Хоразмдан чин юртига

ёки хоразмлик хитойшунос

XXI асрда фан ва техника ривожланиб, имкониятлар кўпайган даврда ўзи яшаб турган ҳудуддан бошқа ўлкаларга турли мақсадларда бориш ҳам одат тусига кирди. Кимдир иш, кимдир дам олиш, яна бировлар ўқиш ёки илмий изланиш туфайли хорижга йўл олади. Энг асосийси, дунё сари отланган инсоннинг дунёқараши кенг бўлгани маъқул. Негаки, ўнлаб, юзлаб диёрларга сафар қилиш мумкиндир, аммо инсонда ҳайратланиш ҳисси бўлмаса, унинг сафари қарғанинг учишидек гап.

Шу боисдан ҳам ўтмишда бир ҳудуддан бошқасига юзлаб элчилар, савдогарлар ва бошқа касб соҳиблари тақдири азал сабаб сафар қилишган. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ибн Баттута, Марко Поло, Клавихо, ибн Фадлон, Женкинсон, Ризоқулихон, Аминаддин Ёқуб, Бобоохун Салимов сингари турли диёрларга қилган ташрифини сафарнома тарзида битиб қолдирмаган. Бу худди ибн Сино яшаган даврдаги ундан ҳам кучли табибларнинг фақат одам даволаб, тажриба ўтказиб, билганларини ўзи билан у дунёга олиб кетишидек гап. Яъни кўргани, англагани, ҳайратлангани, мақсаду муддаоларини ёзма битикда қолдирган инсоннинг умри, саёҳати унинг вафотидан кейин ҳам авлодлар қалбида давом этаверади. Шу маънода, ўтмишдан фарқли ўлароқ, самолёт, поезд ва автомашиналарда юз минглаб инсонлар бир ҳудуддан бошқасига ҳаракатланмоқда. Клавихо, Марко Поло, Ризоқулихон сингари отда, туяда минг машаққатлар чекиб сафар қилиш олис тарихда қолди.

Аммо имкониятлар кенгайган даврда ҳам кўргани ва англаганини ўз оиласидан бошқага сўзлаб бермайдиган минглаб бандалар биз билан замондош.

Афсусланарлиси шундаки, Хоразм тарихида ҳам юзлаб элчилар Эрон, Россия, Кавказ, Яқин Шарқ давлатларига дипломатик миссия мақсадида сафар қилган-у, бирон ҳисобот тарзидаги ҳужжат қолдиришмаган. Бироқ Хоразм элчиларининг Оренбург, Санкт-Петербург, Теҳрон, Мозори Шариф ва бошқа ҳудудларга борганига оид манбалар хориж архивларида сақланиб қолган. Ҳатто Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё департаменти архивида Хоразм элчиларига ажратилган маблағ, қачон ва қаерда бўлиб, ким билан учрашганигача бўлган ҳужжатлар бор. Элчи бўлиб борган шахсларнинг қанча литр вино ичганидан тортиб, императорга олиб борган маймун, тулки ва бошқа совғаларигача қайд этилган. Ёки уйланиб, Қозон, Оренбургда қолиб кетган элчиларнинг исм-шарифи, касбу коригача ёзилган. Бироқ шу элчиларнинг сафар олдидан ва қайтганидан кейинги ҳукмдор билан машварати борасида Огаҳий, Мунис, Баёний асарларида ҳам маълумот топиб бўлмайди.

Ҳатто 1873 йилдаги босқин даврида Санкт-Петербургга олиб кетилган Хива хонлиги архив ҳужжатларида ҳам… Ачинарлиси, ҳукмдорга ҳисобот тақдим этилмаганидир. Халқаро сиёсат, дипломатия ҳақида тасаввур йўқлиги ўз йўлига, элчи бўлиб борган инсонда ҳайратланиш ҳисси бўлмаганига ачинасан. Негаки, савдогар, мударрис, мироб сингари хорижга юборилган элчилар ҳатто ўз авлодлари учун ҳам кўрган-кечирганларини қоғозга туширишмаган. Агар оила учун ҳам бирон битик қолдиришганида, Хоразм ташқи сиёсати тарихини ўрганиш, бошқа манбаларга таққослаш учун ноёб мерос бўлиб қоларди. Афсус…

Янаям афсусланарлиси, ижодкор деб биладиганимиз Ферузхон, Асфандиёрхонлар неча марталаб Москва, Нижний Новгород, Санкт-Петербург, Кавказ ҳудудларига боришган, аммо сафарнома ёзиб қолдиришмаган. Ваҳоланки, уларнинг замондоши — Бухоро амири Абдулаҳадхоннинг “Санкт-Петербург кундалиги” мавжуд.

