“Ustoz AI” – замонавий касблар майдони

Бир пайтлар касб танлашда “Қайси соҳада иш ва имконият кўп?” деган саволнинг ўзи етарли эди. Бугун эса унинг ёнига яна бири қўшилди: “Бу касб беш йилдан кейин қандай кўринишда бўлади?” Технологиялар меҳнат бозорини жадал ўзгартираётган экан, кеча қўшимча устунлик саналган кўникма бугун зарур талабга айланмоқда. Шу боис бугун гап фақат касб танлашда эмас, балки ўзгаришга мослаша оладиган мутахассис бўлишдадир.

Ёшлар ҳаётига назар ташласак, кимдир китоб излайди, кимдир хорижий тил ўрганади, яна кимдир бизнес бошлаш ёки замонавий касб эгаллашга уринади. Бу эҳтиёжларнинг шакли турлича, аммо замиридаги савол бир: ўзгараётган дунёда ўз ўрнимни қандай топаман?

Ёшлар ишлари агентлиги тизимида кейинги йилларда шаклланган лойиҳалар ҳам айнан шу саволга жавоб излашга қаратилган. “Mutolaa” — китобхонликни янги авлоднинг кундалик ҳаётига яқинлаштиришга, “Ibrat farzandlari” — хорижий тилларни ўрганиш имкониятларини кенгайтиришга, “UzCombinator” — ёшларнинг стартап ғояларини бизнесга айлантиришига йўл очишга хизмат қилмоқда. “Ustoz AI” эса ёшларнинг замонавий касблар ва амалий кўникмаларга бўлган эҳтиёжига жавоб берадиган рақамли таълим лойиҳаси сифатида майдонга чиқди.

Бу лойиҳаларга шунчаки алоҳида ташаббуслар деб қараш қийин. Чунки уларнинг ортида Ўзбекистоннинг демографик манзараси ва меҳнат бозоридаги ўзгаришлар турибди. Олий таълим имкониятларининг кенгайиши табиий равишда меҳнат бозорига кириб келаётган малакали ёшлар сонининг ҳам ортишини англатади. Шу сабабли таълим тизими олдидаги навбатдаги вазифа — ёшларга нафақат диплом бериш, балки уларни меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига тайёрлашдан иборат.

Эндиликда иш берувчи кўпинча битта йўналишни эмас, бир нечта кўникмани ўзлаштирган кадрни ишга олишга интилмоқда. Хусусан, бугунги кун талаби — журналист мақола ёзиш билан бирга видео тайёрлаши, маълумотни таҳлил қилиши ва рақамли платформаларда ишлашни ҳам билиши лозим. Маркетолог аудиторияни тушуниш билан бирга аналитика ва сунъий интеллект воситаларидан фойдалана олиши керак. Дизайнер график дастурларни билиш билан чекланмай, янги технологияларни ўзлаштириб бориши зарур. Тадбиркор учун эса маҳсулот яратишнинг ўзи кифоя эмас: уни бозорга олиб чиқиш, мижоз топиш ва рақамли муҳитда ишлаш ҳам керак. Шу сабабли “замонавий касб” тушунчаси ҳам ўзгариб бормоқда. У энди фақат дастурчи ёки IT-мутахассисини англатмайди. Замонавий касб — бу технология ва янги меҳнат усулларини ўз фаолиятига сингдира оладиган соҳадир.

“Ustoz AI” айнан шу ўзгаришлар фонида пайдо бўлди. Лойиҳа 2024 йилда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган. Унинг ҳуқуқий асоси 2024 йил 21 февралдаги ПФ-37-сонли Президент Фармони билан боғлиқ бўлиб, лойиҳа ёшларни замонавий касбларга ўргатиш, замонавий билим ва кўникмаларини кенгайтириш ҳамда бандлигига кўмаклашиш мақсадида йўлга қўйилган. “Ustoz AI”нинг илк босқичида 20 га яқин йўналиш бўйича 350 дан ортиқ видеодарс тайёрланган ва 70 мингдан зиёд ёш ундан фойдаланишни бошлаган. Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев лойиҳа тақдимотида ёшларнинг билимли ва малакали мутахассис бўлиб етишишида ҳамда замонавий касбларни эгаллашида бундай таълим имкониятларининг аҳамиятини таъкидлаган эди.

Бугун платформанинг мазмуни дастлабки кўламдан анча кенгайган. “Ustoz AI” сайтида 2000 дан ортиқ видеодарс ва 80 дан зиёд видеокурс мавжуд. Фойдаланувчилар сони 1,2 миллион кишини ташкил этади. Курслар “PR”, “HR”, график дизайн, видеомонтаж, мобилография, маркетинг, “no-code” дастурлаш каби йўналишлар билан чекланиб қолмай, бухгалтерия, логистика, туризм, 3D принтер, карьера, сунъий интеллект ва бошқа амалий соҳаларни ҳам қамраб олади.

“Ustoz AI” нинг имкониятлари фақат видеодарслар билан чекланмайди. Платформада курсларни муваффақиятли якунлаган фойдаланувчилар сертификатга эга бўлиши, таълим жараёнидаги фаоллиги орқали эса (Coin — “tanga”) йиғиб, уларни “Ustoz AI Market” даги турли совға ва имкониятларга алмаштириши мумкин. “Market” да курслар, мастер-класслар, амалиёт, мутахассислар билан учрашувлар, техника ва бошқа совринлар таклиф этилади. Шу жиҳатдан платформада таълим, рағбат ва амалий имкониятлар ягона тизимга бирлаштирилган.

