“Ҳақиқат чойхонаси”га марҳамат!

Кулгининг кулгидан фарқи бўлади. Бири бир лаҳза кулдиради-ю, кейин унутилади. Яна бири эса лабга табассум, қалбга оғриқ бўлиб кўчади. Бундай кулгида одам устидан эмас, иллат устидан кулинади. Ана шундай кулги адабиётга айланади.

Таниқли журналист, устоз Тўхтамурод Ҳасанбоевнинг яқинда чоп этилган “Ҳақиқат чойхонаси” номли китобини қўлга олиб, кўнгилдан шу гаплар кечди. Ёлғонга не ҳожат, мен уни яхлит китоб ҳолида ўқиганим йўқ, чунки ундаги мақолаларни ўз вақтида газета саҳифаларида обдан хатм этганман. Турли мавзу ва турфа жанрларда битилган мақола, эссе, очерк, ҳажв ва фельетонларнинг ягона умумий хусусияти шундаки, уларни муҳаррирлик йилларим “Тошкент ҳақиқати” газетаси таҳририятида нашрга тайёрлаб, чоп этганмиз. Китобнинг масъул муҳаррири сифатида камина ходимингиз номи зикр этилганининг боиси ҳам шундадир.

“Бола бошидан” деганларидек, ўқишли китоб ҳам илк саҳифаларидан маълум бўлади. Йўқ, менимча, яхши китоб номидан ҳам ишора бера олади. “Ҳақиқат чойхонаси” номи ҳам ана шундай топилмалардан. Бир қарашда оддий эшитилади. Аммо китобни мутолаа қилиб бўлганингиздан кейин англайсизки, муаллиф бу номни бежиз танламаган.

Биласиз, халқимиз ижтимоий ҳаётида чойхона алоҳида маданий ҳодиса ҳисобланади. Чойхона — фақат чой ичиладиган жой эмас. У ерда одамлар дунёнинг жамики қувонч ва ташвишларидан гурунг қилади, баҳслашади, кулишади, яйрайди. Бу ерда Украина ва Россия урушининг асл сабаблари ҳам, Исроил ва Фаластин можаролари ҳам, Муниса Ризаеванинг оиласи ҳам муҳокама марказида бўлиши мумкин.

Чойхона суҳбатларида ҳақиқат ҳам бўлади, ҳазил ҳам. Минбарда ёки телевизорда айтиб бўлмайдиган гаплар ҳам айнан чойхонада айтилади. Шу маънода чойхонани халқнинг эркин минбари, деса ҳам бўлаверади.

Яна чойхўрлар ҳам турлича, денг. Бу ерга деҳқон ҳам келади, ўқитувчи ҳам, журналист ҳам, ҳоким ҳам, нафақахўр ҳам. Китобнинг қаҳрамонлари ҳам худди шундай: тилшунос ҳам, шифокор ҳам, рассом ҳам, фермер ҳам, кутубхоначи ҳам, санъаткор ҳам, маҳалла фаоли ҳам, оддий фуқаро ҳам “Ҳақиқат чойхонаси”да чордана қурган…

Шунданми, китобда қайноқ ҳаётнинг турли овозлари эшитилади. Муаллиф давранинг тўрига чиқиб олиб, ҳаммани оғзига қаратувчи маҳмадона косагул эмас, бир чеккада жимгина кузатиб ўтирган оқил тингловчи каби намоён бўлади. Шекспирнинг “Донолар ҳаётни кузатурлар жим” деган гапи шу жойга жуда мос тушади.

