Биз билган ва билмаган Темурбек

Яқинда “Маънавият” нашриётида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Темурбек” тарихий қиссаси катта ададда нашрдан чиқди. Китобда Буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг болалик ва ёшлик даврлари ёритилган. Китоб Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази ҳамкорлигида кўркам муқовада чоп этилди; ички безаклари эса сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланилган ҳолда яратилди.

Мудофаа вазирлиги, Темурийлар тарихи давлат музейи, Рақамли технологиялар вазирлигининг АТ зали ва Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада “Темурбек” тарихий қиссасининг қизғин тақдимотлари ўтказилди ва бу тадбирлар изчил давом этмоқда. Китоб режали равишда республика мактабларига тарқатилди.

Президентимиз Темурбеклар мактабининг муҳташам биноси очилишида сўзлаган нутқида Соҳибқирон Амир Темур бобомиз шахсининг миллат учун буюк аҳамияти ҳақида тўхталиб, шундай деган эдилар:

“Амир Темур бобомизнинг ёшлигини ким билади? Беруний, Имом Бухорий, Хоразмий ҳақида гапирамиз, баралла ҳаммага шундай алломалар юртидан эканимизни айтамиз, лекин тарихини биласанми, деса, фақат “буюк бўлган” дея оламиз, холос. Ҳозир биз фарзандларимизни ватанпарвар, ғурури баланд, ўз тарихини теран биладиган руҳда тарбиялашимиз лозим”.

Бу жўшқин сўзлар юракларга учқун солди, миллий ғурурни уйғотди. Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда ижодий жамоанинг қўллаб-қувватлаши билан муҳтарам адибимиз бу мавзуда узоқ изланишлар олиб борди, манбаларни қайта-қайта кўриб чиқди. Китоб ҳақида машҳур темуршунос олимлар ва ёзувчиларнинг фикрлари олинди ҳамда асар таниқли экспертлар назаридан ўтказилди. Натижада Амир Темур ҳақида янги маълумотларни тақдим этувчи тўлақонли, ажойиб асар дунёга келди.

“Биз, — деб ёзди муаллиф, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али “Темурбек” қиссасининг муқаддимасида, — Аллоҳнинг иродаси, давлатимиз раҳбарининг хоҳиши, кўнглимиз буйруғи, яқин дўстларнинг даъвати, азиз ўқувчиларимиз, айниқса, ёшлар, кўпчилик тарихчилар, адабиёт намояндалари ва зиёлиларнинг таклифлари билан қўлимизга қалам олишга жазм этдик. Бизнинг китобимиз Соҳибқирон Амир Темурнинг болалиги ва ёшлиги ҳақидаги бадиий тарихдир”.

Кемтик тарих

Амир Темур — буюк саркарда, халоскор, улкан салтанат асосчиси, адолатли ҳукмдор, туркий халқлар — “Мулки Турон”нинг жаҳон тарихидаги ўрнини юксакликларга кўтарган даҳо шахс.

Инсоният тарихида ўчмас из қолдирган энг буюк жаҳонгирлар — Александр Македонский (милоддан аввалги IV аср), Юлий Цезарь (милоддан аввалги I аср), Ганнибал (милоддан аввалги III аср), Чингизхон (XIII аср) ва Амир Темур (XIV-XV асрлар) бирор марта жангда мағлуб бўлмаган ғолиблардир.

Дунё тақдирини ўзгартириб юборган, ҳарбий тўқнашувлар стратегияси ва тактикасини санъат даражасига кўтара олган Александр Македонскийнинг милоддан аввалги 331 йилда бўлиб ўтган Гавгамела жанги ҳамда Соҳибқирон Амир Темурнинг 1402 йилдаги Анқара жанги уларнинг саркардалик даҳоси рамзи сифатида инсоният тарихидан абадий жой олди.

Соҳибқирон Амир Темур образи, унинг ўзига хос қирралари, айниқса, сурати ва сийрати, туғилиши, болалиги, саводи ҳамда ҳаётининг сўнгги кунлари тафсилотлари миллионлаб инсонларнинг онгу шуурини, мана, салкам 700 йилдирки, ҳамон мафтун этиб келмоқда.

