Ҳақиқат ва эзгуликка интилиб…

Орамизда шундай одамлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими ва салоҳияти, балки қалб қўри-ю меҳрини ҳам бахшида этади. Касбига бўлган садоқати ва фидойилиги туфайли эл-юрт орасида обрў-эътибор топади.

Ана шундай инсонлардан бири — мана 14 йилдирки, “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталарига раҳбарлик қилиб келаётган Баҳодир Назаровдир.

Баҳодир Назаров журналистлик фаолиятини вилоятнинг бош нашри — “Жиззах ҳақиқати” газетасида бошлади. Мухбир, катта мухбир, бўлим мудири, бўлим муҳаррири ҳамда масъул котиб вазифаларида фидойилик билан ишлаб, қалами ўткир ва шижоатли журналист сифатида эл-юртга танилди.

Вилоят ҳокимлигида масъул вазифаларда — референт, бош мутахассис, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси лавозимларида самарали фаолият кўрсатиб, вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшди.

2012 йилда Баҳодир Назаровнинг ҳаётида янги давр бошланди. Тажрибали мутахассис “Жиззах ҳақиқати” — “Джизакская правда” газеталарига бош муҳаррир этиб тайинланди. Ана шу кундан бошлаб таҳририят унинг иккинчи уйига айланди, десак, муболаға бўлмайди. Бош муҳаррирнинг ташаббускорлик ва ташкилотчилик қобилияти айнан шу йилларда янада ёрқинроқ намоён бўлди. Бу давр мобайнида у воҳада ўзига хос журналистика мактабини ярата олди. Газеталарнинг мазмун-мундарижаси тубдан ўзгариб, дизайни янгиланди. Таҳририят иш жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилди. Замонавий рақамли таҳрир тизими йўлга қўйилиб, газеталарнинг веб-сайти ва Телеграм канали ташкил қилинди. Замон билан ҳамнафас ҳолда ишлаётган газеталарнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий веб-сайти — “jizzaxnews.uz” ҳамда Телеграм канали — “t.me/jizzaxnews_press” фаолияти йўлга қўйилди. Газеталарнинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаоллаштирилиб, онлайн контент тайёрлаш ҳамда тезкор ахборот тарқатиш амалиётига ўтилди.

Таҳририят ўз студиясига ҳам эга бўлди. Унда турли видеоматериаллар, давра суҳбатлари, долзарб мавзуларда интервьюлар ҳамда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ватандошларимиз ҳақида кўрсатувлар тасвирга олиниб, Телеграм каналида намойиш этиб борилмоқда. Шунингдек, таҳририят замонавий компьютер техникаси, фото ва видеоускуналар ҳамда мобиль журналистика воситалари билан таъминланди. Рақамли архив яратилди ва материаллар базаси шакллантирилди.

Газеталар саҳифаларида кўплаб янги рукнлар ташкил этилиб, вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, янгиланиш ва ўзгаришлар, муаммолар атрофлича ёритилди. Таҳририятдаги ҳар бир ходим янгича ишлаб, креатив фикрлай бошлади. Натижада газетхонлар севиб мутолаа қиладиган публицистик жанрдаги ва танқидий-таҳлилий мақолалар кўпайди.

Бугунги кунда юртдошларимиз мазмундорлиги ва долзарблиги ошган, сифат жиҳатдан ўзгарган газеталарни севиб мутолаа қилмоқдалар. Вилоят нашрларининг республикадаги энг етакчи газеталар қаторидан ўрин эгаллашида, албатта, соҳа фидойисининг хизматлари беқиёс.

Шу ўринда Б.Назаровнинг ташаббускорлиги ва ташкилотчилигини эслаб ўтиш жоиз. Узоқ йиллар давомида таҳририят жойлашган “Матбуот уйи” биноси таъмирга муҳтож аҳволда эди. 2018 йилда бош муҳаррирнинг саъй-ҳаракати билан “Матбуот уйи” биноси тўлиқ таъмирланиб, замонавий кўринишга эга бўлди. Таҳририят ходимлари кенг ва ёруғ хоналарда, қулай иш шароитларида ишлай бошладилар. Ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди, фахрийларни қўллаб-қувватлаш ишлари намунали йўлга қўйилди.

Бугунги кунда Баҳодир Назаров ёш журналистларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб, уларга ғамхўрлик қилиб келмоқда. Таҳририятда “Устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилган. Устоз журналистлар ёшларга ижодий тажрибаси ва маҳоратини ўргатиб келмоқдалар. Шунингдек, таҳририят қошида журналистика соҳасига қизиқувчи ёшлар учун маҳорат дарслари ва ёш ижодкорлар мактаби ташкил этилган. Жиззах шаҳридаги Қозон федерал университети филиалининг журналистика факультети ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Нуфузли университет филиалининг талабалари ҳар йили таҳририятда амалиёт ўташади. Ёш ижодкорлар мактаби ўқувчилари билан ижодий учрашувлар ва “Маҳорат дарслари” ўтказиб келинмоқда. Бугунги кунда Б.Назаровнинг шогирдлари республика нашрлари ҳамда ахборот хизматларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Таҳририят сўнгги 5 йил давомида Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда ғолиб чиқиб, 4 марта грант маблағларини олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, Б.Назаров муаллифлигида “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари чиқа бошлаганининг 40 йиллигига “Қайноқ ҳаёт солномаси”, 50 йиллиги муносабати билан эса таҳририятда ишлаб кетган ва ҳозирда фаолият юритаётган ижодкорлар ҳаёти ва фаолиятига оид “Ҳаёт билан ҳамнафас” номли китоблар чоп этилди.

Б.Назаров Халқ депутатлари вилоят кенгашининг депутати, Кенгашнинг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси сифатида ҳам кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда. Унинг депутатлик фаолияти бевосита сайловчиларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ. Ўтган даврда депутат ўзи сайланган 23-Зафаробод туман округи ҳудудида кенг кўламли ишларни амалга оширди.

Зафаробод туманидаги “Тинчлик” ва “Чўллигулистон” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастурига мувофиқ ички йўллар тўлиқ реконструкция қилинди. Зафаробод туманини Пахтакор тумани билан боғлаб турувчи йўл қайта таъмирланди. Депутатнинг саъй-ҳаракати билан тумандаги “Бирлик” ва “Чўллигулистон” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида лотоклар қурилиб, аҳоли томорқалари оқар сув билан таъминланди. Бундан ташқари, депутатлик сўровлари натижасида туманда аҳолини газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминлаш, ободонлаштириш масалалари ҳал этилди. Айни пайтда у Зафаробод туманини “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги ҳудудга айлантириш бўйича комплекс ишларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда.

Баҳодир Назаровнинг соҳа ривожига қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. Бугун унинг кўксини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10, 25 ва 30 йиллиги ҳамда “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари безаб турибди.

Баҳодир Назаров — оилапарвар инсон. У турмуш ўртоғи Манзура Назарова билан уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Фарзандлари олий маълумотли бўлиб, турли соҳаларда самарали фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Неваралари эса уларнинг ардоғида тарбия топмоқда.

Шу йиллар мобайнида у ҳаёт йўли ёшларга ибрат бўлган устоз журналист, эл-юрт ҳурматига лойиқ инсон бўлиш бахтига муяссар бўлди. Устоз журналистга: “Ана шундай жўшқин меҳнатдан чарчаманг, ҳар доим фарзандларингиз, невараларингиз, шогирдларингиз ва ҳамкасбларингиз қуршовида бўлинг”, — деймиз. Эл-юрт хизмати йўлидаги серқирра фаолиятингизда омад ёр бўлсин! Янги Ўзбекистонимиз ва унинг журналистикаси учун бундан буён ҳам астойдил хизмат қилишга камарбаста бўлиб юришингизга тилакдошмиз.

Васил ИЛЁСОВ,

“Жиззах ҳақиқати” газетаси

бўлим муҳаррири.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =