Ҳайдарбобога салом
Муҳаммад Хусайн ШАҲРИЁР
Муаллиф ҳақида:
Муҳаммад Ҳусайн Шаҳриёр – 1906 йилда Табризда туғилган. 1988 йил 18 сентябрда вафот этган. Шоир форс, озарбайжон тилларида ижод қилган. Унинг асарлари чуқур лирик, фалсафий ва ижтимоий мазмун касб этади.
Шоирнинг ижоди икки тилда бирдек юксакликка кўтарилган бўлса-да, ижодкорнинг номини дунёга машҳур қилган асар, шубҳасиз, она тилида ёзилган “Ҳайдарбобога салом” достонидир.
Ушбу асар 1954 йилда Табризда нашр этилган ҳамда Эрон Озарбайжонидаги туркий тил ва маданиятининг қайта уйғониши рамзига айланган.
Шоир ушбу достонни ўзи туғилиб ўсган қишлоқ яқинидаги Ҳайдарбобо тоғига мурожаат тарзида ёзган. Унда ижодкор болаликнинг беғубор хотиралари, халқнинг машаққатли, аммо самимий ҳаёти, қадимий байрамлар ва урф-одатларни сеҳрли бир тилда тасвирлайди.
Озарбайжон ва ўзбек тиллари бир илдиздан сув ичган қариндош тиллар бўлгани боис, Шаҳриёрнинг юрак тубидан чиққан оҳанглари ўзбек ўқувчиси учун ҳам жуда қадрдондир.
(Достон)
Ҳайдарбобо, кўкда чақмоқ чаққанда,
Селлар тошиб, тўлқин уриб оққанда,
Қизлар турнақатор туриб боққанда,
Салом бўлсин шавкатингиз, элингизга,
Менинг номим келсин дейман тилингизга.
Ҳайдарбобо, какликларинг учганда,
Бутазорда қуён ҳуркиб қочганда,
Боғчаларинг қийғос ғунча очганда,
Мумкин бўлса, бизларни бир ёд этинг,
Ғамга ботган кўнгилларни шод этинг.
Шамол туриб, уй томларин йиққанда,
Бойчечаклар, қўзигуллар чиққанда,
Оқ булутлар ҳўл кўйлагин сиққанда,
Бизни эслаб, ёд этганлар соғ бўлсин,
Қайғуда ҳам унсин, юрак тоғ бўлсин!
Ҳайдарбобо, мева пишсин офтоб тус,
Юзинг кулсин, булоқларинг очсин кўз,
Болаларинг гул ундирсин бир нафис,
Хуш бўйини ел келтирса муқаррар,
Шунда менинг мудроқ бахтим уйғонар.
Ҳайдарбобо, юзинг ёруғ, пок бўлсин,
Тўрт тарафинг булоқ бўлсин, боғ бўлсин,
Биздан кейин сенинг бошинг соғ бўлсин,
Ахир ҳаёт ўткинчидир, келар бир,
Фақат дунё қолар, мангу етимдир.
Ҳайдарбобо, борай дедим, кечикдим,
Умрим ўтди йўллар айри, ичикдим.
Билолмадим, сенинг ҳолинг нечукдир,
Билмас эдим, ўнқир-чўнқир йўлим бор,
Йўқотиш бор, айрилиқ бор, ўлим бор.
Ҳайдарбобо, марднинг боши хам бўлмас,
Ҳаёт ўтар, афсус, ғам бекам бўлмас,
Номард киши умридан хуррам бўлмас,
Илло, ёдда тутамиз бу сўзларни,
Кўришмасак, алқаб қўйгин бизларни.
Куз шамоли япроқларни тўкканда,
Булут тоғдан эниб, қишлоқ кезганда,
Шайхул Ислом гўзал хониш қилганда,
Майин сўзлар қалб қўрига тегарди,
Дарахтлар ҳам саждага бош эгарди.
Тошли булоқ қум-қурумга тўлмасин,
Боғу роғлар сарғаймасин, сўлмасин,
Йўловчига сув тут, ташна бўлмасин,
Булоқ, хайринг бўлса, мангу оқарсан,
Уфқларга хумор-хумор боқарсан.
Ҳайдарбобо, тоғу тоши, дараси,
Каклик сайрар, жўрдир жўжахўрози,
Қўзиларнинг оқи, қора, оласи,
Сайр қилардим қир-адирлар юзини,
Куйлар эдим “Чўпон, қайтар қўзини”.
Ҳайдарбобо, сув сизар ер остидан,
Ҳавза бўлар сой бўйларин пастида,
Нилуфаргул сузар сувнинг устида,
Сулув қушлар келиб сувда кечарлар,
Ҳузурланиб, булоқдан сув ичарлар.
Пичан ғамлар, сунбул ўрар ўроқлар,
Шамол гўё зулфларини тароқлар,
Овчилар қув беданани тузоқлар,
Ўримчилар айрон қуйиб ичарлар,
Кучга тўлиб сўнг ўримга тушарлар.
Ҳайдарбобо, қишлоқда кун ботганда,
Болаларинг ризқини еб, ётганда,
Ой булутни ёриб, ойдин боққанда,
Сен уларга биз ҳақда бир қисса де,
Қиссамизнинг бош-адоғин ғусса, де.
Кекса момом матал айтиб берганда,
Бехос шамол деразани чертганда,
Улоқчани бўри ямлаб ютганда,
Ортга қайтиб бола бўлиб қолардим,
Бир гул очиб, сўнгра яна сўлардим.