Мана, атоқли адиб Муҳаммад Али яна Амир Темур мавзусига қўл урди ва “Темурбек” тарихий қиссасини нашр эттирди. Энди у тарихимизнинг энг мавҳум, оқ доғлар билан қопланган даври — Амир Темурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари тафсилотларини қаламга олди. Камина фахр ва зўр завқ ила китобни мароқ билан ўқиб чиқдим.

Кўп жаҳонгирларнинг болалик ва ўсмирлик даври тарихи етарлича ёритилмаган — Чингизхон, Цезарь, Ганнибал ва бошқа кўплаб тарихий шахсларнинг қисмати шундай. Чунки агар улар подшоҳлар ёки даҳолар авлодидан бўлмаса, тарих ўз баҳосини сўнгроқ беради. “Шу болакайнинг юлдузи қачон чарақлайди, ундан буюк шахс чиқадими-йўқми?” — буни ўз вақтида ким ҳам билиб, пайқай оларди? Тўғри, даҳолар болалигида ўзгачароқ бўлади, ақлу заковати теранроқ, қилиқлари ҳайратомуз кечади… Лекин буюк жаҳонгирлик ҳаммага ҳам насиб қилмайди, тарихда камдан-кам учрайди. Уни болаликдан илғаш қийин. Шу сабабдан уларнинг болалиги вақтида қаламга олинмаган, деган фикрдаман.

Амир Темурнинг болалиги сир-синоатларга бой эди. У ҳақдаги ҳаққоний маълумотлар йўқ ҳисоби. Лекин бу бўшлиқлардан унумли фойдаланган тарихимиз ғанимлари Амир Темурга “қон билан туғилган”, “саводсиз”, “қўй ўғриси”, “ёввойи”, “шафқатсиз” ва ҳоказо ёрлиқларни ёпиштириб, улуғ шахс ҳақида нотўғри тасаввурлар уйғотди, тарихимизни сохталаштирди.

Мен аксарият ватандошларим каби бу жумбоқларнинг барчасига Муҳаммад Алининг “Темурбек” қиссасидан жавоб топдим.

Аввало ёзувчида мураккаб мавзулар ва тарихий шахслар ҳақида қалам тебратиш учун ички маънавий ҳуқуқ бўлиши керак. У узоқ йиллик меҳнат ва изланишлар билан вужудга келади. Бу — аксиома. Адибимиз, шубҳасиз, шундай ҳуқуққа эга. Унинг китобхонлар меҳрига сазовор бўлган тўрт жилдлик “Улуғ салтанат” роман-эпопеяси, “Сарбадорлар” тарихий романи бунинг яққол исботидир.

Муҳаммад Али ўз қиссасини тарих илмининг сўнгги ютуқларига асосланиб ёзди. Темурбекнинг болалиги ва ўсмирлиги тарихини ҳаққоний, адолатли, бадиий тўқималар воситасида жонли ва ишончли тасвирлаб берди. Бу — ишонарли тарих. Бадиий асарларнинг инсоният тафаккури олдидаги буюк хизмати ҳам аслида шунда.

Ёзувчи таъкидлаганидек, “Амир Темур муаррихларга ёшлик даври тарихини ёзмасликни, ёзганларини эса ўчириб ташлашни маслаҳат берган, чунки бу маълумотлар одамларга ишонарсиз туюлиши мумкин” эди-да. Ҳадислардан бирида: “Айтаётганингиз рост бўлса-ю, лекин тингловчи учун ишонарсиз бўлса, уни айтманг”, деган мазмундаги гаплар бор. Масалан, ёш Темурбек ўз тенгқурлари билан “давлат-давлат” ўйинини ўйнаган, унда подшоҳ, вазирлар, лашкарбоши, амирлар, навкарлар ва қозилар тайинланган. Жараён қатнашчиларидан бири “миллатга, салтанатга хиёнат қилганлик”да айбланиб, қаттиқ жазоланган. Энди тасаввур қилинг, 12-14 ёшлардаги Темурбекнинг бундай фикрлашига, ҳукм чиқаришига, адолат ўрнатишига қайси ўқувчи осонгина ишонарди? Ваҳоланки, Темурбекнинг ёшлиги худди шундай ажойиб-ғаройиб воқеаларга бой бўлган. Ахир ёвқур баҳодир, буюк жаҳонгир бир кунда шаклланиб қолмайди-ку.

