О, баётим – гўзал дил бандим

Ғулом ЭГАМШУКУР

Муаллиф ҳақида:

Ғулом ЭГАМШУКУР (АБДИЕВ) — 1959 йили Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.

Иш фаолиятини 1981 йилда Ўзбекистон давлат телерадиокомпаниясида бошлаган.

Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари бўлиб ишлайди.

Шоирнинг “Қуёшнинг ҳиди”, “Руҳ анатомияси”, “Қоғозлар ҳайқириғи”, “Сабр сояси”, “Кўнгил Ватани” (турк тилида), “Сенгача…” деб номланган китоблари чоп этилган.

 

ОТАМ УМРИ

 

Отамнинг умрига тенглашмоқ учун

Яна ўттиз беш йил яшашим керак!

Ваҳима – хаёллар, қуршайди – очун…

Чидаб берасанми юз йил, о, юрак?!

 

Ҳорғин нигоҳларда милтирайди ёш,

Аллоҳ қудратидан хабар – ҳар калом.

Мункайган гавдада сўнгаклар – бардош…

Чидай оласанми юз йил, о, Ғулом?!

 

Дуогўй отамдан ҳикмат излайман,

Гўё авлиёдан насиҳат – дарак.

Худодан сўрайман, илтижо қилиб,

Чидай оласанми юз йил, о, юрак?!

 

Унинг марҳамати – мустажоб дуо,

Фариштам либоси – оқ булут, яктак!

Ундан меҳр ёғар кўнглимга даво…

Чидай олсанг эди юз йил, о, юрак?!

 

Дунё лаззатидан гоҳ бўлиб сархуш,

Ўзини унутиб қўйганда юрак…

Хаёлимда бир хавф айланса беҳуш –

“Отамдан бир хабар олишим керак!..’’

 

*   *   *

Тилимда қудратин йўқотмоқда сўз,

Бағримда сиқилиб инграйди нолам…

Етмиш минг пардадан кўрсатмас У юз,

Шу қадар гуноҳим кўпмикан, болам?

 

Сўқирман, кўзимни тортиб олди У,

Бу ғавғо сароси менга қоп-қора!

Мадорим қолмади, кўнглимда ёҳу

Кўз очди, аламли, сувайдо – яра…

 

Арзанда руҳимга қулоқ тутаман,

Безовта шивирдан титрар вужудим.

Мен Сендан қўрқаман, юрак ютаман,

Оҳ, соҳиб, сарир пойингда сужудим…

 

Аллоҳга йўл очар ичимда овоз –

Азондек ер-кўкни – хилқатни тутар!

Руҳим ҳар субҳгоҳ қилади парвоз,

Кўнглимнинг кўзлари очиқ – тонготар!..

 

 

УСМОН НОСИР

 

Усмон Носир, дардли-аламли,

Усмон Носир, келди-ю кетди!

У ҳақдаги эртаклар ғамли…

Ҳақ шоирни қашқирлар ютди!

 

Бир асрдан ошибди, ҳайҳот!

Кўзларим кўр, худди ҳозирдек…

Мени асир этган муҳаббат

Йиғлайверар Усмон Носирдек!

 

О, баётим – гўзал дил бандим

Сочилади гўё оқ шеърдек.

Онажоним – Ҳуррият, орим

Наъра тортар ғурурим шердек!

 

Ўтиб борар йиллар, асрлар,

Мозий бўлиб қолар бу дамлар.

Тополмасдан шоирлар қабрин

Китоблардан излар одамлар!..

 

Усмон Носир!..

 

*   *   *

Бомдод узра, о, сужудда,

Фиғоним йиғлади, куйдим.

Титроғим – нола вужудда,

Дедим, ёлғиз Сени суйдим!

 

Ўзингсан мукаммал маҳбуб,

Кўнглимнинг хожаси марғуб.

Сенинг ҳажрингда мен бемор,

Нигоҳим – хунталош мағриб!..

 

Офтобинг ботди кўзимга,

Ичимда тонг отди дигар.

Азон айтдим бир ўзимга…

Ишқ селоби – оҳ, ситамгар.

 

Танамда зилзила зоҳир,

Ҳасби ҳолим тингла Сан!

Ҳажр тўфонида охир

Келди Сурур, важҳи ҳасан!..

 

*   *   *

Сенингдек менда бир дилкушо, воҳ,

офатижон йўқдир,

Мискин бу жонга таскин дилдор –

Сен, роҳатижон йўқдир.

Дилфигорман, хаста юрак,

мендан кўчгайдир дилхарош,

Ўртанурман, кел қошима,

менда тоқатижон йўқдир.

 

Дилкушода дилкаш,

ки дилфуруз боқар лолу ҳайрон,

Сенингдек яратган, билгувчи Ёр,

жавдати жон йўқдир.

 

Дийдаи жаҳонбин ато қилдинг,

мен эргашиб юрдим,

Не қилай, мендан хабар олгич Ёр,

лаззати жон йўқдир.

 

Келиб-кетмак машқини –

ашъорда бисёр фош айладим,

Нечун хомуш бу дилгоҳим, айтгин,

миллати жон йўқдир.

 

Ошиқлар даврасида изҳори

дил айладим – бор, йўқ,

Пири дайр қуй гулоб – нўш айлай,

накҳати жон йўқдир.

 

Дил саҳроси ёнди, гуноҳим кўп,

Сен мағфират айла,

Ичгали илгимда ваҳдати май,

сийрати жон йўқдир.

 

 

АКА

Сирожиддин САЙЙИДга

1.

Ака, омонмисиз дорул замонда?..

Пойтахт – илиқ соғинч,

дийдор – дўсту ёр!

Ёмғир ёғаяпти Сурхон томонда,

Осмон ила Ерни боғлайди

тим тор…

— Ғулом, келмайсанми Тошкентга?

— Мирзо сўраяпти, йўқмиш

дарагинг…

— Фарҳод Аъзам қўзғар

хотираларни…

Роса кулишдик!..

— Эшитаяпсанми, Ғулом?!

Сенга барча дўстлардан

“Салом!..”

… Ака-ука бўлиб кезган кўчалар,

Сиздан сўрайверар ёшлигимизни.

Хаёли паришон Муҳаббат ўша!..

Сўрайди, “Севардик!..

Бир-биримизни!..”

Ним аср боғлади дўстлигимизни,

Умр ўтиб борар шиддат-ла,

шитоб.

 

Шоирлик қисмати мукофот, ака,

Кунимиз шеър бўлди,

умримиз КИТОБ!..

Ака, омонмисиз дорул замонда?

Пойтахт – илиқ соғинч,

дийдор – дўсту ёр!

Ёмғир ёғаяпти бизлар томонда,

Осмон ила Ерни боғлайди

тим тор!..

 

2.

Ака, армон – афсус,

энди қайтмайди,

У оппоқ туйғуда

учиб кетган қуш!

Муҳаббат ҳали ҳам баланд-

баландда

Ёлвордик, “О, малак, кел,

бағримга туш!..”

 

Муҳаббат шеър бўлди,

армон – афсона,

Умр тўқнаш келди Қиш афғонига!

Онамиз дуоси ҳар иккимизни –

Тирик олиб келди Бахт тўфонига!..

 

Бало-қазолардан ғуссамиз –

қабр,

Субҳи содиқ – фурсат, эгик

бошимиз.

Дунё имтиҳони – садрда Сабр –

Бизга йўл кўрсатар, тун –

бардошимиз!..

 

Ака, армон – афсус,

энди қайтмайди,

У оппоқ туйғуда учиб кетган қуш!

Муҳаббат макридан дилозор,

беҳуш…

Сажжода кўнглимиз

бўш қолмайди, бўш!..

 

*   *   *

Ҳар тун парвонангман, чироғинг ёниқ,

Руҳнинг сояси йўқ, руҳнинг изи йўқ…

Ҳар кун ҳузурингга келаман шошиб,

Хавотирман гўё, учаётган ўқ!..

 

Дунё ғафлатида кечди ҳар оним,

Сен ҳануз Одамсан, мен-чи, ошиқ Руҳ!

Наҳот бегонага айландик, жоним,

Наҳот муҳаббатнинг кечмиши андуҳ?

 

Ҳижрон кўчиб кетди юрагимиздан,

Энди айро қолди Тун билан Кундуз!

Шеър топдингми, изма-из – изимиздан,

Наҳот унут бўлди дийдор деган Сўз?!

 

Сабр дарахтининг тунд соясида

Мен забонсиз сукут уясида!..

Наҳот кўрмаяпсан, мана, мен келдим,

Ғамли кўз ёшларинг ниҳоясида!..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − thirteen =