Хуллас, муаллиф китобига бу номни танлар экан, ўзи билибми-билмайми, китобнинг асл моҳиятини ифодалаб қўйган. Ҳаммаси ишонарли, рост гаплар, бирор лавҳада сохталик йўқ. Шу боисдан  ҳам бу чойхонанинг номи “Ҳақиқат”. Қолаверса, бу номда тагдоргина рамз ҳам мужассам. Боя айтганимиздек, чойхонанинг палови “Тошкент ҳақиқати” газетаси қозонида пишган-да…

Муаллиф мақсадни оддий ҳаётий воқеалар орқали ифода этади. У кўчадаги нотўғри ёзувларни танқид қилиш орқали ҳам, қаровсиз бинода яшаб юрган итлар ҳақида ёзиб ҳам, газета ўқимай қўйган жамият борасида ёзғириб ҳам бизга кўзгу тутади.

Тўхтамурод акани таниганлар, ҳамсуҳбат бўлганлар билади: жуда улфатижон, шинаванда инсон. Ҳаётнинг жуда кўп мураккаб жабҳаларига ҳам кулги билан қарай олади. Аммо бу кулги асло енгилтакликдан туғилмайди. Унинг ортида қирқ йиллик журналистик тажриба, халқ ичида юриш, одамларни кузатиш ва ҳаётнинг аччиқ-ширинини қалбдан ўтказиш кўникмаси мужассам. Шу боис китобдаги деярли ҳар бир ҳажвий лавҳа ортида жиддий ҳаётий дард яширинган.

Масалан, “Нақлиётга кўнмаган келин” номли мақолада давлат тили ҳақидаги жиддий муаммо ҳаётий бир вазият воситасида очиб бериладики, у, назаримда, минбарлардаги соатлаб давом этадиган маъруза ёки оддий бир куюнчак мақоладан кўра анча самарали таъсир кучига эга.

Хабарингиз бўлса керак, бир неча йил аввал атамашунос устозларимиз ва тилшуносларимиз русча “автомобиль”, “машина” ўрнига “нақлиёт” сўзини қўллашни зўр бериб тиқиштиришган бўлса-да, жамият бу таклифни мутлақо қабул қилмади.

Мақолада йигитнинг бўлажак ёрига: “ФҲДЁга ариза беришимиз лозим экан, нақлиётни қачонга чақиртирай?” деган гаплари дафъатан кулги уйғотади, аммо шу кулги ортида баъзан сунъийлашиб, бачканалашиб кетаётган тил ислоҳотлари манзилига жуда тагдор эътирозлар йўлланади.

Бу ерда муаллиф ҳеч кимни ҳақорат қилмайди, бирор фикрни зўрлаб қабул қилдирмайди. Аксинча, вазиятнинг ўзи кулгига айланади. Китобдаги деярли барча лавҳаларда ана шу услуб сақланади.

Китобни ўқир экансиз, улуғ устозларнинг ҳаёт борасидаги синчков кузатувчанлиги ва самимияти, “Муштум” мактабининг халқона кулгиси ҳамда замонавий публицистиканинг тезкор нафаси бир нуқтада учрашгандек таассурот уйғонади.

Тўпламнинг яна бир фазилати шундаки, ундаги деярли ҳар бир лавҳада кулги мақсад эмас, восита вазифасини бажаради. Муаллиф ўқувчини табассумга чорлайди, аммо ўша табассум ортидан унга кўзгу тутади, ўзини ўзи билан юзлаштиради.

Бугунги кунда юмор ёзиш ҳам майнабозчилик бўлиб кетгандек. Чунки ижтимоий тармоқлар бир кунда юзлаб латифа, минглаб кулгили видеоларни тарқатади. Аммо уларнинг аксарияти эртанги кунга ўтмай эскиради.

Ҳақиқий ҳажвнависнинг қуроли истеҳзо эмас, аниқ деталдир. Муаллиф ана шу детални топишни яхши билади. Масалан, шаҳар кўчаларидаги “Чиқиш эҳтиёт йўли”, “Пирашкига ишга оламиз”, “Ҳақиқий сизни севамиз” каби ғализ таржималар ҳақида ёзаркан, уларни оддий тил хатоси сифатида эмас, маънавий ҳодиса сифатида талқин қилади. Хатонинг устидан кулади, хатога йўл қўйган инсоннинг устидан эмас.

