Аҳли маъни алломаси

Биласиз, талаба қавми ниҳоятда зийрак келади. Айниқса, домлаларнинг феъли-хўйи билан боғлиқ маълумотларни тўплаб юриш ҳаёт-мамот масаласи. Қай бири қаттиққўл, осонликча “зачўт” қўймайди, қайси бирини ўнгу сўлидан ўтиб, ялиниб-ёлвориб довондан ошиб олса бўлади…

Талаба кезларимиз, адашмасам, 1999 йил эди, биз ўқийдиган Миллий университетнинг ўзбек филологияси факультетида гап тарқалди – янги домла келган эмиш! Ўзбек адабиётининг катта билимдони, аллома Бегали Қосимов Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти деган кафедра очган эди, янги домламиз шу кафедрага келган экан. Дарров суриштирув-излаштирув ишларини бошлаб юбордик: қаерлик, қаердан келган, билгир домлами ё “ўзимиз қатори”, қаттиқфеълми ё “уч”ни садақа қиладиган ҳотамтой ва ҳоказо. “Илмий тадқиқот”ларимиз охирига етиб-етмай, янги домланинг ўзлари кўриниш берди. Алпомиш келбатли, овози момагулдуракдай!

Хуллас, бундан чорак аср аввал бугунги профессор Нурбой Жаббор билан танишувимиз шундай кечган. Илк учрашувдаёқ домланинг ўзбек адабиётининг ҳамма даврлари ва босқичларининг билгири; фольклордан дастлабки ёзма адабиётгача, мумтоз адабиётдан ҳозирги адабий жараёнгача, аруздан тортиб адабиёт назариясигача – ҳаммасининг билимдони экани маълум бўлди. Айниқса, биз, талабалар учун “тошёнғоқ” бўлган Навоий ва аруз илмини билиши, умуман, филологиянинг барча йўналишлари закийси экани бизни кўп ўйга толдиргани рост. Ахир инсоф билан айтинг, шундай домлани талаба яхши кўриб қолиши, ўзига дўст деб билиши мумкинми? Ҳечам-да! Бундай домлалар талабанинг офати, “арра”си деяверинг. Масалан, домла дабдурустдан сўраб қолсаларки: “рамали мусаммани мақсур” ёки “мутақориби мусаммани маҳзуф” ҳақида айтинг-чи?” деб. Шунда нима бўлишини биласизми?

Бундай домлаларнинг ҳақиқий баҳоси кейинроқ, масалан, диплом қўлга теккач, тан олинади. Ҳатто катта-кичик давраларда аканг қарағай мана шу домланинг шогирди бўлган, қўлида таҳсил кўрган, деб кўкрак керилади. Лекин талабалик пайтида бундай дейиш учун камида ана шу домланинг ўзидай толиби илм бўлиш керак-да!

Нурбой домла мансуб бўлган кафедрада Бегали Қосимов раҳбарлигида Шариф Юсупов, Улуғбек Долимов, Суннатилла Аҳмедов, Шуҳрат Ризаев, Узоқ Жўрақулов каби олимлар фаолият юритарди. Бу соҳага зиғирдай алоқаси бор мардум борки, бу домлаларимизнинг ўзбек илм-фанига, маънавий-маърифий дунёсига қанчалик ҳисса қўшганларини билади, эътироф этади.

Профессор Шариф Юсупов маърифатпарварлик даври тарихи ва адабиётининг билимдони, Фурқат ижоди билан кўп ва хўп шуғулланган аллома эди. Нурбой Жаббор домланинг илмий изланишлари ҳам фурқатшуносликка оид. Бу соҳада катта мутахассис бўлган Шариф Юсупов ёш тадқиқотчининг истеъдоди ва меҳнатига рағбат бериб: “Энди мавлоно Фурқатни Нурбой домлага бермасак бўлмайди”, деган лутфларига гувоҳ бўлганман. Бу эътироф ёш олимга шунчаки далда, бугунги кун таъбири билан айтганда, мотивация бериш эмас, унинг серзаҳмат меҳнатига таҳсин ҳам эди. Чунки Нурбой Жабборов 1994 йилда ҳимоя қилган номзодлик диссертациясида фурқатшуносликда шу вақтгача ҳеч ким журъат қилмаган ишга қўл урганини катта устозимиз яхши билардилар. Гап шундаки, Фурқат асарларини тўплаб нашр қилиш, дарсликларга киритиш, унинг таржимаи ҳолини яратиш, у яшаган давр билан боғлиқ тадқиқотлар маълум маънода амалга оширилган эди. Лекин Фурқатнинг турли жойларда сақланаётган қўлёзмалари, котиблар томонидан кўчирилган нусхалар, тошбосмалар, умуман, унинг асарлари манбашунослик ва матншунослик нуқтаи назаридан тадқиқ қилинмаган эди. Нурбой домла фандаги шу кемтикликни бутлади. Албатта, бу гап айтишга осон, лекин соҳадан хабардор кишиларга яхши маълумки, бир ғазал, рубоий ё маснавийнинг бир нечта нусхалари бўлади, бир-биридан фарқ қилади: муаллиф қайта ишлаган, котиб хато кўчирган бўлиши мумкин-да. Буларнинг ҳаммасини ўрганиб чиқиш, фарқли жиҳатларини аниқлаш, образли қилиб айтганда, “уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқ”дай гап. Боз устига, бу манбаларнинг бари эски ўзбек ёзуви – араб имлосида эканини ҳисобга олсангиз, масаланинг янада чигаллигини англайсиз.

