Фидойилик
ёхуд “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси,
сенатор Абдулла ХУРСАНОВ фаолияти ҳақида сўз
Бу воқеага ҳам икки йил бўлибди. Ўшанда ижодкор дўстимиз билан тасодифан Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташкил топганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тантана кунига бориб қолгандик. Иш режаси нақадар тиғиз бўлишига қарамай, комбинат раҳбари бизни қабул қилишга вақт ажратган эди. Тантана муносабати билан бир гуруҳ ишчи-хизматчиларни тақдирлаш маросими ҳечам ёдимдан чиқмайди. Унда комбинатнинг асосан энг оддий касб эгалари: фаррошлар, қоровуллар, боғбонлар, сартарошлар ва бошқа ишчилар тақдирланган эди. Номлари эълон қилинганда даврага чиққанларнинг ҳар бирига Абдулла Хурсанов алоҳида илиқ сўзлар билан қимматбаҳо совғалар топширганди. Мукофот олганларнинг қувончдан порлаган юзлари ҳалиям ёдимда. Ўшанда Абдулла Хурсановнинг оддий одамларга жудаям меҳрибон эканига гувоҳ бўлгандик.
Ўтган ҳафта яна Олмалиққа йўлимиз тушди. Қулоғимизга чалинган яхши хабарлардан бири шу бўлдики, нафақат ушбу шаҳардаги, балки мамлакатимиздаги энг обрўли, салоҳиятли корхоналардан бири ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг раҳбари Абдулла ака шу кунларда қутлуғ ёшни қарши олаётган экан. Шу боис тиниб-тинчимас ва изланувчан раҳбарни яқиндан билган инсонлар билан суҳбатлашишни жоиз деб билдик. Негаки, Абдулла Хурсанов раҳбарлик қилаётган кейинги саккиз йил Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг янги тарихи яратилган давр бўлди десак хато бўлмаса керак. Албатта, бу юксалиш пиллапоялари муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси, кўмаги ҳамда ғоялари асосида рўёбга чиқарилмоқда. Ана шундай улкан ишларни амалга оширишда корхона етакчисининг заҳмати, меҳнати ва фидойилигини ҳам эътироф этмак жоиз. Зеро, комбинатда амалга оширилаётган йирик инвестиция лойиҳалари, янги фабрика ва ишлаб чиқариш қувватларининг қурилиши мамлакат саноати тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Яна бир қувончли томони шуки, комбинат билан Олмалиқ шаҳрининг ривожи бир-бирига ҳамоҳанг тус олган.
…Олмалиқ шаҳри кўзимга жуда файзли кўринади. Янги боғлар, хиёбонлар, яшил ҳудудлар ва гулзорлар шаҳар кўркига кўрк қўшган. Йирик саноат объектлари атрофида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, металл конструкциялар тайёрлаш, хизмат кўрсатиш ва логистика соҳаларида ўнлаб янги корхоналар ташкил этилибди. Кейинги йилларда шаҳарда янги таълим муассасалари, болалар боғчалари, тиббиёт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилибди. Бу хайрли ишлар натижасида минглаб янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги янада ошди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривож топиб, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари кенгаймоқда. Биз гувоҳ бўлиб турган улкан ўзгаришлар шиддати, албатта, комбинат раҳбари Абдулла Хурсановнинг ҳам фидойи ва ватанпарвар мутахассис сифатида Янги Ўзбекистонимиз иқтисодий тараққиёти йўлидаги жонкуярлигига боғлиқ эканига амин бўласиз.
“Инсон қадри устувор” дея баландпарвоз шиорларни айтиб юрганлар қанча, аммо амалда бу тамойилни сидқидилдан улуғлаб, шу мақсадда шижоат кўрсатиш осон эмас. Қаҳрамонимиз ана шундай улуғ эътиқод билан яшаётган, салкам қирқ минг кишилик жамоа аҳлини ҳаётдан рози қилишни, уларнинг қалбидаги эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришни ўзи учун улкан шараф ва масъулият деб биладиган раҳбарлар сирасига киради.
Замон зайли шиддат билан ўзгариб бораётир. Одамларнинг тинмай ортиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини мунтазам қондириб бориш ҳамда корхонани замон талабларига мос равишда ривожлантириш раҳбар зиммасидаги масъулиятли вазифадир.
Маълумки, Олмалиқ кон-металлургия комбинати мамлакатимиз иқтисодий қудратининг муҳим таянчларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда комбинат нафақат қимматбаҳо металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида, балки замонавий технологияларни жорий этиш ва йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасида ҳам етакчи корхоналардан биридир. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистоннинг бой табиий ресурсларини ўзлаштириш иқтисодиётимизни ривожлантиришда катта имкониятлар яратади.
— Биз табиий бойликларни ўзлаштириш учун йирик инвестицияларни жалб этиш масаласига устувор аҳамият бермоқдамиз, — дейди Абдулла Хурсанов.
Ҳикматли каломларда айтилганидек: “Ер қўйнидаги барча хазиналар юзага чиқади. Умматларимни дунё бойлиги босгай”.
Ҳа, бугун шундай неъматларга бой замон келди!
Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолияти кун сайин ривожланиб бораётгани боис дунё ҳамжамияти эътиборига тушмоқда. Қаранг, 2026 йилнинг биринчи ярмида комбинатда шундай қувончли воқеалар содир бўлди:
– Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 3-мис бойитиш фабрикаси ишга туширилди.
– Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмида, ОКМК ҳомийлигида замонавий инфратузилмага эга янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
– Афғонистон Тоғ-кон саноати ва нефть вазирлигининг техник делегацияси ҳамда “Elsewedy Electric Group” компанияси вакиллари ОКМКда бўлишди.
– ОКМКга Бирлашган Араб Амирликларининг “2PointZero” компанияси вакиллари ташриф буюрди.
– Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Алексей Ерхов ҳамда Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги Савдо ваколатхонаси вакилларидан иборат делегация ОКМКга ташриф буюрди.
– “Қалмоққир” кон бошқармасида рақамлаштиришнинг иккинчи босқичи старт олди.
– Чехиянинг нуфузли компаниялари вакиллари ОКМКга ташриф буюрди.
– ОКМКга Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси масъул ходимлари ва “World Learning” ташкилоти мутахассислари ташриф буюрди.
– Халқаро “Sustainable Fitch” агентлиги Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг барқарор ривожланиш рейтингини (Entity Rating) “3” даражасида тасдиқлади ва компаниянинг умумий баҳоланиш мезонини (entity score) 56 баллдан 59 баллга оширди.
– Ангрен шаҳридаги Мирзо Улуғбек маҳалласида жойлашган, ОКМК ҳомийлигида замонавий қиёфага келтирилган “Янги Ангрен” маданият ва спорт мажмуаси очилди.
– Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Александр Огородников бошчилигидаги делегация комбинат фаолияти билан яқиндан танишди.
– “Очиқлик индекси – 2025”да ОКМК фаолияти юқори баҳоланди.
– ОКМКга Венгриянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Йожеф Рожа бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюрди.
– Жорий йилнинг 10 май ҳолатига кўра, 3-мис бойитиш фабрикасида 2 миллион тонна маъдан қайта ишланиб, 30 минг тоннадан ортиқ мис концентрати олинди.
– Хитойнинг “Nerin Engineering” компанияси ва Экспорт-импорт банки вакиллари ОКМКда бўлишди.
– “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг кредит рейтинги бўйича ҳисоботига кўра, комбинатнинг кредит рейтинги “Барқарор” прогнози билан “ВВ” даражасида тасдиқланди.
– Хитой Халқ Республикаси ва Италиянинг нуфузли университетлари вакиллари, хусусан, дунёга машҳур Пиза университети ҳамда Ченду технология университети, Геология фанлари университети экспертларидан иборат нуфузли делегация ташриф буюрди.
– Хитой тоғ-кон саноатининг энг йирик ва нуфузли компанияларидан ҳисобланган “China Nonferrous Metal Industry’s Foreign Engineering and Construction Co., Ltd.” (NFC) вакиллари ташриф буюришди.
– Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “China Nonferrous Metal Industry’s Foreign Engineering and Construction Co., Ltd.” (NFC) компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.
– Тошкент халқаро инвестиция форумида эришилган келишувларга мувофиқ, Польшанинг нуфузли “APS Energia” компанияси билан ҳамкорликда “APS Energia-AMMC” қўшма корхонасини ташкил этиш бўйича таъсис ҳужжатлари расман имзоланди.
– Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Миср Араб Республикасининг энергетика ва инфратузилма соҳасидаги йирик корхонаси — “Elsewedy Electric” компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
– V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида “Олмалиқ КМК” АЖ ҳамда Дания Экспорт-инвестиция фонди (ЕИФО) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
– Олмалиқ кон-металлургия комбинатига Нидерландия Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нико Схермерс бошчилигидаги йирик ишбилармон доиралари вакиллари ташриф буюрди.
– Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида пойтахтимизда Америка Қўшма Штатларининг етакчи илмий-тадқиқот олийгоҳларидан бири — Юта университети (“University of Utah”) билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама англашув меморандуми имзоланди.
…Журналист сифатида кузатганларимга асосланиб, ҳавас билан шуни айта оламанки, Абдулла Хурсановнинг оддий инсонлар билан мулоқотга очиқлиги, кекса нуронийларга ҳурмати, хотин-қизлар ва ёшларга ғамхўрлиги, зориққан оилалар ҳолидан хабар олиши, ижтимоий лойиҳаларга хайрихоҳлиги ва хайрия тадбирларидаги фаол иштироки, сахий қалблиги эҳтиромга арзигулик фазилатлардир.
Ўтган йиллар давомида Олмалиқ кон-металлургия комбинати жонкуярлари ҳақида кўплаб очерк ва мақолалар ёзганман. Яхшилик ва инсонпарварлик руҳи билан фаолият олиб боришга одатланган бошқарув раисининг эзгу ишлари, хайрли ташаббуслари, турмуш шароити ночор оилаларга, оғир касаллик билан курашаётган дардмандларга моддий ёрдамлари ва бошқа инсонийлик фазилатлари хусусида ёзмоқчи бўлсам, ҳар гал у киши камтаринлик қилиб, изн бермайди. Ҳақиқий раҳбарлик фақат ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ёки иқтисодий натижалар билан эмас, балки инсонларга бўлган муносабат, уларнинг дардига малҳам бўлиш, муаммоларини ҳал қилишга бажонидил интилиш билан ҳам баҳоланади. Англашимча, унинг наздида қилинган яхшиликларни матбуотда ёзиш миннатга айланиб қолади. Бу эҳтимол тўғридир, аммо яна бир жиҳати ҳам бор: бир инсоннинг саховати намуна бўлиб, бошқалар ундан ибрат ва илҳом олса, қандай яхши!
— Ҳар бир ходимнинг маънавияти юксак, тарбия-эътиқоди мустаҳкам, Ватанга садоқати кучли бўлса, унинг меҳнатга муносабати, масъулияти ва иш самарадорлиги юқори бўлади, — деган эди суҳбатларнинг бирида Абдулла Хурсанов. — Шу боисдан комбинатимизда маънавий-маърифий тарғибот ишларини самарали ташкил этиш, маданий тадбирлар таъсирчанлигини ошириш, маънавий муҳит софлигини таъминлаш ва китобхонликни ривожлантириш масалаларига доимий эътибор қаратамиз. Меҳнат жамоаларида ёзувчилар, шоирлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари билан учрашувлар, китоб тақдимотлари, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган фильмлар намойишлари, театр ва санъат аҳли билан ижодий мулоқотлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда. Албатта, иқтисодий тараққиёт ва маънавий юксалиш бир-бирини тўлдирувчи воситалардир.
— Тақдир йўлларида инсонни синайдиган дамлар кўп. Лекин ана шу синовлардан бошини баланд кўтариб ўта олганларгина тарихда из қолдиради, — деди унинг устозларидан бири — Навоий кон-металлургия комбинати Инвестициялар департаменти бошлиғи Неъмат ака Рўзиев. — Бугун мамлакатимиз саноати тараққиёти ҳақида сўз кетганда, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов номи беихтиёр тилга олинади. У Ўзбекистон қурилиш саноати ҳамда кон-металлургияси тарихида ўзига хос ўринга эга.
Бундан қирқ йил аввал Тошкент архитектура ва қурилиш институтида “Темир-бетон” кафедраси мудири сифатида ёш мутахассисларга дарс бериб юрган пайтларимда Абдулла Хурсановни таниганман. У билан кўп ҳамкорлик қилдик. ОКМК бош директори бўлганида у билан биргаликда ишлаш насиб этди. Ўша даврда Сурхондарёда жойлашган “Хондиза” фабрикаси қуриладиган жой танланиши, зарур техника ва воситаларнинг ўрнатилиши, умуман, муҳташам заводнинг бунёд этилиши ва ҳукумат рухсатининг олинишида кўплаб тажрибали соҳа эгалари ёнида Абдуллажондек ёш ва серғайрат мутахассисларнинг ҳиссаси катта бўлган.