Тўпламга киритилган материаллар жанр жиҳатидан турлича: публицистик мақолалар, суҳбатлар, хотиралар, фельетонлар, ҳажвий шеърлар, кичик миниатюралар, ҳатто афористик қайдлар ҳам бор. Бир қарашда бундай хилма-хиллик китобнинг яхлитлигига халал бериши мумкин эди. Аммо қизиғи шундаки, китоб тарқоқ туюлмайди. Уни бирлаштириб турган кўринмас ип бор. Бу ип — муаллифнинг дунёқараши.

У, масалан, Эргаш Каримов ҳақида ёзадими, давлат тили ҳақида баҳс очадими ёки оддий бир эълондан кулги ясайдими — ҳаммаси яхлит бир мақсад негизида қурилади: миллат маънавияти!

Шунинг учун ҳам китобнинг бош қаҳрамонлари муайян кишилар эмас, бутун бир жамиятнинг ўзидир. Кулги, ҳажв тиғига олинган манба бир ўринда саводсиз таржимон қиёфасида намоён бўлса, бошқа бир ўринда одамларга саломатлик улашишни умр мазмунига айлантирган шифокор тимсолида гавдаланади. Яна бошқа бир жойда китоб ўқимай қўйган зиёли, яна бошқа ерда саҳна маданиятини йўқотаётган санъаткор сифатида кўринади.

Адабиётда услуб ҳақида кўп гапирилади. Аммо услубни фақат чиройли гаплар, нозик ташбеҳлар ёки ноодатий жумлалар билан, зўрма-зўраки яратиб бўлмайди. Ҳақиқий услуб ёзувчининг фикрлаш тарзидан шаклланади. Ўқувчи асар муаллифининг исмини кўрмасдан туриб ҳам унинг қаламини таниса, демак, ижодкор ўз овозини топган бўлади.

Тўхтамурод ака — ўз овозини топган журналист. Унинг ёзганларида публицистнинг ҳушёр нигоҳи, ҳажвнависнинг ўткир истеҳзоси ва адибнинг образли тафаккури бир-бирини тўлдириб туради. Бу қирралар у киши ишлаган нуфузли таҳририятлардаги улуғ устозлар шакллантирган маҳорат мактабларидан ўсиб чиққан.

Муаллиф жиддий ва муаммоли бир вазиятни айта туриб ёзади: “Шундай манзараларни кўргандан кейин ҳам виждонимиз қийналмаса, юрагимиз ёнмаса, биз киммиз ўзи?”

Бу популизм ёки патетикадан қурилган гап эмас. Муаллиф хулоса чиқармаяпти, айбдор қидирмаяпти, қозилик курсисига ўтириб олиб, жамиятни маҳкамага тортмаяпти. У фақат битта савол беряпти: хўш, биз киммиз ўзи?

Бу савол нега кўндаланг қўйилаётганини англаш учун китобдаги “Нақлиётга кўнмаган келин”, “Ўттиз йиллик ўкинч”, “Қиссанинг қиз боласи” каби ажабтовур сарлавҳали мақолаларни бирма-бир ўқиб чиқиш тавсия қилинади.

Журналистикада “Яхши сарлавҳа — ярим мақола” деган эски гап бор. Муаллиф буни яхши ҳис қилади. У сарлавҳани шунчаки мавзу ифодаси қилиб танламайди, балки бадиий воситага айлантира олади.

Ёзган мақоласида фикрни узундан-узун жумлалар билан берадиган ҳамкасбларимиз оз дейсизми? Улардан фарқли ўлароқ, Тўхтамурод ака битта аниқ деталь ёки биргина ўхшатиш билан катта манзарани чиза олади.

Масалан, бир мақоласида у газетхонликнинг таназзули ҳақида фалсафа сотмайди, фақат Пискент туманида вилоят газетасига бор-йўғи тўққиз киши обуна бўлганини айтади. Энг катта ҳақиқатлар ҳам кичик бир рақамга сиғади, дейди. Кейин шу рақамдан келиб чиқиб, бутун жамиятнинг маънавий аҳволини таҳлил қилади.

