Елкадаги юк залвори

ёхуд масъулият, маҳорат ва меҳр-оқибат билан уйғун ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Ашурали Жўраев ҳақида дил сўзларим

Аксарият касб ва ҳунар эгалари битта устоз қўлида тарбия топиш асносида ўз соҳасининг етук мутахассиси даражасига чиқиши мумкин. Аммо санъаткор, адиб ва журналист каби ижодкор аҳли учун устозларнинг кўп бўлгани яхши. Фаолиятда серқирраликка эришиш истаги шуни тақозо этади. Аҳамият берилса, улар ўзидан олдинги авлод вакилларига “устоз” деб мурожаат қилади. Бу бежиз эмас. Ёшлар ўзидан бир-икки кўйлак кўпроқ тўзитган ижодкордан нимадир олиши мумкин ва олиши ҳам керак.

“Ижодкорни элга қалам танитади. Унинг обрў-эътибори, мансаби, мукофоти ҳам қалам. Худо ҳеч вақт қаламдан айирмасин”. Бу айни шу сифати билан халқ ҳурматини қозонган адиб Ашурали Жўраевнинг ўзи садоқат кўрсатиб келаётган қаламидан тўкилган дурдона битиклар жамланган “Саҳифага сиғмаган сатрлар” китобидаги қайдлардан бири. Дарҳақиқат, эл таниган ижодкор борки, қўлидаги ана шу “қурол”ига содиқ қолгани учун ҳам бугун устозлик мақомига эришган.

Ашурали ака журналист, ёзувчи, санъатшунос сифатида кўпларнинг устози. Кимларгадир қандай ёзиш, мақолани қандай таҳрир қилиш ёки қайта устидан кўриб чиқиш, баён қилиш, имло ва услубий хатолар билан ишлаш, мақола сюжети, композицияси, йўналиши, услубини такомиллаштириш бўйича бевосита сабоқ берган, ўрнак бўлган. Камина ҳам журналистика оламига кириб келган кезларим соҳамизнинг ўнлаб дарғалари қатори устознинг ёзганларини ўқиб, мутолаа қилиб, озми-кўпми бу нарсаларни бевосита бўлмаса-да, билвосита ўрганганман.

Ашурали акани серқирра ва сермаҳсул ижодкор дегим келади. Негаки, унинг ижодида қамраб олинган йўналишлар кўлами анча кенг. Устознинг бадиий асарлари ҳам ўзгача олам. Уларни мутолаа қилиб завқланасиз, унинг ичига шўнғиб кетганингизни сезмай қоласиз. Воқеани китобхонга содда ва равон тилда, баъзида юмор орқали осон етказиш услуби ўзига хос. “Юрак бўронлари”, “Сенга кўнгил берсам”, “Виждон қўнғироғи”, “Саҳифага сиғмаган сатрлар”, “Конверт одам” каби китобларини қайта-қайта ўқиш мумкин.

Ҳаётимизда шундай инсонлар бўлади, улар нафақат ўз касби билан, балки инсоний фазилатлари билан ҳам юксак ҳурмат қозонади. Бизнинг устоз ана шундай зиёлилардан — ижодкор, ёзувчи ва журналист сифатида нафақат қалам аҳли орасида, балки шогирдлари қалбидан ҳам чуқур жой олган инсон. Ашурали Жўраевдан билвосита ўзлаштирган журналистика соҳасининг айрим сир-асрорлари ҳақида юқорида айтдим. Бевосита у кишидаги мен ўзимга юқтиришга ҳаракат қилаётганим бир фазилати ҳақида ҳам гапирмасам бўлмас:

Бу — оқибат, одамийлик! Устоз оқибат кўрсатиш бўйича эталон. “Устоз-шогирд” анъанасининг содиқ ва беминнат давомчиси. Мақтовга берилиб кетганга йўйманг-у, устозларига қандай меҳри, эътибор ва оқибати баланд бўлса, шогирдларига кўрсатадиган муруввати ҳам ундан кам эмаслигига кўп бор гувоҳ бўлганман.

Ашурали аканинг даврий матбуотда жамият муаммолари, санъат ва маданий ҳаётга оид ўткир мақолаларини ҳавас билан кузатиб, уни сиртдан билган пайтларим мактабнинг юқори синфида ўқиётган давримга тўғри келади. Отам бошқа соҳа кишиси бўлса ҳам, мендан аввал у киши билан яқиндан таниш, ҳамфикр бўлган. Гап шундаки, ўтган асрнинг 80-90-йиллари аксарият таҳририятлар ўз фаолиятини “Шарқ” нашриёт-матбаа концерни билан ҳамкорликда олиб борган. Газета-журналларни чоп этиш жараёни билан боғлиқ қоғоз, адад, нашрларни обуначи ёки сотувга етказиб бериш, раҳбарият ва ходимларга транспорт хизматини кўрсатиш ва бошқа айрим масалалар бевосита ушбу йирик матбаа корхонаси орқали амалга оширилган.

