқибат каби инсоний туйғулар ҳар қачонгидан юксак чўққиларга кўтарилиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги беқиёс саъй-ҳаракатлар мисолида янада теранроқ англаб етмоқда. Ўзини Ватанни ҳимоя қилишга ва она юрт осойишталигига бағишлаш, мардлик ва жасорат кўрсатиш чинакам инсонларга хос фазилатдир. Шу ўринда юрт тинчлиги-ю эл осойишталигини таъминлашдек шарафли бурчни бажараётганлар ҳар қанча эҳтиромга, эъзозу олқишга муносибдир.

Маълумки, юртимизда инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликларига энг олий қадрият сифатида қаралади. Шу маънода бугун ички ишлар тизимида фаолият самарадорлигини ошириш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда ходимларнинг масъулиятини кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Аҳамиятлиси, сўнгги тўққиз йил мобайнида давлат раҳбарининг бевосита раҳнамолигида ички ишлар органлари халқ манфаатларига хизмат қилувчи халқчил тизимга айлантирилди. Ҳозирги кунда шахсий таркибнинг асосий қисми бевосита ҳудудларда, маҳаллаларнинг бевосита ўзида хизмат ўтаётганлигининг ўзиёқ тизимнинг оддий одамларга яқинлашаётганини кўрсатади.

Шамол дарахтни юлқилаганда, ўтган фасллар дарахтнинг лоп этиб ёдига тушар экан. Баъзида ана шу хотира шамоли бизни ҳам силкитади.

Оддий одамларни менсимай, уларга қўпол, терс муносабатда бўлиш, хизмат ваколатидан ноқонуний фойдаланиш, зарур юмуш билан кўчага чиққан, ишга ошиқаётганларни, ҳе йўқ, бе йўқ, автобусга тиқиб, зуғум, босим ўтказиб, уларни овора-ю сарсон этиш ҳолатларини яхши эслаймиз. У кунларни эсламай бўладими? Тўғри, бунда ҳозирги ходимларнинг, агар айримларнинг бўлмаса, айби йўқ. Нега деганда, бугунги ходимлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Сабаби уларнинг интеллектуал ва билим даражаси юқори, маънавий-ахлоқий сифатлари баланддир.

Ёдда тутишимиз лозимки, биз тарихда кўп минг йилликларга бориб тақаладиган, фарзандлари дунё тамаддунини яратган юрт вакилларимиз. Шундай экан, жаҳонда бизнинг ўз ўрнимиз, ўз овозимиз бор. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз”.

Жорий йилнинг октябрь ойида “Hurriyat” газетаси Ички ишлар вазирлиги билан ўзаро ижодий ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Шунга кўра, газета ва унинг интернет саҳифаларида  бундан буён Ички ишлар вазирлиги ва унинг барча тизимлари фаолияти, ютуқ ва муаммолари янада кенгроқ ёритиб борилади. Газета ижодкорларининг Сирдарё вилояти Ички ишлар бош бошқармасида ўтказган учрашуви ҳам шу ҳамкорлик мевасидир.

Биласиз, илм, адабиёт ва санъат, оммавий ахборот ходимлари билан жонли мулоқотлар жабҳада фаолият олиб бораётган ходимлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдириб, яъни янгидан-янги зафарларга илҳомлантиради. Назаримда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 1996 йилда асос солинган, мамлакатда илк бор эркин минбар сифатида мустақил нашр мақомида фаолиятини бошлаган “Hurriyat” газетаси ижодкорлари билан Сирдарё вилояти Ички ишлар бош бошқармаси шахсий таркибининг учрашуви, мулоқоти журналист аҳлини ички ишлар идорасидагилар билан ҳамфикр, ҳамқадам бўлиб ижод қилишга чорлайди. Қолаверса, шундай хайрли, дилкаш тадбирларнинг ўтказилиши маънавиятимиз юксалишига хизмат қилади. Жалолиддин Румий “Ҳақнинг асари қудратларини басират кўзи ила, назари ибрати ила томоша қилинса, кўп ҳикматлар кўрурлар”, деб бежизга айтмаган экан, деган фикр кўнглимизни худди чақмоқдек ёритди. Осойишталик посбонларининг кўзидаги табассум, мамнуният ифодаси учрашув давомида яққол сезилиб турди.

Аёнки, бугунги кунда жаҳон миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар, ахборот хуружлари тобора кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда “Hurriyat” газетаси ижодкорлари ҳаётга чуқурроқ кириб бориб, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини тўлақонли, рўйирост очиб беришга, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқишга, айни вақтда жойларда, энг қуйи бўғинда халқнинг қувонч ва ташвишларига малҳам бўлишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шу аснода рўзнома бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, экология, атроф-муҳит, табиат мавзулари билан бир қаторда, сиёсат, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини ҳам кенг миқёсда ёритиб келяпти.

…Она Ватан, она замин, она қишлоқ… Биз учун муқаддас ҳисобланган барча гўшалар онага қиёсланади, онага менгзалади. Она меҳридек жонбахш туйғуларнинг ягона номи мавжуд:  мўътабар, жондек азиз. Дарҳақиқат, киндик қонинг тўкилган замин меҳри, ҳар нигоҳидан ўзгача, сенга фақат соғинч улашадиган яқинлар тафти… Бундай дамларда ҳайратдан нафас оласан, беғуборликдан лаззатланасан. Назаримда, бу ноёб туйғудан ички ишлар идораларида ўз хизмат бурчини ўтаётган ходимлар ҳам бенасиб эмасдай.

Битиклар якунида, аввало, ички ишлар ходимларини Ватан олдидаги муқаддас қасамёдларига содиқ қолиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида ўз зиммаларидаги ғоят муҳим вазифаларни юксак масъулият билан адо этишларига тилакдошмиз. Зеро, истеъдодли шоира Хосият Бобомуродова Ватанимизни мадҳ этганидек:

Ватан деб Ватандан кетганлар айтсин,

Соғинч ёқасидан тутганлар айтсин,

Пушаймонлик заҳрин ютганлар айтсин,

Ватан ягонадир, Ватан биттадир.

 

Менинг Темур бобом, Соҳибқироним,

Асрларни енгиб елган бўроним,

Қонидан қўшилган бир қатра қоним,

Ватан ягонадир, Ватан биттадир.

Улуғбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − 6 =