Машинаси бор одам бой-ми?..

ёки шахсий автомобилга тобелик қатор ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётгани хусусида

Аҳоли ўртасида шахсий транспорт воситаларига бўлган эҳтиёж йил сайин ошиб бормоқда. Масаланинг чигал томони шундаки, автомобиль харид қилувчилар сафининг кенгайиши фақат аҳоли даромадларининг ошиши ҳисобига эмас, балки автокредит, лизинг, “выкупка” ёки бошқа шартлар асосида амалга оширилмоқда. Автомобиль сотиб олишга қурби етмайдиган, лекин хоҳиши бор одамлар автокредитнинг аччиқ “таъми”ни татиб кўргач, пушаймон бўлишаётгани ҳам айни ҳақиқат. Ваҳоланки, ҳою ҳавас учун енгил машина харид қилиш ўрнига мавжуд маблағ оила даромадини оширадиган лойиҳаларга сарфланса, нур устига нур бўларди.

Енгил машина ҳам бир рўзғор

Ростдан ҳам, енгил автомобиль қулай транспорт воситаси эканини инкор эта олмаймиз. Оила оғирини енгил, узоғини яқин қилишда ундан ўтадигани йўқ. “Ўзингда бўлганига нима етсин!” дейди баъзилар. Бу яхши. Аммо бугун пули бор ҳам, йўқ ҳам машина ишқибози. Кўчадан ўтган машинага ҳавас қилади. “Қанийди, менинг ҳам шундай чиройли автомобилим бўлса эди!”. Ҳатто кредитга олиб, қарзга ботганлар, рўзғорини боқишга қийналиб қолганлар қанча! Аслида, автомобилни рўзғоридан орттириб, қўшимча пули бор одам олса, ярашади. Дарвоза ичкарисида яп-янги қимматбаҳо автомобиль турса-ю, бола-чақанинг ичгани ёвғон нарса бўлса, бундай ҳаётга ҳавас қилиш мумкинми? Тўғри, автомобилни кира қилиб, оила боқиш учун сотиб олаётган ёки ижарага йўловчи ташиб юрганлар ҳам истаганча топилади. Баъзилари топганини жаримага тўлаб, чойчақага ҳам арзимайдиган пул ишлаётгани ҳам рост.

Ҳозир қишлоқ ёки овулларга борсангиз, автомобили йўқ хонадонни топиш амримаҳол. Камбағалдаям, бойдаям, бева-бечорадаям бир улов бор. Баъзи оилалар умр бўйи боши автокредитдан чиқмайди. “Шу сабилни нега олдим?” деб пушаймон бўлади. Сўнгги пушаймон эса ўзингга душман деб бежиз айтилмаган. Автомобиль рўзғорга шодлик эмас, кулфат келтирса, уни деб еган-ичганингда, яшашингда ҳаловат бўлмаса, кимга кераги бор бу дахмазани, дегувчилар ҳам жуда кўп.

Бир пайтлар Ўзбекистон автомобиль саноати ривожланган мамлакатга айланади, келгусида ҳар бир хонадонда шахсий машина бўлади, деб минбарларда бонг урилган эди. Ўшанда автомобиль кўпайиб, кўчаларга сиғмай қолиши, тирбандлик кундалик ҳаётимизга салбий таъсир ўтказиши, ундан чиқаётган зарарли газ экологияни ифлослантириши ҳақида ўйлаб кўрмаган эканмизми? Ишгаям, бозор-ўчаргаям, саёҳатга ҳам автомобилда борилса, тирбандлик авж олаверади-да. Энг ёмони, баъзи одамлар жамоат транспортида юришни ўзи учун “ор” деб билади. Чунки унинг қўша-қўша автомобили бор, бой-да. Гўё экологик инқироз, тирбандлик ёки автоҳалокатлар унга тегишли эмасдек. Ҳамма нарсани пул ёки таниш-билишчилик билан ҳал қиламан, дейди-да. Шундай одамлар касрига бугун ҳаётимизда муаммолар кўпайиб бормоқда.

Рўзғоридан орттирган қўшимча маблағи бўлмаса-да, қарзга автомобиль сотиб олишга интилаётган одамларни у қадар оқлай олмаймиз. Халқимизда енгил машина ҳам битта рўзғор, деган гап бор. Шунинг ўрнига қишлоқ аҳолиси учун зарур бўлган маҳсулотни қайта ишлайдиган мини-цех ёки кичик ишлаб чиқариш корхонаси очса, элу юртга нафи кўпроқ тегади, рўзғори баёд-шояд бўлади. Маблағи кўпайгач, ана ундан кейин автомобилнинг зўридан харид қилса ҳам ярашади. Ахир, кредит совға ёки эҳсон эмас, балки мажбуриятдир. Кредитнинг ўзини-ку қайтарасиз, фоизиниям банк қуртдай санаб олади. Худди оёғига тушов урилган одамга ўхшайсиз. Қарздан қутулгунча силлангиз қуриб кетади. Автомобилнинг харажатларини айтмайсизми? Бугун бу ерида ишкал чиқса, эртага мой алмаштириш, кейин ғилдиракларни янгилаш, хуллас, бир жойдан “томиб” турадиган пул бўлмаса, оддийгина одам автомобилни эплаб мина олмайди.