Шу воқеликлардан ҳам асрлар ўтди. Мана, яна кўплаб хоразмликлар турли мақсадларда сафар қилишмоқда. Улар орасида халқаро конференцияларда, лойиҳалардаги иштироклар ҳам бор. Аммо мен шу пайтгача олий таълим муассасасидаги хабарномадан ташқари, хориж сафарномаларини ўқиганим йўқ.

Бу борада холислик юзасидан айтишим керакки, тарихчи Бекзод Абдиримовнинг Мўғулистон, Туркия, Россияга қилган сафарлари китоблар, видеолар тарзида тарих мулкига айланди. Шунингдек, филолог олима ва шоира Сайёра Самандарнинг Туркия, Грузия ва Россияга ижодий сафарлари шеърий туркумлар тарзида республика матбуотида ва китобларида акс этди.

Айнан Урганч давлат университети катта ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Мардонбек Ҳасановнинг Мўғулистон ва Хитойга сафарлари эса мақолалар, китоб тарзида чоп этилди. Шу жиҳатдан қараганда, Аминаддин Ёқуб сингари Ҳиндистонга, Бобоохун Салимов каби Россияга борган хоразмликларнинг ҳайратлари шукрки, оз бўлса-да, XXI асрда ҳам давом этмоқда.

Мардонбек Ҳасановнинг Хоразмдан Хитойга қилган илмий сафари эса ҳайратлар оғушидаги тадқиқотчининг Марко Поло сингари саёҳатномаси бўлибди. Мардонбек Хитойга боришдан олдин ва келганидан кейин ҳам Хитой ва хитойликларни ўрганишда давом этмоқда. Яъни Хоразмда айнан Мардонбек тимсолида хитойшуносликка асос солинмоқда. Ўйлайманки, унинг издошлари кўпаяверади.

Энди таассуротлар, ҳайратлар ва англаганлари тарзидаги саёҳатномага келсак. Мардонбекнинг ёзиш услуби, воқеликларни тасвирлаши тарихчидан кўра, кўпроқ адибнинг эссе битишини эслатади: “…мени самимий табассум билан, ҳатто ўзбекчасига “салом” деб қарши олди. Шу оддий сўзнинг ўзиёқ орамиздаги масофани йўқотди…”

“…Масжидга яқинлашганимиз сари ичимдаги ҳаяжон кучайиб борарди: бу шунчаки бир бинога бориш эмас, балки олти асрлик тарих билан учрашувдир…”

“…Кўчалар бўйлаб илдам қадам ташлаб борар эканмиз, ортимда қолиб бораётган Ланжоу менга ғалати бир туйғуни қолдирди: гўё мен бу шаҳарни кўриб улгурмадим, балки у менга бироз кўриниб, яна яшириниб олгандек эди. Шаҳарни тарк этарканман, бир нарсани аниқ тушундим: баъзи жойлар сенга ўзини тўлиқ очмайди, уларга яна қайтиш керак бўлади. Ланжоу ҳам шундай шаҳарлардан. Саёҳатни мана шунинг учун яхши кўраман…”

Бу сингари мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Ёки “менгзар”, “шу важ”, “ишқий иштиёқдир”, “қопулар”, “гизлаб ётган”, “сўйлашувга”, “чорлов мактуби”, “газик”, “ҳавожой”, “емакхона”, “гиргиттон”, “қора сўвудлар” каби ўзбек адабий тилида кам ёки умуман ишлатилмаган сўзларни саёҳатномада қўллаши Мардонбекнинг зиёлиларга хос тил илмидан хабардорлигини ҳам кўрсатади.

