Журналистика: касбми, масъулиятми ёки миссия?

Бугун дунё ахборотнинг мисли кўрилмаган тезлик билан ҳаракатланаётган даврини бошдан кечирмоқда. Авваллари одамлар эрталаб газета мутолаа қилиб, радио тинглаган ёки кечқурун телевизор орқали кун янгиликларидан воқиф бўлган бўлса, бугун бир неча сония ичида минглаб хабарлар кишилар қўлидаги телефон экранида пайдо бўлмоқда. Дунё гўё кафтимизга сиғди. Аммо шу билан бирга, яна бир савол тобора долзарб тус олмоқда: ахборот кўпайган сари ҳақиқат ҳам кўпайдими?

Аслида муаммо ахборот танқислигида эмас, балки унинг ишончлилигидадир. Ҳар куни минг-минглаб хабарлар тарқалади: уларнинг орасида текширилган факт ҳам, миш-миш ҳам, таҳлил ҳам, манипуляция ҳам ёнма-ён юради. Одамлар эса тобора кўпроқ битта нарсани — ишониш мумкин бўлган манбани изламоқда.

Шундай бир шароитда журналистика ҳақида эски тасаввурлар билан яшаб бўлмайди. Уни фақат касб деб баҳолаш ҳам камлик қилади. Чунки бугун журналист шунчаки ахборот етказувчи эмас, у жамият фикрига, кайфиятига, ҳатто эртанги қарорларига таъсир кўрсатадиган шахсдир. Бир қарашда оддий кўринган сарлавҳа минглаб одамларнинг муносабатини ўзгартириши, битта текширилмаган хабар эса бутун жамиятда нотўғри фикр, ҳатто ваҳима уйғотиши мумкин.

Демак, журналистика — оддий иш эмас, катта масъулиятдир. Айрим ҳолларда эса ундан ҳам юксакроқ тушунча — миссиядир.

Ўтмишга, кечаги кунга назар ташласак, жамият тараққиётининг ҳар бир бурилиш нуқтасида журналистика ҳал қилувчи роль ўйнаганини кўрамиз. Матбуот фақат воқеаларни қайд этмаган, балки ижтимоий тафаккурни шакллантирган, адолат учун курашган, жамиятдаги оғриқли масалаларни кўтариб чиққан. Шунинг учун ҳам журналистикани кўпинча “тўртинчи ҳокимият” деб аташади. Бироқ бу мақом имтиёз эмас, аввало, улкан жавобгарлик десак хато бўлмас.

Бугунги рақамли маконда бу жавобгарлик бир неча баробар ортди. Энди журналист нафақат бошқа таҳририятлар билан, балки неча юзлаб блогерлар, аноним каналлар ва сунъий интеллект яратган контент билан ҳам бир ахборот майдонида рақобатлашмоқда. Тезкорлик асосий мезонга айланди. Афсуски, айрим ҳолларда “биринчи бўлиш” истаги “тўғри бўлиш” мажбуриятидан устун келмоқда.

Натижада биз ғалати парадоксга гувоҳ бўляпмиз: ахборот оқими ортмоқда, аммо унга бўлган ишонч камаймоқда.

Шу ўринда бир ҳақиқатни тан олиш керак. Ўқувчини бир марта шов-шув билан жалб қилиш мумкин, иккинчи марта ҳам, эҳтимол. Аммо алданган аудитория учинчи сафар қайтмайди. Чунки журналистиканинг энг катта капитали аудитория сони эмас, балки унинг ишончидир.

Журналистнинг қўлида моддий қурол йўқ, унинг кучи мансабида ҳам эмас. Унинг энг катта қуроли — сўз. Аммо сўзнинг ҳам вазни бор, ўрни бор. Ўйламай айтилган ёки текширилмай ёзилган бир жумла кимнингдир тақдирига, обрўсига, оиласига, ҳатто давлат манфаатларига таъсир қилиши мумкин. Шу боис журналист ҳар бир сўзни ёзишдан олдин нафақат “Бу қизиқми?” деган, балки “Бу ҳаққонийми?” деган саволни ҳам ўзига бериши шарт.

Касбнинг мураккаблиги ҳам ана шунда.

Бир қарашда журналистнинг иши воқеани ёзишдек, ёритишдек туюлади. Аслида эса воқеани кўриш билан уни англаш ўртасида улкан масофа бор. Ҳақиқий журналист факт ортидаги сабабларни излайди, ҳодисанинг илдизига етиб боради. Рақам ортидаги инсонни, статистик маълумот ортидаги тақдирни кўра олади. Чунки публицистика қуруқ фактлар йиғиндиси эмас, тафаккур маҳсулидир.

Бугун рақамли платформалар журналистикага мислсиз имкониятлар яратди. Ахборот тарқатиш осонлашди, аудитория кенгайди, журналист ва ўқувчи ўртасидаги масофа қисқарди. Лекин бу имкониятлар билан бирга янги хавфлар ҳам кириб келди. Бугун ижтимоий тармоқларда тасдиқланмаган хабар сониялар ичида миллионлаб одамлар орасида тарқалиши мумкин. Уни кейинчалик рад этиш эса деярли имконсиз. Чунки одамлар кўпинча раддияни эмас, дастлаб кўрган хабарини эслаб қолади.

Шу боис бугун журналистнинг зиммасидаги масъулият кечагидан анча оғир. Энди у фақат хабар ёзмайди, балки ахборот оқимидан ҳақиқатни саралайди ва одамларнинг ишончини ҳимоя қилади.

Сўнгги йилларда сунъий интеллектнинг ривожланиши бу масалага янги қирра қўшди. Энди бир неча сонияда мақола ёзиш, сурат яратиш, видео тайёрлаш, ҳатто машҳур инсонларнинг овозини сунъий равишда тиклаш мумкин. Технология ҳайратланарли даражада ривожланди. Аммо бир савол очиқлигича қолмоқда: сунъий интеллект виждонни ҳам ярата оладими?

Йўқ.

У матн ёзади, аммо масъулиятни ҳис қилмайди.

У фактларни жамлайди, аммо адолат туйғусини англамайди.

У таҳлил қилади, аммо инсон дардини ҳис эта олмайди.

Ана шу жиҳат журналистикани оддий контент ишлаб чиқаришдан тубдан ажратиб туради. Ҳақиқий журналист воқеа жойига борганда фақат кўзи билан эмас, қалби билан ҳам кузатади. У рақамлар ортида одамларни кўради, баёнот ортидан манфаатларни излайди. Сукут ортида эса баъзан энг катта муаммолар яширинганини англайди. Шунинг учун журналистика ҳеч қачон шунчаки ахборот алмашинуви бўлиб қолмайди, у жамиятнинг виждони бўлиб қолаверади.

Бугунги Ўзбекистон журналистикаси ҳам мутлақо янги босқичга кириб бормоқда. Очиқлик сиёсати, давлат органларининг жамоатчилик билан ишлаш усулларидаги ўзгаришлар, матбуот хизматлари фаолиятининг такомиллашуви журналист олдига янги талабларни қўймоқда. Энди оддий хабар билан аудиторияни қониқтириш қийин. Одамлар таҳлил кутмоқда, сабаб ва оқибатни билишни истамоқда. Уларни воқеанинг ўзи эмас, унинг моҳияти қизиқтирмоқда.

Бу эса журналистдан кенг дунёқарашни, мустақил фикрни ва юқори касбий савияни талаб қилади. Жамият журналистни фақат танқид қилувчи эмас, балки ечим таклиф қила оладиган зиёли сифатида ҳам кўришни истайди. Чунки танқид қилиш осон, таҳлил қилиш қийин, ечим кўрсатиш эса ундан ҳам мураккабдир.

Шу маънода журналистика фақат касбий маҳорат эмас, балки тафаккур маданиятидир.

Энг муҳими, журналист ўз касбининг ахлоқий мезонларини ҳеч қачон унутмаслиги керак. Ҳақиқатни яшириш ҳам, уни бўрттириш ҳам бирдек хавфлидир. Фактни манипуляция қилиш эса журналистикага эмас, ишончга зарба беради. Ишонч йўқолган жойда эса энг мукаммал технологиялар ҳам, энг замонавий платформалар ҳам оммавий ахборот воситаларининг обрўсини тиклай олмайди.

Шунинг учун журналистнинг энг катта мукофоти — миллионлаб кузатувчилар эмас, балки халқнинг юксак ишончидир.

Навбаҳор ДАРХОНОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати раҳбари.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + fourteen =