Мунаввар кўнгил
Академик
Қаландар АБДУРАҲМОНОВга
Илму интизом йўли таржимаи ҳолимда,
Ҳаётим моҳияти жавобу саволимда,
Очилмаган эшиклар калити бор олимда,
Манзилим илму ҳикмат, қаландарман, қаландар.
Англадим, Худойимнинг одил ҳукми бор доим,
Гоҳ тошдай ботар кунлар, гоҳ ўтар бир мулойим,
Маърифат сувларида қорилган экан лойим,
Пок илм зое бўлмас, музаффарман, музаффар.
Мен гулга кўнгул қўйдим, лек гулни юлганим йўқ,
Гулдай яшнаб яшадим, гулдайин сўлганим йўқ,
Ишқ йўлида кўп куйдим, аммо кул бўлганим йўқ,
Тангридан инъом-тақдир, самандарман, самандар.
Мен иқтисод фанида бу кун устодман, устод,
Меҳр бердим, меҳрни қилмадим ҳеч иқтисод,
Шу халқ фаровон бўлсин, шу Ватан бўлсин обод,
Токи танда жоним бор, элпарварман, элпарвар.
Илм — пайғамбарлар йўли машаққатдир, меҳнатдир,
Игнада қудуқ қазиб сув чиқармоқ роҳатдир,
Ҳар бир инсон ҳаёти билганга насиҳатдир,
Илм туфайли кўнгли мунавварман, мунаввар.
Ғайрат МАЖИД
