Бугун она заминга само нурларин элар

Шарифа САЛИМОВА,

Ўзбекистон Республикаси халқ шоири

Ибтидо

Туғилдинг…

“Инга” дединг,

Борлиққа дур сочилди.

Волиданг сийратида

Ҳаёт гули очилди.

Отанг сипо жилмаяр…

Суюнчи узатади.

Бувинг бешигинг узра

Исириқ тутатади.

Жажжигина бу кулба

Қувонч гулига тўлар.

“Инга” – деган гўдагим,

Ватанни худо берар.

 

Энди сен Ватанлисан,

Алпомишга инисан.

Жалолиддинга жигар,

Қилич тутган қўлисан.

Киндик қонинг томди-ю,

Сингиб кетди тупроққа.

Дўстлар шод бўлди, бироқ

Ғаним тушар титроққа.

Бешикда гувранасан,

Оймомо нурин элар.

“Инга” – деган гўдагим,

Ватанни Худо берар.

 

Улғаясан, шу кулбанг

Сарой бўлиб кўринур.

Ёнингда оққан жилға

Дарё бўлиб кўринур.

Тоғларинг салобатин

Нигоҳинг-ла ичасан.

Ёвшан-у саҳроларни

“Падарим” деб қучасан.

Олислардан қошингга

Она Тўмарис келар.

У ҳайқирар: – Болажон,

Ватанни Худо берар.

Шундай дейди асрлар:

Авесто, Ўрхун хати.

Қояларга нақш бўлган

Она халқинг санъати.

“Шашмақом” янграганда,

Дунё сеҳрга тўлар.

Қалбинг титратар наво:

– Ватанни Худо берар…

 

У энди жону танинг,

Онангнинг оппоқ сути.

Қирларда чайқалган дон,

Аждодларинг ўгити.

Булут каби қўзғолган

Тагингдаги тулпоринг.

Оқ сочли мунис Онанг,

Ой каби гўзал ёринг.

Энди сен номусу ор,

Юрт учун фидо жонсан.

Ватан “болам” деганда,

“Лаббай”, деган ўғлонсан.

 

Белингни маҳкам боғлаб,

Кураш тушган ўзбексан.

Сен бургутдек шиддаткор,

Қоя мисоли тиксан.

Париж. Гувиллар дунё…

Енгилмас паҳлавонсан.

Туғини само ўпган,

Ғолиб Ўзбекистонсан…

…Бугун она заминга

Само нурларин элар.

Ватанни бўлмас сотиб,

Ватанни Худо берар.

 

 * * *

Муҳаббат гуллари кўксинг баҳорида мудом сўлмас,

Ватан ишқи умрбоқий – у мангуга завол кўрмас.

У бир сўзки, қуёш янглиғ бағишлар нур, ўлим билмас,

Усиз жонингда жон йўқдир, баҳорлар ҳам баҳор бўлмас,

Юрак айтур, юрак айтур: Ватандин яхши ёр бўлмас.

 

Шу туфроқда униб, ўсдинг, қуёш бошингга нур сочди,

Ватан  “болам”, дея  қувнаб, заминдек кўксини очди.

Адирлар лоласин берди, қувонч дарё бўлиб тошди,

Онажон Ўзбекистонинг қадди-бастинг суйиб тўймас,

Юрак айтур, юрак айтур: Ватандин яхши ёр бўлмас.

 

Гўзал  жаннат эрур боғлар, томирларда  жўшар қонлар,

Ўз  элида бахтиёрдир меҳнатсевар ҳур инсонлар.

Янги Ўзбекистон элга очиб берди зўр имконлар, 

Минг шукрким, қўл дуода, дуоли эл завол билмас,

Юрак айтур, юрак айтур: Ватандин яхши ёр бўлмас.

 

Ватан туфроғига бир туп ниҳол экмак эмас осон,

Бугун ўзбек шиддатидин кўҳна дунё лолу ҳайрон.

Ватан саодатин кўзлаб, ором билмас улуғ сарбон,

Дуолар кўкка ўрлайди: юрт қуёши мангу сўнмас,

Юрак айтур, юрак айтур: Ватандин яхши ёр бўлмас!

 

Шукр неда, шукр илм, меҳнату бахт, саодатда,

Гўдакларинг қувончида, Яратганга ибодатда.

Шукр қилдим бу кунларга, ижоду руҳи роҳатда,

Элим, бошинг баланд бўлсин, сен эккан ниҳоллар сўлмас,

Юрак айтур, юрак айтур: Ватандин яхши ёр бўлмас.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 14 =