Дарвоқе, Тўхтамурод ака исталган бир жумладан, рақамдан ёки вазиятдан бирор ҳажвий рамз топа биладиган ижодкор. Ҳар қандай фикрни қочирим ёки кутилмаган ташбеҳ пардасига ўрай олади. Янада дангалроқ айтганда, бу киши лексик сўз ўйинлари устасидир. “Женьшень — фойдали доривор ўсимлик, женщина — юқоридагининг акси”, “Повесть — қисса, повестка — қиссанинг қиз боласи”, “Номер — рақам, ном. Эр — номига эр” каби латифавий таърифлар бир қарашда тасодифий каламбурдек туюлади. Аммо уларга диққат билан қарасангиз, бу ерда фақат товушлар ўйини эмас, ижтимоий муносабатларга нисбатан жўяли ҳозиржавоблик борлигини кўрасиз. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келаверадиган иш эмас.

Китобни ўқиш жараёнида яна бир хусусият кўзга ташланади: муаллиф ўқувчи билан доимо суҳбат қуради, ақл ўргатмайди. Аксинча, ёнма-ён кетаётган ҳамсуҳбатдек фикр юритади. “Қаранг-а…”, “Энди ўзингиз баҳо беринг…”, “Келинг, бир ўйлаб кўрайлик…” каби жумлаларнинг тез-тез учраши шундан. Бундай камтаринлик ҳам устоз журналистлар мактабига хос хусусиятдир.

Бу битиклардан мен топган яна бир фазилат — муаллифнинг одамларга ўта ишонишидир. Агар шундай бўлмаганида, эҳтимол, бу китоб ёзилмасди ҳам. Аслида, ҳажвнинг ўзи ҳам умиднинг бир кўриниши. Чунки инсон фақат тузалиши мумкин деб ўйлаган нарсасини ҳажв ёки танқид қилади. Муаллиф ҳар бир танқид ортига бир умидни яширади. Ҳар бир истеҳзо ортида эса одамларга муҳаббат ётади.

“Жуда мақтавордингиз, нима, бу китобда камчилик йўқми?” дегувчиларнинг ҳам кўнгли қолмасин, айтайлик. Китоб, албатта, муайян нуқсонлардан холи эмас. Лекин таъкидлаш жоиз: китобнинг фазилатлари унинг айрим камчиликларидан анча устундир. Шу боис қуйидаги фикрлар танқид эмас, балки китобнинг кейинги нашрлари учун адабий мулоҳаза сифатида қабул қилинишидан умидворман.

Энг аввало, китобнинг жанрий таркиби ҳақида. Тўпламга фельетон, эссе, суҳбат, хотира, публицистик мақола, ҳажвий шеър, миниатюра каби турли жанрлардаги материаллар киритилган. Бу, бир томондан, китобни ранг-баранг қилади. Ўқувчи зерикмайди, ҳар бир бўлим янги оҳанг билан бошланади. Бироқ айрим ўринларда ана шу жанрий хилма-хиллик композицион яхлитлик ҳиссини бироз сусайтирган, назаримда.

Масалан, тил сиёсатига бағишланган жиддий таҳлилий мақоладан кейин юмористик миниатюра ёки қочириқ келиши ўқувчини кескин бошқа руҳиятга олиб ўтади. Бу эса китобнинг ички драматургиясига жиндай соя солади. Агар материаллар мавзувий цикллар асосида жойлаштирилганда, китобнинг умумий таъсир кучи янада ортган бўлар эди.

Яна бир жузъий камчилик — китобда тарқоқ ва такрорий мотивлар борлигидир. Китобнинг турли қисмларида она тили, китобхонлик, журналист масъулияти, саҳна маданияти каби мавзулар қайта-қайта учрайди. Булар, албатта, муаллифнинг қалбига яқин мавзулар эканидан. Бироқ айрим фикрлар турли мақолаларда бир-бирига яқин оҳангда такрорланади.

Буни камчиликдан кўра публицистика табиатидан келиб чиққан хусусият дейиш мумкиндир, балки. Лекин кейинги нашрларда мавзуларни ички боғланиш асосида гуруҳлаш китобнинг композицион мустаҳкамлигини ошириши мумкин.

Шу билан бирга, китобда яна бир муҳим жиҳат борки, у баъзан китобнинг ўзида тўлиқ очилмай қолгандай туюлади. Бу — муаллифнинг лирик қирраси. Эргаш Каримов ҳақидаги хотира, Мажид Самадов ҳақидаги мақола, айрим шахсий кузатишларда муаллифнинг нафақат ҳажвнавис, балки кучли эссенавис экани ҳам кўринади.

Ўқувчи сифатида шу ўринларда беихтиёр ўйлайсан: кошки эди муаллиф бундай лирик-публицистик эсселарни янада кўпроқ берганида. Чунки айнан ана шу материалларда муаллифнинг қалами бошқача “югуради”.

Аммо юқорида айтилган мулоҳазалар китобнинг умумий қимматини заррача ҳам камайтирмайди. Аксинча, улар бир ҳақиқатни тасдиқлайди: бу тўплам — ижодий изланишдан бир зум ҳам тўхтамаган Тўхтамурод аканинг китоби!

Ана энди мавриди келди: яна бир гапни айтмасак бўлмас. Бугунги ўзбек матбуотида энг катта йўқотишлардан бири нима эканини биласизми? Мен айтай: бу фельетон жанрининг аста-секин саҳнадан тушиб бораётганидир. Бир пайтлар Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Неъмат Аминов, Худойберди Тўхтабоев, Саъдулла Сиёев, Жўра Саъдуллаев каби устозлар ва ўнлаб бошқа ўткир қалам эгалари бўлган журналистлар ижтимоий ҳаётдаги иллатларга қарши айнан фельетон деган кучли қурол билан курашган эдилар. Афсуски, кейинги йилларда фельетоннинг ўрнини қуруқ, кўпинча енгил-елпи, юзакироқ танқидий мақолалар эгаллади.

Фельетон — публицистиканинг энг мураккаб ва таъсирчан жанрларидан биридир. Хабар учун факт, мақола учун таҳлил кифоядир, балки. Лекин фельетон учун буларнинг ўзи етарли эмаслиги аниқ! Унда факт ҳам, композиция ҳам, юмор ҳам, тил маданияти ҳам, драматургия ҳам, энг муҳими, фуқаролик масъулияти ва шахсий жасорат ҳам бўлиши шарт. Шунинг учун ҳар қандай яхши журналист-мухбир фельетончи бўла олмайди.

Бу фикр китобнинг ўзида ҳам келган. “Муштум” журнали билан боғлиқ суҳбатда фельетон жанри ҳақида гап кетар экан, “Фельетон ўргатилмайди, ўрганилади”, деган муҳим мулоҳаза ўртага ташланади.

Тўхтамурод Ҳасанбоевнинг кейинги йиллардаги ижодий фаолияти ижтимоий тармоқлардаги сўзбозликлар замонида ҳам фельетон жанрининг яшашга ҳақли ва қодир эканини исботлайди. Китобда Ҳасанбоев фельетонларининг яхши бир намунаси берилибди. Бу “Белка” яқинда она бўлади” сарлавҳали митти бадиий лавҳадир.

Унинг биринчи жумласиёқ ўқувчини воқеа ичига олиб киради. Муаллиф космосга парвоз қилган тўрт оёқли машҳур вафо тимсоллари — Белка ва Стрелка ҳақида эслайди. Кейин эса Ангрен шаҳридаги қаровсиз қолган икки қаватли бинода “шоҳона ҳаёт кечираётган” дайди итларга ўтади. Бир қарашда бир-бирига мутлақо алоқасиз туюлган икки воқелик бадииятнинг таъсирчан кучи билан бир нуқтада туташади. Фельетоннинг муваффақияти ана шу кутилмаган композицион ечимда.

Фельетон давомида муаллиф бинонинг бу ҳолга келиши ва келтирилиши билан боғлиқ турли “расмий” сабабларни киноя билан санаб ўтади. Бир жойда бу бинода гўё келажакда декорациясиз фильм суратга олиш мумкинлиги ҳақида ҳазиломуз мулоҳаза қилса, бошқа ўринда эса бинога эгалик қилиб олган итларнинг “ҳуқуқи” инсонлар манфаатидан устун қўйилгандай манзарани чизади. Ва ниҳоят, фельетоннинг кульминацияси келади:

“…ҳамма қулайликларга эга қўш қаватли “қаср”да бир нечта итлар Ойга учган Белка ва Стрелкадек маза қилиб яшашяпти. Мутасаддилар бир марта уларни чиқариб юбормоқчи бўлишди, аммо раҳмлари келди. Чунки “Белка”нинг “бўйида” бор эмиш…”

Мана шу охирги жумлалар фельетон жанрининг классик талабларига тўлиқ жавоб беради. Уларда кулги бор, образли тафаккур бор, киноя бор, истеҳзо ҳам бор. Энг муҳими, ҳақиқат бор!

“Белка”нинг “бўйида” бор эмиш…”. Бу — охирги гап. Мана шу охирги гапдан материалнинг бош лавҳаси усталик билан саҳифага тортилади: “Белка” яқинда она бўлади…”. Сарлавҳани қаранг!

Муаллиф бирорта амалдорнинг фамилиясини тилга олмайди. Баландпарвоз айбловлар ҳам тиркамайди уларнинг елкасига. Аммо битта бадиий деталь орқали бутун бошли бошқарувдаги лоқайдликни фош қилади.

Билмаганлар бўлса эслатиб кетай: мана шуни журналистик маҳорат дейдилар!

Китобда мазкур фельетоннинг мантиқий давоми ҳам берилган.

Эсимда, “Тошкент ҳақиқати”да юқоридаги фельетон чоп этилганидан бироз вақт ўтиб, “Белканинг уйи куйди…” номли материал ҳам эълон қилган эдик. Унда аввалги фельетонда кўтарилган гаплар эслатилиб, қаровсиз қолган бинода ёнғин юз бергани ҳақида хабар қилинганди.

Бу икки материални ёнма-ён қўйиб ўқисангиз, журналистик кузатувнинг изчил бир намунасини кўргандек бўласиз. Ҳақиқий журналист нафақат танқид қилади, балки танқиднинг кейинги “тақдири”ни ҳам кузатади.

Бугунги журналистикада ана шу изчиллик тобора камайиб бораётганини ҳисобга олсак, бу ҳолат ёш ҳамкасбларимиз учун яхшигина маҳорат сабоғи бўла олади.

Айтайлик, ижтимоий тармоқдаги шов-шувли танқидий пост бир кун яшайди. Телеграмдаги муҳокама икки кундан кейин унутилади. Аммо яхши фельетон муайян бир вақт ва воқеа руҳини, таъбир жоиз бўлса, маънавий портретини акс эттириб турадиган бадиий ҳужжатдир.

Бинобарин, устоз журналистлар олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳам аслида шу: улар миллий публицистика мактаби анъаналарини ҳам сақлаб, ҳам сайқаллаб боришлари, бу улкан хазинадан ёш авлодни баҳраманд қилишлари, муносиб издошлар тарбиялашлари лозим.

“Ҳақиқат чойхонаси” китоби устоз журналист Тўхтамурод Ҳасанбоев томонидан мана шу хайрли миссия йўлида ташланган яна бир залворли қадамдир.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 18 =