Янги Ўзбекистонни қураётган миллатимиз миллий ғуруримизга айланган Амир Темур ёшлигининг ҳаққоний тарихини ҳам билиши керак. Халқимизда бу тарихни билишга ташналик, катта эҳтиёж бор. Бу кемтикни тўлдиришга Муҳаммад Али бел боғлабди. У “Темурбек” қиссасида қаламга олинган тарихий жараённи тўғри кўрсатган, образларнинг барчаси тарихий шахслардир. Бадиий тўқималардан унумли фойдаланилгани натижасида аниқ давр манзараси яратилган, Амир Темурнинг болалик ва ёшлик йиллари тарихи қайта тикланган. Бу таҳсинга лойиқ.

Асарнинг ниҳоятда ишонарли чиққанини яна бир бор таъкидлаймиз. Асарда Амир Темурга қилинган ноҳақ туҳматлар тарихий фактлар ва бадиий ифодалар билан фош этилгани жуда қувонарлидир. Тан олиш жоиз, Муҳаммад Али ўзбек тарихий романчилигининг устаси ва ҳақли равишда Ўзбекистон тарихининг чуқур билимдони ҳисобланади. Асардаги барча бадиий қаҳрамонлар — Темурбек, Муҳаммад Тарағай, Қорачор Нўён, Тегина хотун, Убайдулло Бухорий, Шайх Шамсиддин Кулол, Шоҳсувор мунажжим, Кебекхон, Қозонхон, Амир Қазоғон, Амир Ҳусайн, Амир Бурқал, Жоку барлос, Сайфиддин, Аббос ва яна ўнлаб образлар тарихимизда мавжуд бўлган шахслардир. Улар шунчалик усталик билан бадиий образларга айлантирилган, сурати ва сийрати ишонарли қилиб тасвирланганки, ўқувчида беихтиёр кино кўраётгандек ҳиссиёт пайдо бўлади. Шунингдек, муаллиф юрт табиатини — Турон пасттекислиги, Ҳисор тоғлари, Тахти Қорача, Чак-Чак довонлари, Кеш шаҳри ва Хўжа Илғор қишлоқларини шунчалик гўзал, аниқ ва тиниқ таърифлайдики, ўқувчи бу жойларни ҳаёти давомида кўп маротаба кўрган бўлса-да, унда яна бир карра шу юртларга саёҳат қилиш иштиёқи уйғонади.

“Темурбек” қиссаси Амир Темурнинг туғилган куни арафасидаги тафсилотлар билан бошланади ва унинг 24 ёшида, яъни 1360 йили Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхон хизматига кириши ҳамда Кеш вилояти ҳокими бўлиши тафсилотлари билан якунланади.

Асарнинг “Юлдузлар ўйини” бобида коинотдаги юлдузлар (чунончи, Сомон йўли, Ҳулкар, Олтинқозиқ ва ҳ.к.) ҳамда буржларнинг жойлашиши астрономик аниқликда тасвирланади. Ўшанда, Темурбек туғилган кунда — 1336 йил 9 апрелда коинотда Муштарий (Юпитер) ва Миррих (Марс) юлдузлари бир-бирига жуда яқин келиб, бир сафга тизилган, яъни “қирон” юз берган экан. Шу сабабдан Амир Темур номига “Соҳибқирон” сифати ҳам қўшиб айтиладиган бўлди. Дарвоқе, унинг исми ҳам тасодифан қўйилмаган. Улуғ пир Шамсиддин Кулол кўкдан келган илоҳий бир қудрат ундови билан Қуръони Каримни очади ва кўзи 57-“Ҳадид” сурасига тушади… “Ҳадид” — темир дегани. Аллоҳнинг инояти билан чақалоққа “Темурбек” деб исм қўядилар. Бунинг тафсилотларини қиссадан ўқиб, ҳақиқий маънавий ҳузур олишингиз мумкин.

Сурада шундай дейилган эди:

“Биз ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат, мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун Мезон-тарози туширдик. Яна Биз темирни туширдик-яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир”.

