Маҳалла тинч — юрт тинч

Куни кеча Президентимиз Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди. Унда халқимизни рози қилиш, адолатни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш борасидаги устувор масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда тунги хизмат учун ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига компенсация тўланиши маълум қилинди. Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига базавий ҳисоблашнинг 5 фоизи миқдорида компенсация берилиши белгиланди.

Аҳоли ҳуқуқларини таъминлаш ва қулай шароит яратиш мақсадида судлар, адвокатура, суд-тиббий экспертизанинг ҳам марказлашган тунги навбатчилигини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш вазифаси топширилди.

Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилади.

Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат “102”га хабар берган билан тенг бўлади…

Тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли унинг қўл телефони ва планшетига тун-у кун боғланиши мумкин бўлади.

Бу йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланди. Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси. Лекин Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани боис муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди.

Йиғилишда профилактика инспектори учун замонавий, халққа ёқадиган кўринишда формани тайёрлаш лозимлиги ҳам уқтириб ўтилди. Инспекторларнинг иши рақамлаштирилиб, “овозли тушунтириш хати” олиш амалиёти йўлга қўйиладиган бўлди.

Шунингдек, туман ички ишлар тергов бўлимида материалларни кўриб чиқадиган терговга қадар текширув гуруҳлари тузилади.

Бундан буён профилактика инспекторига КПИ қўйишда протокол тузиш мезон бўлмайди.

“Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун ҳам жуда декларатив ёзилгани, ҳақиқий ҳолат асосида амалда ишлайдиган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни ҳам профилактикага йўналтирган ва таъсирчанлигини оширган ҳолда янгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид бундай изчил янгиликларни киритиш ташаббуси йилдан-йилга ривожлантириб борилмоқда.

Айтиш жоизки, 2016 йил 16 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, 2017 йил 9 февралда Ўзбекистон сиёсий етакчиси Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган “Инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало унинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинмоғи керак” мавзусидаги маърузасида: “Энг муҳими — халқимиз ўз ҳаётидан ва давлатидан рози бўлиб яшашини таъминлаш бугун барчамизнинг бош вазифамиздир. Ўйлайманки, асосий вазифаси мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш бўлган ички ишлар органларидан халқимиз бугунги кунда розими, улар фаолияти замон талабларига мос келадими ёки йўқми, деган саволга жавоб бериш вақти келди”, — деган эди. Дарвоқе, қайси ҳудудда ҳокимликлар, прокуратура ва ички ишлар органлари, жамоат ташкилотлари бир ёқадан бош чиқариб, оқилона иш олиб бораётган бўлса, ўша ерда одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшаяпти.

Бу сўзлар тўққиз йил олдин айтилган бўлса-да, бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас.

Президентимизнинг: “Биз жиноятчиликка қарши курашишда профилактика ишларини кучайтиришимиз, айниқса, қуйи поғонадаги ишларни тубдан ўзгартиришимиз зарур ва шарт”, — деган долзарб ғоялари асосида ислоҳотлар изчил тарзда давом эттирилмоқда. Бу борада 2026 йилдан республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш, тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш, ҳуқуқбузарликни содир этишга сабаб бўлаётган ижтимоий-маиший муаммоларни ижтимоий профилактика чоралари тизими орқали ҳал этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш ўта муҳим чора-тадбирлар сифатида белгиланмоқда. Шу боис ҳам 2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланди.

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида шундай қайд қилдилар: “Бугунги кунда жамиятимизда турли хил фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу — демократиянинг бирламчи талаби. Аммо, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати халқимиз манфаатидир. Мана шундай буюк мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёс. Чунки, маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалади”.

Ана шу фикрларнинг амалий ифодаси сифатида Президентнинг 2025 йил 3 январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори асосида маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ишлар комплекс тарзда ташкил этилмоқда.

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича жойларда профилактика инспекторларининг иш самарадорлигини ошириш муҳимдир.

Маҳаллаларда ёшлар, аёллар ва ишсизлар томонидан, шунингдек, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишда “маҳалла еттилиги” ҳар бир вакилининг аниқ масъулияти белгилаб олинди ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикасига янгича иш услублари татбиқ қилина бошланди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик масъулиятини ошириш, жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни ҳал этишга жамоатчилик вакиллари, нуронийлар ва маҳалла еттилиги фаоллари жалб этилди. Жамоат жойлари ва яшаш хонадонларида хавфсиз муҳит яратиш, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига нисбатан ҳар қандай тажовузларнинг олдини олиш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига замонавий рақамли технологиялар ҳамда техник воситалар кенг жорий этилди.