Зиёфати ошиб тушди

Қишлоқда бир йигит хорижда ишлаб келиб, автокредитга яп-янги қимматбаҳо автомобиль олди. “Барака топсин, зўр ишлаб келибди, йигитнинг султони шундай бўлади-да”, дейишди қўшнилар тилёғламалик қилишиб. Унинг рафиқасининг оғзи қулоғида, дугоналарининг кўзини ўйнатиб, роса кифтини келтириб мақтанганини, ўғли эса синфдошларига “аслида, бу автомобиль меники” дея дунёларга сиғмай юрганини айтмайсизми? Хуллас, янги автомобилни “ювиш”га биз ҳам бордик. Бойваччаларникидек безатилган дастурхондаги ноз-неъматлар, ичимликларни кўриб, ақл шошади. Шунча харажат нимага керак деб хаёлдан ўтказасиз. Хорижда ишлаб, яхши пул топган бўлса, ҳаммасини кўкка совуриш керакми? Ўзи камбағалгина йигит бўлса, қўлига беш-тўрт сўм тушиб қолиб, ўзида йўқ хурсандлигини қаранг, деб ўйлаб тургандик. Худди фикримизни уққандек, елкамизга қўлини қўйиб: “Тоға, бу дунёда яшаб қолиш керак, одамлар менинг кимлигимни кўриб қўйсин, энди мен бойваччаман!” дея муштларини кўксига урди. Индамадик, нима ҳам деймиз, шу пайтда унга гап уқтириб бўладими? Ҳасад қиляпти, деган фикрга бориши ҳам мумкин-да. Ичимиздагини ташимизга чиқармадик, “мошин буюрсин, яхши кунларда мингин” деб дуо қилиб, уйга қайтдик.

Бойвачча укамиз янги автомобилни бир ҳафтаям мингани йўқ. Автокредитни тўлаш учун хорижга ишга жўнаб кетди. Анча йиллардан буён чанг босиб ётган бу қимматбаҳо машинага эмас, хонадон бекасига, икки ўғил, уч қизига раҳмимиз келди. Хориждан келаётган пулни автомобиль ямламай “ютяпти”. Аёлнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмайди. У қўни-қўшниларнинг кир-чирини ювиб, оила тебратишга мажбур. Автомобиль эса фақат у йигитнинг хорижда яхши ишлаб келганига “далил” вазифасини ўтаяпти, холос.

Тирбандлик — “занжирбандлик”

Ана шундай муаммолар мавжуд бўлса-да, автомобилга тобелик тўхтамаяпти. Қаердадир бир йирик анжуман бўлаётган бўлса, албатта, ўша жойда тирбандлик юзага келади. Тўй ёки бошқа издиҳомлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Енгил машина орасидан жой топиб юришнинг ҳам имкони бўлмай қолади. Меҳмонга 10 нафар киши айтилган бўлса, улар камида 8-9 та енгил машинада келади. Автомобиль кўплигидан шаҳарда одамлар эмин-эркин сайр қила олмайди. Ҳатто пиёдалар юрадиган йўлакларга ҳам автомобиль қўйиляпти. Йўловчилар асфальт йўлда юришга мажбур бўлишмоқда.

Тирбандликлар фақат Тошкент шаҳрида эмас, вилоятларда ҳам йўл ҳаракати маромини сусайтиришда давом этмоқда. Кошки эди, фақат йўл ҳаракати маромини сусайтирса. Тирбандлик бу “занжирбандлик”. Чунки маълум муддат сизнинг гўёки қўл-оёғингиз занжирбанд қилингандек. Унинг устига мотор ишлаб, зарарли газ чиқариб турибди. Қанчадан-қанча ишу юмушлар бажарилмай қоляпти. Иқтисодиётга, ижтимоий ҳаётга катта зарар етмоқда.