Тақдир тақозоси билан мен Абдулла Хурсанов билан бирга 2012-2017 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида Инвестициялар департаменти бошлиғи вазифасида ишлаб, бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилишида бош-қош бўлдик. Шукрки, Абдуллажон билан биргаликда қандай ишга қўл урган бўлмайлик, уларнинг ҳар бири муваффақиятли якунланиб, минг-минглаб инсонларнинг иш билан таъминланишига ва мамлакат иқтисодиёти ривожига ҳисса қўша олдик.
Бир сўз билан айтганда, у ўз тақдири мисолида, бир инсон иродасига таянган ҳолда бутун жамиятга татигулик мўъжиза ярата олишини исбот эта олди. Олтин мисоли тобланган бу умр — синовлар билан пишган, тажриба билан чархланган, ирода билан мустаҳкамлангандир. Кон ва металлургиядек оғир соҳада йиллар давомида меҳнат қилиш, минглаб мутахассислар ишончини қозониш, улкан саноат лойиҳаларига бош-қош бўлиш — бу ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
— Абдулла Хурсанов билан 1987 йили Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги Белтепа маҳалласида қурилиш жараёнида танишганман, — деди бошқарув раисининг қурилиш бўйича маслаҳатчиси Қилич Исмоилов. — Шундан бери ишда ҳамкор, ҳаётда содиқ дўстмиз. Тоғ-кон саноатида жуда кучли мутахассис. Сабр-тоқатли, ўз устида тинимсиз ишлайдиган, масъулиятни зиммасига олишдан қочмайдиган инсон. Илмни қадрлайдиган, катта лойиҳаларга қўл уришдан чўчимайдиган олим. Дўстининг мусибатини ўзиники деб биладиган, қўл остидагиларга худди жигарларидек қайғурадиган инсон. “Йўқ” деган нарсани билмайди. Кўп сафарларга бирга борганмиз, ажойиб ҳамроҳ.
Яхши инсонлар баҳонасида бошқа яхши инсонлар билан учрашар экансан. Бу ҳам Яратганнинг инояти. Ана шундай ҳурмат-эътиборли кишилардан бири, таниқли тадбиркор — “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир Абдуллаев билан учрашиб, Абдулла Хурсанов ҳақида сўрадик.
— Абдулла Хурсанов ноёб иқтидор эгаси, — деди Баҳодир Абдуллаев. — Унинг ватанпарварлиги, вазифасига жонфидолиги кишини ҳайратга солади. Янгиликка интилувчан раҳбар. Қаерда ишламасин, ўзидан муносиб из қолдиради. Бор-йўғи бир йилгина “Ўзметкомбинат”га раҳбар бўлиб ишлаганида ҳам комбинатда катта ўзгаришлар қилди. Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехи қурилишини олиб борди. Комбинатда тикув фабрикаси барпо этиб, икки юздан ортиқ иш ўрни ташкил этди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш цехига кам таъминланган оилалар вакилларидан саксон нафарини ишга қабул қилди. Унинг даврида комбинат ҳудудини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор берилганини ҳозиргача кўпчилик эслайди. Ва яна энг муҳими, у ўзини Ватан тақдирига дахлдор деб биладиган олийжаноб инсон.
Бугун жўшқин фаолияти чегара билмас Абдулла Хурсанов ҳақида бир шингил ҳикоя қилдик, холос. Унинг Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатидаги фаолияти ҳам алоҳида бир мавзу.
Устозимиз, таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммад олтмиш ёшни кексаликнинг баҳорига қиёслаган эди. Шундай. Тилагимиз, мисоли олтин каби тобланиб улғайган қаҳрамонимиз ҳозиргидан-да ғайратлироқ, ҳозиргидан-да шиддат билан мамлакат тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаверсин! Узоқ манзилларни кўзлаб олиб бораётган масъулиятли ва шарафли фаолиятида унга ҳамиша зафарлар ёр бўлсин!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
