Бир китобга жо бўлган олам

Яқинда севимли ёзувчимиз Одил Ёқубовнинг машҳур “Улуғбек хазинаси” романини ўқиб чиқдим. У ерда жаҳонга машҳур олим, давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг бой кутубхонасидан жой олган, аллома ва унинг шогирдлари қаламига мансуб асарлар, шунингдек, хорижлик олимларнинг нодир китоблари асл хазинага тенглаштирилиб таърифу тавсиф қилинади: қаттиқ муқовали, қалин, салмоқли китоблар…

“Улуғбек хазинаси”ни ўқиб турган вақтимда драматург, халқаро шарҳловчи, сиёсатшунос олим, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси Лазиз Раҳматовнинг “Dunyo mamlakatlari” китобини муаллифнинг дастхати билан келтириб беришди.

Аввал бу китоб чиққанини ижтимоий тармоқларда, телевидение орқали эфирга узатилган кўрсатувларда кўрган, эшитган, муаллиф билан кўришганда уни бу салмоқли ютуғи билан табриклаган ҳам эдим. Лекин нашрни қўлимга олдим-у… менда “Улуғбек хазинаси”да таърифланган китобларни тутиб тургандек тасаввур пайдо бўлди. Бундай ўхшатиш қилганимизнинг боиси шуки, Лазиз Раҳматов бундан бир неча йиллар аввал “Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача” китобини (Тошкент, Ғафур Ғулом нашриёти, 2019. — 848 бет) ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган ва у анча шов-шувга сабаб бўлган эди.

Биринчи нашр ҳозирги иккинчи нашрга қараганда ҳажман ва шаклан анча кичик эди. Ўшанда ҳам муаллиф китобнинг бир нусхасини оиламизга туҳфа этган, ўзим ва турмуш ўртоғим журналистлар, ижодкорлар эканимиз сабаб иш фаолиятимизда аксарият ҳолларда шу китобга мурожаат қилиб турардик.

Ушбу нашр биз учун беминнат дастёр вазифасини ўтайди. Чунки иш, ижод, таржима жараёнида хилма-хил мавзудаги матнлар учраши табиий. Айрим фактларни аниқлаштириш, солиштириш-таққослаш, факт-чекинг текширувидан ўтказиб, маълумотлар аниқ, ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилиш талаб этилади. Акс ҳолда, закий, билимдон ўқувчи бир қарашдаёқ нотўғри маълумот келтирилганини билиб олади, ҳақиқатни ноаниқ, текширилмаган далиллардан ажрата билади. Мана шундай ҳолларда “Dunyo mamlakatlari” китоби сизга беминнат ёрдамчи, беғараз дастёр бўла олади.

Чунки ўзига ўта талабчан муаллиф унда келтирилган ҳар бир санани, рақамни, номни ва бошқа кўплаб маълумотларни минг чиғириқдан ўтказган, текширган, тўғрилигига ишонч ҳосил қилгачгина сизу бизнинг эътиборимизга ҳавола этган.

Айрим ота-оналар болаларининг дунёқарашини ошириш учун оила даврасида қуйидаги ўйинни ўйнашади: катталар давлатларнинг номларини айтишади, болалар эса уларнинг пойтахтларини топишлари лозим бўлади.

Дунёда давлатлар кўплигидан бу ўйиннинг нечоғлиқ мураккаблигини тахмин қилиш қийин эмас. Лекин сўнгги вақтларда болаларнинг бу ўйинида пойтахтларнинг номларига бошқа визуал жиҳатлар, масалан, давлатларнинг байроғи кабилар ҳам қўшилдики, буларнинг ҳаммасини “Dunyo mamlakatlari” китобида учратиш мумкин. Бу нафақат келажагимиз пойдевори бўлмиш болажонларнинг, балки катталарнинг ҳам билим доираси ошишига олиб келиши шубҳасиз.

Эндиликда Ўзбекистон дунёнинг барча қитъасида жойлашган кўплаб давлатлар билан яқин ҳамкорлик қилади, 170 га яқин мамлакатлар билан дипломатик алоқалар ўрнатди.

Ҳар бир давлат ҳақидаги барча маълумотларни, ўзингизни ўйлантирган саволлар жавобини “Dunyo mamlakatlari” китобидан топасиз. Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, қайси мамлакатлар иқтисодиётнинг қайси соҳаларига ихтисослашган, қандай маҳсулотлар ишлаб чиқаради, қандай хизмат турларини кўрсатади, нимаси билан машҳур каби саволларга асосий жавобларни ҳам шу китобдан топасиз.

Ёки, дейлик, саёҳатга отланиб турибсиз, лекин қайси йўналишни танлашда иккиланяпсиз. Марҳамат, “Dunyo mamlakatlari”да сиз излаган маълумотларнинг ҳаммаси мужассам. Хуллас, бу китоб сизга ҳаётингиз давомида асқатиши аниқ.

Нашрнинг лотин ёзувида, энциклопедик тартиб асосида тайёрланган илмий-оммабоп китоб эканлиги, китобнинг барча саҳифалари рангли бўлиб, унда давлат байроқларидан ташқари, ҳар бир мамлакатнинг рельеф харитаси берилгани, ўлкаларга доир табиат манзаралари, шаҳарлари фотосуратлари рангли кўринишда чиройли жойлаштирилгани, китобнинг информативлиги эътиборингизни тортади.

