Излайман
Толеимда ёзилганин, фақат ризқу рўз излайман,
Ёноқлари лоларанг-у меҳр тўла кўз излайман.
Кулиб турган гулчеҳралар жозибаси ажаб сирли,
Иболи-ю ҳаё балққан дилга яқин юз излайман.
Ажиб гулзор айвонида минг бир турфа гул очилмиш,
Гард инмаган, хуш ифорли ягона наргиз излайман.
Вужудимга жон бахш этиб ҳарорату умид, ишонч,
Ҳали-ҳамон айтилмаган буюк калом — сўз излайман.
Сомон йўли ичра ахир нелар ўтиб бормоқдадир,
Кўҳна замин тупроғида ортда қолган из излайман.
Бу очунда бесаноқдир айтгувчи ҳам, ёзгувчи ҳам,
Барчасини бир-бир кўриб гўзал маъно — туз излайман.
Ҳар биттаси ўз тоқида неларнидир этгай баён,
Бу зарофат оламида бир “Митти юлдуз”* излайман.
Тақдиримда бор экан у, тоқатим ҳеч тоқ бўлмагай,
Бир излайман, ўн излайман, топмагунча юз излайман…
Таъна қилманг излаганинг дея уни мўъжазгина,
Ўхшаши йўқ бу дунёда мавжли бир денгиз излайман.
Аллоҳ назар солмас экан, улуғворлик қайда ахир,
Такрорланмас, ҳаволанмас жамоли тенгсиз излайман.
Ўксинмагин, Ўткир, ҳаёт неъматини бергувчидир,
Гоҳ ёш тўкиб, гоҳ шодланиб, гоҳида унсиз излайман.
2026 йил 22 февраль.
* Абдулла Ориповнинг илк китобига ишора