Профилактика инспекторларидан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларни ҳисобга олиш, уларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки содир этилишига сабаб бўлган омилларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда шаҳар-туманлар ички ишлар органлари фаолиятида уларнинг барвақт олдини олишга қаратилган чора ва тадбирларни ўз ҳудудларида амалга оширишга жиддий ёндашиш талаб этилади.

Бундай пайтда криминоген вазияти мураккаб ёки оғир бўлган маҳаллаларда жиноятлар содир этилишига таъсир қилаётган “асл омиллар”ни ўрганиш ҳамда уларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, манзилли ташкилий-профилактика тизимини йўлга қўйишга қаратилган илмий-назарий жиҳатдан асослантирилган таклифлар устида Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқотчилари томонидан изланишлар олиб борилмоқда.

Шаҳар-туманларда маҳалла еттилиги билан ҳамкорлик ҳамда бир-бирини қўллаб-қувватлаш асосида фаолият кўрсатиш йўлга қўйилган. Бунда асосий эътибор ёшлар билан, айниқса, уюшмаган ёшлар билан бевосита олиб борилаётган зарурий тадбирлар самарадорлигини амалга оширишга қаратилиши ўта муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институтининг ҳисоботларида келтирилганидек, унинг ижросини таъминлаш мақсадида “маҳалла еттилиги” билан ижтимоий профилактика бўйича 9 864 та семинар ташкил этилди, ҳуқуқбузарликлар содир этган 553 728 нафар шахсга хулосалар берилиб, 351 146 нафарининг муаммолари ижобий ҳал этилди. Аҳоли билан 152 394 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди, беҳаловат оилаларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этишга 31 280 маротаба имом-хатиб ва отинойилар жалб қилинди. Ёшлар билан 285 739 маротаба ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича тадбирлар ташкил этилди, 273 798 нафар оғир тоифадаги ёшларнинг касб-ҳунар, чет тилларни ўрганиши, иш билан бандлиги, табиий ва бошқа ёрдамлар билан боғлиқ ижтимоий-маиший муаммолари ҳал этилди.

Маҳаллалардаги аҳоли гавжум жойлар ва кўчаларга 37601 та видеокузатув, кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларига 2029 та, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг кириш-чиқиш жойларига 4577 та, очиқ спорт майдонларига 1995 та “PTZ” камералари ўрнатилганлиги профилактика инспекторларига жуда қўл келиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш имкониятлари очиқ-ойдин яратилди.

Шуни қайд қилиш лозимки, маҳаллаларнинг асосий кириш-чиқиш жойларига 8454 та ва савдо марказлари ҳамда бозорларга 2955 та шахс қиёфаси ҳамда авторақамларни таниб олувчи замонавий камералар, кўп қаватли уйларнинг эшикларига 13142 та замонавий домофон комплекслари ўрнатилиши натижасида деярли барча маҳалла ҳудудларида куну тун назоратни автоматик нормал ҳолатда бошқаришга эришиляпти. Маҳаллаларда 4945 та “намунавий хавфсиз кўча” ҳамда 11645 та “намунавий хавфсиз йўлаклар” ташкил этилганлиги аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган энг муҳим жиҳатлардан бири бўлди.

Криминология тадқиқот институти мутахассислари томонидан олиб борилган бир қатор илмий-амалий тадбирлардан ўғрилик, фирибгарлик, қасддан тан жароҳати етказиш жиноятларининг барвақт олдини олиш борасида Тошкент шаҳар, Тошкент ва Самарқанд вилоятлари маҳаллалари бўйича илмий ёндашувлар асосида ишлаб чиқилган янги авлод ҳудуд методикалари институтимизда ҳар томонлама ташкил этилаётган тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш таълим ва тарбия дастурларига киритилди.

Илмий-ижодий жамоамиз ўзининг реал фаолиятини ишга солиб, илмий-амалий изланиб, профилактика инспекторини янги лойиҳа яратишга жалб қилган ҳолда, уни лойиҳачи ғолибга айлантириши жуда долзарб муаммо бўлмоғи керак.

Криминология тадқиқот институтининг жорий йилга мўлжалланган асосий тадбирлари режасида криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларни хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича тадқиқот жараёнлари “илмий хулоса — тавсия — натижа” тамойили асосида ташкил этилиши белгиланган. Малака ошириш институтига ўқув тайёргарлиги бўйича юборилган амалиётчи ходимлар билан ҳудудлардаги муаммолар юзасидан сўровномалар ўтказиш, унинг натижаларини эса чуқур таҳлил этган ҳолда янги хулосалар ва тавсиялар асосида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаларини ошириш таълим жараёни учун ниҳоятда муҳим ҳисобланиб, илмий асосланган ҳолда мавзулар киритилади, амалда фаол жорий этилади.

Олимжон АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ

Малака ошириш институти бошлиғи,

полковник.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 15 =