Ижод нури дунёни тутсин!

ёки Зоминда кўришгунча…

Чироқ ўчди. Оғзидаги луқмаси ҳалқумига тиқилган шеригимиз пиёладаги бир ҳўплам чойини ичдими-йўқми, столга қўйди.

— Ана, — деди чўзиқроқ оҳангда дастурхон атрофида ўтирганлардан бири.

Кафедаги чироқ ўчган бўлса-да, қалб чироғи ҳануз ёниқ эди чоғи, ижодкорлар баримиз гапнинг кетини узмадик. Суҳбатимиз авжига чиқди, шеърдан нари-бери ўтиб, ўқиш, иш, ҳаётнинг майда, аммо муҳим нуқталаригача кириб бордик.

Бирдан хона ёришди.

Янги туғилган боладек, ёруғликдан ҳамманинг кўзи қамашди.

— Юзма-юз кўриб гаплашиб, овқатланиш қандай яхши! — деди шоира опалардан бири, овозида алланечук соғинч ва ишонч қоришиқ эди. — Мен доим яқинларим даврасида гурунглашиб овқатланишни маъқул кўраман.

Дили дилига, тили тилига яқин инсонлар билан бир даврада ижоднинг сийратидан сирлашишга нима етсин! Чироқ яна икки-уч бора ўчиб ёнди.

— Ҳар нарсада ҳикмат бор, — деди яна кимдир сокин, аммо қатъий оҳангда. — Чироқ ҳам бир неъмат эканлиги бежиз эмас, китоб ўқишда ҳам, назм-у насрда ҳам қўл келади. У ижод йўлимиздаги рамзий ифода — нур, ёруғлик. Ҳар нарсанинг суратидан эмас, сийратидан хулоса чиқариш лозим.

Ижод ҳақида сўз борар экан, устоз Маҳмуд Тоирнинг: “ Менда истеъдод йўқ деб ўйлаш учун ҳам инсонда истеъдод бўлмоғи керак”, деганлари, аслида, ҳар инсон ҳам бўй-у бастига, кўз-у қошига қўшиб истеъдодни ҳам ўзига эгиз қилиб олганини англатса ажабмас.

Ана шу суҳбатлар, ана шу ички изланишлар, аслида, оддий бир кечанинг парчаси эмас эди. Бу — катта бир адабий мактабнинг, катта бир руҳий жараённинг ичидаги лаҳзалар эди. Негаки, айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари ҳудудий саралаш босқичлари қизғин давом этмоқда. Биз гувоҳ бўлган ўша самимий давра ҳам ана шу жараённинг бир бўлаги эди.

Хусусан, Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида Тошкент ва Сирдарё вилоятларидан ташриф буюрган 22 нафар ёш ижодкор иштирокида ушбу нуфузли анжуманнинг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Бу ерда ёш ижодкорлар ўз иқтидорларини назм, наср, болалар адабиёти, бадиий публицистика, таржима, адабий танқид ва драматургия каби йўналишларда синовдан ўтказди. Ҳар бир чиқиш ортида бир изланиш, ҳар бир сатр ортида бир юрак уриши сезилиб турарди.

Семинарни Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир олиб борди. Устозларнинг самимий ва теран мулоҳазалари ёшлар учун нафақат баҳо, балки йўл-йўриқ, руҳий таянч вазифасини ўтади. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Нилуфар Нормирзаева иштирок этиб, ёш ижодкорларни самимий қутлади. Бу эътибор ва рағбат эса уларнинг ижод йўлидаги ишончини янада мустаҳкамлади. Семинар давомида ёш ижодкорлар нафақат ўз асарларини намойиш этдилар, балки бир-бирининг ижодидан ҳам чинакам баҳраманд бўлдилар. Ҳар бир ўқилган шеър, ҳар бир тингланган ҳикоя ёки билдирилган мулоҳаза бошқа бир иштирокчи учун янги бир қараш, янги бир савол ёки илҳом манбаига айланди. Бу жараёнда ижодкорлар ўзларини бошқаларнинг нигоҳи орқали кўришни, асарларига четдан баҳо беришни ҳам ўргандилар.

Айниқса, очиқ ва самимий муҳокамалар давомида ҳар бир иштирокчи ўз ижодига нисбатан шахсий хулосалар чиқарди. Кимдир ўзида ҳали сайқалланиши керак бўлган жиҳатларни англаб етди, яна кимдир ўз йўналишида янада қатъийроқ давом этиш зарурлигини ҳис қилди. Энг муҳими эса, бу семинар ижодкорларга нафақат бошқаларни тинглашни, балки ўз ички овозини ҳам эшитишни ўргатди.

Шу боис, Зомин семинари нафақат истеъдодлар синови, балки ўзини англаш, ўз устида ишлаш ва ижодий камолот сари ташланган муҳим қадам сифатида ҳар бир иштирокчи хотирасида чуқур из қолдиргани аниқ. Ўша кечадаги чироқнинг ўчиб-ёниши бежиз эмас эди гўё. Чунки Зомин семинари — бу фақат саҳнадаги чиқишлар эмас, бу — қоронғида ҳам ёниб турган қалблар, сўз орқали бир-бирини топган руҳлар, ички чироғини ёқа бошлаган истеъдодлар мактабидир. “ЗОМИН-2026” саралаш босқичига берилган старт эса ана шундай ёруғ қалбларнинг янада кўпроқ чарақлашидан дарак беради.

Балки… энг кучли асарлар айнан шундай давраларда, ҳатто чироқ ўчган лаҳзаларда, қалб чироғи ёниб турган пайтда туғилса керак.

Фарангиз АБРУЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − two =