Шу ўринда бир мисол: Германияда кўпинча катта бозорлик қилиш учун ёки шаҳардан ташқарига чиқиш тўғри келгандагина енгил автомобилдан фойдаланишади. Бу ерда аҳоли, асосан, жамоат транспортида ёки велосипедда юришади. Аҳамиятли жиҳати шундаки, одамлар ишга, асосан, велосипедда келишади. Фақат шанба куни бозорлик қилиш ва якшанба дам олиш учун бирор ерга бориш мақсадида шахсий автомобиль рулига ўтиришади. Аҳоли шаҳар ичига иложи борича автомобилда киришмайди. Бу уларнинг экологик маданияти юксалганидан далолат беради. Шунинг учун ҳам Германиядаги шаҳарлар озода ва экологик жиҳатдан ҳам мусаффо. Тошкент ҳавосининг тобора ифлосланиб, дунёда юқори ўринларга кўтарилаётганига ўзимиз сабабчи бўлаётганимизни бир ўйлаб кўрсак, фойдадан холи бўлмасди.

Дарвоқе, мамлакатимизда автоҳалокатлар сони ҳам ошиб боряпти. Бу ҳам автомобилсизлаштириш ўта муҳим масала эканидан далолат бермоқда. Шаҳарда ҳаракатланувчи автомобиллар сони камайса, жамиятда ижтимоий, хавфсизлик ва саломатлик даражаси яхшиланади. Ахир шаҳримиз ҳавоси мусаффо, йўлларимиз бехатар ва бехавотир бўлса, кайфиятимиз ҳам юқори, иш унуми ҳам баланд бўлади.

Соғлом шаҳар велосипедлар билан қурилади

Сиз велосипедда ишга боришингиз мумкинми? Йўқ, албатта! Қимматбаҳо автомобилингиз турганда қийналиб велосипед миниб юрасизми? Қолаверса, бу сизнинг обрўйингизга тўғри келмайди, шундайми? Қолаверса, автомобили бор одамларнинг аксариятида велосипед йўқ. Чунки улар бу транспорт воситасига эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблашади. Нега унда Германиядек ривожланган давлатда аҳолининг камида 77 фоизи йил давомида велосипеддан фойдаланади. Ёки Берлинда шаҳар аҳолисининг камида 25 фоизи велосипедни асосий транспорт воситаси сифатида танлаган ва сўнгги ўн йилда велосипедчиларнинг улуши доимий равишда ортиб бормоқда.

Нидерландия аҳолиси велосипедда кунига ўртача 2, 6 километр йўл босади. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар бутун дунё бўйлаб велосипедда ҳаракатланиш татбиқ этилса, атмосферага йиллик карбон диоксиди ажралмаси 686 млн. тоннага камаяр экан. Бу ҳажм кўпгина мамлакатлар, жумладан, Буюк Британия, Канада, Саудия Арабистони ва Австралиянинг умумий CО2 эмиссиясидан ортиқдир.

Шифокорлар маълумотларига кўра, велосипед энг аввало инсон саломатлиги учун фойдали улов ҳисобланади. Уни бошқариш — юрак-қон томир тизимини машқ қилдиради, суяк ва мушаклар мустаҳкамланади. Ортиқча вазн, диабет ва бошқа сурункали хасталиклар хавфи камаяди. Ҳар куни ишга велосипедда борадиган кишиларда саратон касаллигига чалиниш 45 фоизга, юрак-қон томир касалликлари хавфи эса 46 фоизга камайиши ўрганиб чиқилган.

Дунёдаги ривожланган давлатларга эътибор қаратадиган бўлсангиз, уларнинг асосий транспорт воситаси — жамоат транспорти ёки велосипеддир. Бошқа мамлакатларда аҳоли мобиллашаётган бир вақтда Ўзбекистон автомобиллар мамлакати бўлиб қолмаслиги зарур. Аҳолига велосипеддан фойдаланиши учун қулай инфратузилма яратилиши, тарғибот ишлари олиб борилиши лозим.

Афсуски, бу борадаги саъй-ҳаракатлар билан мақтана олмаймиз. Тўғри, велосипед учун йўлаклар бор. Аммо улар жуда кам. Бир маҳалладан иккинчисига автомобиль йўлини ёки пиёдалар йўлаклари орқали ўтишга тўғри келади. Масалан, пойтахтимизнинг катта қисмини велосипед орқали босиб ўтиш учун қулай инфратузилма яратилмаган. Бу эса велосипедни шаҳарда асосий транспорт воситаси сифатида фойдаланишга имкон бермайди.

Пойтахтимизда велосипед билан қилинадиган саёҳатлар кўпайтирилса, автомобилдан фойдаланиш даражаси кескин қисқаради. Тадқиқотлардан шу нарса маълумки, велосипеддан фойдаланиш улушини ошириш йиллик глобал иқлим ўзгаришини юмшатиш учун йўналтириладиган маблағларни тежашда муҳим аҳамият касб этади. Ҳаво сифатининг яхшиланиши соғлиқни сақлаш харажатларини ҳам камайтириб, касаллик туфайли иш кунлари йўқотилишининг олдини олган бўларди.

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + 8 =