Отам — Қобилжон Маҳмудов узоқ йиллар “Шарқ” нашриётида ҳайдовчилик қилган. Турли таҳририят бош муҳаррирлари ва ўринбосарлари билан ишлаган. Китоб, газета ўқиш жону дили бўлгани, самимий феъли билан кўпчилик қалам аҳлининг ҳурматини қозонган. Пенсия ёшига етганда меҳнат фахрийси мақомида нафақага чиққан. 1987-88 йиллар бўлса керак, бир куни “Тошбақалар пойгаси” деган унча қалин бўлмаган китоб кўтариб келдилар. Қарасам, Ашурали Жўраевнинг “Ҳурматли Қобил акага эзгу тилаклар билан муаллифдан”, деган дастхати ҳам бор. Китобчани катта қизиқиш билан ўқиб чиққан эдим.

Ашурали ака ҳар гал телефон орқали суҳбатлашсак ёки юзма-юз кўришган пайтларимиз, албатта, отам ҳақида яхши гаплар билан бирга ишлашган кезларини эслайди, соғлиқларини сўрайди, салом айтади. Мен ҳам у кишининг аввалги саломига жавобан отамнинг алик ва йўллаган дуоларини етказаман.

Устоз шундай — ҳар бир шогирдига алоҳида эътибор билан ёндашади, уларни қўллаб-қувватлайди, илҳомлантиради. Нафақат унинг иши ва ижоди, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши билан қизиқади, балки оилавий қувонч ва ташвишларига шерик бўлади. Шунинг учун ҳам бугун шогирдлари турли соҳаларда фаолият юритиб, устознинг номи ва ўгитларини шараф билан давом эттириб, унинг юзини ёруғ қилиб келяпти.

Ашурали ака ўз ижод йўли давомида кўплаб мақола ва асарлар ёзиб, жамиятдаги муҳим масалаларни ёритиб келмоқда. Унинг ҳар бир битган сўзида чуқур маъно, ҳаётий тажриба ва инсонпарварлик руҳи мужассам. Ёзувчи сифатида у қалбларга йўл топа олган бўлса, журналист сифатида ҳақиқатни айтишдан ҳеч қачон чекинмайди. Зеро, журналист учун энг муҳим фазилат — ҳақиқатга, ҳақ сўзга содиқлик. Ашурали Жўраев ана шу тамойилга умр бўйи амал қиляпти.

Қаранг, унинг “Юрак бўронлари” ҳужжатли қиссаси 1989 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида эллик минг нусхада чоп этилган ва қисқа муддатда китобхонларнинг севимли асарига айланган эди. Кўпчилик яхши билади, унда ўзбек миллий эстрада санъати асосчиси, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров ҳаёти ва фожиали тақдири таъсирчан тасвирланган. Афсуски, 20-25 йиллар аввал буюк санъаткорга эътибор қандайдир сабаблар билан сусайди, соҳа вакиллари ва бир-икки фидойи қалам аҳлидан бошқа ҳеч ким катта истеъдод соҳибини эсламай, эътибор қаратмай қўйди.

2020 йилга келиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бу кемтикка барҳам берди. Шу йил 2 декабрь куни “Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор туфайли ҳақиқат яна юзага чиқди. Буюк санъаткорнинг ўлмас хотираси қайта тикланди. Узоқ йиллар унутилган фарзанд яна она Ватани бағрида қад ростлади: унга маҳобатли ҳайкал қўйилди. Ҳайкални эса мухлисларнинг меҳр ва соғинч гуллари буркади… Ботир Зокиров номидаги миллий эстрада санъати институти фаолият бошлади.

Халқимизнинг суюкли санъаткори Ботир Зокиров номи, аввало, таниқли адиб Ашурали Жўраевнинг “Юрак бўронлари” ҳужжатли қиссаси туфайли яна санъат мухлислари тили ва дилига тушди. Санъаткор таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан ёзувчи Ашурали Жўраев ушбу асарни қайта ишлаб, янги маълумотлар билан бойитиб, маърифий романга айлантирди.

Устоз Ашурали Жўраев Ботир Зокировнинг 50, 60, 70, 80 йилликлари нишонланмагани ҳақида куюниб гапиради. Президентимизнинг фидойилиги, жасорати туфайли Ботир Зокировнинг ҳаёти ва ўлмас ижоди мангу ёруғликка чиққанидан болаларча қувонади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Журналистлар ҳамда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фаол ва фидойи ижодкор Ашурали Жўраевдан ўрганадиган жиҳатларимиз ҳали жуда кўп. Унинг ижодий салоҳияти ҳали узоқ йиллар ўзининг тотли меваларини беришда давом этади ва барчамиз ўқувчи ҳамда китобхон интиқиб кутадиган, завқу шавқ билан мутолаа қиладиган китоб ва мақолалар кўринишида ушбу мевалар мазасидан баҳраманд бўламиз. Устознинг елкасидаги масъулият, маҳорат ва меҳр-оқибат юки шуни тақозо этади.

Нодир МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + sixteen =