Ижоднинг жуфт қаноти

Ижод аҳлининг муваффақияти кўпинча унинг истеъдоди, меҳнатсеварлиги ва ҳаётга теран назар ташлай олиши билан белгиланади. Аммо айрим инсонлар борки, уларнинг ижодий парвозига оилавий ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва маънавий таянч ҳам қанот бағишлайди. Қўлида қалам, қалбида эзгулик туйғуси мужассам бўлган Муҳаббат Тўрабоева ана шундай ижодкорлардан.

Яқинда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Хоразм вилояти бўлими томонидан ташкил этилган йиғиннинг кун тартибида журналист ва адиба Муҳаббат Тўрабоеванинг янги китоби тақдимоти бўлиши ҳақидаги хабарга кўзим тушди.

— Муҳаббат янги китоб ёзибдими? Бошқача оҳангда, ўзига хос гўзал тарзда ёзади. Ўқиган сайин ўқигинг келади. Воқеалар жонли, ясамалик йўқ, — дедим ҳамроҳим Марямжон Холмуродовага.

Менинг сўзларим шундоққина яқингинамизда ўтирган воҳанинг таниқли журналисти Бозорбой Уллибобоевнинг эътиборини тортмасдан қолмади.

— Шунинг учун ҳам Муҳаббатга уйланганман-да, — ҳазиломуз жавоб берди адибанинг турмуш ўртоғи.

Шундай қилиб, кун пешиндан оққанда зиёли ва адабиётга меҳри сингган, ашаддий китобсевар инсон — тадбиркор Қувондиқ Абдуллаевга қарашли китоблар мажмуаси — “Устоз” деб номланган китоб дўконига кириб бордик. Бинонинг иккинчи қаватида ўтказилаётган тадбирга анча кечикибмиз. “Ўзгариш эҳтиёжи” деб номланган бадиий публицистик китоб тақдимотига тўпланганлар жуда кўпчиликни ташкил қилар, Муҳаббат Тўрабоева шаънига айтилган фикрлар салмоқли эди, ҳақиқий ёзувчига берилган баҳо эди, назаримда…

Китобни варақлар эканман, ундаги ҳар бир фикр эътиборимни тортди. Китобда ватанпарварлик ғояси етакчи ўринни эгаллаган. Буни биргина “Ватан иси” деб номланган ҳаётий ҳикоя ҳам англатиб туради:

“Қишлоққа бордим. Ҳовлимизга яқинлашишим билан димоғимни нозбўйларнинг ҳиди қитиқлади…

— Ҳозир сенга иссиққина нон ёпиб бераман, — дея уйга боришимиз билан онам хамир қоришга киришади.

— Уринманг, — деганимга қарамайди. Келин “мен қиламан” деса, унамайди.

Онам ёпган ноннинг таъми бошқача. Иси ўзгача. Уни оғзимга соларканман, шукроналик қоплайди дилимни. Бу ноннинг уни ўзимизнинг томорқада етиштирилган буғдойдан…”

“— Ке, қовун кесиб бераман, ўзимизнинг отиздан, — дейди отам.

— Ў, гурвак экдингизми?

— Ҳа. Ўзиям фақат бизнинг отизда пишади бунақа мазали гурваклар.

— Оҳ, оҳ, оҳ, исини қара бунинг.

Етти иқлимга машҳур Хоразм қовунларини мақтаган сайин мақтагинг келади. Минг дардга дармон улар”.

Яна “Ўзгариш эҳтиёжи”дан иқтибослар…

“— Зайнаб опа эгизак фарзандларини уйлантиряпти!

— Мубораклар янги ҳовлига кўчиб ўтишди.

— Ражаббой аканинг ўғли олим бўлибди.

— Самандар фермер янги машина олибди.

— Анави Сарвар бор-ку, эски қўшнимиз, жаҳон чемпиони бўлибди!

— Карима момо чевара кўрибди!

Адоғи йўқ бу хушхабарларнинг ҳар биридан меҳрнинг ҳидини туяман!

Бундай ҳид оламда йўқ!

Буларнинг бари Ватан иси, Ватан тафти эмасми?”

“Ўзгариш эҳтиёжи” китобигача бўлган оралиқда Муҳаббатнинг ўндан зиёд китоблари чоп этилган. Мазкур китобдан таниқли шоирлар, олимлар, санъаткорлар, давлат ва жамоат фаоллари билан суҳбатлар ҳам ўрин олган.

Муҳаббатнинг ҳар куни хайрли ишлар билан бошланади ва хайрли ишлар билан якунига етади.

Илоҳим, хайрли ниятлар ҳамиша қўллаб турсин, Муҳаббатой!

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − fifteen =