Яна бир гап: гўёки Темурбек мушт бўлиб тугилган қўлларидан қон сизиб турган ҳолда туғилганмиш. Аслида, барча чақалоқларнинг туғилиши худди шундай бир хил кўринишда бўлади, бу — биологик жараён. Бу тўғрида унинг ғанимлари аввал ривоят тўқишди, кейин афсонага айлантиришди. Аслида, бу ривоят Темурбек эмас, балки Чингизхон билан боғлиқдир.

Фақат битта фарқ бор эди: Темурбек бошқа чақалоқлардан ўзгачароқ эди. Уни илк бор кўрганларнинг хаёлида йилт этиб “Бола — бошидан” деган халқ мақоли пайдо бўларди. Уни ёзувчимиз жуда чиройли, халқона қилиб қуйидагича тасвирлайди:

“Аслида, бешик тўйининг гашти бўлакча-да! Бешик — фарзанднинг балоғатга эришиш йўлидаги дастлабки поғонаси. Чақалоқ шу бешикдан чиқиб, юриб кетади! Боланинг юриб кетиши — дунёни олишидир! Лекин кутилмаганда бир муаммо чиқди… Темурбекни белаганларида… гўдакка бешик хийла торлик қилди!”

Ушбу сўзларни ўқиган ҳар бир ўқувчи — момолар, оналар, боболар ва оталар дарҳол мазмунни тушунадилар, тасаввур қиладилар. Чунки туркий зот борки, бешикдан ўтган. Бунинг устига, ёзувчимиз сўзлашувда ўша давр лаҳжасидан фойдаланиб шундай тасвирлаганки, беихтиёр Темурбекнинг туғилишиданоқ ўзгача бир бола бўлганига амин бўласиз, ишонасиз.

Яна бир жумбоқ: Амир Темур саводсизмиди?

Жавобни “Темурбек” қиссасидан излаймиз.

Амир Темурнинг отаси Муҳаммад Тарағай амирзодалар авлодидан бўлиб, Кешнинг нуфузли бекларидан эди. Негадир ибн Арабшоҳ Муҳаммад Тарағайни “ҳайқироқ чўпонлардан” деб туҳмат қилди. Бешинчи отаси Қорачор Нўённинг Чингизхон билан ёзма аҳднома тузганлигига тарихий ишоралар бор. Албатта, бу сулола асосчиларининг ёзиш ва ўқишни билганлигидан далолат беради. Шундай экан, бир неча авлод ўтиб, Амир Темурнинг саводсиз бўлиши мантиққа тўғри келмайди. Онаси Тегина хотун Бухоро шайхулисломи, маърифатли Убайдулло Бухорийнинг қизи бўлиб, у ўқимишли ва саводли аёл эди.

“Темурбек” қиссасида ўша давр мадраса таълими, дарслари, манбалари ва китоблари жуда ишонарли тасвирланган. Ота томонидан бекзода, она томонидан шайхзодаларга бориб тақаладиган Темурбекни олти-етти ёшларида Мавлоно Меҳтар домланинг Кешдаги мактабига бердилар.

Қиссада мадраса ва бошланғич таълим ўша давр талабидан келиб чиқиб жуда жонли тасвирланган:

“Мадраса бир қаватли бинода, шинам, истараси иссиқ ҳовлида жойлашган бўлиб, кирган киши яна кирсам дейди. Темурбек мадрасага биринчи келган куни… боланинг билимини синаш ниятида Меҳтар муаллим таълим тахтачасига чиройли қилиб абжад ҳарфларини битиб рўпарасига қўйди ва: “Мана бу алиф, мана бу бе…” дейишга ҳам улгурмади. Темурбек бир қарашдаёқ шариллатиб ўқиб берди”.

Кейинги тафсилотлар ҳам Темурбекнинг юқори саводли шахс бўлганлигига ишора қилади.

