Бахти бекам шифокор

Муқаддас Раҳимовага ҳозирги иш жойидан берилган тавсифномадаги икки-учта гапда унинг бутун ҳаёти мазмуни мужассамлашган: “Олий тоифали 50 йиллик меҳнат малакасига эга шифокор-аллерголог…”. Албатта, шифокорларнинг оламшумул хизмати ҳар қандай таъриф-тавсифларсиз ҳам катта-кичикка маълум. Қизиқ томони яна шундаки, бугунги шароитда “аллергия, аллерголог” деган сўзлар ҳам тез-тез такрорланиб туради, лоф бўлмаса, 10-15 одамдан бирининг иши врач-аллергологга тушиб турибди. Ана шундай кўпчиликнинг эътиборидаги касбда ярим аср бенуқсон ишлаш, ҳатто соҳада эътибор қозонишнинг ўзи таҳсинга лойиқ. Ортда қолган йиллар, шубҳасиз, мақсад йўлидаги интилишлар, изланишлар, ўқиб-ўрганиш ва ҳаракатлар ортидаги қувонч ҳамда заҳматлар билан ўтган.

Муқаддасхон Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институти (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт университети)даги таҳсилни тугатиб, Тошкент шаҳридаги 18-поликлиникасида участка шифокори сифатида иш бошлади. Шубҳасизки, ҳали кўп нарса маълум эмас эди. Ўз соҳасини яхши кўрган ёш мутахассис югуриб-елиб ишлади, касбига садоқатини илк даврлардаёқ намойиш қилди. Унинг ҳаракатчанлиги, вазифасига масъулият билан ёндашиши ҳамкасбларининг эътиборини қозонди.

Албатта, Муқаддасхон бирор соҳада муваффақиятга эришиш учун сидқидилдан меҳнат қилиш лозимлигини, устозлар йўл-йўриғига амал қилиб, уларнинг меҳрини қозониш кейинги фаолиятда ютуқлар калити бўлишини яхши биларди. Шунинг учун у ишга эрта келиб, кеч кетди, ўзига мурожаат қилганлар, иши тушганларга шифокор сифатида дардига малҳам бўлишга интилди. Шундай фазилатлар унга обрў келтирди, кўпчиликнинг дуоси уни янги муваффақиятларга руҳлантирди. Ёш мутахассиснинг интилувчанлиги, ўз касбига садоқатини сезган жамоа уни кўп ўтмай, аллергология бўйича клиник ординатурага ўқишга юборди. Бу таҳсил унинг амалиётда орттирган тажрибаларини назарий билимлар билан яна ҳам кучайтиришга йўл очди, таъбир жоиз бўлса, танлаган соҳасининг етук мутахассиси даражасига эришишини таъминлади.

Устозлар ишонч билдириб, ўқиш тугагач, 1980 йилда янги ташкил этилган республика илмий ихтисослашган аллергология марказига ишга юборишди. Шу жой унинг учун бутун фаолияти кечган даргоҳ бўлиб қолди. “Дарахт бир жойда кўкаради”, деганларидек, 42 йил шу жойда хизмат қилди. Албатта, бир муассасада узлуксиз ва нуқсонсиз хизмат қилишнинг ўзи Муқаддас Раҳимованинг касбига қанчалик фидойилигини ва ҳурмат-эътибор қозонганини кўрсатиб турибди. Шу йиллар давомида оддий шифокорликдан марказнинг консультатив поликлиникаси мудирлиги лавозимигача кўтарилди. Ҳозирги кунда ҳам олий тоифали шифокор-аллерголог вазифасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Ортда қолган йиллар мазмунли кечган умрдан сўзлайди. Муқаддас Раҳимова меҳнат фаолиятида ўзини юқори малакали мутахассис, жонкуяр шифокор ва моҳир ташкилотчи сифатида намоён этди. У республикадаги аллерголог-шифокорлар ва ҳамшираларнинг малакасини ҳамда уларнинг тажрибаларини оширишга кўмаклашиш билан биргаликда туманларга чиқиб, жойлардаги тиббиёт ходимларига амалий ёрдам кўрсатишга ҳам бош-қош бўлган. Санитария авиацияси таркибидаги шифокорлар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга мунтазам ташриф буюриб, беморларга тезкор тиббий ёрдам кўрсатишда ҳам фаол иштирок этди. Шунингдек, Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирда университет)нинг клиник аллергология курсида 6-босқич талабаларига маърузалар ўқиб, амалий машғулотлар олиб борди. Унинг раҳбарлигида поликлиника ходимларининг малакасини ошириш ишлари юқори даражада йўлга қўйилган.