Мардонбекнинг яна бир фазилати — чин маънода китобхонлигидир. Китобни ўқиб, маъно излаб мутолаа қилиши ва бошқаларга ҳам тавсия этиши, фикрлашишидир. Айнан шу туфайли бўлса керак, мазкур саёҳатномада алломалардек афоризмларни ҳам ярата олган. Бу жумлаларни у ташбеҳ сифатида атайин қўлламаган. Балки, саёҳатноманинг ёзилиш жараёнидаги ҳайратланишлари фалсафий мушоҳадаларга сабаб бўлган:

“…Замон қанчалик илгариламасин, хабар етказиш усуллари ичида ёзув ўз тароватини ҳеч қачон йўқотмаяжак. Чунки у бир неча минг йиллик тарихга эга. Яна унда инсонни тарбиялайдиган ахлоқий куч ҳам бор. Тағин биз билмайдиган яна қандайдир қувватлар мавжудки, шунинг учун ҳам у тарихий жозибасини ҳанузгача йўқотган эмас…”

“…Олимлар қанчалик илмли бўлгани сари шунчалик камтар ва тавозели бўлиб борадилар”.

“…Агар бу ерларда инсон бўлмаса, бу гўзаллик бор кучини йўқотади. Яъни Ер инсон билан азиз экан”.

“…Инсонийлик ҳар миллатда борки, шу хислат фарқли миллатларни боғлаб туради”.

“…Яхши инсон — бу табиат билан уйғун яшайдиган инсондир”.

“…Хитойликларнинг оддийлиги ва камтарлиги мен учун уларнинг энг катта кучидек туюлди. Менимча, вақт Миср эҳромларидан эмас, балки асрлар давомида ўзлигини сақлаб келаётган Хитой халқидан қўрқса керак…”

“…Унинг қўллари сўзлар, оёқлари ҳикоя қилар, нигоҳи шеър айтарди…”

“…У томошабинни дарё қайиқни қалқитгандек қалқитар ва тебратарди…”

“…Оламни кезган сайёҳлар дейдики, ҳокимиятнинг ҳақиқий белгиси либос эмас, хулқдир…”

“…Ичимда озгина хавотир ҳам бор эди, аммо одамнинг оёғи юрган жойида тили ҳам айланади, дейдилар…”

“…Чунки ўзбек нонини дунёнинг ҳеч еридан топиб бўлмайди. Айниқса, бу оналар ёпган нон бўлса…”

“…Менга улуғ бир ҳақиқат очилгандек бўлди: барча халқлар аслида бир хил, уларни баъзида тил тўсади, баъзида эса дил. Буни тушуниш учун йўлга отланмоқ керак, бунга эса умрингни сарфласанг арзийди…”

“…Кибрсиз кишилардан ташкил топган жамият ривожланмай, яна қайси жамият ривожлансин?! Тараққиётнинг сири, эҳтимол, айнан шундадир…”

“…Тарихни фақат тарих бўлгани учун ўқимаслик, балки ундан келажак учун кўприк ясаш лозимлигидир…”

Бу мушоҳадалар ўқиётган, уқаётган, изланаётган ва ҳайратлар оғушидаги Мардонбекнинг дунёни англаш сари мардона битилган мушоҳадаларидир.

Мардонбек сийратидаги зеҳн ва самимийлик Хитойдалик вақтида асқатган ва унга унчалик қийинчилик туғилмаган деса бўлади. Сафардан келганидан сўнг эса хитой тили, ёзувини ўрганишга жазм қилгани, Хитойга оид ўтмишу бугунда неки воқелик, жараён бўлса, кузатаётгани унинг ҳақиқий хитойшунос бўлишидан дарак беради.

Боя таъкидлаганимдек, ёзиш услуби ва воқеликни тасвирлаши эссе жанрига хос. Бу эса муаллифнинг иқтидори ва ёзиш қобилияти юксаклигини англатади. Шу туфайли Мардонбекдан вақт ўтиб, худди Миркарим Осим сингари тарихий мавзулардаги қисса ва ҳикояларни ҳам мутолаа қилиб қолсак, ажаб эмас. Сафарлар ва саёҳатнома битиклари эса давом этаверишини тилаб, ҳайратлар тарк қилмасин деб қоламан.

Умид БЕКМУҲАММАД,

Хоразм Маъмун академияси

катта илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + 16 =