Аммажоним бол-қаймоғин еярдим,
Ундан туриб уст-бошимни киярдим,
Боғ оралаб, қўшиқ айтиб келардим,
Воҳ, талтайиб даврон сурган кунларим,
Чўп отимни “чуҳ”лаб юрган кунларим.
Ҳайдарбобо, тўй дараги тутганда,
Қиз-жувонлар хина, пилик сотганда,
Йигит қизга томдан олма отганда,
Шу қизларда қолган менинг нигоҳим,
Ошиқларнинг созларида дод-оҳим.
Ҳайдарбобо, сув бўйида ялпизлар,
Бўй таратар ҳандалаклар, тарвузлар,
Аттор сотиб келган сақич, қанд-қурслар,
Мазасини ҳис қилиб шод этарман,
Мен бой берган ўтмишим ёд этарман.
Байрам эди, тун нағмасин ўқирди,
Қиз куёвга майин жулоб тўқирди,
Мўридан ҳар ошиқ рўмол суғурди,
Қандай гўзал, ёр дилини чоғламоқ,
Белбоғига ҳадясини боғламоқ.
Рўмол истаб мен ҳам уйда йиғладим,
Рўмол олиб тез белимга боғладим,
Ғуломларнинг томидан шол1 ташладим,
Фотма хола менга жулоб боғлади,
Хон энамни эсга олиб йиғлади.
Байрам бўлиб, деворга зар суварлар,
Кашта ёйиб, хоналарни безарлар,
Токчаларда идишларин тузарлар,
Келинчакнинг сандиқчаси, хиноси,
Ҳавасланар онаси, қайнонаси.
Бокуликнинг миш-миш тўла ҳар сўзи,
Сигирларнинг оғиз сути, увизи,
Чоршанбанинг ёнғоқлари, майизи,
Қизлар айтар: “Атил-матил, чоршанба,
Ойнадайин бахтим очил, чоршанба”.
Тухумларни турфа рангга бўярдик,
Чўқиштириб, синганини еярдик,
Бола-бақра, ўйнаб қачон тўярдик?
Али менга яшил ошиқ берарди,
Ирзо менга бойчечаклар терарди.
Ҳайдарбобо, Момоқизнинг кўзлари,
Рахшанданинг ширин-ширин сўзлари,
Туркча айтдим, ўқисинлар ўзлари,
Билиб қўйсин, одам кетар, ном қолар,
Яхши-ёмон оғизда бир таъм қолар.
Ҳайдарбобо, дунё ёлғон дунёдир,
Сулаймондан, Нуҳдан қолган дунёдир,
Ўғил туққан, дардга ботган дунёдир,
Бирни бериб, бирни қайтиб олғондир,
Афлотундан қуруқ бир от қолғондир.
Ҳайдарбобо, дўсту ёрлар кетдилар,
Мени ташлаб манзилига етдилар,
Чашмам тиниб, чироқларим синдилар,
Оқибатсиз кун чўкди, оқшом бўлди,
Менга дунё харобаи Шом бўлди.
Ҳайдарбобо, кўкнинг юзи туманли,
Кечар кунлар, аримайди ёмонлиғ,
Бирдам бўлинг, бошда бўлсин омонлиғ,
Яхшиликни элимиздан олибди,
Ёмон кунни бошимизга солибди.
Қанот қоқиб чиқсайдим тўлқинлардан,
Сўрардим тоғ ошган тошқинлардан,
Дардлашардим тутиб маҳкам қўллардан,
Бир кўрардим айрилиқни ким солди?
Ўлкамизда ким қирилди, ким қолди?
Мен сендек алп тоққа бердим нафасим,
Сен ҳам қайтар, садо берсин овозинг,
Бойқушнинг ҳам тор бўлмасин қафаси,
Бунда бир шер наъра тортиб, ўрлагай,
Бағри қаттиқ одамларни чорлагай.
Ҳайдарбобо, танга ғайрат етганида,
Қорақушлар бошингни тарк этганида,
Тошлар қулаб, ёвузликлар битганида,
Назар ташла, ҳимматим шу онда кўр,
Бир эгилиб, қоматимни дорда кўр.
Ҳайдарбобо, доим дилинг шод бўлсин,
Ҳаёт борки, оғзинг тиш-ла тот бўлсин,
Сендан ўтган таниш бўлсин, ёд бўлсин:
Тингла дегин, шоир ўғлим Шаҳриёр,
Бир умрдир ғам устига ғам қалар.
Ҳайдарбобо, келдим сени йўқлаётиб,
Қучоғингда бир дам ором, уйқу топиб,
Ўтган умрим ортидан мен чопиб-чопиб,
Болаликка дерман: бизга келсанг бир,
Ойдин кунлар, мунгли юзга кулсанг бир!
Ҳайдарбобо, ҳар тепа бир кўшк бўлсин,
Биздан кейин қолганларга хуш бўлсин,
Кечмишимиз авлодларга куч бўлсин,
Фарзандлар ҳеч иймонидан тонмасин,
Ёлғонларга учмасин, алданмасин!
Озар тилидан
Фахриддин ҲАЙИТ таржима қилди.
Шол1 — рўмол. Удумга кўра, унаштирилган қизларга куёв уй мўрисидан рўмол узатади. Қиз йигит ташлаган рўмолга ҳадя боғлайди.