Шу даврга ошуфталикми ёки кафедра домлаларига ҳавасданми, диплом ишимни маърифатпарварлик ва унинг давоми бўлган жадидчилик даври адабиётини ўзаро қиёслаш мавзусидан олдим. Диплом раҳбари этиб профессор Шариф Юсупов белгиланди. Домла мавзуга алоқадор адабиётлар рўйхати – библиографияни қилиб берди, йўл-йўриқ кўрсатди. Шу асосда иш бошлаб турган эдим, домла бетоб бўлиб, университетга келолмай қолди. Яна бироз ўтиб, домла ишни давом эттиролмаслиги маълум бўлгач, кафедра мудири, профессор Бегали Қосимов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин) чақиртирди, вазиятни тушунтирди ва энди диплом раҳбари сифатида Нурбой Жабборов менга ёрдам беришини тайинлади. Шу кундан бошлаб то ҳануз Нурбой домла менинг ҳар жиҳатдан раҳбарим, раҳнамойим бўлди.

Диплом қўлга теккач, ризқ териш илинжи билан бошқа соҳалар этагини тутиб кетдим. Афсуски, илм йўлида собит қолиб, домланинг муносиб шогирдлари сафида бўлолмадим. Лекин устоз Нурбой Жаббор мен каби “палағда” шогирдларига ҳам эътиборини заррача сусайтирган эмас. Недир сабаб билан кўришиб қолсак, устоз ҳамон меҳрибонлик билан панд-насиҳатларини аямайди. Илм-ку йўқ, ишдаги арзимас муваффақиятлардан ўзимдан кўра кўпроқ суюниб юради.

Диплом ҳимояси куни мендан аввал Аланга исмли курсдошим маъруза қилди. Илмий салоҳияти меникидан пешроқ, иши ҳам яхши ёзилган бўлса-да, нутқи равон эмасди. Каминаники тескариси, иш ўртамиёна бўлса ҳам, тил бир қарич эмасми, бироз кўпиртирган бўлсам керак, ҳимояга таклиф этилган ташқи тақризчилардан бири: “Аслида униси эмас, буниси Аланга экан”, дея мақтаган. Домла чорак аср наридаги шу гапни ҳозиргача ҳар даврада ғурур билан гапириб юради.

Айрим олим ва ижодкорларнинг соҳада забт этган чўққилари билан ҳаётда ёхуд оиласидаги ютқизиқлари ўртасидаги тафовутдан ажабсиниб қўямиз. “Э, аттанг, шундай одамни-я…” деган таассуфлар бўлади. Бу борада ҳам домламнинг пешонаси беш қарич. У кишининг илми-ю аъмолига биз шогирдлар доим ҳавасланиб юрамиз. Ёши юздан ўтиб қайтиш қилган Абдуҳаким бобонинг зурриётлари ичида аҳли илмлари кўп. Ҳатто келинлар, неваралар ва бошқа узоқ-яқин ақраболардан ҳам турли фанлар олимлари етишиб чиққан. Бу анъана бардавом бўлиб, кейинги авлод вакиллари ҳам илм осмонига учирмага шай туришибди. “Олманинг тагига олма тушади”, дегани шу бўлса керак-да!

Яқинда газетада бир муҳтарам домламизнинг олим шогирдлари юбилей санаси муносабати билан ёзилган табрикномасида бир давра мумтоз адабиёт муҳиблари шогирднинг шогирдлигига ишонқирамай, асли у киши устоз бўлса керак, дегани-ю, шунча ишни амалга оширган олимнинг энди “бор-йўғи” олтмишга киргани ажаблантирганини эслабдилар. У киши ҳақида мендан бошқалар ҳам шундай ўйлаганига таажжубланиб қўйган эдим. Шунда инсон умри яшаган йиллари билан эмас, қилган ишлари билан ўлчаниши ҳақидаги гаплар ҳақиқатлиги кўнгилдан ўтади. Бугун айни ҳикматнинг амалий тасдиғини яна бир карра юракдан туйиб турибман.

Профессор Нурбой Жабборов ҳаётда ва илмда эришган муваффақиятлар салмоғи шу қадар чўнгки, олтмишга киргани иштибоҳга солади кишини. Ўнлаб олимга устозлик, юзлаб талабага мураббийлик, улкан даврни қамрайдиган кафедрага мудирлик, бир намунали оилага раҳбарлик, Абдуҳаким бободан сўнг олимлар етишиб чиқаётган катта сулолага бошчилик, хуллас, санайверса, адо бўлмайдиган ютуқлар. Ишқилиб, кўз тегмасин! Газета-журналларни варақласангиз, Нурбой домланинг ҳикматга йўғрилган битиклари, телевизорни ёқсангиз, кун-кунора алпқомат Нурбой Жабборнинг нурли қиёфаси, радио мурватини бурасангиз, қайсидир каналда домланинг маърифат таратаётган салмоқдор овози, ўнлаб китоб-монографиялар, маҳаллий ва хорижий илмий анжуманлардаги маърузалар…

Бу фаолиятларнинг ҳаммасини бирлаштирувчи омил бор, бу – ҳақиқий ОЛИМнинг халққа чин дилдан хизмат қилиш, тамаддун яратиб дунёни ҳайратга солган бу кўҳна миллатнинг бугунги насллари қаддини кўкка қадар юксалтиришдек олийжаноб мақсад, эзгу муддаолардир.

Бу йўлда устозимизга Худонинг ўзи ёр бўлсин, баракали умр, илмий-ижодий баркамоллик насиб этсин. Табаррук ёш, қутлуғ сана муборак бўлсин, дейман.

Икромжон ЧОРИЕВ,

“Маҳалла” телерадиоканали

директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 13 =