Қари билганни пари билмас

Қурол момо ўгитлари

Қишлоққа боришни, одамлар билан суҳбатлашишни яхши кўраман. Яқинда борганимда гиламдўз қишлоқдошим Шарофатдан сўрадим:

— Илгари ҳар йили битта гилам тўқирдиларинг, ҳозир эса тўқимай қўйдиларинг. Қўйларнинг жунини нима қиляпсизлар?

— Тандирга солиб ёқиб юборяпмиз.

— Нархи тилла билан баробар жунни ачинмай ёқиб юборяпсизларми? — сўрадим ундан.

— Битта гилам тўқишнинг меҳнати катта бир иморат қуриш билан баробар. Шунча оғир меҳнат билан тўқиган гиламимизнинг ранги икки йил ўтмасдан ўчиб кетиб, гиламга ўхшамай қоляпти. Шунинг учун гилам тўқимай қўйдик, — деди у хўрсиниб.

Унга маслаҳат бергандай бўлиб: “Улуғ ёшли момолардан сўрасаларинг бўлмайдими? У момонинг билмаган нарсаси йўқ, тили сайроқи, гапи қайроқи”, — дедим мен.

Шарофат асли ҳавасли гиламдўз эмасми, қалбига ўт тушди. Шу куниёқ у иккита иссиқ нон, бир пишим сариёғ олиб Қурол момоникига жўнади. Қурол момо билан кўришаётиб: “Сиз эмасми дунёда, ҳаммадан ҳам зиёда!” деб момони суйиб бағрига босди.

— Ойна, (айланайин дегани) эсан-совмисилар? Қандай шамол учирди сени?

— Гиламнинг шамоли учирди, момо, — деди дадиллик билан Шарофат. — Ўлиб-толиб гилам тўқиймиз, ҳеч вақт ўтмай рангида ранг қолмайди. Шунинг сабабини сиздан сўраб билай деб келдим.

— Жоним сенга садақа, жоним билан ойтаман. Илгари қишлоғимизда фақат думбали жайдари қўйлар боқиларди. У қўйларнинг жунига тўқилган гиламнинг ранги етмиш, юз йилдан кейин ҳам яшнаб турарди. Ҳозир эса жайдари қўйларимизга думли араби қўйлар қўшиб боқиляпти. Уларнинг қўшилишидан зоти паст қўзилар туғиляпти. Думли, араби қўйларнинг жуни бўёқни яхши олади-ю, лекин кўп ўтмай, ранги ўнгиб кетади. Думли қўйнинг гўшти эчкининг гўштидан фарқи йўқ. Ўзимизнинг жайдари қўй жунидан тўқилган гиламларни шипирсанг (супурсанг) очилаверади, ўзига кирни олмайди. Ёғли овқат ёки бўёқ-сўёқ тўкилиб кетмаса бўлди…

Шарофат сўзларини диққат билан тинглаётганини кўриб, момо янада очилди:

— Энди мен сенга ойтсам, тоза жайдари қўйнинг жунини олишнинг давоси уларни араби қўйдан ажратиб боқиш керак. Қўтонларини алоҳида қуриш керак. Уларнинг жунини бошқа жунларга қўшиш керак эмас. Ана шунда тўқиган гиламларнинг ранги ўчмайди, доимо яшнаб туради. Жайдари қўйларнинг жунини тандирга ёқмай, давлатга топшириш керак. Улардан фойдаланса бўлади. Эй, ойтаверсам, кўнглимда гапим кўп, қизим.

— Айтаверинг, жон-жон деб эшитаман, момо, — деди Шарофат.

— Илгари ҳар учта уйнинг бирида қорабайир отлар бўларди. Йигитлар ёшлигидан бошлаб от миниб катта бўлишарди. Ҳозир эса қишлоғимизда битта ёки икки кишида от бор. Отда ҳикмат кўп. Қорабайир от етти ёшга киргунча етти хил рангда товланади, дер эди боболаримиз. Отнинг икки қулоғи орасидан жаннатнинг шамоли эсади, деган гап тарихдан қолган. От минган йигит ўзини қанот пайдо бўлгандай сезади. Йигитларимизнинг гавдаси майдалашиб бор­япти, чунки улар от минмай катта бўлишяпти-да. От миниб катта бўлган йигит билан от минмай катта бўлган йигитни бирга тикка турғизиб, уларнинг кўзлари ва гавдасига қаранг, ана шунда уларнинг фарқини биласиз. Қадимда от миниб катта бўлган йигитларни “дов жигит” дейишган. Амир Темур бобомиз қорабайир зотли от минган. Тўхтамиш билан дўстлашганда унга ўзининг қорабайир зотли оқ отини инъом қилган. Қуриб кетгур Тўхтамиш эса Амир Темур бобомизга дўстлик қилмаган, номардлик қилган. Қишлоғимизда отбоқарлар кўпайса дейман-да. Йигитларимиз ўқисин ҳам, от ҳам минсин. Яна ойтаверайми, болам? — сўради момо.

