Ҳажвчининг жиддий китоби

Эътироз билдиришга шошилманг — гап жанр ҳақида кетяпти. Ҳажвчи қалами кучини (тиғини) жамиятдаги муаммо, камчилик, иллату турли ҳангомаларга қаратади. Кулги билан ўша муаммо бартараф бўлишига, ўқирманлар иллатдан узоқлашишларига хизмат қилади, ҳисса қўшади. Кулдириб куйдиради, куйдириб йиғлатади ҳам.

Таниқли адиб Ҳабиб Сиддиқ адабиётнинг энг оғир “фронти” — ҳажв майдонида ўз ўрни, ўз услуби, ўз ўқувчи, томошабинларига эга ижодкор. Адиб қаламига ва таржимасига мансуб комедиялар юртимиз театрлари саҳналарида, телеэкранларда намойиш қилиб келинаётганига ярим асрча бўлиб қолди. Ҳажвиёти жамланган тўпламлари сони ҳам анчагина салмоқли. Ўтган даврда ёзувчи қаламига мансуб ҳажвия ва ҳангомалар қозоқ, рус, инглиз, турк, қирғиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилиниб, қадим Туркистон сарҳадларидан ҳам ошиб ўтди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, кўплаб танловлар ғолиби Ҳабиб Сиддиқни шу кунгача ҳажвчи ёзувчи ўлароқ билардик ва янги асарларини муштоқ кутардик (ёзувчи қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича етук олим ва моҳир педагог сифатида юзлаб талабаларга сабоқ бераётгани алоҳида мавзу).

Адиб навбатдаги китоби билан ижодининг яна бир қиррасини намоён этди. “…Публицистика ҳар қандай ўтиш даврида жамият ҳаётидаги мавжуд муаммолар томон юз буради, ўзгаришлар, янгиланишлар ривожини синчковлик билан кузатади ва таҳлил этади. Бундай публицистикани бир ижодкорнинг фаолияти ёки куюнчаклиги дейишдан кўра, жамиятнинг фикрловчи, мушоҳада юритувчи, миллат тақдирига бефарқ бўлмаган илғор қатлами вакилларининг ижтимоий фаолияти дейиш тўғрироқ бўлади.

Андижонлик адиб Ҳабиб Сиддиқнинг “Ватандан айро бахт йўқ” сарлавҳали мақолалар тўпламини ўқиб, шу мушоҳадалар кўнглимдан ўтди”.

Юқоридаги иқтибос Ҳабиб Сиддиқ китобига ёзилган мухтасар “сўзбоши”дан олинди.

Адибнинг салкам ўн беш босма табоқли китобига публицистик мақолалари, эсселари ва мушоҳадалари киритилган.

Муаллифнинг мақола ва эсселари ўзи туғилиб ўсган Бўтақора қишлоғи ёки талабаларга таҳсил бераётган соҳа билан чекланиб қолмайди. Китобдан истиқлол даврида, айниқса, сўнгги саккиз-тўққиз йилда юртимизда амалга оширилган ислоҳотлар кўлами, давр қаҳрамонлари ҳаёти ва фаолияти, шу билан биргаликда жамият тараққиётига тўсқинлик қилаётган турли салбий унсурлар, келажагимиз эгалари бўлмиш ёшлар тарбиясида эътибор берилиши керак ва шарт бўлган миллий қадриятлар қаламга олинади, аниқ манзил ва шахслар мисолида моҳирона ёритиб берилади. Адиб ҳажвчи ўлароқ публицистик мақолаларида ҳам бир чимдим ҳангома ёки ибратли латифани, албатта, қистириб кетадики, булар мавзу ўқирманларга тушуникли бўлмоғи ва таъсир қилмоғида муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, тўпламдан олим-ёзувчининг ўз ҳамкасблари, илму фан фидойилари ҳақидаги эсселари, тўйхатлари ҳам ўрин олган. Қўшни қондош халқлар адиблари билан учрашувлар, адабий ҳамкорлик, глобал силкинишлар замонида аҳли қаламни бирлаштирувчи омиллар ҳақидаги мушоҳадага етакловчи мақолалари залвори анча кенг ва ўқимишли.

Тўпламнинг асосини ҳаётий ҳақиқатлар — кечаги ва бугунги кунимиз кишилари образлари ташкил қилишини алоҳида эслатиш асносида китобдан “Тўқилмаган ҳикоялар” туркуми ҳам ўрин олгани, бу ҳикояларда адиб қаламга олган ҳангомага ўхшаш воқеликлар орқали муштарийни атрофига жиддий қараб, жиддий фикрлаб, жиддий яшашга ундашини эслатиш ўринли.

Ҳажвчининг ушбу жиддий китобига киритилган саксонга яқин мақола, эсселарга алоҳида тўхталиб ўтирмаймиз. Яхшиси, бу китобни ўқимоқ керак.

Рўзимбой ҲАСАН,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва

Журналистлар уюшмалари

 аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 2 =