Милодий 1360 йили мўғул хони Туғлуқ Темур “бобом Чингизхондан қолган мулк” дея даъво қилиб, Мовароуннаҳрга лашкар тортиб бостириб келди. Таҳликали, пароканда замон бўлиб, жон сақлаш учун ким Хуросонга, ким тоққа қочган эди… Ана шундай оғир дамларда Амир Темур маслаҳат сўраб, Шайх Зайниддин Абу Бакр Тойободийга хат ёзади ва пирдан жавоб ҳам олади. Бу жуда хавфли ва ўлим таҳликаси мавжуд бўлган вазият эди. Хатни бировга ёздириб, яна бировга ўқитадиган замон эмасди, бу Амир Темурнинг ўта хуфиёна иши эди. Унинг бошидан ўтган кейинги воқеалар таҳлили шуни кўрсатадики, хатни Темурбекнинг шахсан ўзи ёзган ва ўзи ўқиган.

Соҳибқирон кейинчалик ҳаёти давомида кўплаб донишмандлар ва даҳолар (Ҳофиз Шерозий, ибн Халдун ва ҳ.к.) билан суҳбатлар қурди ва уларнинг барчасида ўзини юқори савияли саводхон, тарих билимдони сифатида кўрсатиб, суҳбатдошларини ҳайратга солди. Бунга тарих гувоҳлик беради.

Муҳаммад Али “Темурбек” қиссасида Темурбекнинг аввал оилада, сўнг мадрасада таълим олганлигини қизиқарли тарзда тасвирлаб берган. Бу — айни тарихий ҳақиқат. Демак, Амир Темур арабий имлода ёзган, ўқиган, туркий, форсий ва мўғулий тилларда гапира олган саводли шахс бўлган.

“Қўй ўғриси”

Бу ҳам Соҳибқирон ҳазратларига қилинган навбатдаги туҳматлардан бири эди. Эмишки, Амир Темур йигитлик даврида қўй ўғирлаб кун кечирганмиш. Ибн Арабшоҳ ёзади: “Кечаларнинг бирида у бир қўйни ўғирлади ва уни орқасига ўнгариб олди. Шунда чўпон камон ўқи билан уни елкасидан уриб яралади ва яна бир ўқ билан сонидан жароҳатлаб, ҳолдан тойдирди”. Воқеа Кешда юз бергандек ҳикоя қилинади. Лекин шу муаррихнинг ўзи бошқа бир жойда айнан шу воқеаларни Сажистонда (Сейистон) бўлиб ўтган тарихий жараёнларга боғлаб ёзади. Биринчидан, бу ерда мантиқсизлик, иккинчидан, тарих илмида кечирилмайдиган нохолислик юз берган. Бир нарсани таъкидлаш жоизки, ибн Арабшоҳ (ўзининг эътирофича) воқеаларни одамлардан қандай эшитган бўлса, шундай ёзган. Уларга танқидий кўз билан қараш лозим.

Темурбек мактаб ёшида отаси каби мутасаввиф Шайх Шамсиддин Кулол таъсирида бўлган, уни пир тутган. Темурбекнинг болалигидан шаклланган ахлоқи, иймони, тасаввуф ва дарвешлик туйғулари унинг ўғрилик билан кун кўришига ҳеч қачон йўл қўймас эди.

Темурбек ўзгача бир иштиёқ билан, айниқса, ҳарбий ўйинларни машқ қилар, баданини чиниқтирар эди. Зукколиги, довюраклиги ва адолат туйғуси уни тенгқурларининг пешвосига, йўлбошчисига айлантирганди.

“Темурбек” қиссасини ўқир экансиз, Темурбекнинг йигитлик чоғидаги ҳаёти хронологик жиҳатдан ниҳоятда тиғиз, тарихий воқеаларга бой кечганининг гувоҳи бўласиз. У жуда эрта улғайди ва эл-юрт хизматига бел боғлади. Ўзи “Темур тузуклари”да таъкидлаганидек, “Ўн икки ёшимдан жаҳонгашталик қисматим бўлди”.

Темурбекнинг болалиги 1352-1353 йилларгача давом этди. 1354 йили отаси Муҳаммад Тарағай Темурбекни Занжирсаройга, Амир Қазоғон ҳузурига олиб борди. У хон хизматига кирди. 1355 йили Амир Жоку барлоснинг қизи Турмуш оқога уйланди. 1356 йили Амир Темурнинг тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо дунёга келди. 1355-1358 йилларда Амир Қазоғоннинг ҳарбий хизматида бўлди. 1360 йили Амир Темур иқтидорли ҳарбий қўмондон, амир сифатида Мўғулистон хони Туғлуқ Темурхон хизматига кирди. 1361 йили Кеш вилоятининг ҳокимлик васиқасини қўлга киритиб, ўз юртига эга бўлди.