— Бемалол, — деди Шарофат.

— Илгари болаларнинг ўйинлари ҳам фарзандларимизни тарбиялаган. Масалан, қишлоқда ҳар бир тандирнинг ёнида кичкина тандирча бўлган. Онаси нон ёпаётганда қизча ўз тандирчасига ўт ёқиб оқартириб, қип-қизил кулчалар ёпган. Шундай қилиб ўсган қиз катта бўлганда нон ёпиш унга оддий ва мароқли иш бўлган. Ҳозир баъзи келинларимизга нон ёп деб кўринг-чи, нега ҳамма ейдиган нонни битта мен ёпишим керак, деб туриб олади. “Еттидан бошласанг, етишиб қолади”, деган мақол бор. Шунга кўра қизчаларимизга етти ёшлигидан бошлаб, қўғирчоқларига кўйлак тикишни, урчуқ йигиришни ўргатишимиз керак. Босма русумли каштанинг аввал содда кўринишларини ўргатишимиз, уларни шунга қизиқтиришимиз зарур. Узилган тугмасини жойига ўрнатолмайдиган қиз-жувонларимиз кўп. Болам, сўрайверсанг, ойтабераман кўксимдаги оғриқларимни, фақат гап буларга амал қилишда.

— Албатта амал қиламиз, моможон.

“Қирда ўсган қиргулим”

Тил байрами ўтиб кетди, мақола ёзиш шартмиди, дейишингиз мумкин. Йўқ, она тилимизнинг бойлиги ва ҳарорати, куч-қудрати ҳақида ҳар доим, узлуксиз ёзишимиз керак. Тилимиз барҳаёт экан, халқимизнинг руҳи ҳам барҳаёт бўлади. Улуғ маърифатпарвар боболаримиз “Миллий тилни йўқотмоқ миллат руҳини йўқотмоқдир”, деб бежиз айтмаган.

Бундан икки йилча аввал қишлоққа тўйга бордик. Тўйхона дарвозасидан кириб боришимиз билан бир аёл совуққина кўришиб, “Ҳу, ана у ёққа, тўйдинг тўрига катталардинг хотинларига алоҳида жой қилиб қўйганмиз, тўғри ўша ёққа ўтиб кетаберинг”, — деди менга. Ҳовлидаги чорпояларда ўтиришган фаришталардек момолар билан кўришмай ўтиб кетишни ўзимга эп кўрмадим.

Бошлаб кўришганим — Норой момони дарров танидим. У кенг, қир-адирлардан иборат қишлоғимизда ўсганимга ишора қилиб, мени бағрига босиб кўришаркан, шундай деб суйди: “Қирларда ўсган қиргулим! Омонмисан?”

Ўша тўйга оддийроқ билагузук тақиб борган эдим. Онамнинг қадрдон қишлоқдоши Ҳалима момо мени қучоқлаб кўришди: “ Ойналайин, осмондаги ойди билагузук қилиб таққан қизим, эсонмисан?”

Яна бир момо “Омонмисан, ойпари қизим?” — деди.

Қувонганимдан теримга сиғмай кетдим. “Бунчаям тилларингиз ширин, гапларингиздан меҳр ёғилади-я! Ўзларингиз соғ-омонмисизлар, қишлоқда ҳамма яхшими?” — дейишдан нарига ўтолмадим. Шаҳарда яшаб, тилим қуруқлашиб қолганидан жуда уялдим.