Юқори малака ва катта меҳнат тажрибасига эга бўлган шифокор ҳамиша ўз малакасини ошириш устида тинмай ҳаракат қилди. Барча вилоятлардан келган беморларни Марказ қошидаги “Аллергия ва астма мактаби”да махсус дастур асосида ўқитиб, уларнинг ўз беморлари дардларига самарали даво топишларига кўмаклашади. Натижада республика бўйича астма ва аллергия касалликлари билан оғриган беморлар томонидан касаллик варақасидан фойдаланиш даражаси 45 фоизга, шифохоналарда қайта ётиб даволаниш кўрсаткичи 55 фоизга камайган.

У ўз амалий фаолиятини илмий изланишлар билан қўшиб олиб борди. 50 га яқин илмий, тарғибот мақолалари хорижий ва мамлакатимизда чоп этиладиган нуфузли нашрларда эълон қилинган. Унинг “Аллергик касалликли беморларнинг диспансер кузатуви”, “Аллергия ва астма мактаби тажрибаси” сингари рисолалари тиббиёт ходимлари томонидан услубий қўлланма сифатида фойдаланилмоқда. Муқаддас Раҳимова “Болалар ва катталарда бронхиал астма касаллигини даволаш ва профилактика чоралари” республика миллий дастурининг муаллифларидан бири ҳисобланади.

Фидойи аёл, тажрибали шифокор ўз соҳасида фаол ташкилотчи ҳамда жонкуяр жамоатчи ҳамдир: Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги аллерголог ва дерматологлар аттестация ҳайъати котибаси, Ўзбекистон аллергология-пульмонология ассоциацияси аъзоси, шу билан бир қаторда Республика аллергологлар ва иммунологлар жамияти аъзоси сифатида самарали фаолият кўрсатиб келди. У Марказ хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ҳам кўп йиллар хотин-қизлар фаолиятининг юқори даражада ташкил этилишида жонбозлик кўрсатди. Марказда йўлга қўйилган “Устоз-шогирд” анъаналарига кўра кўплаб клиник ординаторларга касб сирларини ўргатишда мураббийлик қилиб келмоқда.

Албатта, самарали ва фидокорона меҳнат беиз кетмайди. Муқаддас Раҳимова кўплаб инсонларнинг дардига дармон бўлди, уларнинг меҳрини қозонди. Бир неча бор Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирланди. 1999 йилда эса Президент фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан мукофотланди. 2021 йилда “Соғлиқни сақлаш вазирлиги аълочиси” кўкрак нишони соҳибасига айланди.

Заҳматкаш шифокор ва намунали оила бекаси Муқаддас Раҳимова икки нафар фарзандни тарбиялаб, уларни муносиб кишилар сифатида жамиятимизга қўшди. Бугунги кунда ўнга яқин набиралар даврасида фидокорона меҳнатининг нашидасини суриб, бахтли умр кечирмоқда. Бахтингиз бекам бўлсин Муқаддас опа, Яратганнинг Ўзи эл саломатлиги йўлидаги эзгу ишларингиз ажрини зиёда қилсин.

Кўпайсин АЛИЕВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − nine =