Давлат тиббий суғуртаси
Сурхондарё вилоятида бу тизимнинг илк натижалари ва истиқболлари
Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳолининг тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бугунги кунда давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан биридир. Кейинги йилларда соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш ва унинг саломатлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсади мужассам.
Ана шундай муҳим ўзгаришлардан бири бўлган Давлат тиббий суғуртаси тизими мамлакатимизда босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ушбу тизим тиббий хизматларни молиялаштиришнинг замонавий механизмларини шакллантириш, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолини кафолатланган тиббий хизматлар билан таъминлашга қаратилган. Жорий йилдан бошлаб Сурхондарё вилоятида ҳам мазкур тизимнинг тўлиқ йўлга қўйилиши соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Термиз шаҳрида Республика Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг матбуот хизмати ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбир давомида Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг матбуот ва пиар (PR) хизмати раҳбари Сайёра Шоева мазкур тизимнинг мазмун-моҳияти, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг вилоят бўлинмаси бошлиғи Бобохон Шукуров воҳада мазкур тизимни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифаларга тўхталди. Сурхондарё тиббиёт кластери директори Ботир Мамасоатов эса тиббиёт муассасаларини давлат тиббий суғуртаси асосида молиялаштириш механизмлари ва бу борадаги амалиёт ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Президентимизнинг Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид қарори асосида шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб вилоятимизда ҳам мазкур тизим тўлиқ йўлга қўйилди, — деди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси вилоят бўлинмаси бошлиғи Бобохон Шукуров. — Бу нафақат вилоят аҳолиси учун, балки мамлакатимизда тиббий хизматларни молиялаштиришнинг янги моделини шакллантириш йўлидаги муҳим қадам.
Давлат тиббий суғуртаси тизимининг асосий мақсади ҳар бир фуқарога кафолатланган тиббий хизматларни тақдим этиш, тиббиёт муассасалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва соҳада шаффоф молиялаштириш механизмларини жорий этишдан иборат. Янги тартибга кўра, аҳоли бирламчи тиббиёт муассасаларига бириктирилади ҳамда оилавий шифокор орқали зарур тиббий хизматлардан фойдаланади. Бу эса беморларни даволаш жараёнини тизимли ташкил этиш ва тиббий хизматларни манзилли амалга оширишни таъминлаш имконини беради.
Воҳамизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда аҳолининг қарийб 92 фоизи “D-Med” электрон платформасига бириктирилган бўлиб, бу рақамлаштириш жараёнларининг изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Шу билан бирга, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан юзлаб тиббиёт муассасалари билан шартномалар тузилиб, уларни молиялаштиришнинг янги механизмлари татбиқ этилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аввалги тизимда тиббиёт муассасалари, асосан, давлат томонидан ажратилган бюджет маблағлари доирасида фаолият юритган бўлса, эндиликда молиялаштириш ҳажми аҳоли сони ва кўрсатилган тиббий хизматлар миқдори билан бевосита боғланмоқда. Бу эса муассасаларни аҳолига янада сифатли ва самарали хизмат кўрсатишга ундайди.
Янги тизимнинг аҳоли учун яна бир муҳим афзаллиги дори таъминоти соҳасида намоён бўлмоқда. Реимбурсация дастури орқали бир қатор касалликлар учун зарур бўлган дори воситаларининг бепул берилаётгани ижтимоий ҳимояни кучайтиришга хизмат қиляпти. Бу, айниқса, кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳоли қатламлари учун муҳим аҳамият касб этмоқда.
Журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида ташкил этилган медиатур давомида Термиз шаҳридаги қатор тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишилди. Замонавий жиҳозланган шифохоналар, рақамлаштирилган хизматлар ва беморларга яратилган шароитлар давлат тиббий суғуртаси тизимининг амалдаги ижобий натижалари намойиши бўлди.
Эътироф этиш жоизки, давлат тиббий суғуртаси тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Унинг тўлиқ ва самарали ишлаши аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириб, тиббиёт муассасалари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Зеро, инсон саломатлиги — жамият тараққиётининг энг муҳим омили ҳисобланади. Давлат тиббий суғуртаси тизими эса ана шу эзгу мақсадга хизмат қилувчи муҳим фаолият сифатида аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Сурхондарё вилояти бўлими.