“Тилни дил калити, дейдилар, болам”, — деди момолардан бири юзи тўла ажин, лекин чарақлаган кўзлари билан менга меҳр билан қараб. “Бу момоларнинг юзи бунчаям шуъладор бўлмаса!” — деган фикр кўнглимдан ўтди. Улар билан анча вақт суҳбатлашиб ўтирдим. Раҳматли онамнинг қадрдонларини кўриб, соғинчларим анча пасайди. Момолардан бири: “Сен ҳам бизларга салом бермай, биз томонга қараб ҳам қўймай, тўғри тўрга, алоҳида тайёрланган жойга ўтиб кетасанми, деб ўйловдик. Йўқ, ундай қилмадинг, болам. Сендайларди айтади-да: кўрсанг, тағин кўргудай, кўриб кўнглинг тўлғудай”, — деди.

Алоҳида тайёрланган столда ўтирганлардан бири икки марта келиб, “сизни тўрдаги жойга чақи­­риш­япти”, деб кетди. Энди жойимдан қўзғалган эдим, момолардан бири дуога қўл очди: “Бошинг эсон, жўлинг равон, кўрганинг жаҳон бўсин. Элимиз тинч, ризқу насибаси эшикдан энаверсин, туйнукдан тўнаверсин!”

Тўрда ўтирган ўзим тенгиларга қўшилиб борганимданоқ, уларнинг биттаси бирданига:

— Бунча ёпишдингиз шу момоларга? — деди.

— Ёпишаман-да, улар менинг раҳматли онамни кўришган, отамни кўришган.

— Дугонажон, бизлар яқинда янги қути олмоқчимиз. Сизларни янги қутимизни ювишга чақирамиз-да. Ўшанда албатта бизникига келингизлар.

— Қутингиз нимаси? — сўрадим мен.

— Янги машина-да. Машина олаверганимиз учун машинани қути дейишга ўтганман. Ҳамма вақт қутиларнинг энг зўрини миндик, энди энг янгисини тезроқ сотиб олиб минайлик, деб ўтирибмиз-да.

Ўтирганларнинг бошқаси гапга қўшилди:

— Кеча тилла дўконига кирувдим. Зўр тақинчоқлар келибди. Жуда алламбалолари бор экан. Сира кўзимнинг олдидан кетмаяпти. Қизимга бир-иккитасини олиб қўймасам бўлмайди.

— Тақинчоқнинг ўрнига қизингизга кийим-кечак, китоб сотиб олиб берсангиз бўлмайдими? — деди оғиргина бир аёл.

— Китобни ўқиб нима қилади қизим? Уни бир бойваччага эрга бериб олсам бўлди, боқади ўзи ҳаммадан зиёд қилиб!

Тўртинчи аёл гап бошлади:

— Қизим ўн олтига кирди. Бир ҳафта олдин опам қизига фотиҳа тўй қилди. Ўша тўйга қизимни ҳам олиб бордим, қишлоқда ҳали ҳеч ким киймаган кийимларини кийгизиб. Бир ҳафтадан кейин опам қизини узатмоқчи. Кеча дўконларни айланиб, қизимга янгисини излаб тополмадим, эртага шаҳарга бораман. Зўрларидан оламан. Бир кийинтирайки, ҳамманинг оғзи очилиб қолсин.

— Кечаги фотиҳа тўйга янгисини кийгизиб олиб бордим, дедингиз-ку, — деди бояги оғиргина аёл.

— Кечаги ҳафта кийганини ҳамма кўрди-да.

Яна биттаси гап бошлади:

— Кеча мактабда ота-оналар мажлиси бўлди. Болаларимнинг муаллими нима деди денг? “Ҳамма ўқувчилар мактаб формасида келишади. Сизнинг қизингиз эса бошқача қимматбаҳо либослар кийиб келади” эмиш. “Бор бўлгандан кейин кияди-да”, девдим, муаллим сайрай кетди: “Бу ер мактаб. Ўқувчиларнинг ҳаммаси бир хил русумда кийиниб келишлари керак. Болангизни турли-турли кийинтиргунча, ўқишига, тарбиясига эътибор қилсангиз бўлмайдими?” — деди. Индамадим, тушунчаси орқада қолган шу битта простой муаллим билан тенглашиб ўтирайми, дедим ичимда.

Бир пайт шу столда ўтирганларнинг ҳаммаси бирданига туриб, ўйинга тушиб кетишди. Жойимдан туриб, пастда чорпояда ўтирган момолар сафига бориб қўшилганимни ўзим ҳам билмай қолдим.

Сайёра БЕКМИРЗАЕВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − twelve =