Энди тасаввур қилинг, воқеаларнинг тиғизлигига ва унинг хизмат пиллапояларидан шиддат билан ўсганига эътибор беринг: болалиги ислом арконларини ўрганиш билан ўтган, йигитлик даврида аввал юзбоши, кейин мингбоши, бош қўмондон сифатида Амир Қазоғон давлатига хизмат қилган ва ниҳоят Кеш вилоятининг ҳокими бўлган шахс қароқчи ёки ўғри бўлиши мумкинми?

Бу Амир Темурга нисбатан тарихнинг туҳмати эди. Аксинча, у Амир Қазоғон хизматида бўлган чоғда даштдан келган кўчманчилар юртни босиб, халқнинг мол-ҳолини ҳайдаб кетганида, Темурбек ўз навкарлари билан зудлик билан уларни қувиб етди ва жангга киришди. Босқинчилар мағлуб бўлиб қочишди; мол, қўй, йилқи ва туялар қайтариб олиб келиниб, эгаларига топширилди.

Бундай воқеалар, айниқса, 1358 йили Амир Қазоғон ўлдирилганидан сўнг, бошбошдоқлик даврларида кўп бўлиб турар эди. Ўшанда Темурбек элпарварлик йўлини танлади, авом халқни ҳимоя қилди. Шу сабабли ҳамма ёшу қари, айниқса, тенгдошлари унга интилди, келиб унинг сафига қўшилаверди. У суюкли йўлбошчига, халоскорга ва баҳодирга айланди. Тарихий қиссада Темурбекнинг давлат арбоби бўлиб вояга етиш жараёни равшан кўрсатиб берилган. Амир Темурни замоннинг ўзи етиштирди.

Ривоятларнинг илдизи

Ўшанда, XIV асрда алғов-далғов замон эди, душман кўп эди — мўғуллар, форслар, ҳиндулар, ички душманлар, қароқчилар, хоинлар… Буларнинг гапларини испаниялик элчи Руи Гонсалес де Клавихо ҳам эшитган ва ўзининг “Амир Темур саройига саёҳат кундалиги (1403-1406)” асарида ёзиб қолдирган. Элчи Самарқандда 1404 йил сентябрь-октябрь ойларида Амир Темур Соҳибқирон билан бир неча бор базмларда, расмий қабулларда учрашган, суҳбатлар қурган. Яна, табиийки, атрофдаги ҳар хил кайфиятдаги одамлар, жумладан, “ички душманлар” билан ҳам гаплашган ва улардан Амир Темурнинг туғилиши ҳамда болалиги тўғрисида ҳайратомуз, афсонавий ривоятларни эшитган. Бу тарздаги ахборотларга, айниқса, элчилар ўч бўлади ва улар ўз юртларига воқеаларни бўрттириб, қулоқни қоматга келтирадиган қилиб олиб кетишган.

Тасаввур қилинг: 1404 йил сентябрь-октябрь ойларида Конигилдаги тўй тантаналарида ва расмий қабулларда ўнлаб юртларнинг — Хитой, Тибет, Мўғулистон, Хўтан, Ҳиндистон, Хуросон, Табриз, Гилон, Бағдод, Миср, Испания элчилари қатнашган. Уларнинг ўзаро энг севимли суҳбат мавзуларидан бири Соҳибқирон Амир Темурнинг бугунги саркардалик зафарлари ва, албатта, унинг афсонавий, сирли ўтмиши ҳамда ёшлиги тарихи эди. Элчилар ўз юртларига, ҳукмдорларига ушбу ҳайратомуз тарихларни олиб кетдилар. Бу уларнинг вазифаси ҳам эди-да.

Худди мана шу гапларни араб тарихчиси ибн Арабшоҳ ҳам эшитган ва ўзининг “Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” асарида ёзиб қолдирган, тарихга муҳрлаган. Ибн Арабшоҳ 1401-1408 йилларда Самарқандда яшаган, агар унинг 1389 йилда туғилганлигини инобатга олсак, у ўшанда 12-19 ёшларда бўлган. Айни ахборотга, билимга чанқоқ ёшда эди.

Ҳар иккала муаллиф — Клавихо ва ибн Арабшоҳ ўз асарларини ўша даврларда урф бўлган тарихий ҳикоянавислик тарзида, бироз бадиийлаштириб, ўқувчиларни ҳайратга соладиган бўҳтонларни ҳам аямасдан қўшиб ёзишди. Айниқса, ўзларидан олдин ёзилган китобларда зикр қилинган, дунёнинг қаеридадир, ким биландир бўлиб ўтган ҳайратомуз афсоналарни ҳам иккиланмасдан Амир Темур шахсига ёпиштиришди.

Шу сабабли ҳам тарихчиларимиз олдида турган вазифалардан бири — ибн Арабшоҳ ва Клавихо асарларини қанчалик эъзозламайлик, ўша даврдан қолган ёдгорлик деб қанчалик улуғламайлик, уларнинг манбаларига танқидий ва мантиқий таҳлил нуқтаи назаридан ёндашиш лозим бўлади. Тарихимизнинг ҳаққонийлигини таъминлаш йўлида уни бўҳтонлардан тозалашимиз лозим деб ўйлайман.

Муҳаммад Алининг “Темурбек” қиссаси айнан мана шу нохолисликлар, туҳмат ва бўҳтонларни фош қилишга қаратилган. Асар тарихимизнинг кемтик жойларидан бирини — Амир Темурнинг ёшлиги ва ўсмирлиги даври тарихини бадиий тўқималар, жонли образлар ва фактлар орқали тўлдирди. Адиб миллатимиз тарихининг ғанимларига қудратли зарба берди.

Буюк Темур ва Мустақил Ўзбекистон

Юқоридаги Амир Темурга тегишли эпитетларни тан олиш у ёқда турсин, уларни баралла айта олиш учун ҳам бизга мустақиллик керак эди. Буюкларга баҳо бериш, уларнинг тарихдаги ўрнини кўрсата олиш ҳам шарафли ишдир. 1991 йилда она Ватанимиз мустақил бўлди. Миллатимизнинг буюк фарзанди Амир Темур хотираси, тарихи халқимизга қайтарилди. Унинг жаҳон тарихида тутган ўрнига монанд ҳайкаллар ўрнатилди; майдонлар ва кўчалар буюк бобомиз номи билан юритилмоқда. “Темурбеклар мактаби” тизими яратилди, бу ном миллий ғоямизга айланди.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Темурбеклар мактаби очилишида сўзлаган нутқида:

“Ватаннинг ҳар бир посбони Амир Темур ва улуғ лашкарбошиларимиз ўгитларини, уларнинг ҳарбий меросини чуқур билиши керак, деб қайта-қайта таъкидлаб келаман. Бу ўлмас ва бебаҳо мерос ҳозирги кунда ҳам ҳар биримизнинг қалбимизга чексиз ғурур бахш этади, муқаддас тупроғимизга садоқат туйғуларини кучайтиради”, деб бежиз таъкидламадилар. 2026 йили Соҳибқирон Амир Темурнинг 690 йиллиги Янги Ўзбекистонимиз юксалиши шиддатига хос ва мос равишда нишонланди. Ажаб эмаски, биз интилаётган Учинчи Ренессанс илдизи ва пойдевори Буюк Темур томонидан яратилган иккинчи Ренессанс даврларига бориб уланади.

Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришда жонбозлик қилаётган ёшларимизга Амир Темур руҳи ёр бўлсин!

Халқ севган ёзувчимиз Муҳаммад Алига янги-янги, бундан-да юксак асарлар яратиши учун куч-қувват тилаймиз. Энди унинг асарларини ўқиб, Соҳибқирон бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида тўлиқ ҳамда аниқ маълумотга эга бўла оламиз.

“Темурбек” китобининг тақдири шон-шуҳратли бўлсин! Ёшларимизга, барча юртдошларимизга бу асарни мамнуният билан ўқишни тавсия қиламан.

Темур ШИРИНОВ,

Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =