Тагсарлавҳа

Тагсарлавҳа ўша даврда онда-сонда қўлланилган бўлса ҳам, миллий матбуотимиз саҳифаларида уни ўтган асрнинг охирги 20 йили давомида Самарқанд журналистика мактаби вакили, таниқли ҳамкасбимиз, устоз Аҳмаджон Мухторов кўпроқ оммалаштирган деган фикрдаман. Очиғи, бир қатор газеталар тахламларини кўздан кечиргач, менда шундай фикр пайдо бўлди. Сўзимни исботлаш учун битта мисол келтираман. 1982 йилда бош муҳаррир мени туманга тезкорлик билан материал тайёрлаш учун жўнатди. Махсус ишчи гуруҳ ғўза парваришини назорат қилганда у ерда хўжасизликка дуч келган. Камина бориб аҳволни ўргандим, материал қилдим ва мақола номерга кетадиган бўлди. Шунда бош муҳаррир танқидий мақолам сарлавҳасини ўзгартириб, “Тўғри йўлни қўйиб, тескари юрганлар ёхуд саратонда ғўза парваришини барбод қилаётганлар” деб сарлавҳа қўйди. Яшириб ўтирмайман, ўшанда Аҳмаджон ака ўйлаб топган сарлавҳа билан тагсарлавҳани мақоламдан устун қўйганман.

Фақат бугина эмас, газетамизда ҳар иккита мақоланинг биттаси тегишли тагсарлавҳа билан бериларди ва бу архивдаги тахламларда турибди. Ишончингизни мустаҳкамлаш учун “Зарафшон” (собиқ “Ленин йўли”) газетасининг 1988 йилдаги сонларидан қуйидаги сарлавҳа ва тагсарлавҳаларни келтириб ўтмоқчиман:

“Тарбия гурунги // атеистик тарғиботни уюштириш йўлларидан бири ҳақида мулоҳаза”. “Кел, бағримга босай, қадрдоним // шўравий Совет афғон дўстлигидан бир лавҳа”. “Ташаббус қўллаб-қувватланса ва кенг ёйилса // ёки дуккакли дон экинларини пудрат усулида экишни ташкил қилган советободлик деҳқонлар йўлида тўғоноқ бўлаётган муаммолар хусусида”. “Пентагоннинг сандиғидан // АҚШнинг Африкадаги қаллоблиги”. “Тартибсизлик нимадан бошланади? // Автомобиль транспорти иши бугунги талабга мутлақо жавоб бермаяпти”. “Кўза синдирган азизми? // Ёки Большевик районидаги Самарқанд совхози директори Х.Мустаевнинг буйруқбозлик услуби”. “Ҳамдард кўпу дард аримайди // ёки инсон тақдирига бефарқлик, арзномаларга юзаки ёндашиш оқибати”.

Сир эмас, ўша даврда Москва ва Тошкентда чиқадиган газеталарда ҳам тагсарлавҳа жуда кам қўйиларди. Бу услуб “Труд” ва “Аргументы и факты” газеталарида кўп ишлатиларди.

1990 йилда камина “Ўзбекистон овози” газетасининг Самарқанд вилояти мухбири бўлиб ишга кирдим. Эсимда, қанча мақола юборсам ҳам чоп этилишда тагсарлавҳасиз чиқиб кетарди. Битта “Ўзбекистон овози” эмас, бошқа газеталаримизда ҳам тагсарлавҳа деярли қўйилмасди. Кейинчалик ўзим таҳририятга бориб, ҳамкасбларим, тегишли бўлим мудирлари билан суҳбатлашиб, фикримни тушунтириб, ёзган тагсарлавҳаларимни қолдиришга эришганман. Шундан сўнг “Терговчининг хатоси нима сабабдан рўй беради? // Унинг бўлмаслиги мумкинми?” (1991 йил 4 сентябрь), “Чорраҳадаги чироқлар // давлат автоинспекциясига халақит бераётган муаммолар хусусида” (1991 йил 6 февраль) каби сарлавҳа ва тагсарлавҳали мақолаларим чоп этилди.

Ҳар қалай, ўшандан кейин бошқа мухбирларнинг ҳам айрим мақолалари тагсарлавҳа билан чиқадиган бўлди.

Умуман, тажриба шуни кўрсатяптики, тагсарлавҳа авваламбор сарлавҳадаги мақсадни аниқлашда, ҳатто услубни ойдинлаштиришда ҳам катта аҳамиятга эга. Эътибор қилганмисиз, агар сарлавҳа билан тагсарлавҳани аён, мукаммал қўя олсангиз, мақолани ёзишда қийналмайсиз.

Тагсарлавҳа ҳар бир йўналишдаги мақолада ўзига хос вазифани бажаради. Камина ўзим ёзган мақолаларни назарда тутганлигим учун ҳам шахсий тажрибамни ўртага ташлаяпман. Бу жараён, албатта, бошқаларда бошқача кечиши мумкин.

Биринчидан, тагсарлавҳа газетхонни мушоҳадага чорлайди. Мисол учун, “Туркистон” (собиқ “Ёш ленинчи”) газетасининг 1986 йил 18 декабрдаги сонида босилган “Минг эшикка сарғайиб // ёки оққуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа ҳақидаги масалга янгича қиёс” мақоламда билим юртида касб ўрганган ёшларнинг ўз йўналиши бўйича иш топиши муаммоси кўтарилган. “Ўзбекистон овози” газетасининг 1990 йил 27 октябрдаги сонида чиққан “Арзимни айтай боди сабоға // ёки Самарқанд ҳурилиқоси нима учун ўз ошиқларининг севгисини рад этганлиги хусусида замонавий эртак” мақоламда раҳбарлар айби билан юзага келган экологик муаммоларга эътибор қаратилган. Шу газетанинг 1992 йил 25 сентябрдаги сонида эса камина “Қадриятлари сарбаландми? // Келинг, яхшиси, бу саволга жавоб бериш учун турмуш муаммолари хусусида андак мулоҳаза юритайлик” сарлавҳали материалда ўқувчини умуминсоний қадриятлар ҳимоясига даъват этганман.

Тагсарлавҳанинг яна бир вазифаси бу реал номутаносиблик ёки камчиликка фикрни қарата олишдир. “Текинхўрликми ёки муттаҳамлик? // Ҳамманинг жонига теккан, лекин аралашишни истамайдиган “нозик масала” хусусида” (“Зарафшон”, 2008 йил 18 сентябрь), “Қаламнинг кучи // ёхуд ҳалол нон ҳикмати хусусида” (“Маърифат” газетаси, 2005 йил, 27 август), “Манфаатнинг мезони нима? // Маънавий қониқишми ёки моддий неъмат?” (“Hurriyat”, 2002 йил 11 октябрь) каби мақолаларда руҳиятимиздаги ҳолатлар ҳақида мулоҳазалар юритилган.

Каминанинг англашича, тагсарлавҳанинг яна бир вазифаси, бу — жойлардаги қусурларга мутасаддиларнинг эътиборини жалб қилишдир. Бу фикрга “Кичик корхона соғин сигирми? // Самарқанд вилоятида ишбилармонлик тўғрисидаги қонунлар қўпол тарзда бузилаётир” (“Ўзбекистон овози”, 1992 йил 9 июнь), “Ишдан бўшатилсин // ана шундай сўзлар билан тугаган буйруқларнинг 70 фоиздан кўпроғи ғайриқонуний деб топиляпти” (“Ўзбекистон овози”, 1991 йил 10 октябрь), “Кофирқалъа кечирармикан? // Ёки VIII асрдан бери Дарғом канали бўйида сукут сақлаб келаётган ёдгорлик ва унга салбий муносабат ҳақида” (“Ўзбекистон овози”, 1992 йил октябрь), “Абулқосим бобо нега тажанг? // Ёхуд Самарқандда олти йилдан бери давом этиб келаётган бир уй-жой машмашаси” (“Ўзбекистон овози”, 1993 йил 6 май), “Талоқ қилдингми, уй ҳам топиб бер // ёки эр-хотин ўртасидаги бир уй-жой жанжали ҳақида” (“Ўзбекистон овози, 1993 йил 23 июнь) каби мақолалар мисол бўла олади.

Тагсарлавҳа, табиийки, ахборот ёки янгиликни шарҳлашга ҳам хизмат қилади. Бундай йўналишда ёзган мақолаларимдан бири “Оқсоқоллар ва беминнат ҳомийлар // Самарқанд вилоятида таълим ишини жонлантиришга кўмак бермоқда” (“Халқ сўзи”, 2002 йил 8 май) мақоламни мисол келтиришим мумкин.

Тагсарлавҳа бугун оммалашиб, шаклланиб улгурди. “Ишонч”, “XXI аср”, “Янги Ўзбекистон”, “Hurriyat” газеталарида биз унинг ниҳоятда чиройли лойиҳаларини кўряпмиз.

Шу сабабли ёш ҳамкасбларимга бу услубдан доимо фойдаланишни тавсия қиламан. Албатта, бунга биринчи бўлиб ўзим амал қиламан. Айниқса, тагсарлавҳаларда халқ мақоллари, ибораларидан, бадиий асарлардаги турли ташбеҳлардан фойдаланиш ўқувчининг мақолага эътиборини тортиш баробарида муаллиф билими ва иқтидорини ҳам намоён этади.

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,

“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =