2026 йилги жаҳон чемпионати: Тарихий рекордлар ва сиёсий курашлар
Тўрт йилликнинг энг улуғвор футбол байрами — жаҳон чемпионати эртага — 11 июнь куни старт олади. Бир ойдан зиёд давом этадиган яшил майдондаги курашлар 19 июль куни Ист-Ратерфорддаги муҳташам стадионда финал учрашуви билан якунига етади.
1930 йилда ўтказилган илк жаҳон чемпионатида атиги 13 та жамоа иштирок этган бўлса, бу йил улар сони 48 тага етди — футбол тарихидаги мутлақ рекорд. Илк марта уч мамлакат — Мексика, АҚШ ва Канада мезбонлигида умумий ҳисобда 104 та учрашув ўтказилади.
ФИФА иштирокчилар сафини мунтазам кенгайтириб келмоқда ва у ўзини оқлагандек. 1998 йилдан то 2022 йилгача чемпионатда 32 та терма қатнашган ва бу формат энг мақбул мезон бўлган. Бугун ФИФА турнир кўламини яна ярим баробарга ошириб, мақсад — илгари жаҳон чемпионати саҳнасига камдан-кам чиққан ёки умуман қадами тегмаган мамлакатларда футболга бўлган қизиқишни уйғотиш ва уни юксалтиришга қаратилган.
Мухлисларнинг ғазабини қўзғатаётган яна бир рекорд борки, у ҳам бўлса — чипталар нархларининг ниҳоятда қимматлиги. Бундан ташқари, АҚШдаги ташкилотчилар чипталарни асоссиз равишда қиммат нархларда қайта сотиш, яъни чайқов бозорига одатий чекловларни жорий этмаган.
ФИФА 2017 йилда бу уч давлатга чипталар нархини 21 доллардан оширмасликни қатъий белгилаб берган эди. ФИФА АҚШ терма жамоасининг очилиш ўйини чипталарини энг арзон — 3-тоифа жойлар учун 1120 доллардан сотувга чиқарди. Кескин танқидларга қарамасдан, халқаро федерация нархларни туширмоқчи эмас.
Одатда, энг қиммат финал ўйини чиптаси бўлади. Шу кунги матч учун энг арзон чипта ишқибозларга 9200 долларга тушади, энг баланд чипта нархи 11,5 миллион доллар қилиб белгиланган, улар ВИП — юқори мартабали “фанат”ларга мўлжалланган.
Таққослаш учун 2022 йилда Қатарда ўтган Аргентина-Франция финал матчи чипта нархи ўртача 1600 доллар, энг арзони 600 долларга сотилган.
ФИФА бу чемпионатдан ҳаммаси бўлиб 11 миллиард доллар ишлаб олмоқчи эканлигини яширмаяпти. Матч чипталаридан эса 3,1 миллиард даромад олишини инкор этмайди.
Футболга сиёсат аралашганда…
Жорий йилда ўтадиган турнир мезбони АҚШ президенти Дональд Трамп ва ФИФА раҳбари Жонни Инфантино ўртасидаги алоҳида муносабатлар тўғрисида икки оғиз. Ўтган йилнинг декабрь ойида Трампнинг қатор зиддиятларни ҳал этишдаги дипломатик муваффақияти учун махсус таъсис этилган “ФИФА Тинчлик мукофоти”ни унга тантанали равишда топширди. Мунтазам равишда Оқ уйда учрашиб, бўлажак чемпионатнинг хавфсизлиги тўғрисида “қайғурдилар”.
Инфантино ҳали 2018 йилда “сиёсат футболдан йироқ бўлиши, футбол эса сиёсатга аралашмаслиги лозим — бу жуда оддий ва аниқ ҳақиқат”, деган эди. Бугун эса ФИФА Нью-Йоркдаги машҳур “Трамп тауэр” осмонўпар биносида янги офисига эга бўлди.
Футбол “шеф”и мутлақо дахли бўлмаган сиёсий тадбирларда, жумладан, 2025 йилнинг октябрь ойида Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш бўйича битим имзоланган Мисрдаги олий даражадаги саммитда ҳам меҳмон бўлиб қатнашганди.
Экспертларнинг эслатишларича, 1994 йилда АҚШ илк бор жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган, президент Билл Клинтон ўшанда ишқибозларнинг диққат-эътиборини ўзига тортмаслик учун мусобақадан имкон қадар узоқроқ масофада туришни маъқул кўрган.
Бу сафар Трамп финал босқичига қуръа ташлаш маросимининг бош қаҳрамонига айланди. У финал ўйинидан кейин жаҳон кубоги билан суратга тушиш имкониятини қўлдан бой бермаслиги кутилмоқда…
Виза муаммоси…
Жаҳон чемпионати старти арафасида Эрон терма жамоасининг АҚШга кириш визаси билан боғлиқ масала жорий йилнинг энг йирик геосиёсий ва спорт можароларидан бирига айланди.
Икки давлат ўртасидаги анъанавий совуқ муносабатлар ва сўнгги пайтлардаги ҳарбий-сиёсий кескинлик виза жараёнига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатди. Баҳор ойларида Трамп Эроннинг турнирдаги иштироки қай даражада тўғри эканлигини очиқчасига шубҳа остига қўйган эди.
Жараён жуда чўзилиб кетгач, Эрон футбол федерацияси ФИФАга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Натижада терма жамоа дастлаб Аризона штатида ажратилган ўқув-машғулот йиғини ва асосий базасидан воз кечишга мажбур бўлади ва Мексиканинг Тихуана шаҳрига кўчиб ўтади.
Виза бериш ишида АҚШ расмийлари танлов асосида ёндашадилар. Оқ уй ва АҚШнинг Туркиядаги элчихонаси чемпионат бошланишига бир ҳафта қолганда Эрон терма жамоаси асосий футболчиларига виза расмийлаштириб берилганини маълум қилади.
Эрон ОАВлари ва расмий манбаларнинг хабарига кўра, делегациянинг 15 аъзоси, хусусан, мураббийлар штаби ва техник ходимларнинг бир қисми АҚШ визасини ололмаган. Қўшма Штатлар буни хавфсизлик текширувлари ва айрим шахсларнинг “нотўғри маълумот тақдим этгани” билан изоҳлаган.
Шунингдек, визалар махсус чеклов билан берилган. Яъни, эронлик футболчиларга АҚШ ҳудудида узоқ муддат қолишга рухсат берилмайди ва у вақтинчалик ҳисобланади. Шу сабабли Эрон терма жамоаси Мексикадаги спорт базасидан туриб, АҚШдаги ўйинларга қатнаб ўйнайди.
Мураккаб дипломатик курашлар ва ФИФАнинг босими остида, Эрон терма жамоаси турнирда иштирок этиш ҳуқуқини сақлаб қолди. Аммо виза можароси туфайли жамоанинг турнирга тайёргарлик режаси жиддий зарар кўрди.
Яна бир муаммо борки, жорий йил бошида Оқ уй маъмурияти 39 та давлат фуқаролари учун мамлакатга киришни тақиқлади, яна 75 та давлат учун миграция визаларини расмийлаштиришни тўхтатиб қўйди. Тўртта иштирокчи футбол жамоаси қўлловчилари тўғридан-тўғри тақиққа тушди: Гаити ва Эрон — тўлиқ, Кот-д’Ивуар ва Сенегал — қисман. Уларнинг мухлислари АҚШдаги ўйинларга бора олмайдилар.
Юлдузлар ва юлдузликка номзодлар…
Бу йилги чемпионатда жаҳон футболининг энг ёрқин юлдузлари, жумладан, тарихий рекордларни янгилаётган тирик афсоналар иштирок этади. Шубҳасиз, севимли спорт ўйинининг янги юлдузлари кашф этилади.
Бўлажак турнирнинг бош қаҳрамонлари ва умид юлдузлари кимлар?
Афсонавий ҳужумчи Лионель Месси Аргентина терма жамоаси сафида ўзининг тарихий — ҳисоб бўйича олтинчи жаҳон чемпионатида қатнашади.
Португалия терма жамоаси сардори Криштиану Роналду 41 ёшида ўзининг рекорд даражадаги олтинчи дунё биринчилигида майдонга тушмоқда.
Килиан Мбаппе (Франция): Сайёрамизнинг энг яхши футболчиси номига асосий даъвогарлардан бири ва Мадриднинг “Реал” клуби тўпурари ўз терма жамоасини бош соврин сари бошлаб боради.
Норвегиялик юлдуз ҳужумчи Эрлинг Холанд ҳам ушбу мундиалда тўп суриб, терма жамоасини ғолиблик сари етакламоқчи.
Ламин Ямаль “Барселона”нинг ёш ноёб истеъдодли тўпсурари, у аллақачон ўз миллий терма жамоасининг энг асосий ва етакчи ўйинчиларидан бирига айланиб улгурган.
Европада энг сермаҳсул ҳужумчилардан бири Гарри Кейн Англия терма жамоасининг ҳужум чизиғини бошқаради.
Флориан Вирц ва Жамол Мусиала Германия терма жамоасининг ёш ва шижоаткор ярим ҳимоячилари…
2026 йилги жаҳон чемпионати спорт тарихидаги энг даромадли ва йирик мусобақа бўлиш билан бирга, футбол оламидаги геосиёсий ва тижорат ўйинлари энг авж олган турнир бўлиб тарихда қоладиганга ўхшайди…
Аммо нима бўлганда ҳам бу галги мундиалда жонажон Ўзбекистонимизнинг футбол жамоаси ҳам жаҳон чемпионатида қатнашмоқда.
Ўзбек футболи ҳақли равишда дунёга чиқди. Бу йил илк бор ана шундай улкан муваффақиятга эришган Янги Ўзбекистон футболчиларига омад ва зафарли ўйинлар насиб этсин!
Аброр ХОН