Яна бир жиҳат. 2019 йилги нашрда таҳрир ҳайъатида 24 нафар аъзо бўлган бўлса, унинг кенгайиб бориши билан улар сони 49 нафарга етказилгани ҳам ниҳоятда тўғри иш бўлган.

Китобда футбол бўйича 2026 йилги жаҳон чемпионатида қатнашадиган айрим, номлари жуда кўпчиликка нотаниш бўлган мамлакатлар ҳақида атрофлича маълумот берилган. Масалан, Кюрасао.

Китобнинг биргина “А” ҳарфи билан бошланадиган мамлакатлари ҳақидаги мақолаларни ўқиш асносида қуйидаги қимматли маълумотлар эътиборимизни тортди:

— Андорра давлати пойтахти Андорра-ла-Веля Европада энг баланд жойлашган пойтахтдир;

— дунёда аҳолиси бор-йўғи 16 минг кишини ташкил этадиган Ангилья (ҳа, хато ўқимадингиз, Англия эмас, айнан Ангилья) давлати (Британиянинг океан ортидаги ўзини ўзи бошқарувчи ҳудуди) ҳам бор экан;

— Ангола давлатида, минг афсуски, 2015 йил 3 сентябрда ислом динини тақиқлаш ҳақида Президент фармони қабул қилинди, бу давлат пойтахти Луанда яшаш учун дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бири ҳисобланади, мамлакат иккинчи президенти Жозе Эдуарду душ Сантушнинг қизи Изабель Африкадаги энг бой аёлдир;

— Антигуа ва Барбуда Ҳамдўстлиги ҳудудидаги энг баланд нуқта — денгиз сатҳидан 402 метр баландда жойлашган Богги тепалиги АҚШ президенти Барак Обама шарафига Обама тепалиги деб аталади;

— жаҳоннинг энг жанубий шаҳри Ушуайя Аргентинада жойлашган, 1920 йилда Аргентинада дунёда биринчи бўлиб радиостанция тўлқин узатиши амалга оширила бошлади;

— Арманистон аҳолиси 3,1 миллион кишини ташкил этгани ҳолда арман миллатига мансуб 5,6 миллион киши бошқа мамлакатларда истиқомат қилади, Арманистон насронийликни давлат динига айлантирган жаҳондаги биринчи мамлакатдир, бу ердаги мактабларда шахмат факультатив эмас, мажбурий предмет сифатида киритилган;

— Австралия уран захиралари бўйича дунёда 1-ўринда туради (33%), уни қазиб олиш бўйича эса Қозоғистон ва Канададан кейин 3-ўринни эгаллайди.

Хуллас, китобни ўқиган киши кўплаб қизиқарли маълумотларга дуч келиши ва дунёқараши анча кенгайиши аниқ.

Ҳозир муштарийлар икки тоифага бўлинади: бирлари босма китобни мутолаа қилишни афзал кўрса, бошқалари электрон тарздаги нашрларни ўқишни ёқтиради. Китобнинг электрон нусхаси ҳам алоҳида бот орқали  тарқатила бошлагани ўқувчилар аудиториясининг янада кенгроқ бўлишини таъминлайди ва хориж сафарига отланганларга  қўл келади.

Муаллифнинг маънавиятни юксалтириш, бунинг учун китоб ўқиш маданиятини тарғиб этиш, ёш, истеъдодли муаллифларни топиш, китобларини чиқаришга ёрдам бериш, уларнинг эркин ижод қилишига кўмаклашиш, нашрдан чиққан китобларни матбуот анжуманлари орқали тарғиб этиш каби фазилатлари, албатта, бугунги кунимиз учун жуда манфаатлидир.

Ўтмишда Мирзо Улуғбекнинг асл хазинаси бўлмиш илмий китобларни сақлаб қолиб, уни келгуси авлодларга бешикаст, безиён етказиш учун унинг содиқ шогирдлари Али Қушчи, Мирам Чалабий, Қаландар Қарноқий ва бошқалар қанчалик заҳмат чеккани, жонини гаровга қўйгани маълум. Чунки Мирзо Улуғбек ўлимидан сўнг ҳокимиятга келган Мирзо Абдуллатиф ва унинг тарафдорлари дунёвий китобларнинг тарқалишига тиш-тирноғи билан қарши чиққан.

Ҳозир эса бизда бунинг мутлақо акси — давлат раҳбари китобхонликни тарғиб қилиш, ижод аҳлига турфа хил имтиёзлар яратиш, китобхон ёшларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ташаббускори бўлиб турибди. 22 май куни эса муҳтарам Президентимиз “Миллий китобхонлик ҳаракати”ни бошлаб бергани, ушбу дастур учун умумий йиллик 240 минг АҚШ доллари миқдоридаги мукофот фонди ажратилгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Шу жиҳатдан, Лазиз Раҳматовнинг мутолаа маданиятини оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлари, ўзи асос солган “Қанот” лойиҳасини фаол қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳам шак-шубҳасиз эътиборга моликдир.

Абдувоҳид УМИРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар

уюшмалари аъзоси,

таржимон.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =