Дуал таълим – касб ва технологияни боғловчи стратегик кўприк

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон капиталига сармоя киритиш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ва олий таълим сифатини халқаро даражага олиб чиқиш масалалари турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишларда, қабул қилинаётган қарор ва фармонларда таълим тизимини иқтисодиёт тармоқлари билан чамбарчас боғлаш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам энергетика соҳаси учун замонавий билимга, юқори касбий малакага ҳамда амалий кўникмаларга эга муҳандис кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу вазифалар нафақат энергетика соҳаси, балки бутун олий таълим тизими олдига мутлақо янги талабларни қўймоқда. Бугунги меҳнат бозори энди шунчаки дипломли мутахассисни эмас, балки биринчи иш куниданоқ ишлаб чиқариш жараёнига мослаша оладиган, замонавий технологияларни бошқарадиган ва муаммоларни мустақил ҳал қилиш қобилиятига эга кадрларни талаб этмоқда.

Демак, олий таълим муассасаларининг асосий вазифаси энди фақат назарий билим бериш билангина чекланмайди. Университет талабани иш жойига тайёр мутахассис сифатида етказиб бериши лозим. Ана шу эҳтиёж дуал таълим тизимини жорий этишни давр талаби даражасига олиб чиқмоқда.

Дуал таълим — бу шунчаки оддий амалиёт эмас, балки таълимнинг янги фалсафаси, университет ва ишлаб чиқаришнинг ягона мақсад йўлидаги ҳамкорлигидир. Ушбу тизимда талаба бир вақтнинг ўзида ҳам университетда назарий билим олади, ҳам корхонада амалий фаолият юритади. Натижада билим ва амалиёт ўртасидаги узилиш барҳам топади. Талаба ўқиш даврининг ўзидаёқ меҳнат муҳитини ҳис этади; жамоада ишлаш, масъулиятни зиммага олиш ҳамда технологияларни амалда қўллаш каби муҳим компетенцияларни шакллантиради.

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси бу йўналишнинг нечоғлиқ самарали эканини яққол намоён этмоқда. Айниқса, Германия Федератив Республикасида дуал таълим нафақат касбий таълим, балки муҳандислик ва техник олий таълимнинг ҳам асосий устунларидан бири ҳисобланади. Мазкур мамлакатда иш берувчилар, университетлар ва давлат ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкам ҳуқуқий ва иқтисодий механизмлар асосида ташкил этилган. Шу боис Германия саноати учун тайёрланаётган кадрлар меҳнат бозори талабларига тўлиқ жавоб беради.

Яқинда Ўзбекистон олий таълим муассасалари раҳбарларидан иборат делегация таркибида Германия Федератив Республикасида бўлиб, ушбу тизимнинг амалий самарадорлигини бевосита ўрганиш имкониятига эга бўлдик. Мюнхен ва Юқори Бавария Ҳунармандчилик палатаси, Франкфурт шаҳридаги “MHT Mold & Hotrunner Technology AG” корхонаси, Потсдам амалий фанлар университети ҳамда бошқа нуфузли муассасаларда ташкил этилган учрашувлар бизга бир ҳақиқатни яна бир бор англатди: рақобатбардош университет, аввало, рақобатбардош ишлаб чиқариш билан ҳамнафас яшайди.

Германияда талабаларнинг катта қисми айнан дуал таълим орқали мутахассис бўлиб етишади. Университетда олинган ҳар бир назарий билим корхонадаги амалиёт орқали мустаҳкамланади. Ҳар бир лаборатория машғулоти ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этилади, илмий тадқиқотлар эса корхоналарнинг аниқ муаммоларини ҳал қилишга қаратилади. Бу эса университетни иқтисодиётнинг ҳақиқий драйверига айлантиради.

Сафар давомида эришилган келишувлар Фарғона давлат техника университетида ҳам дуал таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича янги имкониятларни очди. Хусусан, Германиянинг қатор университетлари ва саноат корхоналари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, малака ошириш, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди. Энг муҳими, биз Германиядан тайёр моделни эмас, балки унинг асосий тамойилларини олиб қайтдик. Чунки ҳар бир мамлакат ўзининг иқтисодий эҳтиёжлари ва миллий таълим тизимидан келиб чиққан ҳолда дуал таълимни шакллантиради. Бизнинг вазифамиз эса ушбу илғор тажрибани миллий шароитимизга мослаштиришдан иборат.

Айни пайтда Фарғона давлат техника университетида бу борада аниқ амалий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда энергетика йўналишида таҳсил олаётган 3-4-босқич талабалари учун дуал таълим элементлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Эндиликда талабалар электр тармоқлари, подстанциялар ва замонавий энергетика объектларида ўз мутахассислиги бўйича ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита қатнашиб, назарий билимларини амалиёт билан бойитиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Шунингдек, Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти билан ҳам дуал таълимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида 30 нафар талабанинг ишлаб чиқариш амалиётини тизимли ташкил этиш, газ таъминоти соҳасининг долзарб муаммолари бўйича қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган юқори малакали муҳандис кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, талабаларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ва самарали ўтказишини таъминлаш мақсадида улар билан меҳнат шартномалари имзоланиб, ҳақ тўланадиган ишлаб чиқариш амалиётига жалб этилди. Бу эса ёшларнинг ўз мутахассислиги бўйича амалий тажриба орттириши, меҳнат жамоасига мослашиши, касбий кўникмаларини мустаҳкамлаши ва келгусидаги меҳнат фаолияти учун зарур компетенцияларни эгаллашига хизмат қилмоқда.

Бу ташаббуслар фақат битта университет ёки битта тармоқ манфаатигагина қаратилган эмас, балки мамлакатимизда олий таълим мазмунини тубдан ўзгартиришга хизмат қилади. Чунки келажак университетлари шунчаки диплом берувчи муассаса эмас, балки иқтисодиёт учун янги технологиялар, инновацион ғоялар ва юқори малакали кадрлар етказиб берувчи интеллектуал марказга айланиши лозим.

Бугун энергетика, машинасозлик, қурилиш, кимё, ахборот технологиялари каби барча техник соҳалар жадал ривожланмоқда. Бу соҳаларга кечаги билим билан эмас, эртанги технологияларни бошқара оладиган мутахассислар керак. Бу вазифани эса дуал таълимсиз тўлиқ ҳал этиб бўлмайди. Шу маънода, дуал таълим — давр талабидир. У олий таълимнинг сифати ва нуфузини оширади, битирувчиларнинг бандлигини таъминлайди, иш берувчиларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжини қондиради ҳамда университетларнинг иқтисодиёт билан алоқасини мустаҳкамлайди. Энг муҳими, мамлакат тараққиёти учун инсон капиталини янги босқичга кўтаради.

Университет жамоаси Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни амалга ошириш, Германиянинг илғор тажрибасини миллий таълим тизимига мослаштириш, дуал таълимни янада кенгайтириш ва ишлаб чиқариш билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлида барча имкониятларини сафарбар этади. Зеро, Янги Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш жараёнининг бош мақсади ҳам ана шундай — билимни амалиёт билан, касбни замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган, ўзгариб бораётган меҳнат бозори талабларига мос ва рақобатбардош авлодни тарбиялашдир. Бугун дуал таълимнинг изчил жорий этилиши, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилаётгани, илм-фан ва инновацияларнинг амалиёт билан уйғунлашаётгани ушбу мақсадларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.

Энг муҳими, бу жараёнда талаба оддий таълим олувчидан замонавий касб эгасига, касб эгасидан эса янги технологияларни яратиб, уларни бошқара оладиган мутахассисга айланиб бормоқда. Бу эса биз кўзлаётган тараққиётнинг энг муҳим натижасидир.

Янги Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш натижасида “Муваффақият формуласи: билим – касб – технология” занжири тобора ҳаётда ўзининг амалий ва самарали ифодасини топмоқда. Бу занжирнинг ҳар бир бўғини мустаҳкам бўлса, мамлакатимиз иқтисодиёти учун зарур бўлган янги авлод мутахассислари, муҳандислари ва замонавий касб эгалари камол топади. Бугун биз қураётган таълим тизими — эртанги тараққиёт пойдеворидир. Ана шу пойдевор қанчалик мустаҳкам бўлса, Янги Ўзбекистоннинг келажаги ҳам шунчалик фаровон ва барқарор бўлади.

Рустам ТОЖИЕВ,

Фарғона давлат техника университети ректори,

техника фанлари доктори,

профессор.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + twenty =