Кўплаб ёшлар қайсидир касбга қизиқади, аммо уни қаердан ўрганишни билмайди. Масалан, журналистика йўналишида ўқиётган талаба мақола ёзишни билади. Аммо у мобилография ва видеомонтажни ҳам ўрганиб олса, битта материални матн, видео ва ижтимоий тармоқ контенти кўринишида тақдим эта олади. Бу унинг дипломини ўзгартирмайди, лекин касбий имкониятларини кенгайтиради. Ёки кичик бизнес бошламоқчи бўлган ёшни олайлик. Унинг маҳсулот яратишга қобилияти бор, аммо маркетинг, мижозлар билан мулоқот ёки бренд яратиш бўйича тажрибаси етарли эмас. Унинг учун “замонавий касб” дегани бошқа касбга ўтиш эмас, балки ўз ишини юритиш учун янги кўникмаларни эгаллашдир.

“Ustoz AI”нинг йўналишлари айнан шу нуқтада аҳамиятли: платформа фақат битта касбга тайёрламайди. У турли касбий йўналишларни бир жойга жамлайди. Бугунги платформада сунъий интеллектга оид курсларнинг пайдо бўлиши эса меҳнат бозоридаги яна бир ўзгаришни кўрсатади. “AI” (“Artificial Intelligence” — сунъий интеллект) энди фақат IT (“Information Technology” — ахборот технологиялари) соҳаси вакилларининг мавзуси эмас. Журналист ундан ахборотни қайта ишлашда, маркетолог контент яратишда, тадбиркор ғояларни ишлаб чиқишда, дизайнер эса визуал концепцияларни синаб кўришда фойдаланиши мумкин. “Ustoz AI” каталогида сунъий интеллект, “AI” асосида маълумотлар таҳлили ва “AI” воситалари билан ишлашга бағишланган курсларнинг пайдо бўлиши ҳам шу эҳтиёжнинг ифодасидир.

Лойиҳанинг ташкил этилиши ва дастлабки шаклланиш жараёнида Ориан-Меҳрож Рашидовнинг фаолияти ҳам алоҳида қайд этилади. “Ustoz AI” лойиҳаси раҳбари сифатида унинг олдида фақат таълим платформасини ишга тушириш эмас, балки ёшларнинг замонавий касбларга бўлган эҳтиёжини рақамли форматда қамраб оладиган тизимни шакллантириш вазифаси турган эди. Шу жараёнда таълим контенти, платформа имкониятлари ва фойдаланувчиларни ўқишга ундайдиган механизмларнинг бир тизимга келтирилиши “Ustoz AI”нинг бугунги моделини шакллантирган омиллардан бири бўлди.

Албатта, шунчаки курсни кўриш билан мутахассис бўлиб қолмайди киши. Видеодарс — бу бошланғич нуқта. Кейинги босқичда амалиёт, портфолио, реал лойиҳалар, мижозлар ва меҳнат тажрибаси керак. Шунинг учун “Ustoz AI”нинг ҳам ҳақиқий самараси фақат “қанча одам курс кўрди?” деган савол билан эмас, балки “қанча ёш ўрганганини реал фаолиятга айлантирди?” деган савол орқали баҳоланиши лозим.

Бирор ёш янги касб ўрганиб иш топади. Бошқаси фрилансерлик орқали даромад қилишни бошлайди. Яна бири ўз бизнесининг маркетингини ўзи бошқаради. Талаба университетда олган назариясини амалий кўникма билан тўлдиради. Ишлаётган мутахассис эса янги технологияни ўз касбига олиб киради. Ана шунда рақамли таълимнинг ижтимоий қиймати намоён бўлади. Ёшлар ишлари агентлиги лойиҳаларининг бир-бирини тўлдириши ҳам шундан далолат беради. Китоб ўқиган ёшнинг дунёқараши кенгаяди. Тил билган ёшнинг ахборот майдони кенгаяди. Стартап муҳитига кирган ёш ғоясини бизнесга айлантиришни ўрганади. Касбий кўникма эгаллаган ёш эса билимини меҳнат бозорида қийматга айлантириш имконига эга бўлади.

Бу жараённинг марказида, аслида, битта тушунча турибди: инсон капитали. Ўзбекистон каби ёшлар сони катта мамлакат учун инсон капиталининг сифати иқтисодий масаладир. Ёшларнинг билимли бўлиши муҳим. Аммо уларнинг билимини амалиётга қўллай олиши ундан ҳам муҳимроқ. Чунки меҳнат бозори дипломларни эмас, натижаларни сотиб олади. Бугун иш берувчи “қайси университетни битиргансиз?” деб сўраши мумкин. Аммо ундан кейинги савол деярли доим бир хил: “Нима қила оласиз?”

“Ustoz AI” каби лойиҳалар билимга олиш, янги йўналишни синаб кўриш ва замонавий кўникмаларни ўзлаштириш учун қўшимча имконият яратади. Билимнинг манзили ўзгариб, у китоб жавонидан телефонга, аудиториядан платформага, бир марталик таълимдан узлуксиз ўрганишга кўчмоқда. Аммо технология қанчалик ривожланмасин, якуний натижани барибир инсоннинг ўзи яратади. Платформа йўлни кўрсатиши мумкин. Курс билим бериши мумкин. Технология ишни тезлаштириши мумкин. Лекин ўша билимни касбга, касбни даромадга, ғояни натижага айлантириш — инсоннинг ўзига боғлиқ.

Зеро, бугунги ёшлар учун имкониятнинг мавжудлиги ҳали натижанинг ўзи эмас. Муҳими — ўша имкониятнинг билимга, билимнинг кўникмага, кўникманинг эса реал ҳаётдаги натижага айланишидир.

Фарангиз АБРУЕВА,

“Hurriyat” мухбири.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − 1 =